FATTOHHON.COM
« Все новости 5 март куни соат 10.00 да «Ўзбеккино» миллий агентлигининг конференциялар залида, ўтган 2011 йилда суратга олинган фильмлар муҳокамасига бағишланган, "Ижодий конференция" бўлиб ўтди.
Конференцияда, "Ўзбеккино" миллий агентлиги ходимлари, режиссёрлар, операторлар, сценарийнавислар, киношунослар билан биргаликда ОАВ ходимлари, телевидения ва радио журналистлари ва талабалар иштирок этдилар.
Ижодий конференцияни "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Аъзам Ғиёсович Исҳоқов очиб бериб, 15 кун давомида "Киночилар уйи"да намойиши бўлиб ўтган, бадиий, ҳужжатли ҳамда мультипликацион фильмлар ҳақида, фикр билдиришлари учун маърузачиларга сўз бердилар.
Биринчи бўлиб, "Ўзбек киноси: муаммо ва истиқболлар" мавзусида санъатшунослик номзоди, доцент Ойбек Копадзе, "Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган, бадиий фильмлар юзасидан ўз фикрларини билдириб, маъруза қилди.
Санъатшунослик номзоди, доцент Ойбек Копадзе: - Ўзининг келажагига катта ишонч билан қараган давлатда, болалар киносига ҳар вақт катта эътибор берилиб келинган. Дарҳақиқат, юртимизда ёш авлодни юртимиз равнақи учун етук фарзанд бўлиши учун турли соҳаларда, катта имкониятлар яратилган. Ҳозирги кунда бутун дунёда турли электрон воситалари орқали, ёшларнинг онгини эгаллаш, уларнинг маънавий-маданий йўналишини ўзларига йўналтириш учун, кенг кўламли рақобатли кураш кетаётган бир даврда, энг оммавий санъат тури ҳисобланган киноматографиянинг ўрни беқиёсдир. Биз барча киноматографчиларнинг энг биринчи вазифамиз ҳам, мамлакатимиз танлаган демократик ривожланиш йўлида, айнан ёш авлодни ҳар хил номуносиб жараёнлардан авайлаб, бахтли келажак сари йўналтириш. Лекин, агар сўнгги йилларда, болалар аудиториясига бағишланган фильмлар сонига қарасак, умумий репертуар жуда оз қисмни ташкил этади. Агар хусусий студиялар фильмларига назар солсак, бу кўрсаткич умуман, ноль фоизга тушиб кетади. Миллий киномизнинг болалар киносини ривожланиш жараёнида, бундай ачинарли ҳолга тушиб қолиши, менинг назаримда, энг авваламбор, биз киноматографчиларнинг жамият олдидаги масъулиятимизни тўлақонли ҳис қилмаслигимиз ва ўз келажагимизга бефарқлигимиздадир. Болалар киносига қўл урган ижодкорлар катта масъулиятни ҳис қилишлари керак. Масалан, болалар учун мўлжаллаб суратга олинган "Учар от" фильмини, ижодкорлар болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган замонавий эртак, ёки фантастик жанрда суратга олишган. Лекин, эртакда ҳам мантиқ бўлиши шарт, назаримда. Менимча, "Учар от" фильмида воқеалар мантиғи бузилган! Фильм ижодкорлари, назаримда, бу ҳақида унутиб қўйишган. Фильмдаги баъзи эътиборга лойиқ ҳолатларга тўхталиб ўтсак, фильм Хива шаҳрининг Ичанқалъа ёнидаги археологик қазилмаларда, олимларнинг сенсацион топилмасидан бошланади. Бу оламшумул воқеадан хабар топган профессор Омонов, қизи Гулсанамни ўзи билан олиб, шошилинч Хивага етиб келади. Бу орада профессор Ҳабибуллаевнинг набираси Улуғбек ҳам кўҳна шаҳарда пайдо бўлади. Бу топилма нимадан иборат, унинг сенсацион қиймати нимага асосланганлиги охиригача тушуниб етмай, бирданига Улуғбек ва Гулсанам Ичанқалъа кўчаларида сайр қилиб юрганлари кўрсатилади. Фильмнинг 10 дақиқасига келиб, у мусиқали фильм кўринишида давом этади, лекин мусиқали фильм жанри, ўз ривожини топмайди. 