FATTOHHON.COM

« Все новости

КОНЦЕРТНИНГ УЧИНЧИ КУНИ ТУГАГАЧ...! ДАСТУРДАН ЧИҚИБ КЕТИШ? ИШОНИЛГАН ТАЖРИБА! 8 ЙИЛДАН СЎНГ... 22.02.2016 03:35

 IMG_5208

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева: -

Концертдан аввал анча ҳажон бўлди! Чунки, 8 йил давомида концерт бермадим. Танаффус бўлиб қолганди. Шунинг учун ҳам, “мухлислар мени қандай қабул қилишаркин?” деган фикр бор эди. Ўзим ҳам мухлисларни соғинган эканман, мухлислар ҳам концертимни соғинишган экан, жуда бир бошқача ҳаяжон бўлди! Орадаги саҳнада танаффус сабабми, олдин саҳнада бунчалик ҳаяжон бўлмаган эди... Айниқса, биринчи куни, кўп ўйлайверганимдан (самимий кулиб, эслаб) концерт бошланишидан аввал бироз мазам бўлмай қолди, шифокорларга раҳмат, тез етиб келишди, капельница олдим... Кейин ўзимга ўзим “Мавлуда! Ўзингни маҳкам ушла!” деб, ўзимни қўлга олдим... Саҳнага чиққанимда эса, ҳажонда эканлигимни мухлисларга ҳам айтдим! (кулади) Шунча йилдан кейин яна насиб қилгани шукур! Шунинг учун ҳам, концертни “Шукур дейман” қўшиғи билан бошладим! Мухлислар кўнглидан бу концерт қанчалик ўрин олди, билмадим, лекин концертда кўтаринки кайфиятда, қўшиқларга жўр бўлиб, рақсга тушиб, олқишлаб ўтиришганини кўриб, ўзимни яхши ҳис қилиб, кўнглим хотиржам бўлди! Концертнинг учинчи куни тугагач эса, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди! Концерт кунлари давомида саҳнанинг ўзида кутилмаган ҳодисалар ҳам бўлди! Масалан, (кулиб) концертнинг иккинчи куни, режиссёримиз бу ёқдан “Мавлуда опа” деб чақирганди, мен эса, “келинлар”ни чиқиш вақти бўлибди, деб “келинларим”ни чақириб юбордим! Аслида бошқа қўшиқ куйлашим керак эди, кейин ижодий гуруҳдан кимдир, адашганлигимни ишора қилди. Тушуниб, дарров “Ҳа, бўлмаса кейин келишар!” деб, тўғрилаб юбордим! “Олов-олов” қўшиғимни куйлашим керак эди, мен бўлса, бошқа қўшиқни жонли ижрода куйлагим келиб, куйладим. Бу ижодий гуруҳни мен туфайли дастурдан чиқиб кетишига сабаб бўлди... Концертда ўзимни эски 1991 йиллардаги қўшиқларимни жонли ижрода куйладим, барибир. Концертда ота-она ҳақидаги қўшиғимни куйлашим оғир бўлди... Опа-сингил ҳақидаги “Болаликка қайтайлик” қўшиғим бир зум болаликка қайтаргандек бўлди... Ўзбекистон қўшиғим эса, ўзга юртдагилар учун ҳақиқий соғинч қўшиғи! Энди албатта, концертга мухлислар баҳо беришади! Мен ҳам уларга қараб хулоса чиқараман. Камчиликлар бўлса, кейинги концертларимда уларни тўлдираман.

IMG_5249

Продюсер Даврон Соипов: - Асосан, бу концертни ташкил қилиш учун таклиф бўлганда, мен Мавлуда Асалхўжаева ва Гули Асалхўжаеваларни тажрибаларига ишондим! Икки тараф келишиб, иш бошладик. Улар бизни ғояларимизни маъқуллаб, тасдиқлашди! Қарс барибир икки қўлдан чиқади! Концерт репертуаридан менга 80 фоизи ёқди, дейишим мумкин, чунки, баъзи қўшиқларни қайта-қайта эшитишга имкон бўлмади, улар тайёргарлик жараёнига сал кечроқ етиб келди. Қолаверса, биз кўпроқ бошқа ташкилий ишлар, концерт декорацияси, саҳна кўринишлари, умумий концерт жараёнига тайёргарлик билан банд эдик! Концерт режиссёрлигига Фарҳод Бадаловни танладим, чунки мен доим концерт репертуаридаги қўшиқларни тинглайман, сўнг, шу қўшиқлардан ўзгача бир дастур туза оладиган режиссёрни танлайман! Энди, концерт давомида, Мавлуда опа ва Гули Асалхўжаевалардан кутган тажрибам, барча шу концертдан кутилган натижалар, керагидан ортиқ бўлди! Ўзи Мавлуда опа ва Гули Асалхўжаевалар билан ишлаш, ҳаддан ортиқ масъулият талаб қилади! Сабаби, Мавлуда опада тажриба катта, талабчан санъаткор, шу туфайли ҳам, керагидан ҳам ортиқ масъулиятни ҳис қилдим! Продюсернинг биринчи вазифаси санъаткорнинг мавқейини, даражасини жойига қўйиш, деб биламан.

