FATTOHHON.COM

« Все новости

АКТРИСА ЗАРИНА НИЗОМИДДИНОВА ЎЗ МАШҲУРЛИГИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛОЛДИМИ? 17.04.2012 08:06

img_1060_resize.jpg Кино оламида машҳурлик ҳар хил бўлади, баъзи актёр ва актрисалар аввалига эпизодик роль ижро қилиб, шу орқали танила бошласа, баъзи ёш истеъдодлар бўлса, ўзига топширилган бир роль орқали, санъат оламида яққол ўз ўрнини топиб, халқ меҳрини қозона олади.

Актриса Зарина Низомиддинова "Ромео ва Жульетта" ҳамда, "Йўл бўлсин" фильмлари орқали, ўзбек кино оламига шиддат билан кириб келган, ана шундай ёш, истеъдодли актрисалардан бири. У кино оламида, оилавий шароитга кўра, маълум бир муддат танаффус қилиб, қайтди. Ҳамда бир неча бадиий фильмларда бош ролларни ижро этган ҳолда, яна ўз машҳурлигини бемалол қайтариб олди. Ҳозирги кунда актриса, фильмларда суратга тушиш билан биргаликда, Тошкент Давлат Шарқшунослик институти талабаси, ҳамда ўғли Темурхон тарбияси билан банд.

 

Саида Ваҳобова:- Ёшларнинг тарбиясида, бугунги ўзбек фильмларининг ўрни қандай деб ўйлайсиз?

Зарина Низомиддинова:- Ёшларни тарбиясига бугунги ўзбек фильмларининг ўрни ҳар хил бўляпти! Савияли фильмлар ҳам бор ва савияси жуда паст бўлган фильмлар ҳам бор албатта. Мисол учун, мақтаниш эмас-ку, лекин эшитдимки, роль ижро этган фильмларимдан бири, "Оқибат" фильмидан сўнг, кўплаб уришиб қолган ёш оилалар, шу фильмни кўриб, ярашиб, ўзларига яхши хулоса чиқарибдилар. Бу билан айтиш мумкин-ки, оилаларни сақлаб қолишда ҳам, фильмларнинг кучи бор экан! Мана шундай тарбиявий аҳамиятга эга, оилавий фильмларимиз ҳам кўпроқ бўлиб турса. Мана бу 2012 йил Призедентимиз томонидан "Мустаҳкам оила" йили деб эълон қилинди. Ўйлайман-ки, яна кўплаб, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган, яхши оилавий фильмлар суратга олинади.

 

Саида Ваҳобова:- Сиз "Қора кўз" фильми билан қайтдингиз, шундан сўнг, суратга тушган қайси фильмингиз "Ромео ва Жульетта" фильмидаги машҳурликни қайтариб олиб келди, деб ўйлайсиз?

Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) "Қора кўз" фильми қайтишим учун, жуда яхши фильм бўлди. Кассабоплик тарафлама ҳам яхши, фильмда партнёрим ҳам маҳоратли актёр Алишер Узоқов бўлди. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ҳам маҳоратли, «M&TVA» да энг яхши режиссёр мукофотини олдилар. Ўйлайман-ки, мен яхши фильм билан қайтдим! Фильм савияли фильм бўлди, халқ ҳам яхши қабул қилди. Шу фильм орқали, бошқа режиссёрларни ҳам эсига тушдим, кўриб, фильмларга чақиришди. Ўйлайман-ки, бир оддий фильмда чиққанимда, балки ҳозирда эга бўлаётган олқишларимга эга бўлолмасдим. "Қора кўз" мени яхши қайтарди. Ҳозирда "Ромео ва Жульетта" каби бўлаётган фильм эса, (ўйлаб) бу "Оқибат" фильми бўляпти.

 

img_10062_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Мана бугунги кунда Сиз кўплаб фильмларда суратга тушяпсиз. Ўзингизда, мен сифатга эмас, сонга кўпроқ аҳамият беряпман, деган фикр бўлмадими?

