FATTOHHON.COM
« Все новости Актриса Жамила Ғофурова 14 ёшидан кино оламига қизиқиб, "Ўзбекфильм"даги кастингга ўз фотосуратларини топширган ва айнан шу фотосуратлари орқали, фильмларда ролларга чақира бошлашган. У шу тарзда кино оламига кириб келган. Биринчи бўлиб, "Дилхирож" фильмида актриса ва хонанда Севинч Мўминова, ҳамда актёр Алишер Ҳамроевлар билан бирга роль ижро этган. Актрисалик фаолияти билан бирга, "Жанона" гуруҳини тузиб, маълум муддат хонандалик фаолиятини ҳам олиб борган.
Шунингдек, "Девона", "Эгизаклар", "Ниқоб", "Шаббона", "Хиёнат", "Кечиккан ҳаёт", "Узук" каби йигирмадан ортиқ фильмларда турли характердаги образларни яратиш билан биргаликда, аввал Юридик коллежни тамомлаб, сўнг Шарқшунослик институтига ўқишга киришга ва 2011 йилда битиришга ҳам улгурди.
Ўзини театрда ҳам синаб кўриб, ўтган 2011 йил декабр ойида, актриса Саида Раметованинг "Қудажон" спектаклида, келин ролини ижро этди.
Ҳозирда Тошкент Давлат Санъат институтининг режиссёрлик бўлимига, иккинчи мутахасисликка топширишга тайёргарлик кўрмоқда.
Оилали, турмуш ўртоғининг исми Шохрух Мирзо ва санъат соҳасига алоқаси йўқ.
Ширинабону исмли қизалоқнинг онаси.
Саида Вахобова: - Санъат соҳасида биринчи устозингиз?
Жамила Ғофурова:- Мени санъат соҳасида, актёрлик маҳорати бўйича устозим, бу ўзимнинг онамлар! Чунки, улар Санъат институтини битирганлар. Лекин, болалар ва оила билан бўлиб, ишламаганлар. Биз оилада 5 та фарзандмиз. Онамлар ўзларининг орзуларини, менда кўришни ҳоҳлаганлари учун, менга доим устозлик қилиб ўргатганлар ва ҳалигача ўргатиб келадилар. Вокал бўйича эса, отам Шукур Ғофуров! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳозир "Алишер Навоий" номида катта опера ва балет театрида фаолият юритадилар. Вокал бўйича Анваржон Султоновдан ҳам сабоқ олганман.
Отаси билан
Саида Ваҳобова:- Сиз санъат соҳасида актрисалик билан бирга, хонандаликни ҳам бошлаган эдингиз. Лекин, негадир кейин давом эттирмадингиз?
Жамила Ғофурова:- Давом эттираётган эдим, яхши кетаётган эди. Биринчи ўзим қўшиқ айтдим, кейин гуруҳ тузишни ҳоҳладим. Дугонам Заҳира билан югуриб-чопиб, кастинг қилиб, учта қиздан иборат "Жанона" гуруҳини очдик. Гуруҳни ушлаб туриш қийин эди. Қизларда кўра олмасликлар бўлади-ку, бирин-кетин кимлардир тарафидан айнитишлар бўлди. Яхши чиқаётган эдик, Истиқлол санъат саройида, концертларда чиққандик. Афсус, гуруҳ тарқалиб кетди. Шундан сўнг, мен яна кинога қайтдим. Яна бошлайман дедим, лекин ҳеч кинодан чиқиб, вақт топа олмадим. Чунки, хонандаликда вокал билан шуғулланиш, рақсга бориш керак, биласиз қанча шуғуллансангиз ҳам, вақт етишмайди. Шунинг учун, мана энди қайта киришдим. Янги қўшиғимни ёздик, лекин ҳали номини қўймадик. Клип суратга олишни ўйлаб, клипмейкер Наримон Султонхўжаев билан шу ғоя устида ишламоқдамиз. Энди, бу сафар жуда ҳам қаттиқ киришдим.
Саида Ваҳобова:- Сиз хонанда Анди билан ҳам қўшиқ куйлаган эдингиз. Лекин, бу негадир сизга машҳурлик келтирмагандек? Бир хиллар бу ҳақида билди, кўпчилик билмади ҳам.
Жамила Ғофурова:- Хонанда Анди келиши олдидан, шартнома тузилганда, Анди: "дискимни чиқармайсизлар, ҳеч қандай камералар бўлмасин, экранларга ҳам берилмасин" деган. Шунинг учун, бу нарсани умуман дисклари ҳам чиқмаган! Агар дисклари чиққан бўлганда, Ўзбекистонда ҳамма билар эди! Мисол учун, бу нарса, телеэкранларда ҳам берилмади. Андини ўзи бунга рухсат бермаган. Бошидан келишув шундай бўлган. Агар бу нарса айлантирилганда, мен жуда машҳур бўлиб кетишим мумкин эди. Чунки, барибир Анди, бутун Истиқлол санъат саройи тўла одамлар...
Саида Ваҳобова:- Бу дуэт учун, сиз ростдан ҳам катта маблағ тўлаганмидингиз? Чунки, шундай гаплар ҳам бўлган эди.