20 дақиқага келиб эса, эртакка хос воқеа юз беради. Гулсанам туя ёнига келиб, "худди эртаклардаги туяга ўхшайди, уча оласанми" деб, туяга ўтириб учиб кетади. Фильм "Учар от" деб номланганига, томошабинда, "туя отга айланиб қолса керак" деган тахминлар пайдо бўлади. Лекин, улар ўз тасдиғини топмайди. Туянинг учгани ҳам, ҳаракатсиз бўлгани учун, томошабинларда кулги уйғотади. Туя эса, ҳаракатсиз "учиб", ўша оламшумул топилма бўлган кўзани синдириб қўяди. Наҳотки, кўзани синдириш учун, туяни учириш керак эди? Туяни эгаси олиб кетади ва биз уни бошқа кўрмаймиз. "Алдагани бола яхши" қабилида, кейинги воқеалар ҳам пала-партиш давом этади. Дунёдаги энг машҳур жин ибн ал-Жабборнинг қўлидан келмаган ишни, қаҳрамон Улуғбек бир зумда осонгина бажариб, уни занжирдан озод қилади. Воқеалар тизими гоҳ олдинги даврда, гоҳ ҳозирги даврда бўлиб, давом этади. Жин билан боғлиқ воқеалар 3000 йил аввал юз беради, лекин негадир шоҳ саройида, шоҳ қўлларини очиб, "омийн" деб, мусурмончасига дуо қилади. 3000 йил аввал, ислом дини бўлмаганлигини, ҳатто фильмни кўрган болалар ҳам яхши билишади-ку. "Учар от" деб фильмнинг номланиши ҳам ўзини оқламаган! От йўқолганда оқ эдию, топилганда бошқа ранг бўлиб қолгани ҳам ҳаммани ажаблантиради. Фильмнинг жуда оз сонли ютуғи, бу актёрлардан Хайрулла Саъдиев, Бахтиёр Қосимовлар ўз ишларини юқори савияда бажаришган. Лекин, фильмдаги ёш актёрлар ижроси ҳақида илиқ фикрлар билдира олмайман! Улуғбек ва Гулсанам ролини ижро этган ёш актёрлар билан режиссёр етарлича ишламагани, кўриниб турибди! Уларнинг воқеаларни ҳис қилмай, бўлаётган ҳодисаларга беъэтибор бўлишлари, томошабинларда ишончсизликни келтириб чиқармоқда.
Шундан сўнг, Ойбек Копадзе, режиссёр Ҳотам Файзиевнинг "Ёзсиз йил", фильми ҳақида сўз юритиб, унинг илк кадрларидан, ўхшатишларга бой, интеллектуал кино талабларига жавоб берадиган сюжетларга эга эканлигига умид уйғотса-да, кейинги воқеалар тизими, примитив, оддий сюжетлардан иборат бўлиб қолганлиги, фильм сценарийсининг бир ёқлама тузилганлиги, фильмда бош қаҳрамон қиз Марвариднинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, изтироблари умуман ёритилмаганлигини айтиб ўтди. Фильмнинг ютуғи, бу операторлик иши, объектлар тўғри танланганлиги, чироқ ва ёруғлик танлаш каби ишлар профессионаллик билан қилинганлигини билдирди. Айниқса, фильмдаги тунги эпизодлар, ёмғир ва қор ёғиши саҳналари, фильм колоритини бойитганлигини алоҳида таъкидлади. Фильмда актёрлар ижросидан, она образидаги Малика Иброҳимованинг ўз ролини жуда маҳорат билан ижро этганлиги, унинг тимсолида, онанинг боласи учун ҳар ишга тайёрлигини кўрсатиб бера олганлиги, бу образни жуда мураккаблигини эътироф этди. Ёшлар ҳаётидан олинган яна бир фильм, "Умид" фильми орқали эса, ижодкорлар инсоннинг келажаги ўзига боғлиқ эканлигини кўрсата олганликлари ҳақида айтиб ўтди. Ойбек Копадзе шунингдек, режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг "Қўрғошин", Ҳилол Насимовнинг "Алданган аёл", "Муқаддас бурч", режиссёр Баҳодир Одиловнинг "Жасур", режиссёр "Акбар Бектурдиевнинг "Бахт уйи", Қорақалпоқ ижодкорларининг "Эшжон бахши", "Қайсар" фильмларининг ютуқ ва камчиликлари ҳақида, ўз шахсий фикрларини билдириб ўтди. Шундан сўнг, Ойбек Копадзе ҳозирги кунда, юртимизда барча уюшмаларнинг ўз нашри борлигини, лекин киноматографчилар уюшмаси томонидан, энг оммавий бўлган санъат тури, киноматография фаолиятига бағишланган бирор газета ва журнал чоп этилмаслиги, 1964 йилдан чоп этилиб келинган "Кино" журнали номаълум сабабларга кўра, анча йиллар аввал нашр қилишдан тўхтаганлигини ҳам айтиб, миллий кино муҳитни такомиллаштиришда муҳим омиллардан яна бири, доимий равишда конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ва киноҳафталиклари, ҳамда ҳар йилги "Миллий фильмлар кўриги", Миллий кинофестиваль ташкил этилиши лозимлиги ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Ундан сўнг, киношунос, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети телекўрсатув ва радиоэшиттириш кафедраси мудири, Маҳлиё Мирсоатова, илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар юзасидан ўз фикрларини билдириб маъруза қилди.
Маҳлиё Мирсоатова: - Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланиш муносабати билан кинохроникада яратилган аксарият асарлар, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўзгаришлар, илм-фан, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш соҳаларидаги қўлга киритилган ютуқларимиз ҳақида ахборот беради. Мустақилликнинг илк йилларида, кинопублицистика жамиятдаги барча ўзгаришларни ва хусусиятларни ўзида муҳрлаган. Орадан вақт ўтиб, бу асарларга назар ташласак, ижтимоий ҳаётдаги оғир "ўтиш" даври, кишилар тафаккуридаги ғалаёнларни, бор тафсилотлари билан тасмаларга муҳрланганлигини кўрамиз. Ўтмишга назар ташлашимиздан мақсад, бугунги ҳужжатли асарларимизда сокин ҳаёт, бахтиёр чеҳралар, мустақилликнинг юртимизда муқим эканлиги, турли мавзуларда ўз аксини топмоқда. Шу билан бирга ўтган давр масофасида, яқин ўтмиш воқеаларини чуқур идрок этиш, англаш ва англатиш принциплари устун турган асарлар ҳам яратилмоқда. Жумладан, "Мустақиллик арафасида" ёхуд "Шўроларнинг сўнгги талвасаси" фильмида, мазкур масалага кенг қамровли ёндошилганлигини айтиб ўтмоқчиман. Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг "Ўзбекистон Мустақилликка эришиш остонасида" асари, адабий асос сифатида хизмат қилган, мазкур фильмнинг режиссёрлари Жаҳонгир Қосимов ва Шуҳрат Қурбонбоевлардир. Ижтимоий-сиёсий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга ушбу фильмда, кинопублицистиканинг психологик хусусиятларига алоҳида урғу берилган. Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошқарувида халқимиз босиб ўтган ниҳоятда мураккаб, ўтиш даври, 20 йиллик тарихий солномада бор бўйича очиб берилган. Мазкур фильм, услубий ва бадиий йўналишига кўра, монтаж, психологик, ҳужжатли фильм методларининг синтези ҳисобланади. Фильм бош қаҳрамони Ўзбекистон Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов. Фильм объекти сифатида, даврнинг долзарб муаммолари ижтимоий жиҳатдан, илмий таҳлил қилинган.