Зарина Низомиддинова:- (жиддий) Йўқ. Агар сонга аҳамият берганимда, суратга тушган фильмларим, бундан ўн баробар кўп бўлар эди! Албатта, биринчи навбатда сифатга эътибор бераман. Шунингдек, уйда буни битта ўзим ҳал қилмайман, маслаҳатлашадиган ота-онам борлар. Улар билан, айниқса онамлар билан маслаҳатлашган ҳолда, сценарийларни ўқиб кўриб, рози бўламан.

 

Саида Ваҳобова:- Сценарийни ўқиганда, унга рози бўлишингиз учун, асосан нимасига, қайси жиҳатига эътибор берасиз?

Зарина Низомиддинова:- Авваламбор, сценарийни ўқиб чиққач, режиссёрга аҳамият бераман. Агар сценарий ёқса, у фильмда роль ижро этавераман, партнёрларимга унча аҳамият бермайман. Чунки, шу фильм зўр бўлиб кетишига кўзим етади. Агар сценарий бўшроқ бўлса, кучайтиришларини илтимос қиламан. Ижодкорлар рози бўлиб кучайтиришса, кейин партнёрларимга қарайман. Бир хилларида эса, ўзим ҳам кимни ролга олишларини маслаҳат бераман.  

 

Саида Ваҳобова:- Кўплаб режиссёрлар билан ишлашингизга тўғри келади.  Айтинг-чи, улар билан ишлаш қандай кечади?

Зарина Низомиддинова:- Ҳаммаси билан ишлашни ўзига яраша қийинчилиги бор. Масалан, "Салом севги, хайр севги" фильмида режиссёр Акбар Бектурдиев билан ишладим, охиригача бор маҳоратингизни чиқариб оладилар. Кейин, улар жуда кўп дубль қилишни яхши кўрар эканлар. Нафақат, кимдадир, балки ҳаммада кўп дубль қилиб чиқдилар. Билмадим, бу балки тўғридир, лекин қайта-қайта қилиб беришга, ўзингиз қийналасиз. Балки, қайта-қайта ўйнаганингиз, яхшироқ ҳам бўлиши мумкин. Режиссёр Аюб ака Шаҳобиддиновда ҳам қийналдим. Сабаби, у ердаги ролимда умуман сўз йўқ. Фақат кўзингиз билан роль ўйнашингиз керак! Аюб ака Шаҳобиддиновни ўзлари ҳам, топшириқ бераётганларида, сал қийналдилар. Чунки, тушунтириш қийин. Ҳамма режиссёрлар ҳам бундай фильм суратга ололмайди! "Йўл бўлсин" фильмидаги образимда ҳам, сўз йўқ эди. "Замонавий совчилар" фильмида режиссёр Жавлон Шодмонов билан ишладим. Жуда маҳорати кучли режиссёр, топшириқни зўр берадилар. Режиссёр учун энг муҳими шу бўлса керак, назаримда.

 

zarinafoto3.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Отангиз Шаҳбоз Низомиддинов ҳам санъат соҳасида. Сизни отангизга манзур бўлган ролингиз?

Зарина Низомиддинова:- (сал ўйланиб) Дадамларга ҳамма ролим ёқади! Лекин, энг ёққани "Йўл бўлсин" фильмидаги образим. Бу фильм плёнкага (кинотасмага) суратга олинган. Фильмни ҳақиқий режиссёр Қамара Камалова суратга олган, дадам фильмни шу тарафига ва савиясига ҳам қарайдилар. Шу тарафлари ёққан, деб ўйлайман. Ҳозирги кундаги фильмларимдан эса, уларга "Оқибат" фильми жуда ёқди.

 

Саида Ваҳобова:- Актрисалик бу сиз учун касбми, ёки пул топиш учун вақтинчалик шуғулланаяпсизми?