 IMG_5176

Концерт режиссёри Фарҳод Бадалов: - Бу бешинчи марта концертга режиссёрлик қилишим. Ундан аввал Сардор Мамадалиевнинг 2 та концертида, Хуршид Расулов концертида, ҳамда Баҳром Назаровнинг концерт дастурларида режиссёрлик қилганман. Мени Даврон ака Соипов тавсия қилдилар. Бошида Мавлуда опа Асалхўжаеванинг ташкилий гуруҳи томонидан бироз иккиланишлар бўлган. Лекин, Даврон ака Соипов ишонч билдирди. Концерт куни маълум бўлгач, 2 ой аввал тайёргарлик жараёнларини бошладик. Мен биринчи навбатда қўшиқлар кетма-кетлигини қилиб олгач, графика учун топширдим. Сўнг, “Тумор” гуруҳига, “Тошкент зеболари” ҳамда, “Паризода” рақс гуруҳига бердим. Томошабинлар эътиборига тушган уйғурча рақс концертдан 5 кун аввал дастурга қўшилиб, қўйилган рақс! Бизга томошабинлар томонидан энг чиройли, манзур бўлган қўшиқлар учлигини айтишди. “Онанг қарияпти” қўшиғи, унинг клипи ҳам экранда намойиш қилинди. Бу клипни ғояси ва режиссёри ҳам ўзим. Съёмка жараёнида эса, Ойбек Алиевни чақириб, маслаҳатлашиб, у киши билан бирга суратга олдик. “Болаликка қайтайлик” дуэти, “Ота-онам” дардли қўшиғи томошабинларга манзур бўлди! Қўшиқлардан эса, “Қайнона-келин” дуэтига саҳна кўриниши қўйиш жуда қийин бўлди! Чунки, у қўшиқ қисқа эди, келинларга сўз қўядиган бўлсак, бу ёқда репертуарда бошқа қўшиқлар кўп! Концертнинг 1 кунида репертуарда 31 та қўшиқ бор эди. Кейин, Мавлуда ва Гули опамлар билан муҳокама қилиб, келишиб, 3 та қўшиқ репертуардан олинди! Булар, “Ким севар Лаъли” (Мавлуда опамни қўшиғи), “Ҳай-ҳай”(Гули опамни қўшиғи), ҳамда охирги блокдан Мавлуда опамни “Ҳаётим” қўшиғини олдик. Концертда меҳмон бўлган ижодкорлар ҳам ўз фикрларини билдиришди. Концертга устоз режиссёрлар ҳам келишди. Режиссёр Саъдулла Абдуллаев концертга келганларида фикрлашдик, камчиликларим ҳақида сўраганимда, у киши “камчиликдан кўра, ютуғинг кўп, шунинг учун камчиликларни ютуқларинг ёпиб кетган” дедилар. Энди, ҳамма манзур бўлганини айтишяпти. Албатта, концертни қандай чиққанига томошабинлар баҳо беришади!

