FATTOHHON.COM

« Все новости

“МИЛЛИЙ ЭСТРАДА САНЪАТИ: ШОИР, БАСТАКОР ВА ХОНАНДА ҲАМКОРЛИГИ ДАВР ТАЛАБИ” 10.04.2012 06:59

   ozbeknavomajlis15_resize.jpg 22 февраль соат 15.00 да "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда, "Миллий эстрада санъати: шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлиги давр талаби" мавзуидаги давра суҳбатини ўтказди. Ушбу тадбир Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида ўтказилиб, ушбу йиғилишда, Халқ шоирлари, устоз адиблар, Ўзбекистон Халқ артистлари, бастакорлар, ёш хонандалар, ёш ижодкорлар, ижодий уюшмалар вакиллари, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Санъаткорлардан эса, Ўзбекистон Халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков,  Зулайҳо Бойхонова, Ботир Қодиров, Манзура, Акбар Ёдгор Мирзажонов, Зиёда, Ҳусан, Мадина Мумтоз, Фаррух Комилов, Отабек Муталхўжаев, Фирдавс Фазлиддинов, Лола Аҳмедова, Ойхон Ифорзода, "Уммон" гуруҳи ва бошқа ёш хонандалар қатнашдилар.

 Йиғилишда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Драматургия (театр ва кино) кенгаши раиси, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Халқ шоири Маҳмуд Тоир сўзга чиқиб, Йиғилишда, асосан, қўшиқларнинг сифатини яхшилаш, савиясини кўтариш, қўшиқчилик санъати ривожига ҳисса қўшиш, ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.  

  

ozbeknavomajlis14_resize.jpg

 

Йиғилишда биринчи бўлиб, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров сўзга чиқди. Азамат Ҳайдаров, бугунги йиғилиш холис ниятда, яхши шеър, яхши қўшиқлар яратилиши мақсадида, уюштирилганлигини айтиб ўтди.

  

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров: - Аслида яхши қўшиқ яратилиши учун 3 та омил бор: овоз, шоирнинг яхши сўзи, жуда яхши куй, мусиқа. Унинг яратувчилари, халққа етказувчи хонандалар. Улар бир такомилга етиб, ўзаро ҳамкорлик қилсагина, бир яхши асар бўлади. Инсонга ёқадиган, тарбия воситаси сифатидаги қўшиқ яралади. Кузатишларимиз бўйича, санъатнинг шу уч вакили, шоир, бастакор, хонандалар ўртасида мулоқот сал узоқлашгандек. Биз ўзимиз ёшлигимиздан биламиз, Туроб Тўла, Нормурод Нарзуллаев, Пўлат Мўмин каби шоирлар, Ботир Зокиров каби устоз эстрада хонандалари учун шеърлар ёзиб берганлар ва Илёс Акбаровдек бастакорларимиз эса, улар билан бирга ижод қилганлар. Мана шу ижод маҳсули бўлган қўшиқлар, ҳалигача ўзининг мавқеини йўқотмаган. Шунинг учун ҳам, халқимизнинг "қарс икки қўлдан" деган мақолидан келиб чиқиб, бир-биримиз билан маслаҳатлашиб, яхши қўшиқлар яратилса, баъзи гапларга ўрин қолмасди. Баъзида инсон излаган нарсасини топа олмаса, ўрнига вақтинча, деб бошқа нарсани олиб туриши мумкин. Бизнинг хонандаларимизда ҳам, бир хатоликлар, камчиликлар бўлаётган бўлиши мумкин, бу балки излаган нарсаси топилмаганидандир? Энди, баъзи бир шоирлар ҳам бор, хонанданинг концерти борми, тўйга борадими, тадбиргами, орқасидан эргашиб юради-да, "манови шеърни қўшиқ қиласиз" деб, ортидан юради. Ана шундай ҳолатларда, улар ҳам, "кел, шу оғайним хафа бўлмасин" деб, ҳали пишмаган, ярим-ёрти шеърлар, қўшиққа айланади. Шуларни олдини олиш мақсадида, таклифлар киритмоқчимиз. Биз бирлашмада, жамоатчилик асосида ижодий учлик ташкил қилганмиз, шоирлар, бастакорлар, улар билан ҳар ойда, ҳар уч ойда, биргаликда, шу соҳада бўлаётган камчиликларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатлашиб турамиз. Шу билан биргаликда бирлашма ҳузурида кутубхона ташкил қилганмиз. Унинг фондида, Алишер Навоий, Бобур, Атоийдан тортиб, Нормурод Нарзуллаев, Сирожиддин Сайид, Иқбол Мирзо каби бир қатор ижодкорларнинг шеърий китоблари бор. Уларнинг шеърларини кўпайтириб, хонандаларимизга беряпмиз. Бу ҳаракатлар ҳам ўзининг ижодий натижасини берса керак, деб ўйлаймиз. "Устоз-шогирд" анъаналарини давом эттириш борасида ҳам, ижодий учлик йиғилишларида Ўзбекистон Халқ шоирлари ҳам келиб, ўз маслаҳатларини бериб туришибди. Шунингдек, мусиқа сайқалчилари, хонандалар ҳам, бу ижодий учрашувларда қатнашиб келишмоқда.

 

ozbeknavomajlis1_resize.jpg

 

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров бугунги кунда эстрадани, бу соҳага алоқаси йўқ инсонлар томонидан ҳам муҳокама қилинаётганлиги ҳақида, ҳамда бир тарафдан бу эстрадага бўлган эътиборнинг катта эканлигидан далолатлигини, ҳамда бу баҳслар, асосан, матн, мусиқа муаммоси, хонандаларнинг саҳна маданияти, ҳатти-ҳаракатлари ҳақидалигини айтиб, гаплари асоссиз бўлмаслиги учун 5 минутлик савиясиз клиплардан намуналар намойиш этилишини маълум қилди.