Шундан сўнг, Маҳлиё Мирсоватова "Сўнгги чизиқ", "Ўзбек фотографияси тарихидан", "Ўймакор уста", "Мураббий", "Бухоро манаъвият маркази", "Корхонам фахрим", "Мангу жилолар", "Миллий маданиятимиз фидоийси" каби ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлари ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси томонидан Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига бағишланган, услубий йўналиши, мавзу ва жанри жиҳатидан ранг-баранг фильмлар яратилганлиги, кинохрониканинг ўзига хос маҳорат мактаби бўлганлиги, бу катта даргоҳда ўзбек ҳужжатли киноси илк қадамларини қўйиб, ривожланиб келаётганлиги ва бу борада киноижодкорларга нисбатан катта талаб борлиги ва бу уларнинг зиммасига катта масъулият юклашини айтиб ўтди. Шунингдек, "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошида маҳорат мактаблари очилишини, кинога ихтисослашган журналист кадрлар, киношунослар тайёрлашга эътибор қаратиш масаласи ҳам айни пайтда долзарб масалалардан бири эканлигини, ҳамда бугунги конференциядаги фикр-мулоҳазалар илмий тўплам сифатида чоп этилса ҳам, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Мультипликацион фильмлар юзасидан киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ходими Феруза Файзиева маъруза қилди.
Феруза Файзиева: - Бугунги маърузамни "Болалар киноси: эътибор ва таҳлил" деб номладим. Болалар аудиторияси учун фильм яратиш ва мультфильмларни суратга олиш ниҳоятда мураккаб жараён. Бунда боланинг психологиясини, қабул қилиш имкониятларини, тасаввур дунёсини, ёшини, фильмларнинг таъсир доираси ва тарбиявий жиҳатига эътибор бериш керак бўлади! Бир қарашда болалар учун мавзулар ниҳоятда кўпдек кўринади. Ҳақиқатдан, халқимиз оғзаки ижоди, эртак ва афсоналарга тўла. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам, мультфильм учун сюжет бўла олмайди. Халқ оғзаки ижодидан достон ва афсоналар, юксак маънавий салоҳиятга эга. Масалан, сак қабиласи чўпони Широқ қаҳрамонликлари достонга айланиб, ёш авлод маънавий дунёсини бойишида ниҳоятда муҳим ўрин тутмоқда. Режиссёр Нозим Тўлахўжаевнинг "Широқ ҳақидаги афсона" мультфильмида, тасвир, мусиқа, сўз бир-бирини тўлдиради. Широқнинг қаҳрамонликлари, ёш авлодда Ватанга муҳаббат, садоқат ҳиссини уйғотади. Болаларни қўрқмас, ботир бўлишга ундайди. Бу мультфильм тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, мукаммал яратилган, деб ўйлайман.
Феруза Файзиева, "Зумрад ва Қиммат", "Йўл ва болалар", "Соҳибжамол қўғирчоқ" каби бир қатор мультфильмларнинг ҳам ютуқ ва камчиликлари ҳақида фикрлар билдирди. Шунингдек, ҳар йили болалар учун 8-10 талаб мультфильмлар яратилаётганлигини айтиб, лекин у мультфильмларни болалар эслаб қолишмаётганлигини, улар кўпроқ, хориж мультфильмлари "Шрек", "Мадакаскар", "Музлик даври" мультфильмлари қаҳрамонларини яхшироқ билишларини, бунга сабаб, хиёбонларда уларнинг қиёфадошларини учратишлари, уларнинг тасвири акс этган дафтар муқоваси ва ўйинчоқлар бисёр эканлигини, миллий мультфильмларимизни эса, экранда кам намойиш этилаётганлигини ("Ёшлар" телеканали бундан мустасно) айтди. ОАВ томонидан мультфильмлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилиши, мақсадга мувофиқ бўлишини билдирди.
Шундан сўнг, киношунос, санъатшунослик номзоди, Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Шоҳида Эшонбобоева, нодавлат студиялар томонидан яратилган бадиий фильмлар юзасидан маъруза қилди.