Зарина Низомиддинова:- (жиддий) Албатта, бу мен учун касб. Ўзи бу йўналиш бўйича, алоҳида билим ҳам берилади, демак буни касб деб айтиш мумкин. Агар мен шу соҳада кетишимни билганимда, албатта санъат институтига ўқишга кирган бўлардим. Мен билмаганман. Энди эса кеч.

 

Саида Ваҳобова:- Нима учун? Ўқишни, билим олишни кечи бўлмайди-ку?

Зарина Низомиддинова:- Энди, (ўйланиб) шундоқ ҳам фильмларда чиқяпман. Барибир ўзим учун, назарий билимларни билиб қўйишим керак, лекин унинг учун  актёрлик маҳорати бўйича курсларга, ўқитувчиларнинг ўзига қатнасам ҳам бўлади. Кўп институтни битирмаган, ёш актрисаларимиз ҳозир шундай қилишяпти. Лекин, афсуски, бунинг учун ҳозир вақтим йўқроқ. Ҳатто, институтдаги ўқишимга ҳам вақтим етмаяпти.

 

Саида Ваҳобова:- Ҳозирда сиз ўз муваффақиятингизни нимада деб биласиз? Ташқи кўринишингиз, маҳоратингиз, ижро пластикангиз...?

Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) Менимча, омад бўлиши учун, шу уч нарса, битта инсонда мужассам бўлиши керак. (кулади)

 

Саида Ваҳобова:- Демак, шу учта нарса ҳам сизда бор?

Зарина Низомиддинова:- (самимий кулади) Йўқ! Йўқ, сал камтаринроқ бўлайлик... Билмадим, шу омадим келди-де. Гап, омадда бўлса керак!

 

Саида Ваҳобова:- Сизнинг-ча, актриса учун биринчи ўринда ташқи кўринишми, билимми, яъни шу соҳада ўқиганлигими, қобилиятми?

Зарина Низомиддинова:- Менимча, қобилият биринчи ўринда. Мисол учун, ўқиган бўлсаю, қобилият бўлмаса бир тийин.

 

Саида Ваҳобова:- Келажакда фарзандингиз ҳам сизни йўлингизни давом эттиришига қанақа қарайсиз?

Зарина Низомиддинова:- Мен фарзандимни ўзига,  ўзи касб танлашига қўйиб бераман. Унга эркинлик бераман. Агар ўзида қобилият ва ҳоҳиш бўлса, нима учун йўқ?

 

Саида Ваҳобова:- Фильм премьераси вақти, ҳамма ҳаяжонланади. Премьера тугагандан кейин-чи? Премьера тугагач, сиз одатда нимани ҳис қиласиз?

Зарина Низомиддинова:- Биринчи бўлиб, уйимдагилардан "ёқдими, ёқдими" деб сўрайман! (кулади). Ўзи фильм омадли чиққан бўлса, билинади.

 

Саида Ваҳобова:- Ҳаётингизда севгининг ўрни қандай?

Зарина Низомиддинова:- Севгининг ўрними? (жиддий) Севгига ишонмайман. Севги бу, ўткинчи нарса, деб ўйлайман.

 

Саида Ваҳобова:- Сизнинг-ча, аёл кишининг бахти нимада?

Зарина Низомиддинова:- Бахти ўзининг қўлида,.фарзандида! Агар аёл киши, яхши ва омадли турмушга чиқса, мана шуни ўзи ҳам бахт, назаримда. Чунки, ҳозир ўзингиз ҳам кўряпсиз, ажрашишлар жуда ҳам кўп! Яхши турмушга чиқмагандан кейин, бу ҳам бир кичик бахтсизлик. Энди, яхши турмушга чиққандан кейин, фарзандлик бўлиши, фарзандини роҳатини кўриши, турмуш ўртоғи билан ўзаро бир-бирини тушуниши, бу аёл киши учун жуда ҳам катта бахт!

