FATTOHHON.COM
« Все новостиУларни кўпинча экран орқали, қайнона ва келин ролларида кўрганмиз. Лекин, улар ҳаётда қандай қайнона ва қандай келин эканлар? Уларнинг қайноналик-келинлик борасидаги фикрлари қандай?
ҲАЁТДАГИ ҚАЙНОНАЛАР
Гулчеҳра Иброҳимбекова, актриса, "Бегона баҳор" фильмидаги қайнона, бундан ташқари, "Денгиздан томчи" сериалида ҳам, қайнона ролини ижро этган.
- Ҳали ҳаётда ўзим келин олганим йўқ. Ўзим ҳали келинлик вазифасини бажариб юрибман, (самимий кулиб) 40 йиллик келинман. Ҳали келин олмаганимнинг сабаби, мен ўғлимга "ўзинг топгин" десам, у менга "ўзингиз топганингиз яхши" дейди. (кулади) Яшайдиган ёшлар, улар бир-бирига тўғри келиши ва бир-бирини тушуниши керак, менимча. Ўзи топса, "ўзи пиширган ош", ҳаётнинг пасту баландларига кўникишади, деб ўйлайман. Ўғлим ҳам менинг дидимни билади, мен ҳам унинг дидини, характерини биламан. Шунга, (кулиб) ҳозир изланишдамиз. Энди, ҳаётда қандай қайнона бўламан, буни муҳокама қилиш қийин, назаримда. Бизнинг вазифамиз, ёшларни тўғри йўлга солиш. Оилангизга бир инсон қўшилгандан кейин, оилада ўзгариш бўлади. Мени ўз олдимга қўйган бир мақсадим бор, ҳамма қайноналарга шуни айтаман, бир ёш ниҳол уйингизга келдими, у сизни уйингизнинг пасту баландини ҳали билмайди. Ҳамманинг ҳам фарзанди, ўзига азиз. Уни ўз уйингизга ва шароитингизга кўниктириб олгунингизча, ҳеч қандай зарда, келишмовчилик керак эмас! Секин-секин тушунтирса, ўша қиз ҳам, тушунади, барибир. Ёшлар ҳам менимча, ўз навбатида, биз ҳам шу ёшга кирамиз, деб ўйлашлари керак. Чунки, баъзи ёши катталарнинг ҳам ўзига яраша инжиқликлари бўлиши мумкин, шуни ўғил ҳам, келин ҳам тушунишса, ўйлашимча, оилада ҳам келишмовчиликлар бўлмаса керак. Келин ҳам ўқиган бўлиши, ишлаши керак деб ўйлайман. Чунки, аёл кишининг уйда ўтирадиган вақти барибир келади. Инсон учун энг керак нарса, бу хурсандчилик. Энг кераклиси, биров эшикдан кириб келганда, келин хушкайфият билан кутиб олиши керак. Чунки, бизнинг хонадонда доим шундай бўлиб келган. Мен ўзим раҳматли қайнонам билан худди она-боладек эдик. Ҳалигача, қариндошларим билан ҳам жуда яхши муносабатдамиз. Чунки, (кулиб) уларни яхши кутиб оламан, келинлик вазифамни ҳанузгача яхши бажараман. Уларникига борсам, ҳам бошларига кўтаришади. Мени характеримга келсак, ҳаётда шиддатлилик, шижоатлилик, тўғрисўзлик, дангалчилик бор. (кулиб) Лекин, менинг бир одатим ҳам бор, қизларим келса ҳам, ошхонани бермай, ўзим овқат пиширавераман, "эртага келин келса, қўлидаги нарсаси ҳам тушиб кетаверса керак, шундай қилиб, нима қиласиз," дейишади. (кулади) Мени шунақа одатим бор, кечки овқат вақтли тайёр бўлиши керак. Чунки, илгаридан масалан, кечки овқатни болаларимга вақтли тайёрлаб, кейин ўзим ишга кетишимга тўғри келган вақтлар ҳам бўларди. Чунки, актрисаман, театрда спектакль эса, кечқурун бошланади. Шундан, шу одат бўлиб қолган, ўзгартиришим қийин. Ҳамиша холодильнигимда, бир идишда овқат тайёр туриши керак, чунки, кимдир келса, дарров иссиқ овқат беришни яхши кўраман. Менинг қайнонам ҳам, жуда эпчил ва чаққон бўлганлар, 3 та келиннинг каттаси эдим ва қайнонамлар билан жуда ҳам тил топишганмиз. Қайнонам, бу ёқда ўчоққа олов ёқиб, бу ёқда бир тоғора кирни ҳам ювишга улгурадиган, чаққон аёл эдилар. Турмуш қурган вақтимизда, мен 4-курс талабаси бўлганман, институтда ўқирдим, оиладагилар тушунишарди, қайинсингилларим бор эди. Ўқиш жойим узоқроқ бўлгани учун, саҳар турардим, лекин ана шу вақтда нонушта тайёрланган бўлар эди. Соат тонгги 6.30 ларда уйдан чиқиб кетардим, куз вақти келин бўлиб тушгандим, ўқишдан келгунимча, қоронғи тушган бўларди. Уйга қайтганимда, кечки овқатгача тайёрлаб қўйилган бўларди. (кулиб) Мен фақат, идиш-товоқларни ювиб, жой-жойига қўярдим холос. Лекин, дам олиш кунлари, қозон-ўчоқни ўзим олардим. Қилган овқатларим қайнона-қайнотамга жуда ҳам ёққани учун, улар "Гули, бугун уйдасан, мана бу овқатни қилиб бер" дейишарди. Ўзи овқатни ёшлигимдан яхши қиламан. Ҳомиладорлигим ҳам бироз қийин ўтган, 9 ой токсикоз бўлганман, шундай пайтларда, қайнонам мени тушунишга ҳаракат қилганлар! Болам туғилгач, турмуш ўртоғим армияга кетганлар, мени театрга чақириб қолишган. Қайнонам қарши бўлмаганлар. Кейинчалик биз бошқа уй қилиб чиқиб кетдик. Лекин, қайнонам билан кўп вақт бирга яшаганмиз, бизга ҳам, бошқа болаларига ҳам, ҳар томонлама ёрдамлари кўп теккан! Барибир, қариси бор уйнинг париси бор, деганларидек, қариси бор уй, яхши бўлади. Энди агар қариндошдан келин олсангиз, (кулиб) ўша давра қолади, бегонадан келин олсангиз, қариндош-уруғингиз кўпаяди. Мен ният қилганман, худо ҳоҳласа келин олсам, "қизим мана шу уй-жой сеники, мана биз оилангмиз, бошқа сендан ҳеч нарса талаб қилинмайди", деб айтаман. Буни турмуш дейди, билмадим, баъзида, агар келин майда гапларни бир марта бориб айтмаса, босилиб кетади, эрта-индин эр-хотин ҳам ярашиб кетишади, лекин қудаларнинг ўртасига совуқчилик тушгани қолади. Шу нарса бўлмаслиги учун, икки ёшга инсоф берсин. Ўзимнинг қизларимни узатганман, улар ҳам келин, меникига ҳоҳлаганда келиб-кетишади. Шунинг учун, келинимга ҳам, унақа "қизлик уйингга мана бу вақтда бориб келасан" деб, белгиламайман. Келин ҳам, бировнинг фарзанди. Ўз уйидагиларни кўргиси келадими, менга айтиб, эри рухсат берса, уйдаги ишини тўғрилаб, бориб ота-онасини кўриб келаверсин. (кулиб) Мен ҳеч қачон "йўқ" демайман. Ундан кейин, мен, келинни қизлик уйига 2 соатгина тезда бориб, келишига ҳам қаршиман, 2 соатда нимани кўради? Бемалол бориб келиши керак, ахир. Энди, қайноналар ўғлини қизғанишига келсак, бу жуда катта фожеаларга олиб келиши мумкин. Мени бир қариндошимда шундай бўлган, қайнонасининг ўз ўғлини келиндан қизғаниши туфайли, 40 кунда ажрашишган. Қайнонани ўз ўғлини келиндан қизғаниши, менимча, бу касаллик, эгоистликка киради. Бу нарса ўғилга ҳам боғлиқ. Чунки, ўғлингизни шунча боқиб катта қилсангиз-да, кейин онасини четга суриб, ҳадеб "хотиним" деяверса, бу нарса инсоннинг иззат-нафсониятига ҳам тегиши мумкин. Ўғил агар иккала тарафни бараварига ушлаб кетса, оила ҳам тинч бўлади. Қайнона ҳам, бекордан бекорга қизғаниб, жанжал бошламаса керак. Ўғлимни ҳали уйлантирмаган бўлсам-да, унга айтаман, "уйланганингдан кейин, агар дейлик, хотининг билан бирор гап бўлса, менга чиқиб айтишинг, юз ҳолатингдан менга билдиришинг шарт эмас! Чунки, сен шундай қилсанг, эртага хотининг ҳам шундай қилиши мумкин. Ёки, мен билан орамизда бирор гап бўлса, буни ҳам хотинингга билдиришинг шартмас". Ҳурматсизлик ана шундан бошланади, ўғилга ҳам кўп нарса боғлиқ. Лекин, шу нарсани ҳам айтган бўлардим, келин хизматкор эмас, у ҳам бировнинг боласи, ҳамма ишни унга ташлаб қўйиш керак эмас. Мен ўзим