Шоҳида Эшонбобоева: - Маърузамни "Кино ва оммавий тафаккур" деб номладим. Ҳозирда кино санъати ва маданиятига нисбатан, давлат миқёсида катта эътибор берилаётганлиги натижасида, давлат киностудияси билан бир қаторда, хусусий студиялар ҳам маълум бир ижодий ўсиш босқичида. Давлат маблағига суратга олинган кинофильмларини, тижорат фильмлари билан солиштириш, бири-иккинчисидан устун қўйиш, фикридан йироқмиз. Лекин, кўп сонли киноиштиёқмандлар қизиқишлари ортидан катта даромад қилаётган нодавлат студиялар учун яратилган имкониятларни, тайёр маҳсулотнинг мазмун-моҳиятига кескин аралашувисиз экранларга чиқишига рухсат берилишини, чексиз ижодий эркинлик натижаси деб билиш ўринли. Дарҳақиқат, йилдан йилга нодавлат студияларда ишлаб чиқарилаётган фильмлар сони ортиб бормоқда. Лекин, сон жиҳатдан ортиб бораётган бу фильмларнинг сифат кўрсаткичи ҳақида, илмий фикр юритиш, бироз баҳсли масала. Чунки, нодавлат киностудиялар маҳсулотларида, ўзбек кино санъатининг келгуси ривожи учун, муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган, ғоявий, бадиий, услубий изланишлар маҳсули, деярли йўқ!
Шоҳида Эшонбобоева, "Кино ва оммавий тафаккур" масаласидан келиб чиққан ҳолда, нодавлат студияларда яратилаётган фильмлар, уларга нисбатан, талаб ва эҳтиёжнинг сўнмаётганлиги сабаблари, айни вақтда бу ҳолат, қандай тамойилларни келтириб чиқараётганлиги ҳақида фикр юритди. Хусусий студиялар, томошабинлар эътиборини тортиш ва катта даромад кўриш мақсадида, турли изланишлар олиб борганликлари, аввалига актёрлик маҳорати бўлса-бўлмаса, ёш эстрада хонандаларини бош қаҳрамон сифатида экранга жалб этганликлари, бадиий тил нормаларининг бузилиши, шевачиликка урғу бериш одатий ҳолга айланганлиги, натижада бундай фильмлар томошабинлар тафаккурига таъсир кўрсатиб, хусусий студияларга катта даромад келтирганлигини, узлуксиз саундтреклар, эртакларга хос ҳашаматли иморатлар намойиши, қимматбаҳо кийимлар рекламаси билан ўртаҳол томошабинларимизни экрандаги ҳаётга ишонтириш ва орзу-хаёллар оғушига чақириш, хусусий студиялар маҳсулотларига хос хусусият эканлигини билдирди. Бу эса, ёш томошабин тафаккурига кескин психологик таъсир кўрсатишнинг тадбиркорона йўлидир. Кейинги босқичда, ёш ва гўзал чеҳралар, фильмларга жалб этилди ва нодавлат студияларга катта даромад келтираётган "медиа" чеҳралар, томошабинларнинг севимли актёрларига айланди. Уларнинг аксарияти, ўз ижодини давлат студияларида бошлаган, аксарияти профессионал режиссёрлар томонидан кашф этилган бўлса ҳам, уларнинг кейинги фаолияти кўпроқ хусусий студиялар фильмларида кўринаётганлигини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, ҳозирда таниқли ном ва "медиа" чеҳраларни узлуксиз равишда хусусий студияларга таклиф этилиши, бўлажак фильмнинг муваффақиятини аввалдан таъминлашга бўлган уриниш эканлигини, баъзида продюсерларнинг талаби билан, на актёрлик маҳорати ва на ташқи кўринишга эга бўлган чеҳраларни бош ролга тасдиқланиши, кейин эса, уларнинг ёнида элнинг севимли актёрлари етакчилик вазифасини ўташини билдирди. Хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмлардан "Жодугар", "Жигарбандим", "Жийда гули" каби фильмларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида айтиб ўтди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Аъзам Ғиёсович Исҳоқов: - Таклифлар асосида, биринчи масала, бугунги кундаги кино санъатимиздаги барча муаммоларнинг сабаби, кинодраматургларни, киносценаристларни етишмаётганлигини инобатга олиб, бугун биз Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритдик. Ўзбекистон Давлат санъат институти қошида, "Олий режиссёрлик ҳамда сценаристлар" курсини очиш масаласи ҳозир ўрганилмоқда. Икккинчи масала, Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи бўлган, Ўзбекистон Республикаси Давлат санъат институти қошидаги "Телевидения ва театр режиссёрлиги" бўлими қошида маълум бир квоталарни, айнан кино режиссёрлиги ва киношунослик йўналишларига йўналтириш бўйича ҳам ҳозирда таклифлар ўрганиляпти. Агар таклифларимиз қабул қилинса ва бу ишларни амалга оширсак, ўйлайманки, бугунги кинотанқидчиларга, киношуносларга, кинодраматургларга бўлган талаб, озми-кўп бўлса ҳам қондирилади.