 

Саида Ваҳобова:- Ҳамкасбларингиздан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?

Зарина Низомиддинова:- Айнан биттасини эмас! Ҳаммани ижодини кузатиб бораман.

 

Саида Ваҳобова:- Шу кунгача кўрган фильмларингиздан қайсилари сизга ёқди ва нима учун?

Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) Менга режиссёр Аюб Шаҳоббидиновнинг "Кечиккан ҳаёт" фильми жуда ёқди, чунки ҳақиқий фильм! Яна "Сўнгги лаҳза" фильми ҳам ёқди, драматик маъноси бор.

 

img_116111_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Хонандаликни давом эттирмоқдасиз. Кейинчалик, мақом йўналишида ҳам куйлаб кўришингиз мумкинми? Жонли ижрода куйлашга-чи, ҳаракат қиласизми?

Зарина Низомиддинова:- Хонандаликни давом эттираман, албатта. (кулиб) Бир неча янги қўшиқлар ёздим, секин-секин томошабинларга тақдим этаман. Дуэтлар куйладим. Шу кунларда, хонанда Одил Тўлаганов билан янги йил ҳақида куйлаган қўшиғимиз, телеэкранларда айланмоқда. Лекин, мақом йўналишида айта олмайман! Аммо, жонли ижрода айтишга ҳаракат қиламан!

 

Саида Ваҳобова:- Ҳозирги кунда сиз учун, ижод ёки оила, қай бири муҳим?

Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) Ижод.

 

Саида Ваҳобова:- Фарзандингизга кунига қанча вақт ажрата оласиз?

Зарина Низомиддинова:- Ҳозир кўпроқ бўляпти. Ўзи жуда кам вақт ажратаман. Лекин, мен ўғлимни унча уришмайман, кам уришаман. Ўғлимга асосан, онамлар қарайдилар. Тўғрисини айтсам, съёмкам бор вақтим, умуман уни кўрмайман. Ҳозир ўқишга боряпман, у бўлса, боғчага боради. Бизларни, асосан кўришадиган вақтимиз, эрталаб ўғлимни боғчага кетадиган пайти! Кейин соат 18.00 да келганимизда, яна кўришамиз! Шу 2-3 соат ёнида бўламан.. Шанба ва якшанба кунлари эса, тўлиқ биргамиз.

 

img_15071_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Ўғлингиз сизнинг қайси фильмингизни яхши кўради? Актрисалигингизни биладими?

Зарина Низомиддинова:- Актрисалигимни билади! (кулади) Исмимни "Заринахон Низомиддинова" деб қўяди! (кулади) "Оқибат", "Замонавий совчилар", "Сенга мухтожман" фильмларимни, деярли ҳамма фильмларимни билади. Биринчи мухлисим, бу ўғлим! Асалим! (кулади)

 

Саида Ваҳобова:- Ҳаётда завқланадиган вақтингиз? Ёки нима қилсангиз дам оласиз? Мисол учун, бир хиллар овқат пиширса, бир хиллар сериал кўриб ўтирса, завқланади ёки дам олади.

Зарина Низомиддинова:- Рақсга тушсам, мазза қиламан.

 

Саида Ваҳобова:- Мисол учун, вақт ўтиб ташқи кўринишингизни пластик операция қилдиришингиз мумкинми? Пластик операция ҳақида фикрингиз?

Зарина Низомиддинова:- (кулади ва ўйланиб) Йўқ! Пластик операция ҳақида фикрим, агар шу операция одамни яхши тарафга ўзгартирса, қилдиравериш керак. Лекин, ўзим бундай қилдириш ниятим йўқ. (кулади) ҳозирча.

 

img_1168_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Чет эл фильмларидан ёқтирган фильмингиз ва нима учун?