ҳам, қизларимникига борганимда ҳам, туриб, қарашганимни кўриб, "ўтирмайсизми" дейишади. Қандай қилиб ўтириш мумкин? Ёрдами тегиши мумкин бўлсаю, ёрдам бермаса, бу яхши бўлмаса керак. Ҳозир шу нарса оммалашиб кетди, қайнона-келинми, айбни қайнонага тўнкаш! Ҳозир шу мавзуга кўп ёндошилмоқда ва бу нарсага урғуни кўп берган сари, ҳаётдаги зиддиятлар кўпайиб кетяпти, назаримда. Менимча, ҳозирги кунда нотўғри турмуш қуриляпти. Биров эшигингдан кириб келса, дарров "хўп" деб, қиз билан йигитни бир-икки марта учраштиришади-да, қарабсизки, тўй. Шунинг орасида, булар бир-бири ҳақида нимани била олишади? Дейлик, икки тараф ҳам ўзини яхши кўрсатишади, тўғрими? Уни ичи нима, буни ичи нима, ҳеч ким билмайди! Масалан, мен ўз турмуш ўртоғим билан бир йил бирга ўқиганмиз, унаштирилганимиздан кейин, орадан бир йил ўтган. Энди ўйлаб кўринг, унаштирилгандан кейин ажрашиб кетиш осонроқми, ёки шунча оворагарчиликлар билан тўй бўлиб ўтгандан кейин ажрашиб кетишми? Бир-бирини билиб, синаб, агар юлдузи-юлдузига тўғри келмаса, шунда ажрашиб кетиш осонроқ эмасми, тўй қилиб, қорнида бола билан ажрашиб кетишдан кўра? Ҳамма гап, ўз жуфтини нотўғри танлашда, бир-бирини билиш йўқ! Мен бу билан ҳамма қизлар, "юриб кетсин" демоқчи эмасман! Йўқ! Мен фақат, шуни айтмоқчиман, ёшлар учрашишдими, кўнглида илиқлик бўлдими, яна бироз учрашишсин, гапириши, юриш-туриш, характер, кийинишини билиб олишсин, инсонни ҳамма нарсаси бир-бирига ҳаётда керак. Ундан кейин, ана турмуш қуришсин. Ҳозир яна бир ғалати одатлар чиқибди, совчи келганда, столнинг устига қизнинг расмини қўйиб қўйиш. Расмга қараб туриб ҳам келин танланадими? Бир инсонни сен бир тўйда кўргин, бир ўқишда кўргин, бир бошқа жойда, уйда кўргин, гаплашиши, муомаласини кўргин. "Фалончининг қизи, фалончининг ўғли зўр экан" дейишади, нимаси зўр экан? Ҳамма ҳам уйдан чиройли бўлиб чиқиб кетади. Инсонни бир яхши-ёмон кунда биласан, бир дастурхон устида биласан. (кулиб) Қайси ёмон одам, мен ёмонман, дейди? Бундан ташқари, мен қизларни вақтли турмушга берилишига ҳам қаршиман. Улар ҳали ҳаётнинг нимасига тайёр? Вақтли узатишади, қарабсизки, ўқиш чала, рўзғор чала, ҳаммаси чала. У қиз на эрни эплай олади, на ўқишни, на рўзғорни, на қайнона-қайнотани эплай олади? Шундан келиб чиқади, ҳамма муаммо! "Бегона баҳор"даги ролим, ҳаётдан олинган, мен ана шундай қайнонани кўрганман ва уни экранда кўрсатаман дегандим, шу ролга таклиф бўлди, ижро этдим. Мен бу ролни янаям юмшоқроқ қилиб ўйнаганман! "Бегона баҳор"даги қайнона образи, мени ўзимга ва характеримга яқин эмас! Фурсатдан фойдаланиб, ҳаммангизни 8 - март аёллар байрами билан табриклайман, ҳаммани хонадонида шодлик, хурсандчилик бўлсин!
Муқаддас Ҳолиқова, актриса, "Севгинатор 2: Қайнона операцияси" фильмидаги қайнона
- Мен ҳаётда қайнона эмасман. Чунки, қизларим бор. Фильмлардаги қайноналар чўрткесар, шартта-шартта гапирадиган бўлади, шу тарафлари менга яқин бўлса керак. Қайнона, барибир она! Кўпинча оналар образини ҳам яратганман. Она ҳам барибир қайнона бўлади-ку. Масалан, мен "Севгинатор 2" фильмидаги қайнонани салбий демайман. Ҳаётда ҳаммани ҳам ўзига яраша камчилиги бор. "Севгинатор 2" фильмимдаги қайнонага келсак, "бир ёмонни кўрмагунча, яхшини қадрига етмайсан" дегандек, бу қайнона, ёмонни учратгандан кейин яхшининг қадрини билди, қадрига етди. Лекин, менимча, бу қайнонанинг ҳам иши нотўғри эмас. Чунки, фильмдаги келин имиллаган, мужмал келин, унга "сал чаққонроқ бўлгин, товонингдан ўт чақнасин", деган қайнона. Ўша "яхши" деган қайнонангизни ҳам олинг, ўшандан агар сўрамасдан келини бирорта иш қилиб қўядиган бўлса, "яхши"лигини кўрсатади, асл юзи чиқади. Қайнонами, қайнона! Онами, она! Онаники билинмайди, она масалан танбеҳ берса, "менга қара, сал чаққон-чаққон қимирлагин" деса, қизига билинмайди! Лекин, келинига "чаққон-чаққон қимирланг" деса, у қайнонам "ёмон" дейди. Келинларнинг қайнонаси ёмон эмас, назаримда, келинларнинг онаси ёмон бўлади. Чунки, қизи келиб, "қайнонам унақа деди, қайнонам бунақа деди" деса, онаси агар яхши бўлса, "менга қара, сен ўша ёққа тушдинг, ўша ер сени пешонанг, оёқ кийим эмас, шартта-шартта алмаштириб, тўғри келмаса бошқасини киядиган. Ўша қайнона, энди сенга она! Ўғли яхшию онаси ёмон бўлдими?" деб, қизини оғзини ёпмаган оналарни деб, кўпинча шу нарса авж олиб кетади. Шунда, қайнона ёмон бўлиб қолади. Қайнона, ваҳоланки, ёмон гапирмайди, тўғри гапиради. Ишининг хатосини айтади, ёки "овқатга мана буни, бунақа солсангиз яхши бўлади, шақиллаб кетмасин овқатингиз, милтиратиб қайнатинг. Чой дамлаганда, чойнакни қайноқ сувга чайиб ташланг." деган нарсаларни она ўргатмагандан кейин, қайнона ўргатадими? Қайнона ўргатгандан кейин, ёмонга чиқади-да. Лекин, ҳозирда қадимгидек ёмон қайноналар йўқ. Ўша қадимги қайноналар ҳам ёмон бўлишмаган, ўшалар ҳам тўғри йўлга солишган. Энди, сал бошқачароқ муносабатда бўлишган, кийимларини ҳам ювдиришган. Ҳозир ҳам, ҳамма нарсаларини келинига ювдирадиганлар ҳам бор. Лекин, бу қуллик эмас! Ахир ўз онангизникини ювасиз-ку. Нимага эрининг онасиникини ювмайди? Ахир, қайнона ҳам она-ку! Ўша ўғилни туққан-ку. Кейин, баъзи келинлар нимагадир қайнонам ўғлини қизғаняпти, деб ўйлашади. Нимага қизғаниши керак боласини хотинидан? Кундошми бу қизғанади? Қизғанмайди, фаросати йўқ келинлар шунақа деб тушунишади. Менинг фикрим шундай. Энди қайнона келин туширгандан кейин, ошхонани, кир ювишларни келинига топшириши керак. Келин бола кўргач, онаси, қайнонаси қарайди. Қайнона ҳам қараб ўтирмайди, қарашиб туриши керак, албатта. Ҳозирги кунда, ёмон қайноналар, келинларнинг оғзидан чиқяпти, деб ўйлайман. Баъзи келинлар, қайноналарни "ёмон" деб, эълон қилишяпти. Қайноналар келинларни назорат қилишлари керак, деб ўйлайман. Қай тарафлама? Масалан, баъзи ёшлар ёшлик қилиб, вақтли чиқиб кетиб, кеч келишлари, бу ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, "Қаерга кетяпсиз? Неччида келасиз?" дейишга қайнонанинг ҳаққи бор. Кийим тарафлама ҳам, ҳар холда келин бўлгандан кейин, келинлардек кийиниши керак. Очиқ кийим кийиши керак эмас-ку, тўғрими? Ҳаётдаги қайноналарнинг биргина нотўғри иши, менимча босиқ гапирмаслиги бўлса керак! Энди, ёши ўтгандан кейин, ҳамманинг асаби кетади, асаблари тамом бўлгандан кейин, келинга ҳам, "мана буни қилиб юборинг" дейиши, сал қаттиқроқ гапириб юбориши мумкин. Шу томонлари нотўғри. Шу сал қаттиқроқ гапириб юбориши билан, худди ёмон қайнонадек бўлиб қолади. Мен ўзим ҳаётда ёмон қайноналарни кўрмаганман. Чунки, мени ўзимнинг қайнонам зўр бўлганлар. Келаётган 8 - март байрами билан, барча қайнона - келинларни, опа-сингиллар, қизларимизни, ҳаммаларини табриклайман! Аҳиллик, иноқлик йўқолмасин!
