FATTOHHON.COM
« Все новости
Бу галги фестиваль концерти биринчи марта Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг концертлар залида бўлиб ўтди. Концертни "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси таркибидаги, Фарҳод Абдуллаев раҳбарлигидаги "Истиқлол" вокал чолғу ансамбли очиб берди, шунингдек дастур давомида, ушбу ансамбль, хонандаларга жонли мусиқа чалиб, қўллаб-қувватлади.
Фестивалнинг бу галги иштирокчилари: анъанавий ижро йўналишида Муроджон Рўзматов, Шаҳло Салаева, Қувончбек Алмурадов, Малоҳат Набиева, Малика Эгамбердиева (меҳмон сифатида), эстрада йўналишида Муниса Ризаева, Марат Собиров, Ноҳида Нурмуҳамедова, Ойбек Тўхтаев, ҳамда академик ижро "Сато" гуруҳи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев иштирок этдилар.
Дастурни Фарҳод Абдуллаев раҳбарлигидаги "Истиқлол" гуруҳи "Тошкент таронаси" мусиқаси билан ўз ниҳоясига етказдилар.
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбари Азамат Ҳайдаров: - Жонли ижродаги қўшиқлар фестивалини бу сафар атайин, ёшларимиз кўп бўлган, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида барпо этилган, чет элликлар "мусиқа шаҳри" деб атайдиган Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказяпмиз. Ёшларимиз фахрлансин, уларга янада яқинроқ бўлайлик, деган мақсадда, ташкилотчилар билан келишилган ҳолда, бундан кейинги "Марди майдон!" - жонли ижродаги қўшиқлар фестиваллари ҳам, мана шу Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказилади. Ўтган йилги фестиваль қатнашчиларининг кўпчилигига имтиёзли лицензиялар берилди, бундан кейин ҳам ижодларини қўллаб-қувватлаб туриш мақсадида, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳузурида ташкил этилган, овоз ёзиш студиясида қўшиқларини бепул ёзиб берамиз. Низомимизда нафақат эстрада йўналиши, балки анъанавий ижро йўналиши ва академик ижро ҳам ҳисобга олинган. Бу дегани, ёшларимиз қайси йўналишда ижод қилишидан қатъий назар, биз имкон қадар уларни қўллаб-қувватламоқчимиз.
Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев: - Авваламбор, мана шундай байрам учун "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига, "Истиқлол" вокал чолғу ансамбли ва унинг раҳбари Фарҳод Абдуллаевга, ҳамда мана шу ерга юрак ютиб чиқиб, қатнашган иштирокчиларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу "Марди майдон"да бемалол чиқиб, жонли ижро айтиш мумкин. (кулиб) Микрофонсиз қўшиқ айтиладиган пайтлар ҳам яқинлашиб келяпти.
Ушбу фестиваль ҳар сафаргидек кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Томошабинлар фестиваль иштирокчиларини қўллаб-қувватладилар. Баъзи ёш иштирокчилар ижросида кичик хатолар сезилса-да, уларнинг шу катта саҳнага чиқиб, жонли куйлай олишларининг ўзи, профессионалликка қўйилган қадам, деб ўйлайман.
Саида Вахобова тайёрлади