Зарина Низомиддинова:- Менга "Аватар" фильми ёқди. Чунки, бу фильм бошқача йўналишда суратга олинган, ўзимизнинг одамлардан эмас, компьютер эффектларидан фойдаланилган. Бир хил нарсаларни кўравериб, тўйиб кетасиз. Бу эса янгилик, лекин мультик ҳам эмас! Чунки, бу ерда ролни аслида одамлар ўйнаган, лекин графикалари зўр чиққан.

 

Саида Ваҳобова:- Қайта-қайта кўрадиган фильмингиз-чи?

Зарина Низомиддинова:- Мен ёмон тез зерикувчи одамман. Шунинг учун бўлса керак, қайта-қайта кўрадиган фильмим йўқ. Қайта кўрсам ҳам, узоғи билан 2-3 марта кўришим мумкин. Кейин яна 2-3 ойлардан кейин, соғиниб қолсам, кўришим мумкин. Бўлмаса йўқ.

 

Саида Ваҳобова:- Агар ўзингиз фильм суратга олганингизда-чи, қайси жанрда, қандай мавзуда бўларди?

Зарина Низомиддинова:- Фильм олганимдами, (ўйланиб) комедия. Комедия олишни ҳоҳлаяпман. Агар ўхшаганда, комедиядан бошлардим.

 

Саида Ваҳобова:- Агар ўз ҳаётингизни кинога ўхшатса, комедия, драма, мелодрамма, фантастика. Қайси бирининг элементлари кўп?

Зарина Низомиддинова:- (узоқ ўйланиб) Драма билан комедия (кулади), фантастика ҳам бор. Ҳаммаси уйғунлашган. Драма ҳозирги кунда камроқ. Сабаби, ўзим ҳоҳлаган ишимни қиляпман. Ҳаётимда кўп ўзгаришлар, янгиликлар... Ҳозирги кунда комедия кўп.

 

Саида Ваҳобова:- "Аёл киши уйда ўтириши керак", деган жумлага муносабатингиз?

Зарина Низомиддинова:- Биласизми, турмушга чиқишимдан олдин, "тўғри аёл киши уйда ўтириши керак, мен ҳам уйда ўтиргим келади", деб айтардим. Лекин, мен буни катта опамда кўриб айтардим. Чунки, катта опам уйда ўтиради, лекин ҳоҳлаган жойига боради. Мисол учун, "запрет" (таъқиқ) йўқ! Лекин, менда шунақа бўлдики, (ўйланиб) турмушга чиққанимдан кейин, мени уйга қамаб қўйишди-де. Менимча, шундан кейин уйда ўтиришга, салбий қарайдиган бўлиб қолдим. Аёл киши барибир ишлаши керак, кўчага чиқиши керак. Чунки, кўчага чиқиб ишласа, ўзига қараши ҳам бошқача бўлади. Ўзининг иши бўлса, барибир ҳам бир нимага эришади. Уйда ўтириб қолса, тушкунликка тушиб қолади. Фикрлаши ҳам ҳаётдан орқада қолиб кетади.

 

Саида Ваҳобова:- Санъат йўлини озми-кўпми босиб ўтдингиз. Бу йўл ҳақида фикрларингиз...

Зарина Низомиддинова:- Санъат йўли, эркак киши учун оғир эмас. Аёл киши учун эса оғир, албатта. Айниқса, бизларни ўзбек менталитетда. Аёл киши ҳаётини барибир ҳам, оилага бағишлаши керак бизларда. Ўзини санъатга бағишлаган аёлларни,  камдан-ками бахтли, назаримда. Ўзим учун (ўйланиб), энди биласизми, ҳаммани диққатида бўлиш, бир тарафдан ёқса, бир тарафдан қийинчиликлари ҳам бор. Мисол учун, биздаги озгина нарсани, катта қилиб гапиришлари мумкин. Ўша нарсани, бошқа оддий инсонда кўриб қолишса, аҳамият ҳам беришмайди. Ҳар доим инсон ўзини назорат қилиб юриши керак. Назорат остида юриш керак, қийинчилик тарафлари мана шу деб ўйлайман.