Гулбаҳор Йўлдошева актриса "Туташ тақдирлар" сериалидаги қайнона
- (кулиб) Мен турмуш ўртоғимнинг фарзандларини ўз фарзандимдек кўраман. Улар оилали бўлиб кетишган ва биздан алоҳида яшашади. Алоҳида яшашса ҳам, биз битта оиламиз. Мен "Туташ тақдирлар" сериалидаги қайнонани ўйнаганимда, одамлар бу қайнонани ёмон кўриб қолишса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин, аксинча, одамларнинг ўзлари фикр билдириб, ўзлари "нега келини бунақа қилади" деган саволлар ҳам беришди ва бу қайнонани тушунишди, назаримда. "Туташ тақдирлар" сериалидаги қайнонанинг менга яқин жиҳатлари, муомалада хушмуомала бўлиш, ширинсўзлик, озодалик, рўзғор ишларига усталиги, рўзғор бошқариш кабилар. Оила сақлаш ҳам, бир касб ва бунга ҳам маҳорат керак. Айтмоқчиманки, ёш қизларимизни оналари, мана шу мустақил ҳаётга, оилага ёшлигидан тайёрлаб бориши керак. Ўша сериалдаги қайнонанинг менимча, феъл-атворидаги баъзи бир камчиликларидан бири, масалан, сабрсизлик. Бундан ташқари, мана ортиқча ҳашаматли, кераксиз харажатли тўйларни кўриб, ўзи биринчи марта келин тушириши бўлгани учун, у ҳам ўшаларга қараб, солиштириб, бой, данғиллама тўй қилганларни ўзича, бахт деб билади. Мен ҳазм қила олмаган тарафи ҳам шу, тўй-ҳашамларга борганида, келиб ўша сарполар ҳақида гапириши. Лекин, уни ҳам тушунишга ҳаракат қилиш керак, назаримда. Чунки, у ёмон маънода гапирмайди, ўша зўр нарсаларни ўғлига ҳам бўлишини истайди. Ахир ҳар бир она "болам" дейди. У аёл, шу нарсаларни бахт, орзу-ҳавас, деб ўйлайди. Аммо, орзу-ҳавас шундан иборат эмас-ку, тўғрими? Буни, у аёлнинг феъл-атворидаги камчилик деб биламан. Болалари келишиб, бахтли ҳаёт кечириб, борига шукур қилиб, ўзлари меҳнат қилиб, топиб яшашса, мана шунинг ўзи бахт, ахир. Албатта, қайнона ҳам, келинга имкони бўлса, қарашиб туриши керак, назаримда. Энди ҳар битта она, боласини шунча қийналиб дунёга келтириб, шу ёшга етказгунча тарбиялаб, ўстиргандан кейин, баъзи бир қайноналардан, эшитаман, (кулиб) "нима, энди биров эга чиқсинми, осонгина келиб, эга чиқсинми" дейди. Бу энди, менимча, ҳар битта онанинг дилидаги нарсадир. Баъзи бирлари тушуниб, буни яширади, баъзи бирлари эса, очиқчасига буни келинга кўрсатиб қўяди. Шунда ўзаро келишмовчилик келиб чиқиши мумкин. Энди, ҳар битта она ўзининг боласини қизғанади, назаримда. Чунки, асосийси, мени фикримча, "бу дунёда ҳеч ким устун эмас-ку, мен ўтганимдан кейин болам, кимнинг қўлида қолади, мен қарагандек қарай оладими? Мен асрагандек, боламни асраб-авайлай оладими?", деган маънода рашк кетади, асосан. Бўлмаса, ҳар битта она, қизми, ўғилми дунёга келтиргандан кейин, уларнинг бахтли бўлишини, фарзандли бўлишини истайди-ку. Айниқса, ўғил бола, бу авлод давомчиси бўлади. Ҳеч қайси ота-она ўғлини уйлантирмай, ёнида олиб ўтирмайди-ку. Ўйлашимча, улар ўйлайди, мендан кейинги ҳаёти қанақа бўлади? Шу томондан, ҳар битта онада рашк бўлади. Лекин, буни баъзи бирлар кўрсатади, баъзи бирлар ичида эзилиб юради. Келин ҳушига ёқмай қолса, баъзида номаъқул келин келиб қолса, билдирмай, ичидан эзилади, баъзи оналар. Бир хиллар эса, буни билдириб қўяди. Қайнона келинни ҳар битта ҳаракатига, қилаётган ишига, эътиборли бўлса, ўшанда, нотўғри иш қилаётган бўлса, нотўғри гапириб қўйган бўлса, "ундай деманг, бунақа денг", деб ўргатиб, тўғри йўлга солиши мумкин. Қайноналар, эътиборлироқ ва меҳрлироқ бўлишлари керак. Қайнона ҳам бир она! Ўғилни ҳам, қизни она дунёга келтиради. Оналарни ёмони бўлмайди! Ўша онани ўғлини яхши кўриб, бир умрга у билан ҳаётингизни боғламоқчи бўлса, демак, авваламбор, ўша хонадонга тушадиган келин, ўша хонадонни қонун-қоидасини ўрганиб, ўша қонун-қоидага бўйсуниши керак, аввало, қайнонанинг кўнглини олиши керак, бу оиланинг ўзаро муносабатларини, нима мумкину, нима мумкинмаслигини, қонун-қоидалари, рўзғор юритишларини кузатиб, билиб олиши керак, ахир буларни ҳаммасини уйда аёл киши қилади, тўғрими? Шуларни ўрганиб, ўша қайнонанинг ҳатти-ҳаракатлари, рўзғор тутишлари, муомалалари ҳаммасини ўрганиб борса, ўша қайнонани аста-секинлик билан кўнглини ола бошлаган бўлади. Келинларда, аввало ўша келин бўлиб тушган хонадонга, оила аъзоларига нисбатан ҳурмат бўлиши керак. Эрини қанчалик яхши кўриб, ҳурмат қилса, оила аъзоларини ўн чандон кўпроқ яхши кўриб, ҳурмат қилиши керак. Чунки, у келин эмас, ўша оиланинг қизи бўлиши керак, энди ўша ер унинг ҳақиқий уйи. Тилини ширин қилиб, "хўп бўлади", деб, қайнона нотўғри гапирганда ҳам, индамай кетса, келин ютган бўлади, негаки икки-уч марта шундай вазиятлар бўлса, кейин қайнона ҳам ўйлаб қолади. "Мен нотўғри гапиряпман шекилли, бу индамаяпти, ақлли қиз экан" дейди ва қайнона ҳам, бориб-бориб, ўша хатоларини тузатиб боради. Рўзғор тутишда ҳам чаққон, сезгир, ҳар бир ишига эътиборли бўлиши керак. Бунга ўша қиз уйида, ҳаётга тайёрланган бўлиши керак, бу оналарнинг вазифаси. Чунки, у келин бўлиб борган хонадонида бирорта нотўғри гап гапириб, нотўғри иш қилса, ўзини нотўғри тутса, бунда аввало гап, онага келиб тегади. Қуш уясида кўрганини қилади, дейишади-ку. Шунинг учун қиз бола, ўша келин бўлган оилага ҳурмат, уларга меҳрли, эътиборли бўлиши, у ерни ўз уйи деб билиб, ўша оилани ўзиникидек қабул қилиши керак. 8 - март байрами билан барча аёлларни, қизларимизни табриклайман. Келин бўлиб борган хонадонларида келин эмас, қиз бўлиб, бахтли бўлишсин!
Сайёра Юнусова актриса, кўплаб бадиий фильмларда она образларини яратади, "Омон бўлинг, азизим" спектаклида эса, она ва қайнона образини яратган.