Жамила Ғофурова:- (ҳайрон бўлиб) Йўғ-эй, мен умуман ҳеч қандай маблағ тўламаганман! Ўша ҳомийларни, мен ҳозир ҳатто исмларини ҳам эслолмайман. Анди: "майли учта санъаткор билан дуэт куйлайман" деган, шунда продюссерларнинг ўзлари, мени танлашган! Ўша вақтларда мен суратга тушган "Шаббона" фильмининг вақтлари эди! Жараён қизиқарли бўлган. Улар хонандалар Фаррух Зокировни, Азиза Ниёзметовани ва қизиқарли бўлиши учун, битта актрисадан ҳам бўлсин, деб мени танлашган сабаби, мен ҳам рақс тушиб, қўшиқ айтганман. Улар менга: "қўшиқ борасида овозингиз борми-йўқми, билмаймиз, лекин, рақсингизни фильмларда кўрганмиз! Шунинг учун, рақс тушиб, айтинг" дейишган. Ўшанда мен дуэт айтганимда ҳам, икки минутча мусиқачилари жонли мусиқа чалиб туришган. Мен рақс тушганман. Анча тайёргарлик кўрганман, қўшиқ номи "Рэйҳан" эди.
Саида Ваҳобова:- Сизни биринчи марта, кўпчилик бош ролларда чиқишингиздан танишган, лекин, кейинчалик негадир иккинчи даражали ролларга ўтиб, сўнг, мана ҳозир яна бош роллардасиз? Бунга сабаб, нимада бўлди?
Жамила Ғофурова:- (сал ўйланиб) Нима десам экан, мана ҳозир ҳалигача, мени фильмга таклиф қилишганда, режиссёрга ва ролга қарайман. Агар роль яхши ва мақсади бўлса, кичкина роль бўлса ҳам ўйнайман. Мисол учун, режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг "Кечиккан ҳаёт" фильмини олайлик, мен "бош ролда ким" деб сўрадим. Актриса Дилноза Кубаева, актёр Бобур Йўлдошев, фильм режиссёри Аюб ака Шаҳобиддинов, ҳамма профессионаллар ишлашган, ролимни ҳам ўз дарди бор. Улар мени чақиришди, мен ҳам рад жавобини бермадим. Агар яхши режиссёр бўлса, бош рол ижрочилари яхши бўлса, ролимни ҳам яхши ўша фильмда ўз ўрни бўлса, мен ўша ролни ижро этаман! Мисол учун, шундай таклиф ҳозир ҳам бўлса, мен ўйнайман, ўйнамайман эмас! (сал жилмайиб) Лекин, янги чиқаётган режиссёрлар бўлса, кичкина эпизодларида ўйнай олмайман! Чунки, менга ҳам, "ҳар хил фильмларда ўйнаб ташламанг, катта фильмларда чиқяпсиз", деб айтишади.
Саида Ваҳобова:- Масалан "Алданган аёл" фильмидаги ролингиз кичик бўлса ҳам, таъсирли. Айниқса, поезддаги эпизод. Суратга олиш жараёни қандай кечган?
Жамила Ғофурова:- Бу эпизодни жуда қийинчилик билан олганмиз. Қиш вақти, мен юпқа кийимда эдим. Яна пастки тарафдан "ветродуй"да шамол берилган. Шунақа совуқ, мен эса ролга киришим, йиғлашим керак! Яна тепадан пастга сакраганман! Яъни, ўзимни пастга отганман. Пастда нарсалар бўлса ҳам, поезд баланд бўлгани учун, қўрқинчли бўлган!
Саида Ваҳобова:- Ўтган йили режиссёрликка қўл ураман деган эдингиз, лекин негадир жимлик бўлиб қолди?
Жамила Ғофурова:- Жимлик эмас! Мана бир ойдан бери кучли тайёргарлик кетяпти. (жилмайиб) Тўғрисини айтсам, буни сир сақлаётган эдик. Комедик мелодрама оляпман. Мен лекин, бош режиссёр эмасман, чунки барибир мени қўлимда бу соҳа бўйича, на дипломим бор, на мен бу йўналишда ўқиганман ва на у, бу режиссёрга шогирдликка тушганман. Шунинг учун, "мен режиссёрман" деб чиқсам, хунук иш бўлади. Худди ўзимни реклама қилиш, ўзимга ҳам мақтаниш бўлиши мумкин. Шунинг учун, фильм бошладим, ғоя меники, сценарийни эса Шоира опа Ғиёсова ёзяптилар. Мен эса у ерда, уларнинг ёнларида ўрганиб, иккинчи режиссёр бўлиб ишлайман. Бош режиссёрликка кимни танлаганимни, ҳозирча айтмайман. (кулади) Уларнинг розиликларини олишим керак. Бир нарсани айтишим мумкин, у киши машҳур режиссёр ҳамда сценарист. Фильмни март ойидан бошлаш ниятидамиз, чунки март ойида табиат чиройли бўлади. Бизга эса барибир табиат керак. Бош ролларда, мен ва яна бир актриса, олдин Сакина тахаллуси билан чиққан қўшиқчи, "Жанона" гуруҳида ҳам бирга ишлаганмиз, исмлари Заҳира Матёқубова. Сўнг, бош қаҳрамон йигит керак, шунда бироз ўйланиб турибмиз.