 IMG_5251

Хонанда Гули Асалхўжаева: - Биринчи куни ҳам, бошқа кунлари ҳам, чиқиб, мухлислар билан дийдорлашгунча, анча ҳаяжон бўлди! Мен учун бир тарафдан опам билан концерт бериш шарафли, иккинчи тарафдан эса, жуда масъулиятли! Шу тарафдан ҳаяжон кучли бўлди, лекин саҳнага чиқиб, мухлислар билан дийдорлашгач, улар қўллаб-қувватлаб туришгач, ҳаяжонлар ҳам сал бартараф бўлди. 8 йил аввал дуэт концерт бергандик! Анча бўлган бўлса ҳам, мухлислар соғинишган экан, жуда хурсанд бўлдик! Халқимиздан, мухлислардан, ижодкорлардан, устоз санъаткорлар ва ҳамкасбларимиздан жуда ҳам миннатдормиз! Ҳамкасблар ҳаммаси ташриф буюриб, қўллаб-қувватлашди! Вақтларини аямай келганликлари учун, улардан миннатдормиз! Уларни қўллаб-қувватлашлари бизга қандайдир куч берди! Биз ҳам доим санъаткор дўстларимизнинг концертларига борганимизда, ўзимизга бу нарса унчалик билинмаганди. Аммо, ўз концертимизда билдик, ҳамкасблар, дўстларнинг қўллаб-қувватлаши катта куч бўлар экан! Энди ўйлаб қўйдим, ҳар бир санъаткор дўстимиз концерт берганда, албатта, вақт топиб келамиз! Концертдан қанчалик кўнгил тўлганини айтолмайман, кимга қандай, бир инсонни кўнглини олишнинг ўзи қанчалик машаққатли! Аммо, томошабинларни кайфиятларидан қанчалик хурсанд бўлиб ўтирганларига гувоҳ бўлиб, мени ҳам кайфиятим кўтарилди! Энди кимга қанақа? Кимдир яхши қабул қилгандир, кимгадир балки ёқмагандир? Аммо, биз опам билан мухлисларни кайфияти юқори бўлишига астойдил ҳаракат қилдик! Концертнинг биринчи куни, бир қўшиқда мен чиқиб келиб, зинадан тушишим керак эди. Опам эса, ўзлари билмаган ҳолда зинага гулларни тахлаб ташлабдилар. (кулади) Шунинг учун ҳам, зинадан туша олмай, бироз вақт туриб қолдим! Қарасам, ҳеч ким сезмаяпти, (жиддийлик билан) нима қилишни билмайман, босиб тушиб кетсаммикан, десам, лекин, мухлисларнинг гуллари, қайси кўнгил билан оёқ қўя оламан? Буни устига йиқилиб тушсам-чи? Аммо, қўшиқ бўйича зинадан тушиб, у ёқдан бу ёққа юриб куйлашим керак... Вазиятдан чиқишга ҳаракат қилиб, бир жойда туриб қўшиқ айтавердим, шундан кейин режиссёр билиб қолиб, гулларни олишди... Орада либосларимнинг этаги узун бўлгани учун, бир неча марта илиниб ҳам қолди... Вазиятлардан чиқиб кетилди. Лекин, буларни томошабинлар сезишгани йўқ. Энди бундай майда камчиликлар бўлиб туради, бу ҳақида концерт бошланишидан олдин, мен ўзим мухлислардан узр ҳам сўраб олдим!  Концертда Опамни ҳамма қўшиқлари менга ёқди, аммо бир қўшиғи жуда бир бошқача таъсир қилди. Бу “Ота-она” қўшиғи бўлди! Чунки, шундай яхши кунларимизда ота-онамиз ҳам ёнимизда бўлишганида, янада бошқача бўларди... Шундай сўзлар кўнглимдан ўтди, юрагимга бошқача таъсир қилди! Опамлар билан куйлаган “Болаликка қайтайлик” қўшиғимиз эса, фақат биз опам иккимизни болаликка қайтишимиз эмас, менимча, бутун зални болаликка қайтарди, деб ўйладим. Ўз қўшиқларимдан “Ватан” ҳақидаги қўшиғим ўзимга бошқача таъсир қилди! Чунки, долзарб мавзу, бутун дунёда нотинчлик бор, Ўзбекистонимиз эса, қандай тинч, фаровон, шукур! Мана тинчлик бўлганлиги учун ҳам, кетма-кет концертлар, шодиёна кунлар бўлмоқда! Халқимиз хурсанд, хотиржам, бемалол концертларга келишяпти! Шунинг учун ҳам, бу қўшиқни ўзим ҳам жуда бошқача юракдан куйладим!