- (кулиб) Ҳаётда қандай қайноналигимни билмайман, чунки инсон ўзига таъриф бериши қийин. Яхшиси, келиним айтсин. (кулади) Ҳозирча битта келиним бор, яқинда иккита бўлади. (самимий) Мен келинимни келин деб эмас, қиз деб кўраман. Чунки, ўзимни ҳам 16 ёшли қизим бор. Келиним касбимга ҳам яхши қарайдилар, "чиқинг, роллар ўйнанг" дейдилар, (кулади) "сочингизни причёска қилиб қўяман" дейдилар. Ҳаётда оддий қайнонаман, унақа буюришни билмайман, "уни қилинг, буни қилинг" демайман. Ўзининг ақли бор, кап-катта одам, дейман. Бир хилларида одамни иш қилгиси келади, бир хилларида келмайди. Шунга ҳам қарайман, ўзимга ўхшаган, у ҳам инсон-ку. (кулиб) Шунинг учун ҳам, мен "буни қилиб қўйинг, қилмабсиз" деб, жаҳл қилмайман. Уйқуси келяпти, ухлай қолсин, у ҳам ёш бўлса, дейман. Инсон ҳамма нарсада ёмонликни кўрса, ёмонлик келиб чиқаверади. Ҳар бир нарсада ўзингизга ўзингиз яхши сабаб топишингиз керак. Масалан, "бунақа ёш-да, майли, ўтиб кетади", деб. Агар ҳар бир ишига қараб, атайлаб аҳамият берсангиз, унда яхши бўлмайди. Масалан, ўзим уй ишларида қарашиб тураман, эртага келиним ойилариникига борсалар, "сиз кетаверинг ойингизникига, овқатни ўзим қилиб қўяман", дейман. (кулиб) Келиним, "йўқ, мен қилиб кета қолай" деса, "нима қиласиз, мен келаман, ўзим қиламан, битта овқат қилиш экану", дейман. (кулади) Албатта, набирамга ҳам қараб тураман, ширин-ку! (кулади) Келиним, онасиникига бормоқчи бўлса, менга айтади, "майли боринг, кўриб келинг" дейман. (кулиб) Бир хилларида мен ўғлимни уришаман, "ойисини бориб кўриб келади-да, нимага йўқ дейсан", дейман. (кулади) "Бораверадими?" дейди, "боради-да, онасини соғингандан кейин", дейман. Келиним келин бўлиб келгач, (кулиб) бир неча кун ўтгандан кейин, "мана бу уй сизга, ҳамма нарсани топшираман сизга" деганман, бўлди. Лекин, ишларида қарашиб тураман. Мен соат 6 ларда вақтли тураман. Ёшлар сал кечроқ туришади. Унгача у бу нарсаларни қиламан. Кийиниш борасида ҳам, демократик қарайман. (кулиб) Кўпқаватли уйда турамиз. Келин бўлиб тушганида айтганман, "шақир-шуқур, атлас, адраслар зарли, доим кийиб юришга ноқулай, нима қиласиз кийиб, бошқа қулайроқ кийим кийиб олинг, агар бирор меҳмон келса, унда ўша шақир-шуқурларни кийиб чиқарсиз" деганман. Саломларни ҳам, "бир-икки марта салом қилдингиз бўлди, раҳмат" деганман. Энди замонавиймиз, унақа қайноналар ҳам бор экан, деб эшитиб ҳайрон қолдим. Нимага келин назоратда бўлиши керак? (кулади) Келин қайнонанинг уйида ҳам, ўзини уйидек юриши керак, ахир у ҳам оила аъзоси-ку. Масалан, бир хилларида қизимга, иш қилгиси келмаса, "ўтирақол, дамингни ола қол" деб қўя қоламан, нимага энди келинни ажратишим керак? У ҳам қилгиси келмаса, мен индамайман, "майли ҳали қиларсиз" деб қўя қоламан. Бир пас туриб, ўзи ғизиллаб ҳамма ишни қилиб ташлайди. Келинни ҳам ўз қизингиздек кўришингиз керак, менимча. Менимча, ҳаммаси характерга қарайди. У инсон қанақа, масалан, "вредный" инсонлар бўлса, келини тугул, бошқаларга ҳам шундай муомала қилади. Худодан берилган феъл. Унақалар ҳамма нарсага аҳамият бераверишади. Шунда ўйлаб қоласан, улар ўзи олдин келин бўлганида, қанақа бўлган экан? Билмадим, шунақа одамлар бўлади, келинни ҳам қабул қилгиси келмайди, "келинми, демак хизматимни қилсин" дейди. Нимага у сени хизматингни қилиши керак? Бировни боласи, сени ўғлингни хотини-ку, ахир. Мен ўзим шунга ҳайрон қоламан ва тушуна олмайман. Уни ҳам ота-онаси туғиб, катта қилиб, бировнинг хонадонига берган бўлса, нега у энди, у ерда хизмат қилиши керак? Демак, ҳамма аёллар келин бўлиб, бутун умри мана шундай хизматда ўтиши керакми? Йўқ, у ҳам иш қилиши керак, лекин сизни қизингиздек қилиши керак, назаримда. Энди, ижро этган ролларимга келсак, менга албатта, ҳаётда она роли яқинроқ. Масалан, "Омон бўлинг, азизим" спектаклидаги ролим ҳам она, ҳам қайнона, характери ҳам ўзимга ўхшаш, ўзим ҳам бировни дилини оғритишни ҳоҳламайман, ким бўлишидан қатъий назар, келинми бу бошқами. Ролимда ҳам шундай, набирасига ҳам эҳтиёткорлик билан гапиради. 8 март байрами келяпти, келиним биринчи марта менга байрамда атир ва крем совға қилганди, мен эса унга сумка совға қилганман. Ҳаммага бахт тилайман, бизнинг ёшдагиларни фарзандлари уйланиб, уйли-жойли, бахтли бўлса, онага энг катта бахт шу. Соғ-саломат, бахтли-саодатли бўлишсин.
Гулчеҳра Носирова актриса
- (кулиб) Ҳаётда келинман, ўғлим йўқ, қизим бор, қайнона бўла олмайман, шекилли. Қайнона-қайнонам вафот этишган, улар бир-бирига "Тоҳир-Зуҳро" дек муносиб эдилар. Уларнинг бир-бирига "Лайли-Мажнун"дек, ҳурмати ва меҳр-оқибатини кўриб, жуда таъсирланганман, ҳавасим келган. Қайнонам жуда ҳам тилла инсон эдилар. Ҳаётда улардек қайнона, қайноталар камдан-кам учрайди. Уларнинг санъатга алоқалари йўқ эди, лекин касбимга жуда ҳам яхши қарашган, тушунишган. Улар бир-бирларига жуда ҳам меҳрли эдилар, келиннинг хизматига ҳам муҳтож эмасдилар. Уй ишларида ҳам қарашишлари мумкин эди. Шундай ажойиб инсонлар эдилар. Қайнона-келин мавзуси жуда ҳам катта мавзу, яхши инсон бўлиш ҳам, ёмон инсон бўлиш ҳам, ҳар бир инсоннинг характерига боғлиқ. Яхши қайнона бўлиш ҳам, яхши келин бўлиш ҳам, инсоннинг ўзига боғлиқ. Мен шундай деб биламан, яхши инсонлар бор, бир яхшига бир ёмон учрайди. Мана, сериалларда ҳам кўряпмиз, қайнона-келинларни. Ҳаётда шунақа инсонлар ҳам бор-да. Уларга ақл ўргатиб бўлмаса, аралашишга ҳаққимиз бўлмаса, сабр-тоқат бериши керак ҳаммага. Агар келин онасидан, ўша келинлик давригача бўлган даврда, "келин бўлсам, турмуш қурсам шундай қиламан, шундай вазифалар менинг бошимда турибди" деб ўрганган бўлса, онаси ўргатиб борган бўлса, шу онасидан ўрганган ўгитларини аъло даражада бажарса, қайнонани ўргатишига ҳам тўғри келмайди! Яхши келин қайнонанинг дуосини олаверади. Агар мабодо ҳаётда эрка бўлиб ўсган қизлар ҳам, келин бўлиб тушса, қайнонаси она-бола бўлиб, билмаганини ўргатса, келинини фарзандидек қабул қилса, ўшанга камчиликларини тушунтириб, билмаганини ўргатса, бу ҳам яхши фазилат. Ахир келинга ўргатса, шу ишни барибир қилади. Яхши сўз, ўлган одамни ҳам тирилтиради. Қайнона-келин ўртасида, яхши, ширин тил бўлиши керак. Билмаганини қайнонасидан ўрганса, келин ҳам қайнонасини, иккинчи онасидек кўради. Ҳозирги кунда масалан, тўйлар ҳам, қудалар бир-бири билан келишиб, ҳамма нарсани исрофгарчилик бўлмаслиги учун, меъёрида бўлиши учун, келишиб қилишяпти. Агар аёл киши турмуш ўртоғи зўр, топармон бўлса, менимча, аёл кишига ишлашнинг ҳеч ҳожати йўқ. Уйда ўтириб, она бўлиб, фарзандларига тарбия бериб, оиласига меҳрибон бўлса, яхши. Мабодо уйда етишмовчилик бўлса, келиннинг қўлида дипломи бўлса, эр-хотин баравар ишлашса, турмуш аравасини бирга тортишса, бу ҳам яхши. Мен унга ҳам, бунга ҳам реал қарайман. Мен ҳеч қачон ажратмайман. Буни эр-хотиннинг ўзлари келишган ҳолда қилишлари керак. Эр-хотин бир-бирини тушуниши керак. Агар эр "ишлама", деса, ишламаслик керак. Аёл киши ўзи, эримга ёрдамим тегсин деган мақсадда, эрининг розилиги билан, келишилган ҳолда ишласа, бу ҳам яхши нарса. Саҳнада ва экранда яратган образларимдан менга, "Топталган туйғу" спектаклидаги Маъсума образи яқинроқ, жуда ҳам сабр-тоқатли, иродасига ишонган кучли аёл, шу жиҳатлари менга яқин. Ўзимга умуман, қарама-қарши ролим, (кулиб) "Опа-сингиллар" сериалидаги Анзират роли. Ғийбатчи аёл роли, менга умуман, қарама-қарши! (кулади) Мен бунақа аёл бўла олмайман! Лекин, шу ролни ижро этдим. Раҳматли қайнонамлар билан она - боладек эдик. Янги келинлик вақтим, 8-март байрамига биринчи марта, мен уларга помбархит материал совға қилганман, улар эса, менга хонатлас совға қилганлар. Мана 8 - март байрами келяпти, ҳаммани байрам билан табриклайман! Ҳамма аёлларга аёллик бахтини берсин! Ҳамиша, кўрса ҳавас қиладигандек гўзал бўлиб юришсин! Ҳар бир оналар, она ватан дегандек, ҳар бир оилани оналарини умрлари узоқ бўлсин! Кимнинг онаси бўлса, бахтли бўлсинлар. Бахти бор инсонлар, бу онаси бор инсонлар деб биламан. Шунинг учун, оналаримизни умрлари узоқ бўлсин, ҳамиша бахтли ҳаёт кечиришсин, фарзандларининг роҳатларини кўришсин!