Фарзанди билан
Саида Ваҳобова:- Санъат ва оилани баробар олиб бораётган актрисасиз. Бунда сизга қандай қийинчиликлар бўлмоқда?
Жамила Ғофурова:- Ҳозирда оилавий шароит сабаб, онамлар билан бирга турибман. Лекин, бу дегани, эрим билан ажрашдим дегани эмас! Чунки, қизим катта бўляпти, унга доимий эътибор керак, уни онамларни тарбиясига ишониб топширганман десам ҳам бўлади. Ўзингиз ҳам тушунасиз, доимий суратга олиш ишлари, бу ёқда хонандалик фаолиятини ҳам олиб бормоқчиман, шу тарафлама вақт масаласи, бироз муаммо бўляпти. Ўзим оилада онамларга ёрдам бераман. Ҳозирги вақтда сингилларим ҳам катта бўлишяпти. Укамни мактабига ҳам қарайман. Умуман олганда, оилага ёрдам бераман. Ҳаммаси ҳали ўз ўрнига тушиб кетади, чунки ҳозир сингилларим ҳам ёш. Кино, иш, оила, лекин, мен, мени ёрдамим тегаётганидан, менга Худо бераётганидан, оиламга, онамга ёрдамим тегаётганидан жуда ҳам хурсандман. Қўлимдан ҳеч нима келмайдиган эмас, менга мана шу санъатни Худо берди, санъатимни орқасидан пул топиб, ҳам оилам, ҳам ўзимни эплаяпман. Ҳамма қатори чиройли бўлиб, чиройли яшашга ҳаракат қиляпман.
Саида Ваҳобова:- Санъат йўлида нималарга риоя қиласиз?
Жамила Ғофурова:- "Санъаткор бўлиш учун, темирдан тиш керак" дейишади, тўғрисини айтсам, шу гап рост экан! Санъаткорлар барибир кўзга яқин бўлади-ку. У, бу жойга бемалол бориб ўтира олмайсиз. Дарров бир гап чиқади. Уйга кеч келолмайсиз. Минг съёмкадан келсангиз, ҳам "вой, ана кеч келяпти, ярим кечаси келяпти" деб гап бошланади. Мисол учун, сал бемалол кийиниб юра олмайсиз. Одамлар нотўғри ўйлашади! Халқ ичида "кийиб олган кийимини қаранглар" дейишади. Мана бошқалар, тезда ҳоҳлаган кийимини кийиб, чиқиб кетишади. Сиз бўлсангиз, ҳамма нарсани ўйлаб қилишингиз керак! Мисол, мен нормада кийинаман, лекин барибир ўйланиб юрамиз. Айниқса, катта ёшли оналар бор-ку, ўшаларни кўзига ёмон кўриб қолмайлик, деб ҳамма жойда ўзимизга қараб юришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари съёмкада ишлашнинг ўзи қийин. Ҳамма иш жойи офисга бориб ўтиради, мисол учун, врачлар касалхонага, ўқитувчилар мактабига, бизни бўлса битта аниқ жойимиз йўқ-де. (жилмайиб) Ҳар хил жойда юрамиз, кўчаларда ҳам съёмка қиламиз, қорларда, совуқларда съёмка қиламиз, қийин.
Саида Ваҳобова:- Фильмни суратга олиш жараёнида режиссёр назоратига муносабатингиз? Баъзи режиссёрлар, актёрларни сценарийдаги ролига бошқа сўзларни қўшишига қаршилик қиладилар...
Жамила Ғофурова:- Режиссёрларнинг назорати тўғри назаримда, чунки улар нима керак, нима керак эмас, яхши билишади, агар тажрибали режиссёр бўлса, албатта! Ўзи режиссёрларимиз ҳар хил, бир хиллари, "мен мана бунақа сал ўзгартириб ўйнай" десангиз кўнади, бир хиллари "йўқ борини қилиб беринг" дейди. Шунинг учун, режиссёрга қараб ишлаймиз. Мен шу ҳақида, бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Ўзим роль ижро этган фильмларнинг баъзиларига ўзим овоз берганман. Масалан, "Девона", "Омад" каби фильмлар, лекин улардаги ролларим бироз кичикроқ эди. Лекин, мана яқинда, "Бахт сароблари" деган бир катта фильмда, бошидан охиригача ўзим, бир аёлни учта ёшлик даврини, яъни 20-30-40 ёшларни ўйнаганман! Февраль ойида катта экранларга чиқади. Шу фильмга бошидан охиригача, тўлиқ ўзим дубляжда ўзим овоз бердим. Бу ерда уч хил ёшда, учта овоз қилиш керак эди. Ундан олдин сценарийда йўқ гапларни ҳам гапириб юбораверардим. Бир хилларида "ўзим дубляж қилмайман-ку, барибир", дердим (кулади). Режиссёр "Жамила сценарийда борини гапиринг, эртага бизлар дубляжда қийналамиз" дерди. Энди, бир хил гапларни эсдан чиқариб қўясиз, ёки шошилинчда ўқимаган бўласиз, тез-тез қарардим-де, айтиб юбораверардим. Мана энди ўзим тўлиқ дубляж қилдим, шунақа қийин экан! Шунинг учун, энди фақат сценарийга қараб ишлайман, чунки дубляжда қандай қийинчилик эканлигини билдим!