Саида Вахобова

 

 

Қисқа савол-жавоблар:

  

Саида Ваҳобова:- Пиарга муносабатингиз?

Зарина Низомиддинова:- Муносабатим яхши, ижобий. Лекин жуда ҳам ўтказиб юборишса, албатта салбий. Жаҳлим чиқади.

 

Саида Ваҳобова:- Катта пул сарфлаб, ўзингиз орзу қилган бирор-бир буюм сотиб олган бўлармидингиз?

Зарина Низомиддинова:- Ҳа албатта. У кичкина буюм эмас-де (кулади) катта участка.

 

Саида Ваҳобова:- Доим ишлатадиган сўзингиз? Одатий сўзингиз?

Зарина Низомиддинова:- "Ҳмм..." дейман (кулади)

 

Саида Ваҳобова:- Ташлай олмайдиган одатингиз?

Зарина Низомиддинова:- Битта одатим бор, шу одатимни уйимдагилар ҳам "ташлашинг керак", деб айтишади. Бу мисол учун, кўчага чиқиб кетаётган бўлсам, орқага қайтиб кейин чиқиб кетаман, ёки кетаётган бўлсам, икки қадам орқага юраман-де кейин, яна олдинга қараб юриб кетаман. Кейин уйдами, у бу нарса мисол учун, парда сал қийшиқроқ турган бўлса, уни тўғрилаб қўйиб, кейин ўтираман. Шу нарсани ухлашдан олдин ҳам, қилсам бўлади. Лекин, йўқ, ўша вақт қилишим керак! Шу одатимни ташлашим керак.

 

Саида Ваҳобова:- Энг яқин дўстингиз?

Зарина Низомиддинова:- Йўқ.

 

Саида Ваҳобова:- Уйдан чиқиб кетаётганингизда доим нимани ўзингиз билан олиб чиқиб кетасиз?

Зарина Низомиддинова:- Телефонимни (кулади)

 

Саида Ваҳобова:- Қайси хонандани севиб тинглайсиз?

Зарина Низомиддинова:- Мусиқа яхши бўлса, эшитиб кетавераман.

 

Саида Ваҳобова:- Сизни ҳайратга солган ва эсингизда қолган мухлис?

Зарина Низомиддинова:- Ҳожиакбар исмли битта мухлисим бўлган, исми ҳам эсимда. Мени 2 марта кўрган, биринчи мартасида мени кўриб қолган, иккинчи мартасида эса, пушти ранг "Motorola" телефонини совға қилган. Ўша вақтда шундай қўл телефони модада эди. У ўша телефонни шунчаки совға қилиб, бошқа мени безовта қилмаган, қайта кўринмаган. Ўша болани совғаси, бир умрга эсимда қолган, деб ўйлайман. Бу мухлисим томонидан биринчи совға бўлгани учунми, билмадим. Ўша вақтда қимматбаҳо совға бўлган, ҳаммани ҳаваси келганди.

 

Саида Ваҳобова:- Кунига неча соат телефонда гаплашишингиз мумкин?

Зарина Низомиддинова:- О... (кулади) Уйимдагилар "нега бунақа кўп гаплашасан?" деб уришишади (кулади), бир ярим соат гаплашаман, хайрлашгунча!

 

Саида Ваҳобова:- Кунига неча соат уйқу, сиз учун нормал?

Зарина Низомиддинова:- Саккиз соат.

 

Саида Ваҳобова:- Ўзбек актрисаларидан қайси актрисага ҳавас қиласиз?

Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) Актриса Гулчеҳра Жамилова ҳам чиройли, ҳам зўр-зўр, эсда қоларли ролларни ўйнаганлар. Ўша вақтда фильмлар ҳам кам суратга олинар эди. Лекин, улар ўша фильмлар кам вақтдан, зўр ролларни ижро этганлар. Бу ҳам катта ютуқ.