Наргиза Абдуллаева "Бегона баҳор" фильмидаги келин
- Мен келин сифатида ўзимга баҳо бера олмайман, ҳеч қачон. Ҳаётда озодагарчиликни жуда ҳам яхши кўраман. Жуда ҳам чаққон ва пазандаман дея олмайман, лекин қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Қайнонамларни юз кўринишлари билан қалби бир хил, яхши аёл. (кулади) Мен ҳам, бир ишни нотўғри қилиб, гап эшитганим йўқ. Энди, мени фикримча, аёл киши зўр пазанда бўлса ҳам, янги хонадонга борганида, овқат қила олмайди. Уларга қандай ёқади, билмайди, қандайдир нотўғри чиқиб қолиши мумкин. Лекин, янги келинлик вақтимда, мени хўжайиним, овқат қилаётган вақтимда келиб, ўзларини оналарига, уйдагиларига, қанақа таом, мазаси, тузи, қанақа ёқишини айтиб, тушунтирганлар. Менга ўргатганларини ўз оналарига билдирмаганлар. Икки тарафни бирдек ушлашга ҳаракат қилганлар, шу одатларини жуда ҳурмат қилганман. Биз қайнонамлар билан Самарқандда икки ой бирга турдик, кейин эрим иккимиз, Тошкентдан уй олиб, кўчиб келдик. Эрим атайлаб, мени онамни ёнларидан уй олганлар. Кеч келишим бор, онанг ёнингда бўлгани яхши, деганлар. Қайнонам ҳам касбимга тўғри қарайдилар, бир салбий гап эшитганим йўқ. Эрим бошида рашк туфайли, бироз тушунмасдилар, кейинчалик фильмларга чақиришганда, мен йўқ-йўқ, дедим. Шунда, "шунча чақиришяпти, бир оғиз мендан ўтиб, ҳа, демадинг, раҳмат, чидадинг" дедилар. Кейин, режиссёрлар, актёрлар билан танишдилар. Қаерга борсак ҳам, бирга борамиз. (кулиб) Санъаткорлар ҳам билишади, эри билан келади, дейишади. Касбимни тушуниб етдилар. (кулади) Лекин, барибир рашк қиладилар. Мен ўз севгимни энди топдим, севги бойликда эмас, бошқада эмас. Мени санъатимни эмас, ўзимни яхши кўрадиган инсонни энди топдим! Қайнонам билан муносабатимиз яхши, телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб турадилар. Чунки, улар Самарқандда турадилар. Янги келинлик вақтимда, биринчи марта 8-март байрамига қайнонамларга материал совға қилганмиз.
Ҳозир ҳам фильмларга таклифлар кўп бўляпти, лекин, турмуш ўртоғимдан сўраб чиқаман. Мен учун оилам ҳар доим биринчи ўринда! Эримни ҳам ота-онам билан муносабатлари жуда яхши, кўриб куёв эмас, ўғил дейсиз. Баъзида, мени уйга ташлаб ҳам, ўзлари мени онамникига чиқишлари мумкин. Энди, бир хиллар оилада уриш-жанжал бўлмайди, дейишади. Бу нарсага мен ишонмайман, чунки ҳамманинг оиласида бўлиб ўтади. Қайнона ўғлини қизғаниши мумкин, келин қайсидир тарафлама хато қилиши мумкин, бундай нарсалар бўлади, ҳаётда бор нарса, мен тўғри тушунаман. Оилага катта ёшлилар, яхши тарафлама аралашишса, ярашиб кетишади, агар ёмонлик тарафлама аралашса, унда яхши эмас. Энди қайнона тарафдан назорат ҳар доим бўлади, (кулиб, ҳазил билан) сизни ота-онангиз тополмаса ҳам, лекин қайнонангиз топади. Ролларимга келсак, "Бегона баҳор"даги келин роли, фақат характер томонлама, менга яқинроқ, таъсирчанман. Сценарийни ўқиганимда, унинг ҳолатидан таъсирланиб кетганман. Мен ҳам кўп нарсани гапира олмайман, бировда айб бўлса ҳам, ўзимга айб оладиган одатим бор, ҳалигача бировни айбини беркитаман деб, ўзимга олиб, ҳаққини талаб қилолмасликлари, шу ҳолатлардан таъсирланганман. Энди ҳозирги ёшларни мен яхши билмайман, лекин ҳозир енгил табиат қизлар жуда ҳам кўп, эрга тегишдан олдин, болаларни фақат машинасига, бойлигига қарайдилар, йигитлар ҳам худди шунақа қизларни олишади. Нотўғри тушунишмасин, айрим қайноналар ҳам, ўзлари совчи бўлиб боришяпти-да, қиз билан йигит бир-бирини яхши кўрадими, бахтли бўладими, дейишмайди. Ота-онаси каттакон экан, у қариндоши бу ерда ишлар экан, деган фикрда, мансабга эргашиб тўй қилишяпти. Лекин, ёшларнинг бахтини кўришмаяпти. Шунинг учун ҳам, бир ой ўтмай, ажрашишяпти. Ким ёмон, келин ёмон, ўртада фарзанд бўлиб, бола талаш. Ҳозир турмуш ўйинчоқ бўлиб қоляпти, илгари биров турмушга чиқяпти деса, хурсанд бўлардим, энди эса, бахтини берсин дейман. Бойлик, мансабга қизиқиб турмушга чиқишяпти, бир-икки қизларни ҳам кўрдим, мана бунақа кийим олиб бермасанг, киймайман, дейишади. Бир кунлик, уч соатлик нарсага, фалон пулга кийим олиб бериш, орзу-ҳавас дейишади, "мен фалон пуллик кийим кияман, тўйимга мана бунча артист келади, мана бу ресторанда қилади", дейди, лекин, ҳамма еб-ичиб кетади, ҳеч ким раҳмат демайди. Шунинг учун, қизларга ҳам айтмоқчиман, бир кунлик тўй деб, миллион-миллион кетказгунча, эртага шунга уйингизга нарса олинг, мисол, турмуш ўртоғингиз билан дам олишга боринг. Ўша пулга кўйлак олгани билан тўйда ўтиради, столни бу ёғидан ўша кўйлаги кўринадими, йўқми, инсон бундан кўра, ўз бахтини ўйлаши керак, назаримда. Гап, ҳашамда эмас, тўй қаерда ўтиши, қанча артист келишида эмас, мен орзу-ҳавас ва бахтни соғлом фарзанд кўришда, ўз уйингиз, оилангиз, қайнона-қайнотанинг дуосини олиш, оилавий бахтда, деб биламан! Ҳозир биринчи фарзандим Муҳаммадсодиқ, 2 ёшда, март ойида яна фарзандли бўламиз, худо ҳоҳласа. 8 март байрами билан барча аёлларни табриклайман, аёллик бахти ҳеч қачон тарк этмасин, (кулиб) аёлларни фақатгина 8-марта кунидагина эслашмасин, аёлларимиз доим чиройли бўлиб юришсин. Ҳамманинг оиласига фақат бахт тилайман, оилангиз тинч бўлса, бундан ортиқ бахт бўлиши мумкин эмас. Ким нимаики ният қилган бўлса етишсин, "мустаҳкам оила" йилида ҳамма севишганлар оила қуриб, бахтли бўлишсин!
Нилуфар Ҳамидова актриса, телеведения режиссёри, педагог, хонанда, журналист, "Туташ тақдирлар" сериалидаги келин.