Саида Ваҳобова:- Қайси режиссёрлар билан ишлаш қийин кечган?
Жамила Ғофурова:- Мен энди катта режиссёрлар билан ҳам ишлаганман. Масалан, режиссёр Собир Назармуҳамедов жуда кучли ижодкор, уларнинг ҳамма фильмлари чет эл фестивалларига борган, у ердан совринли ўринларни олиб келган. Чунки, мен катта режиссёрлар Собир ака Назармуҳамедов, Мелис ака Абзалов, Санжар Бобоев, Ориф ака Йўлдошевларнинг бир нечталаб фильмларида суратга тушганман. Шунинг учун ҳозирги пайтда чиқаётган ёш режиссёрлар билан ишлаш қийин эмас, назаримда. Чунки, ҳамма режиссёр билан қандай муомала қилишни, ким билан қандай гаплашиш кераклигини билиб оласиз.
Саида Ваҳобова:- Фильмдан олдин, ёки суратга олиш жараёнида, ҳеч режиссёрларга шарт қўйганмисиз?
Жамила Ғофурова:- Йўқ. Ҳеч қачон шарт қўймаганман! Мени режиссёрлар фильмга чиқиришади. Суратга олиш ишлари бошлангач, мана ролларимизни ўйнаяпмиз, суратга олиш гуруҳидагилар, мени билмаган актриса, актёр, режиссёрлар: "вой, мен сизни бунақа деб ўйламаган эдим, мен ана келади, ўзича "звезда", бунақа қилади, унақа қилади, деб ўйлагандим. Сиз умуман ундай эмас экансиз, индамай ўтириб, ҳамма билан гаплашиб, киришиб кетаверар экансиз, муомалали, камтар экансиз" дейишади. Мен режиссёрларга ундай шартлар қўйиб, ундай ишлар қила олмайман. (кулади) Билмадим, нимагадир, менда унақа одат йўқ! Мен ўзи шу нарсани, яъни актёр ёки актрисаларни шарт қўйишини ҳеч тушуна олмайман. Режиссёр сценарий ёзади ёки сценаристга ёздиради. Мисол учун, фильмнинг энг нозик жойи, ўша маълум бир эпизоддадир балки, айнан актриса қилиб беришни ҳоҳламаган ўша жойида! Режиссёр шу нарсани мўлжаллаб, ўша сценарийни ёзгандир, ёки ёздиргандир? Мана шу нарсадан, мана бу нарсани чиқазиб бераман дегандир? Уни ҳам тушуниш керак. "Бу нарсани киймайман, менга бу тўғри келмайди" деган актрисаларни ҳам кўп кўрганман. (ҳайронлик билан) Унда актриса бўлмаслик керак эди. Актриса ҳар доим ҳам, ўзи ҳоҳлаган кийимни кийиб, ўзи ҳоҳлаган кўринишда чиқмайди-ку! "Бўлмаса, актриса бўлмасдан, уйингда совчи кутиб ўтир" деган бўлардим. Мен унақаларни тушунмайман. Актриса, ҳамма ролни ўйнай олиши керак. Рол-ку бу! Тушуниш керак. Йўқ, бўлмаса бошидан рози бўлмаслик керак.
Саида Ваҳобова:- Кимдир сизни ҳаётда ҳам назорат қиладими? Қанақа назоратдан чарчагансиз?
Жамила Ғофурова:- Мен ҳозир 27 ёш бўлсам ҳам, тўғриси ҳалигача онамларни назоратлари бўйича юраман. Менга қолса, ўзим мана бу макияжлар, гримлардан чарчаганман тўғриси. Ҳар куни грим. Грим эса юзни бузади. Тоналныйлар қилишлар, айниқса "Бахт сароблари" фильмида, 40 ёшли аёл қиёфасини чиқариш учун грим, юзимга ажинлар қилишди, юзим даҳшат бўлди. Мен ўзим грим қилишдан чарчаганман! (самимий) Ким нима деса десин, деб бўянмасдан юрсам эди... Йўқ! Шундоқ бўянмасдан, кўчага чиқиб кетаётганимда онам "қани орқангга қайт, юзингга бирор нима сур, жуда борса қошингга қора қалам сур" дейдилар. "Бунақа кўринишда чиқма. Чунки, ҳамма сени кўрган, барибир телевизорда чиройли кўринишда чиқасан, ҳаётда бунақа бўянмасдан, ўзингга қарамасдан юрмагин, бор кийимингни тўғрила" деб айтадилар. Мен "бир пасга чиқяпман, ҳозир уйга қайтиб кираман-ку" десам ҳам, "йўқ барибир одамлар кўради" дейдилар. "Унақа қилмагин, бир хил юргин, семириб кетяпсан" деб тергайдилар. "Қанақасига семираман, ўзи озиб кетяпман-ку ая", десам "йўқ семириб кетяпсан, нон ейишни йиғиштир, ойнага қараб 2-3 соат ўйна, актрисалик фақат кинога бориб, ўйнаб келиш эмас! Ўзингни устида ҳам ишлаш, қадди-қоматни устида ҳам ишлаш керак, ёки шу 1-2 йил ичида, ҳамма нарсани тугатмоқчимисан?" дейдилар. "Агар яна 7-8 йил, ўзи умуман 40 ёшгача, ўзингни сақласанг бу фақат ўзинга яхши! Агар ўзингга қарамай юрсанг, бор кинода ўйнаб юравер, лекин, тез орада 1-2 йилдан кейин опани, онани, холани ўйнайсан. Вақтлидан шундай бўлмаслиги учун, ўзингга қара, нима қўлингга тушиб қолса, юзингга сур, мисол учун қатиқ сур" дейдилар. Мана ўзлари ҳам, ҳалигача 50 ёшга кирган бўлсалар, юзларига бодрингми, қатиқми сурадилар, парвариш қиладилар. Мен ҳам шу нарсаларни онамдан ўрганганман. Онам мени ҳалигача назорат қиладилар. Бир хилги вақт, жаҳлим ҳам чиқиб, уларга "битта болам бор-ку энди, нимага менга ўргатаверасиз?" десам (кулиб) "ўзингга қарашни билмаганингдан кейин ўргатаман-де" дейдилар. Онам мени дунёдаги энг яқин инсоним!