Шундан сўнг, эркин мулоқот шаклида, муҳокамага ўтилди.
Муҳокамада, режиссёр Ҳилол Насимов, киношунос Ханжара Абулқосимова, журналист Шоира Рауфбоева, киношунос Ҳамидулла Акбаров, ҳамда бир неча газеталар мухбирлари, ҳозирги кундаги фильмлар ҳақида, ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
Ижодкорлар тарафидан, ҳамма касб байрамларининг куни бор, "киночилар куни" йўқ, бу касб эгаларининг ҳам ўз куни бўлиши керак, деган таклиф, шунингдек, театр намоёндалари ҳақида, давомли китоблар чоп этилади, кино актёрлари, операторлар, режиссёрлар, ижодкорлар ҳақида ҳам, ўз даврининг етук инсонлари сифатида бир маълумотнома ёки қўлланма тарзида, китоблар ташкил этилса, деган фикрлар ҳам билдирилди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Аъзам Ғиёсович Исҳоқов ҳам фикрларга жавобан фикрлар билдириб, фильм суратга олиш учун, аввал сценарий тасдиқдан ўтказилиши жорий этилганлигини, сценарийларга бадиий кенгаш аъзолари ўзларининг тавсияларини беришларини, цензура йўқлиги, фақатгина таклиф ва тавсия берилиши, лекин ўша сценарийда воқеалар тасвирланганлиги билан, ундаги қаҳрамонларнинг кийимлари, ёши, баъзи ишлари сценарийда кўринмаслиги, кейин эмас, фильм тайёр бўлиб келгандан кейин эса, бутунлай бошқа ҳолат бўлиши ҳақида ҳам, айтиб ўтиб, бугунги барча таклифлар инобатга олинишини, камчиликлар бартараф этилишини билдирдилар.
Шундан сўнг, Аъзам Ғиёсович Исҳоқов "Ўзбеккино" миллий агентлиги бошчилигида, Мустақиллигимизнинг 20 йиллик байрамига қилинган ишлардан бири, Мустақиллик ва мустақилликдан олдинги даврда яратилган энг сара фильмлар тўпламини тайёрлаганлигини айтдилар.
Шунингдек, Аъзам Ғиёсович Исҳоқов Миланда ўтказилган Халқаро фестивалда, Ўзбекистон давлат Санъат институти магистранти Дониёр Шокиров ўзининг "18.00" фильми учун, махсус диплом билан тақдирланганлигини айтиб, ушбу дипломни ўз эгасига топширдилар.
Ижодий конференция ўз ишини якунлаган бўлса ҳам, яратилаётган ўзбек кинолари ҳақидаги ижодий конференциялар давом этади, деган фикрдаман. Ҳозирда ўзбек киноси ривожланиш жараёнида ва у кундан кунга тараққий этиб бормоқда. Кўплаб фильмлар суратга олинмоқда, улардан энг яхшиларини эса, шубҳасиз томошабинлар саралаб оладилар.
Саида Вахобова тайёрлади