Ўзим ҳам ҳаётда келинман, қайнонам билан жуда ҳам аҳил эдик. Улар 2 йил олдин вафот этганлар. Келин бўлиб, гап ҳам, мақтов ҳам эшитганман, ҳар куни ҳар хил ўтган. Қайнонамни кулдириб ҳам ўтирганман, ростини айтсам, хафа қилиб қўйган, йиғлатган вақтларим ҳам бўлган. Лекин, нимаики хато қилсам, албатта, "кечиринг, бошқа қилмайман" деб кечирим сўрардим, қайнонам шу одатимни яхши кўрардилар. Сериалдаги ролимнинг ҳамма тарафлари, менга тўғри келади десам ҳам бўлади. Лекин, мен келин бўлганимда, подъезд ювмаганман, кейин сериалда соат тонгги 4-5.00 да уйқудан туради, бизда унақа эмас, тонгги соат 7.00-7.30 да туриларди. Қайнонамнинг ўзлари, "вақтли турманг", дердилар. Қайнонамни мен, онамдек яхши кўрганман. Сериалда, қайнонасига бақирадиган жойи бор, мен ҳаётда ҳеч қачон қайнонамга бақирмаганман! Лекин, мен сериалдаги келинни ўша бақирганини оқлайман, чунки, унинг онаси ҳақида, қайнонаси ёмонлайди! Менимча, ҳеч қайси фарзанд, онасини ёмонласа жим тура олмайди. Ўша пайтда индамай турса, келиннинг хатоси бўларди! Ҳаётда менинг қайнонам, ҳеч қачон оиламга нисбатан ёмон гапирмаган! Койиган бўлсалар, ўзимни уришганлар, ўша қилган хатойимни гапирганлар. Қайнонам билан у даражадаги уришишлар бўлмаган! Улар жуда яхши инсон эдилар. Касбимга турмуш ўртоғим ҳам рухсат берганлари учун, қайнонам ҳам, "ўғлим рухсат бериб қўйган, эпласангиз ишлайверинг" деб, индамаганлар. Менга, "энг асосийси, ўғлимга яхши қарасанг бўлди" деганлар. Санъатда бўлганимни ҳам улар ёқтирганлар. Эсимда бор, сериалдаги ролимда қайнона менга ёмон қарайди-ку, ўшанда ҳаётдаги қайнонам кўриб, "шу хотинга бир гапирадиган гапим бор, олиб бор мени ёнига" деб, ҳақиқатдан ҳам, ундан жаҳллари чиқиб ўтирардилар. Нимаики бўлса, улар мени ҳимоя қилардилар, мен ҳам уларни ҳимоя қилардим. Баъзи вақтлар яхши муносабатимизга кўз тегмасин деб, қўрқардим ҳам. Ишдан кеч келиб, овқатга улгура олмаган вақтларим, тайёр овқатларни сотиб олиб келиб, қўйиб қўярдим, (ҳозир ҳам баъзида шундай қилишга тўғри келади) қайнонам хафа бўлмаганлар. Улар уй ишларида ҳам менга анча ёрдамлари теккан, невараларига ҳам қарардилар, ҳар томонлама қўллаб-қувватлардилар ҳам. Ошхонани ҳам ўргатиб-ўргатиб, кейин топширганлар. Оилада 3 овсинмиз, мен иккинчи келинман. Қайнонам, уй ишлари, келинларига овқатлар ўргатиш, неваралар билан бўлиб, ўғилларини қизғанишни ўйламаганлар ҳам. Улар жуда ҳам телевизорни, сериаллар кўришни яхши кўрардилар. Кийиниш борасида, ўзларининг дунёқарашлари ҳам, замонавий эди. Санъат соҳасидаги одам, барибир шунга қараб кийинади, энг муҳими инсоннинг ички дунёси, дердилар. Кўп нарса билан ишлари бўлмаган. Қайнонам келинларига унчалик қаттиқ турмасдилар, лекин ўғилларини қаттиқ ушлардилар. Ҳатто, оғир касал бўлиб ётганларида ҳам, "Нимага келин келиб қараб ўтириши керак? Сизларни нимага туққанман?" деб, бизни эмас, ўғилларини навбатчилик қилдирганлар. Биз келинлар "йўқ, кечаси навбатчи бўлиб, ўтириб чиқамиз" десак, улар "йўқ, сизларни ўзларингизни болаларингиз бор, неваларимга қаранглар, менга ўғилларим қараши керак" деганлар. Уларнинг фикрлашлари ҳам бошқача эди, ўзим ҳам "шундай яхши қайнонам борлар" деб, ҳайрон қолардим. Қайнонам жуда ҳам яхши аёл эдилар, ҳозир ўрнилари жуда ҳам билинмоқда. Қани эди, умрлари узоқ бўлганда... Мен доим иккита онам бор, деб хурсанд бўлиб юрардим. Шунинг учун ҳам, бир хил вақтлари, "қайнонам ёмон" дейишса, тушуна олмайман. Ҳозирги қайнона-келинлар орасида, бир-бирини тушунмаслик, ўз принципларини ўтказмоқчи бўлиш, менимча, нотўғри. Қайнона ўз ман-манлигини кўрсатмоқчи бўлса, келин ҳам ўз ман-манлигини кўрсатмоқчи бўлади. Лекин, аслида келин кўпроқ ён босиши керак, бир қадам орқага ташлаб, индаши керак эмас, назаримда. Ҳозирги кунда кўп қизларимиз сабрсиз, десам ҳам бўлади. Мендан хафа бўлишмасин, лекин баъзилар кўп нарсаларга чидай олишмайди, шу сабаб ҳам, қайноналарнинг жаҳли чиқади. Қайноналарни ҳам тушуниш керак. Уйига бегона одам келгандан кейин, тўғри қиздек қабул қилиши керак, лекин бир хил келинларни ҳам кўрдим, қайнонанинг ёши катта деб, ҳурмат қилишни ҳам билишмайди. Шунинг учун, қайнонанинг ҳам юраги бор. Унинг юрагини эритишни билиш керак, бу, кўпроқ ёшларнинг қўлида. Ҳар бир нарса, яхши ва ширин гапда, деб ўйлайман. Ёшларни, ёш оилаларни доим ёши катталар, назорат қилиб туришлари керак, чунки, атроф-муҳит шуни талаб қилади. Ёмон кўз бор, яхши кўз бор. Оддий мисол, ёш оила, ёш келин, фарзанд кўргач, дейлик, 3-4 кундан кейин меҳмонга бормоқчи. Ёши катта одам бўлса, бу нарсага рухсат бермайди! Чунки, уни чилласи чиқиши керак, уринмаслиги керак. Шу тарзда ўзи билмаган ҳолда, ёши катталар ёшларни, ёмон кўздан, бирор нарсалардан асрайдилар. Чунки, ёши катталар, кўп нарсани билишади. Ҳозирги келинлар, қайнона билан тил топишмоқчи бўлишса, бирор ёққа бормоқчи бўлганида ҳам, биринчи қайнонасидан сўраб, қайнонаси билан ўртоқ бўлиб олиб, "ойижон, ўғлингиздан рухсат олиб беринг" дейишса, яхши ўғил ҳеч қачон онанинг гапига йўқ демайди. Мен ўзим ҳам, биринчи қайнонамдан сўрардим, (кулиб) мен қайнонамнинг "Сотти"си бўлганман. Бу тўғри маънода, биз жуда иноқ бўлганмиз! Янги келин бўлган вақтим эди, қайнонам ошни жуда ҳам яхши кўрардилар, ўшанда 8 - март байрамига, қайнонамга атаб, ошнинг 4 хил вариантини тайёрлаганман. Хурсанд бўлиб, роса мақтагандилар. Лекин, (кулиб) ўша куни ош билан машғул бўлиб, бошқа овқат қила олмаганман. Улар эса, мени боламсан деб, ўша йили маймун йили бўлгани учунми, кичик ўйинчоқ, маймунча совға қилганлар. Қайнона-келинларни, ҳаммани 8-март байрами билан табриклайман, ҳеч қачон уришишмасин! Агар уришишса ҳам, кейинчалик "биз мана шуни деб уришгандик" деб, кулиб-кулиб, ҳазил тариқасида эслаб юришсин. Доим нима ният қилишган бўлишса, амалга ошсин! Бутун умр, оилаларимиз мустаҳкам бўлсин! Ҳар бир инсоннинг оиласи тинч бўлса, Ватани ҳам тинч бўлади. Тинчлигимизга кўз тегмасин! Оиланинг мустаҳкам бўлиши эркак кишига боғлиқдир, лекин 80 фоиз қайнона билан келинга боғлиқ. Қайнона-келинлар доим дўст бўлиб қолишларини тилайман.