Онаси билан
Саида Ваҳобова:- Сиз ўзингизни характерингизни, қайси асар ёки фильм қаҳрамонига ўхшата оласиз, ёки ўхшайди деб ўйлайсиз?
Жамила Ғофурова:- Биз энди оилада кўпчилик турамиз. Иш, менга мисол учун, ортмайди. Бир хилларида, съёмкадан чарчаб келганимда, "вой, яхши бўлди овқат пишишига келибман, қўлимни ювиб чиққунимча, менга ҳам сузиб беринглар," десам, онам: "бор ўзинг сузиб чиқ" дейдилар, "вой, мен чарчаб келдим" десам, ўшанда онам: "сен Қимматсан! Қиммат!" дейдилар! (кулади) Мен эса: "Йўқ Золушкаман!" дейман. Мен, "шунча одам, иккита ёшгина синглим, келинойим, жиянларим турганда, овқат сузиш менга уят бўлмайдими" дейман. (кулади)
Саида Ваҳобова:- Кинода кўплаб роллар ижро этдингиз. Қандай ролни ҳали ижро этмадим, деб ҳисоблайсиз?
Жамила Ғофурова:- Ўзим орзу қилган ролни ҳали ўйнаганим йўқ. Шу сабабли ҳам, ўзим фильм олмоқчиман. Шўх қизни ролини ўйнагим келганди. (жилмайиб) Қарасам ҳеч шундай роль чиқмаяпти.
акаси Зоҳид билан
Саида Ваҳобова:- Орзуларингизни неча фоизи амалга ошди, деб ўйлайсиз?
Жамила Ғофурова:- Бундоқ ўйлаб қаралса, ўзимни жуда ҳам омадли ва бахтли қиз, деб ҳисоблайман. (самимий) Кўз тегмасин... Чунки, ҳалигача синфдошлар билан учрашувга борсак, "Жами, барибир ниятингга етдинг-а" дейишади. Ўшанда, мактабда ўқиб юрган пайтлар, ҳазиллашиб "ҳали машҳур бўлиб кетаман, киноларимга таклифнома сўраб юрасизлар" дердим. (кулади) Шуларни айтишади, "айтганингни қилдинг" дейишади. Мисол учун, мен санъат институтида ўқимадим. Ҳозир Санъат институтида ўқиган қизлар, неччи йил ўқиб, бош ролни ўйнашни, халққа танилишни орзу қилишади. Бу эса, Худони менга меҳрибончилиги, деб ўйлайман. Чунки, ёшликда орзу қилган нарсаларим амалга ошган! Ёшликда "пишный" кўйлак кийишни ҳоҳлардик, мени онамлар йўлга қатнардилар, мисол учун, 15-20 кун, ой дейлик, ҳар ойда мени шундай янги кўйлагим бўларди. Этаклари чиройли, Золушканинг кўйлаги бўлади-ку, шунақа кўйлакларим бўларди. Кейин катта бўлдим, юрист бўламан деб, Юридик коллежга ўқишга кирдим, у ерни ўқиб битирдим. Кейин тил ўрганишим керак, чет эл киноларида ҳам ўйнаш ниятларим бор, деб Шарқшунослик институтига, араб тилига ўқишга кириб, уни ҳам битирдим. Худога шукр, ота-онам, ҳамма уйдагилар соғ-саломат. Мени тушунадиган, яхши турмуш ўртоғим бўлсин, дердим, бу ҳам бўлди. (жилмайиб) Фарзандим ҳам бор. Кўчада ҳамма танисин, исм-фамилиям билан чақиришсин дегандим, худди шунақа бўлди. Билмадим, секин-секин ҳамма орзуларимга етишяпман! Орзуни биласиз, 90 ёшда ҳам келаверади. Орзулар ҳеч қачон тугамайди! Ҳеч қачон бўлмагандан кўра кеч бўлса ҳам, бўлгани яхши. Яна бир-иккита орзуларим бор. Бу ҳам бўлса, ўзимнинг яккахон концертларимни, ҳамма қўшиққа ҳар хил кўринишлар қилиб, рақслар қўйиб берсам, дейман. Бу ҳам бўлиб қолар. Мана энди шунга ҳам ҳаракат қиляпман.