 IMG_5155

“Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура: - Биз Мавлуда опа иштирокидаги “Қайнона ва келин” телесериали учун саундтрек куйладик. Премьераси айнан шу концертда бўлди! Мавлуда опа бу телесериал продюсери сифатида келинлардан бирини ролига ва саундтрек куйлашга таклиф қилдилар. Энг қизиқарлиси, ҳамма “келинлар” бир бўлиб, съёмкалар жуда ҳам қувноқ ва яхши ўтмоқда! Ҳаммамиз бир-биримизни тушунамиз! Биз 2 ой давомида Мавлуда опаникида яшадим, десам ҳам бўлади. Чунки, сериални суратга олиш жараёнлари уларнинг уйида бўлди! Ҳаттоки, мен чарчаб қолсам, “мени ролимни ҳам сен ўйна”, деб, бир-биримизни ўрнимизга ўйналган вақтлар ҳам бўлди! Ростдан жуда ҳам иноқ бўлди! Чунки, иш графиги тиғиз, съёмкалар эрталабдан бошланади, Мавлуда опа кундузим сериалда “қайнона”, кечқурун эса, санъаткор, тадбирлар, студияга борадилар. Хуллас, жуда берилиб ишладилар. Мен Мавлуда опани бунчалик актёрлик маҳорати борлигига қойил қолдим! Мавлуда опани яна бир жиҳатини жуда ҳурмат қиламан, жуда ҳам оилапарвар инсон! Сериалда жуда ҳам импровизацияга катта эътибор қаратилди! Энди концертга келсак, концертда менга биринчи навбатда декорация маъқул бўлди! Жуда ҳам замонавий! Қўшиқлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, либослар, ҳаммаси уйғунлашган! Рақслар жуда чиройли, 3 та рақс гуруҳи ишлади. Менга уйғурча рақс манзур бўлди. Лекин, энг ёққани албатта, (кулиб) ўзимизни дуэт қўшиқ ёқди! Чунки, бу қўшиққа саҳна кўриниши ҳам зўр бўлди! 3 та келин ва Мавлуда опа, ҳаммамиз бирга, халқимизга яқин бўлган саҳна кўринишларини кўрсатдик! Маъмур Холмедов чиққан саҳна кўриниши ҳам маъқул бўлди! “Онанг қарияпти” қўшиғи эса, мени жуда ҳам таъсирлантирди... Клипи экранда намойиш қилинганда, томошабинлар йиғлашди... Ўйлайманки, Мавлуда опа анча йиллардан бери концерт бермадилар, танаффус қилдилар ва бу нарса қандайдир соғинтирди... Чунки, санъаткорлар ҳар йили концерт беришмоқда ва бу концерт кунларига қандайдир таъсир қиляпти... Мен концерт берганда, ҳисобот бўлиши керак, деб ўйлайман. Мавлуда опа бўлса, қанақадир ўзгариб, концерт бердилар. Бундан ташқари, концертдаги либослар ўзгача, уларни устида дизайнер Дилмурод ишлади! Театрда кийиладиган либослар бўлган! Жуда ҳам ҳашамдор, саҳна либослари бўлди!

 IMG_5237

Актёр ва сўз устаси Маъмурбек Холмедов: - Мен Мавлуда опани “Кўк чой” қўшиғини куйлаш саҳнасида “афроамерикалик” бўлиб чиқаман! Бирга чиқиб дуэт куйладик, мен рэп куйладим. Ўзига яраша завқли бўлди! Гули опани бўлса, “Сан-сан” қўшиғи вақтида, ошиқ ролида чиқдим! Бу қўшиқ ўзимга ҳам жуда ёқди! Доим хизматда бўлган йигит, аммо доим севгилисининг ёнига етиб келишга ҳаракат қилади ва келиб, гуллар билан рақсларга тушадиган жойи бор. Концертдаги қўшиқлардан менга Мавлуда опани уйғурча қўшиғи жуда ёқди! Куйланиши жуда ўзгача! “Онанг қарияпти” қўшиғи жуда таъсирли... Биласизми, бир қўшиқни биров куйлагани билан, ўша қўшиқни яна бошқа санъаткор куйласа, у қўшиқни тингловчилар яна муҳокама қилишади, аммо менимча, бу қўшиқни муҳокама қилиш шарт эмас, чунки жуда ҳам зўр куйланган! Бу концертда ўзим ҳам иштирок этганимдан хурсандман! Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Ҳамиша қўшиқлари билан халқимизни хурсанд қилиб, олқишларга сазовор бўлсинлар!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

IMG_5187

Фотолар учун фотограф Озод Жамолга миннатдорчилик билдирамиз