Дилором Эгамбердиева актриса, "Келинлар қўзғолони" фильмидаги кенжа келин Нигора
-Ролимнинг менга ўхшаш томонлари, фильмдагидек шундай кўп болали оилага келин бўлиб тушганман. Мен келин бўлиб тушган оилада 8 фарзанд бўлишган. Фильмдагидек, уришқоқ, қайсар ва бетгачопар эмасман. Ролим, характер тарафлама фарқ қилади, босиқроқман. Ҳаётда ҳам турмуш ўртоғим билан севиб турмуш қурганмиз. Турмуш ўртоғим Консерваторияда овоз режиссёрлиги бўлимининг мудири эдилар. Уларнинг оиласидагилар ҳам менинг касбимга яхши қарашган, қувонишган. Лекин, биз улардан алоҳида яшашимизга тўғри келган, Чунки, улар Қирғизистонда, мени қариндошларим эса, Фарғонада. Биз эса Тошкентда яшаганмиз. Бахтимиз ҳам қийинчилигимиз ҳам алоҳида яшаганимиздир, балки. Балки, катталар билан яшаш бошқачадир? Ҳаммасини биз ўзимиз ҳал қилганмиз, шу тарафлама қийин бўлган. Фарзандли бўлганмиз, кейин мен яна фильмларда суратга туша бошлаб, "Темир хотин", "Юлдузингни бер осмон" фильмларида суратга тушдим. Менимча, ҳамма келинларда ҳаётини бошлаётган вақтда муаммолар бўлади, ҳамма келинларнинг бошидан ўтадиган нарса бу. Икки тарафнинг ҳам ўзаро муносабатига боғлиқ бу нарса. Ҳар битта оилани ўзига яраша муаммоси бор. Қайноналаримиз бир нарсани эсидан чиқариши керак эмас, назаримда, ахир улар ҳам қачонлардир келин бўлишган. Энди қиз узатаётган томон ҳам, ҳар томонлама ўйлаши керак. Баъзилар, қизини бой томонга бераётганда, қизининг ҳамма нарсаси бўлишини, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслигини ўйлашади. Лекин, қайнонанинг савиясидан ҳам келиб чиқиш керак. Бир хиллар бор, бой бўлиб туриб, очкўз ҳам бўлади. Очкўз бўлиб, келин томондан роса кўп нарсани талаб қилиб юборишади, қўшниларимда ҳам кўраман, куёв томон деярли буйруқ қилиб айтади, ўзлари ҳам бой келин ахтаришади. Жуда кўп нарса талаб қилишади, кейин эса, келинни олиб олгандан кейин, ўзлари баланддан келишади. Бечора куёв на у томон, на бу томон бўламан деб, қайноналар ҳам ҳамма нарсага аралашиб, бу нарсалар, куёв билан келинни орасига совуқчилик солиб қўяди. Шунинг учун, менимча, қайноналар ўзининг ҳам келин бўлганини эсидан чиқариши керак эмас. Худди, улар ҳам "эртага келин олай, мен ҳам кўрсатаман" деб, "тишини қайраб" тургандек, таассурот қолдиришади. Ҳар битта келин шунақа деб ўйлайди, назаримда. Мана яқинда бир ёш аёлдан шу гапни эшитдим, "қайнонам мени роса қийнаган, мен ҳам ҳали келин олай" деб турибди! "Оладиган келинингда нима айб? Ахир ўзинг, мени қайнонам қийнаган, дединг-ку, энди эса ўзинг ҳам, келинингдан худди шу нарсаларни талаб қилмоқчисан?" дедим. Худди улар, келин эмас, қул олаётгандек, назаримда. Лекин, ҳаммани ҳам ёмон деб бўлмайди, албатта! Дейлик, битта келин ёмонми, худди ҳамма келинлар ёмондек, битта қайнона ёмонми, худди ҳамма қайноналар ёмондек, бўляпти. Бу билан ҳамма қайнона ёмон ва келинлар ёмон, деб бўлмайди! Ичида ёмони ҳам бордир? Лекин, боласини ўйласа, жуда ҳам унчалик қилиб юбормаса керак. Энди, ҳамма оила ҳар хил, келишиб яшаш керак, назаримда. Қайнона билан ҳам, эри билан ҳам, эрининг қариндош-уруғлари билан ҳам, яхши муносабатда бўлиш керак. Бу бизнинг менталитет, барибир шарқ, балки мен ҳаётда замонавийдирман, лекин у ёққа, (эрим тарафга, қариндошларникига) борганимда, ўзбекча кўйлаклар кияман. Ҳаммаёққа мослашиш керак, ҳурматини жойига қўйиш керак. Сизни кийиб борган кийимингиз ҳам, уларнинг ҳурмати, уларни ҳурмат қилишингизни билдиради. Келишганда ҳурмат қилиб кутиб олиш, ҳурмат билан кузатиш керак. Ҳар битта келин ҳам, битта хонадонга келин бўлиб тушганда, "яхши яшайман" деб, орзу қилади. Ҳар битта қайнона ҳам, келин олаётганда, "шу болам яхши яшаб кетсин" деб орзу қилади. Энди, қайнонамлар Қирғизистонда бўлганликлари учун, табриклашга, мен айнан 8 мартни кутмасдим, масалан, у ёққа ёз пайтлари ҳам боришингиз мумкин, қишда бориб қолишингиз мумкин, қайнонамнинг туғилган кунлари қишда. Шунга мослаб, совға-салом олиб бораверардим. Энди, албатта у тарафга мослаб, чиройли кўйлаклик, кўйлаклар. Мен эса улардан совға кутмаганман, чунки, улардан энг катта совға, бу менинг эрим эди. Ҳар байрамда, ҳоҳ 8 март бўлсин, ҳоҳ бошқа байрам, уйим гулларга тўлиб кетар эди. Қайнонамларнинг энг катта совғаси, бизларни дуо қилганлари, деб ҳисоблайман. Чунки, ота-онаси дуоси ҳам, катта совға. Аёлларга энг кичик ёшидан бошлаб, энг ёши улуғигача битта нарсани тилайман, ҳаммага аёллик бахтини берсин! Катта аёллар болаларининг роҳатини кўришсин! Ҳар бир аёл севсин ва севилсин! Ҳамиша саломат бўлишсин!
Фильмларда ижро этган ролларим туфайли кўп қизиқарли воқеалар бўлган. Масалан, бир куни 2 та киши келиб, "илтимос ёрдам беринг" дейишди. "Нима ёрдам" десам, жуда қаттиқ баҳслашишган экан, улардан бири менга "Сиз Нигорасиз-ку! "Келинлар қўзғолони"да Нигорани ўйнагансиз-а?" деди, "Ҳа" десам, иккинчиси, "Йўқ, бу "Темир хотин", Темир хотин"да ўйнагансиз-ку!" дейди. Мен бундан хурсанд бўлдим, чунки, мен бу образларни шунчалик яратибманки, улар бу ролларни иккита бошқа-бошқа актрисалар ижро этган, деб ўйлашаётган экан. Агар, мен шунчалик ишонарли ижро этган бўлсам, бу мен учун бахт.
Гавҳар Шарипова "Опа-сингиллар" сериалидаги келин
- Мен, қайсар, лекин ўз ёрига вафодор, садоқатли рафиқаман деб ўйлайман ва келинлик борасида, (кулиб) ўзимни, албатта ёмон деб, ўйламайман. Қўлимдан келганча, бор меҳримни атрофдагилардан аямайман. Бизда одатда, кўплар келинини санъаткор бўлишини унчалик ҳоҳлашмайди. Мени қайнона-қайнотам ҳам, эрим ҳам, шу бугунгача санъатни тарк этишимга умид қилишади. Балки, бир кун келиб, мен бунга тайёр бўларман? Лекин, ҳозирча йўқ. Аммо, менга бериладиган ҳамма сценарийларни турмуш ўртоғимга ўқиттириб, уларнинг розилиги билан ролларга розилик бераман! Театрдан кетганимдан сўнг, ижодимда бироз танаффус бўлди, энди эса, "Опа-сингиллар" сериалидан сўнг, яна кўча-куйда ҳамма таний бошлашди ва ролимдан келиб чиқишиб, томошабинлар томонидан, "Вой, Нафиса, сизга раҳмим келади, сериалдаги қайнонангизнинг қилмишларига қандай чидайсиз?" деган фикрлар ҳам бўляпти. Мен бундан фақат хурсандман, чунки бу экранда холос! Оиламдагилар бу ҳолатларга оддий қарашади. Фақат, турмуш ўртоғим "ҳамма жойда сени танишяпти-ку, мен янада қизғанадиган бўлдим" дейдилар. Ролимга келсак, ролимда кўп эпизодларида, актёрлик ижройим суст, деб ўйлайман. Ҳаётда жаҳли тез, гап қайтариши мумкин бўлган, ўз айтганидан қолмайдиган, деярли, бировнинг маслаҳатига кирмайдиган инсон эдим, турмушга чиққанимдан сўнг, турмуш ўртоғим бугунга қадар тарбиялаб, танбеҳ бериб келяптилар. Лекин, қаҳрамонимнинг менга яқин бўлган жиҳатлари, унинг имкон қадар, сабр-матонати, чидамлилиги, арзимаган гапдан ҳам кўнгли ранжиши, дили оғриши, булар менда ҳам бор. Аммо, агар мен ҳаётда ана шу қаҳрамонимнинг ўрнида бўлганимда, турмушимдан ярим йилда, ёки биринчи фарзанд туғилиши билан ажрашиб кетган бўлардим. Шунча дашномларни эшитиб ўтирмасдим. Мен ҳаётда ёшлар севиб турмуш қуришларининг тарафдориман. Чунки, ҳозир кўпинча, мансаб, молу