Саида Ваҳобова:- Мисол учун, дейлик актрисаликдан ташқари, яна қайси касбни яхши олиб кетаман деб ўйлайсиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб) Шифокор бўла олмайман, буни дарҳол айтаман. Чунки, қондан қўрқаман! Ўқитувчи ҳам бўла олмайман. Чунки, қизимни ҳам онамга, "ўзингиз тарбиялаб, ўзингиз қараб беринг" деб топширганман. Мен ўзим айтганини қилавериб, эркатой қилиб юборишим мумкин, деб ўйлайман. Агар ўқитувчи бўлсангиз ҳам, болани айтганини қилишингиз керак эмас. (кулиб) Менимча актрисаликдан бошқа иш қила олмайман, агар хонандаликни ҳисобга олмаса.
Саида Ваҳобова: - Аёл кишини машина ҳайдашига ва умуман рулда эканлигига муносабатингиз? Чунки мана ўзингиз ҳам машина ҳайдар экансиз.
Жамила Ғофурова: - Бунга яхши муносабатдаман, ўзим ҳам 5-6 йилдан буён машина ҳайдайман. Эътибор қилсангиз, аварияларнинг ярмидан кўпи, эркак ҳайдовчилар томонидан бўлади. Аёллар машинани асраб-авайлаб ҳайдашади, эътиборли бўлишади, деб ўйлайман. Аёл кишига машина ҳайдаш ярашади, деган фикрдаман.
Саида Ваҳобова:- Фарзандингиз тарбиясида нималарга аҳамият берасиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб) Ҳали унақа нарсани ўйламаганман. Ҳозирги кунда унга ҳамма нарса мумкин, ахир ҳали икки ёшга тўлмаган чақалоқ-ку.
Саида Ваҳобова:- Кунига мисол учун, қанча соат фарзандингиз билан бирга бўласиз?
Жамила Ғофурова:- Шунақа кунлар бўлади, кечқурун кеч келаман, эрталаб яна вақтли туриб кетаман. Шунинг учун, боламни юрганини, 2-3 кунлаб кўрмаган кунларим ҳам бўлади. Лекин, доим бирга ухлаймиз. Бир хилги вақтлар боламни жуда соғиниб кетаман ва у бу жойга бориб, ўйнатиб келай, дейман. Бўш вақтим бўлди дегунча, фақат қизим билан ўтказаман! Қаерга борсам, ўзим билан олиб кетишга ҳаракат қиламан. Машинага ўтказаман, ўзим билан олиб кетаман. Шунча соат деб, аниқ айта олмайман, чунки менда ҳар доим ҳар хил, бир хил режимда ишламайман.
Саида Ваҳобова:- Вақти келиб, қизингиз ҳам сизнинг касбингизни танламоқчи бўлса, рози бўлармидингиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб) Агар ўша нарсани қўлидан келишини кўрсам! Битта чиқиб, кейин йўқ бўлиб кетадиган актрисаларданмас, чиндан қўлидан келишини кўрсам, "хўп" дейишим мумкин. Лекин... энди бу билан санъаткор бўлиш ёмон, қийин, демоқчи эмасман. Мени ҳам ўзимни орзуларим бор, барибир. Қизим бошқача бўлишини, бошқа касб эгаси бўлишини ҳоҳлайман. Энди, буни ҳозир айта олмайман. Мисол учун, ўзимни касбимнинг қийинчиликларини айтишим тўғри келмайди. Тўғрисини айтсам осон эмас, актрисалик касби қийин! Бундоқ олиб қараса, аёл кишига бунақа тинимсиз ишлаш, кечқурун кеч келиш, оилага ҳам тўғри келмайди. Эрингиз ишдан вақтли келади, сиз эса кеч келасиз. Уйда иссиқ овқат қилинмаган бўлади. Ўша тарафларини ҳам ҳоҳламайман. Мен қизимни Худо ҳоҳласа, катта бўлиши билан яхши жойга узатгим келади.
Саида Ваҳобова:- Сиз ўзингиз, онангизни орзулари учун ҳам актрисаликни танлаганмисиз?