дунё, жамиятдаги ўрни учун, ота-онасини айтганига уйланган, турмушга чиққанлар, аксарият ҳолларда ажрашиб кетишяпти. Севишиб турмуш қурганлар эса, бошида ота-онаси норози бўлса ҳам, кейинчалик чиройли турмуши билан ота-онасининг розилигини олишганига, ўзим гувоҳ бўляпман. Қизлар, келин бўлгандан кейин, ўз уйида ота-онаси қанақа назорат қилишган бўлса, келинлик уйида, қайнона-қайнотаси ва эрининг назоратида ҳам бўлиши керак, менимча. Келин билан қайнона-қайнотанинг орасидаги муносабатни ушлаб турадиган, бу албатта эр, унинг турмуш ўртоғи. Қайнона-қайнота ҳам келинни ўғлига қулоқ солган ҳолда, назорат қилиши керак. Дейлик, келинни бирор жойга чиқишига ёки, ишлашига эри рухсат берсаю, қайнона қаршилик қилса, нотўғри деб ўйлайман. (кулиб) Бизда, спектаклларда ҳам кўрсатишади, келин келганда, "уйи билан, супургисию, қозон-товоғи билан топширдим" деган гапи бор. Бу албатта, рамзий маънода айтилган. Авваламбор, келинга ҳам, қайнонага ҳам инсоф берсин. Келин қайнонасидан ширин сўзини аямасин, бир пиёла чойини узатишга оғринмасин. Келинликни зинҳор "қуллик" деб тушунмасин. Қайнона ҳам, агар соғлиги, кўтарса, имкони бўлса, келинини тушуниб, ёрдамлашгани яхши, назаримда. Масалан, келин ҳомиладор бўлганида, ўзига яраша инжиқликлари бўлади, токсикоз бўлиши, касал бўлиши мумкин, шуларни тушунишса, қайнонани ҳам агар қон босими ошса, ёки бирор инжиқликлари бўлса, келин ҳам унга ён босса, бу ақл ўргатиш эмас, (кулиб) тўғри тушунишсин, менинг шахсий фикрим. Ҳар битта келиннинг олдида, шундай мақсад бўлсин, қайнона-қайнотасининг розилигини, дуосини олиш! Ўзимда ҳам шу нарса бор. Ҳатти-ҳаракатлари ҳам, ўзини тутиши ҳам шу нарса асосида бўлсин. Шуни натижада, улар кутган ҳамма нарса, бахт ҳам келади. Ҳозирги келинларнинг "гапга ёки ишга, бирор жойга кетдим" деб туриб, қайнона-қайнотасидан рухсат олиб, "мана бу муддатгача ўтираман" деб, у ёқдан уйга кеч келишлари, кичик хато бўлса ҳам, қайнона-қайнотанинг ишончини суъистемол қилишга киради, деб ўйлайман. Келинлар имкон қадар сабрли бўлишлари, қайноналар эса, имкон қадар, келин эмас, қизим деб қабул қилишса, келин ҳам қайнонасига эмас, онасига қилгандек муомалада, муносабатда бўлса! Ахир "қайтар дунё" деган нарса ҳам бор. Чунки, ўша қайноналарни ўзини ҳам қизлари бўлиши мумкин ва ўша келинга зулм қилса, қизига ҳам бошқа қайнона худди шундай зулм қилиши мумкин, ўша келинни ҳам келажакда қайнона бўлиши бор. (кулиб) Шунинг учун, улар келин эмас, қиз деб қарашса, қизлар қайнонани онам деса, дунё гўзал бўлади, назаримда. Масалан, она ҳеч қачон қизига кечқурун "мана бу кир қолиб кетмасин, эрталабгача бўлса ҳам ювасиз" демайди. "Қизим, дамингни ола қол, эртага қиларсан" дейди. Шу гапни келинига ҳам айтишсин, лекин қизига ачинишади, келинга бўлса, ачинмайдиган қайноналар ҳам бор. Лекин, танишларим ичида шунақалари ҳам борки, қайнона тилла, лекин келин ёмон! Қайнона бечора "ўғлимнинг оиласи бузилмасин" деб, шу келиннинг ҳунарларига чидаб юрибди. Қайнона бечора иш қилади, келини нима сўраса "хўп" дейди, уни ўзгарар деб умид қилади, лекин келин эса, афсус... (кулиб) Бир яхшига, бир ёмон деса ҳам бўлади. Ҳар бир оилада, ҳар бир инсонда, оила тушунчаси, унга бўлган муносабат ва бахт тушунчаси ҳар хил! Дейлик, қўшнингизни уйида оддий ҳол саналган бирор одат ёки, иш, сизнинг уйингизда, ёки яна бошқа оилада, катта муаммо, фожеа ҳисобланиши мумкин. Бир оилада келиннинг замонавийлиги, рулда ўтириши, машина ҳайдашига оддий қаралса, бошқа оилада эса, қайинука бўла туриб, нега келин рулга ўтиради? Нега машина ҳайдаши керак? - деган фикрлар бўлади. Ҳамма оилада ҳар хил, қаердадир келинда айб, қаердадир қайнонада, қаердадир вазият айбдор.
8-март барибир аёллар байрами, ўзим келин бўлиб тушганимда, биринчи марта 8 март байрамида қайнонамларга атир совға қилгандим.
Мен хурсандман, бутун дунёда, бизнинг Мустақил Ўзбекистонимизда ҳам, аёлларга бўлган ҳурмат туфайли, бу байрам нишонланади. Ҳар битта аёл, қиз, ҳоҳ у она, ҳоҳ у опа, сингил, амма, хола, бўлсин, хонадоннинг файзи, кўрки ҳисобланади. Инсонларнинг ичида энг гўзали, латофатлиси, албатта, аёл киши, аёлларнинг ичида энг муқаддаси, албатта оналар. Шунинг учун, ҳар битта қизга, келинлик либосини кийиш, муқаддас чимилдиққа қадам қўйиш, файзли бир хонадоннинг бахтли бекаси бўлиш, шириндан-шакар бахтли фарзандларнинг онаси бўлиш, насиб этсин! Аёлларимиз ҳамиша соғ бўлишсин, аёлларнинг бахти асосан, турмуш ўртоғига бўлган меҳрида, деб ўйлайман. Шунинг учун, эркакларимиз ҳеч қачон аёллардан эътиборини, меҳрини, муҳаббатини қизғанишмасин.
Манзура, хонанда, "Севгинатор 2: Қайнона операцияси" фильмидаги робот келин
- Қайнона-келин мавзуси, бу азалий мавзу. Маиший муаммолар ҳар бир оилада бор ва аксарият ҳолатларда келин билан қайнонанинг орасидаги ҳар хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Мени назаримда, келинлар шу каби нарсаларга эътиборли бўлишлари керак. Чунки, қайнона авваламбор, бу она, шу келиннинг эрини дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказиб, унга топширган. Келин, биринчи навбатда шу тарафларини ўйлаши керак. Ахир ўша эрининг онаси, унга ҳам она, бу нарса доим келиннинг кўнглида бўлиши керак. Масалан, гапирганда ҳам битта гапдан қолиши, сабрли бўлиши ва ҳар хил маиший муаммолардан келиб чиққан тушунмовчиликларга кўз юмиши керак, назаримда. Келинга ҳам, қайнонага ҳам кўп нарса боғлиқ. Шу қайнона ҳам қачонлардир келин бўлган ва бу келин ҳам вақти келиб албатта, қайнона бўлади. Ҳар бир қайнона ўзининг келинлик вақтидан келиб чиқиб, келин келажакда қайнона бўлса, қанақа яхши қайнона бўлиши мумкин, келинидан нима қайтиши мумкин? Мана шу нарсалардан келиб чиқса, мен ўйлайманки, келинлар ҳам узоқни ўйлашса, чунки, кечаги нарса бугун қайтарилиши мумкин. Қайнона ҳам, келин бировнинг фарзанди эканлигини тушуниши керак, менимча. Келин қилганда, биринчи навбатда, унинг молу мулки учунмас, унинг ўзини, яъни инсонни келин қилиш керак, деб ўйлайман. Молу давлатни деб, оилалар дарз кетиши керак эмас. Энг асосийси, оиладаги аҳиллик, назаримда. "Севгинатор 2: Қайнона операцияси" фильмидаги келин ролимга келсак, у биринчи навбатда ҳақиқий келин эмас, яъни программалаштирилган робот. Фильмда у уч хил характерли келин қиёфасида бўлади: ювош, айёр ва золим келин. Золим келин, айнан шу муҳит ва вазиятда, ўша қайнона билан курашиш учун, золим келин бўлган, ахир кинода ҳаммаси бўрттирилиб кўрсатилади, сценарий шундай ёзилган. Айёрликка келсак, балки, оиланинг тинчлиги учун, қаердадир айёрлик ҳам керакдир? Лекин, айёрликни ёмон мақсадда ишлатиш керак эмас, деб ўйлайман. Мени ўзимга эса, ювош келин характери маъқул бўлди. Чунки, барибир, бизнинг ўзбек қизлари ва келинларида мулойимлик, ибо-ҳаё, самимийлик, камтарлик, ҳамда катталарни ҳурмат қилиш каби, чиройли фазилатлар мужассам. Энг чиройли байрамлардан бири бўлган 8-март байрами билан, ҳамма хотин-қизларни табриклайман, оилаларига янада тинчлик, янада давлат, фарзандлар, аҳиллик тилаб қоламан!