Жамила Ғофурова:- Ҳа, мени онам доим ёшлигимда, "мана болалар, оила деб, санъаткор ҳам бўла олмадим" дердилар. Чунки онам шунақа чиройли бўлганлар, умуман макияжларсиз, табиий гўзал бўлганлар. Ўшанда "шунча гўзаллигим ўтиб кетди, мана кетма-кет фарзанд кўрдим" дердилар. Шуларни эшитиб келганман-де. Қанақадир онамни орзуларини амалга оширгим келган, кейин улар ҳам шуни ҳоҳлаганлар. Уларни кўзларига кўзим тушса, улар менга бошқача қарайдилар. Премьераларга ҳам борганларида, ўтирган 2000 та одамларнинг орасидан, фақат улар менга кўриниб турадилар. Онам, "мен сенга қараб, ўзимни тассаввур қиламан. Чунки, мен ҳамма мендан дасхат олишини, расмларга тушишини ҳоҳлардим" - дейдилар. Қаерга борсак, "майлими сиз билан расмга тушиб олсак, ёки дасхат қўйиб беринг" дейишади. Шунда онамлар қараб турадилар, "Вой, Жамила шу нарсаларни мен ҳоҳлагандим, шунинг учун шунча йил ўқигандим, лекин, сизлар бор эдингиз, оила, болалар билан қанақа қийинчиликда ўқидим, лекин, қара сен актриса бўлиб кетдинг-а" дейдилар. Мен эса, онамларга қараганимда, ўзимни кўраман, уларни жуда яхши кўраман. Ўзимни онам билан кўраман, тўғрисини айтсам, онамсиз, ўзимни тассаввур қила олмайман!
Саида Ваҳобова:- Аёлларда йўқ қайси хислат, менда бор деб ўйлайсиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб) Билмадим. (жилмайиб) Мен дунёга бошқача кўз билан қарайман. Буни тушунтириб бера олмайман.
Саида Ваҳобова:- Санъаткор билан санъаткор дўстлиги ҳақида фикрларингиз?
Жамила Ғофурова:- Санъаткор билан санъаткор дўст бўлмайди! Мен бу гапни охиригача айтаман. Лекин, мен буни балки ёшлик қилиб нотўғри айтаётгандирман. Бу гапимни катталар эшитиб, балки нотўғри дейишар, билмайман. Ҳозирги фикрим, бу балки, 10 йилдан кейин, "мен нега бунақа дедим" дерман балки? Буни билмайман. Санъаткор билан санъаткор, ҳеч қачон дўст бўлмаслигини ўзим билганман ва билиб келяпман ҳам. Мени дугоналарим бор, лекин улар санъаткор эмас. Мени яқин дугоналарим, ўзимнинг синфдошим Наргиза, дугонам Мадина, ҳамда Элеонора бор. Уччаласи ҳам оилали. Улар билан телефонда гаплашамиз. Дардларимни айтаман, улар ҳам айтишади, кунларини яхшими ёмонми, ҳаммасини гаплашамиз. Ҳамма ичимиздагиларни, бир-биримизга айтамиз, умуман сиримиз йўқ! Лекин, сиримни санъаткор ўртоқларимдан яшираман. Улардан танқидлар эшитаман, нормаль қарайман. Дўстлик бор, умуман йўқ эмас! Тўғриси дўстликка ишонаман, дўстлик бор. Лекин, санъаткор билан санъаткорни ҳақиқий дўстлигига ишонмайман.
Саида Ваҳобова:- Сўнг марта қачон йиғлаганингизни эслай оласизми?
Жамила Ғофурова:- (кулиб) Бир хилларида ҳеч кимга билдирмасдан, хурсандчиликдан ҳам йиғлаб юбораман.
Саида Ваҳобова:- Мисол учун, ўзингиз танимаган, билмаган одамингизга ҳам ёрдам беришингиз мумкинми?
Жамила Ғофурова:- Қўлимдан келса ёрдамимни бераман. Агар келмаса, узр мен бундай қила олмайман, дейман. Хафа бўлмагин, деб айтаман.
Саида Ваҳобова:- Қанақадир бир муаммога дуч келиб қолсангиз? Ким билан ҳал қиласиз? Оила аъзоларингиз билан ёки бир ўзингиз?
Жамила Ғофурова:- Йўқ, бир ўзим умуман ҳал қила олмайман. Фақат яқинларим, дугоналарим, онам билан, мана шундай яқин инсонларим билан ҳал қиламан.
Саида Ваҳобова:- Бегона одам билан суҳбатлашганингизда, биринчи нимасига эътибор берасиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб) Дунё қарашига. Агар дунёқараши сал меникига яқин бўлса, ишониб астойдил суҳбат қиламан. Сал бошқачароқлигини, эртага у одам мени гапирган гапларимни нотўғри талқин қилишини сезиб қолсам, гаплашишимни ўзгартираман. Худди у каби гаплашаман.
Саида Ваҳобова:- Мана сиз санъатда анчадан бери фаолият юритяпсиз. Санъат сиз учун нима? Қизиқишми, касбми ёки даромад манбаими?
Жамила Ғофурова:- Биринчи кириб келган вақтимда, бошқача қизиқиш бўлган, (жилмайиб) буни тушунтириб бера олмайман. Ҳозир энди ишга боргандек бораман. Лекин, ҳозир ҳам санъатни жуда яхши кўраман, санъатга қизиқишларим кучли. Менда шундай кунлар ҳам бўлган. Мени яхши кўриб, ёқтириб юрган, менга тўғри келадиган инсон: "Санъатни танлайсизми, мени танлайсизми? Мени танласангиз тўй қиламиз" деган. Шунақа инсонлар бир нечта бўлган. Ҳаммаси, оиласи ҳам, ўзи ҳам яхши, тарбияли, чиройли келишган йигитлар эди. Мен эса санъатни танлаганман. Мен ўзимча шунчаки санъатни танлайман деганман, чунки гапимга кўнади, мени тушунади, кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб ўйлаганман. Йўқ, орамиз узоқлашиб кетган, рози бўлишмаган. Лекин, бундан пушаймондамасман! Афсусланмайман ҳам! Чунки, мана ҳозир оилам бор, турмуш ўртоғим ҳам яхши, мени тушунади. Ижодим ҳам кетяпти, шундай қилса ҳам бўлар экан-ку! Бу санъат дегани, ёмон одамлар ишлайди, дегани эмас-ку! Бу ҳам битта касб, маҳорат! Бу Худо тарафлама берилади! Ҳаммага ҳам берилмайди, ахир.
Саида Ваҳобова:- Сиз ўзи умуман, "Санъатни ёки мени танла", "Аёл киши оилани танлаши керак" деган фикрга қандай қарайсиз?
Жамила Ғофурова:- (ўйланиб, жиддий) Одамзод орзу билан, орзусига интилиб яшайди. Рамзий маънода, зиналардан қийналиб чиқади. Мисол учун, мен ҳам санъатга осонликча кириб келмаганман! Ҳеч ким менга, бир катта ролни шунчаки бериб қўймаган ва мен ўша билан "звезда" бўлиб кетганим ҳам йўқ. Санъатда фаолиятни секин-секин, меҳнат билан бошлаганман. Тўғрисини айтсам, 14 ёшимдан "Ўзбекфильм"га қатнаганман, кастинглардан ўта олмаганман. Чунки, мен жуда ҳам семиз қиз бўлганман. Тассавур ҳам қила олмайсиз. У пайтимда тушган суратларимни беришга ҳам уяламан. (кулади) Одам танимайди ҳам! Ўзгариш учун, ўзимни устимда қанақа ишлаганман! Бир йиллаб нон емаганман, қанча тайёргарлик қилганман. Шунча қийинчиликлар билан чиққанда, эркак киши тушунмай, "йўқ, мени танлайсан, ўтир уйда" деса? Мен: "Кечирасиз, мен осонликча чиқмадим. Мана кўринг ишимни, санъатни ҳеч қандай ёмон тарафи йўқ. Халқни ҳурматидамиз. Мени танла, ёки санъатни дейиш, менимча нотўғри", деб айтаман.
Қисқа саволлар:
Саида Ваҳобова:- Шу кунгача нечта фильмда суратга тушдингиз?
Жамила Ғофурова:- 25 тача.
Саида Ваҳобова:- Ролларингиз ичида ўзингиз учун энг яқини қайси бўлган? Нима учун?
Жамила Ғофурова:- "Шаббона". Унинг қувноқ характери менга яқин.
Саида Ваҳобова:- Биринчи машинангиз ва неча ёшдан буён машина ҳайдайсиз?
Жамила Ғофурова:- Биринчи машинам нексия, ҳозиргиси ласетти. 21 ёшимдан бери машина ҳайдайман.
Саида Ваҳобова:- Фарзандингизнинг тили чиққанда биринчи айтган сўзи?
Жамила Ғофурова:- (Онасига телефон қилиб сўради ва кейин жавоб қайтарди) "Ая" деган экан. (хижолат бўлиб) Айтдим-ку, боламни онамларни тарбиясига ишониб топширганман.
Саида Ваҳобова:- Сиз ёқтирмайдиган таом?
Жамила Ғофурова:- Йўқ
Саида Ваҳобова:- Хиёнатга дуч келганмисиз?
Жамила Ғофурова:- Дугоналар тарафлама ҳа.
Саида Ваҳобова:- Ёқтирган қўшиғингиз? Нима учун?
Жамила Ғофурова:- Араб қўшиқлари ёқади. Кайфиятни кўтаради.
Саида Ваҳобова:- Агар дунёда муҳаббат бўлмаса... жумлани давом эттиринг.
Жамила Ғофурова:- (кулиб) Даҳшат бўлади!
Саида Ваҳобова:- Онангизга қайси одатингиз ёқмайди?
Жамила Ғофурова:- Бўянмай, пардоз қилмай кўчага чиқишим.
Саида Ваҳобова:- Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз ва актрисалик касбингизга қандай қараган?
Жамила Ғофурова:- Кафеда бир танишимиз орқали танишганман. Севишиб турмуш қурганмиз. Касбимга яхши қараган, қарши бўлмаган. Энг муҳими, касбимни тушунган.
Саида Ваҳобова:- Турмуш ўртоғингизнинг энг биринчи совғаси?
Жамила Ғофурова:- (кулиб) Торт ва гул. Онамнинг туғилган кунларида... Онамлар билан ўшанда таништирганман.
Саида Ваҳобова:- Турмуш ўртоғингизни сиз ёқтирмайдиган одати ва сизни уларга ёқмайдиган одатингиз?
Жамила Ғофурова:- (кулиб) Мен ўзим ҳали ундай одатларини топа олганим йўқ! Улар билдирмайдилар.
Саида Ваҳобова:- Фарзандингиз исмини ким қўйган?
Жамила Ғофурова:- Онамлар қўйганлар.
Саида Вахобова
"Тасвир" газетаси 8 март (2012) №10 сонида