  

Шундан сўнг, савиясиз клиплар, Ҳусан "Топарман", "Шамс" гуруҳининг "Мен ишонаман", "Маrка_Z" гуруҳининг "Доим бедор", Жамшид Ниёзовнинг "Йўқ-йўқ", Дилшод Алининг "Ҳай ёр-ёр", Илҳом Худойназаров "Қоч, Илҳом қоч" ва бошқа бир нечта ёш хонандаларнинг клиплари намойиш этилди.

 

Чиндан ҳам изоҳнинг ҳожати йўқ. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров бундай ҳолларнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар белгиланганлигини айтиб,  йиғилганларга мурожаат қилиб, йиғилишда иштирок этаётган хонандалар Ўзбекистон Халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбековлардан ёшлар билан ишлаб, биргаликда уларни яхши йўлга солиш чораларини кўришлари кераклиги ҳақида, айтиб ўтди. Шунингдек, ёш хонандаларни ҳам ҳадеб айблаш унчалик тўғри эмаслиги, бундай қўшиқларни омма орасида тарқалишига баъзи бир жойларда, эстрада санъати ва миллий менталитетимиз меъёрларидан мутлақо бехабар инсонлар фаолият юритаётганлиги учун ҳам, эҳтимол шундай хатоликларга йўл қўйилаётганлиги ҳақида, агар ана шундай катта пул сарфланган клипларни 2-3 марта чиқармаса, кейин санъаткорлар тушуниб, бундай хато йўлдан қайтишлари мумкинлиги, агар бундай клипларни чиқариш давом этса,  бошқа ёш хонандалар ҳам, "бўлар экан" деб, намойиш этилган клиплардан ҳам савиясизроқ клиплар суратга олдириши мумкинлиги ҳақида ҳам,  фикр билдирди.

 

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров: - Халқимиз санъаткорларни эъзозлайди, айниқса, ёшлар севимли санъаткорига идеал инсон сифатида тақлид қилади. Бу ҳам ижодкорга икки ҳисса масъулият юклайди. Яъни, фақат қўшиқлари билан ҳам эмас, ўзининг инсонийлиги билан ҳам ибрат бўлиши керак. Ўтган гал Ўзбекистон Республикаси Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Маънавият кафедраси билан биргаликда "Санъаткор одоби" мавзусида катта тадбир ўтказдик. Ёшларимиз бундан керакли хулоса чиқардилар, жамоатчилик ҳам ўз муносабатини билдирди ва ўз ижобий натижаларини беряпти. Айнан, ўша йиғилишнинг ўзидаёқ, хатосини тан олган санъаткорлар бўлди. Бугунги тадбир ҳам, "Санъаткор одоби" доирасидаги туркум тадбирлардан бири деса ҳам бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, яна бир масалани айтиб ўтмоқчиман, бу баъзи бир хонанда ва ёш шоирларимизга тегишли бўлган, ўзига ном қўйиш ва тахаллус масаласи. Агар буни олдини олмасак, ҳеч ким бир-бирини, ҳатто ота-она ўз боласини танимай қолиши ҳам мумкин. Ачинарлиси, яхши ният билан, боласига чиройли исм қўйган ота-она истагини рад этиб, баъзилар ўзига "Каниза", "Якзон", "Сиёвуш", "Замзама" деган номларни қўйиб олишган. Бу ерда кўпларнинг номи ёзилган рўйхат бор, лекин уларни ҳаммасини айтиб, уялтирмоқчи эмасман. Бу бошқаларни чалғитиш ахир. Биз, 2008 йилда чиққан "Ўзбекистон миллий энциклопедияси"га мурожаат қилдик, "Ўзбек тили изоҳли луғати"нинг 5-томли китобида, масалан, "Каниза" дегани, тутқун аёл, ҳукмдорлар саройида хизмат қилувчи аёл, деган маънони билдиради. "Замзама" сўзини олсак, ғўлдираш, ғўнғиллаш, паст овозда куйлаш, қўшиқни паст овозда куйлаш, деган маъноларни билдиради. Шу каби нарсаларни олдини олсак, деган фикрдаман. Бундан ташқари, "Самар", "Манго", каби тушунарсиз номдаги гуруҳлар ҳам бор. Ўтган галги йиғилишда "Беном" деган гуруҳ ҳақида айтиб ўтгандик. Улар келиб, хатоларини тушуниб, тўғрилаб кетишди. Ёш хонандаларимиз бугунги танқид ва таклифлардан тўғри хулоса қиладилар деб, ўйлайман. Мана шундай биргалашиб, хатоларни тузатсак. Шу ўринда таклифларимни билдириб ўтмоқчиман.

1. Ижодий учликнинг мустаҳкам ҳамкорлигини ташкил этиш, тизимли равишда, ҳар 2-3 ойда бир мартадан аниқ мавзу асосида, бўладиган давра суҳбати ташкил қилиб бориш.

2. Ҳозирги кунда фаолият юритаётган кўплаб, телеканаллар бор, уларнинг эфирларида берилаётган саёз, савиясиз қўшиқларнинг олдини олиш мақсадида, ўша каналлар қошидаги бадиий кенгашлар масъулияти оширилса ва жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, уларнинг ишлари ўрганиб чиқилиши.

3. Маъносиз шеър, ёзувчи шоирлар билан ёзувчилар уюшмаси, саёз мусиқа яратаётган ҳаваскор бастакор ёки, мусиқа сайқалчилари билан бастакорлар уюшмаси, савиясиз қўшиқлар куйлаётган хонандалар билан "Ўзбекнаво" бирлашмаси алоҳида тарбиявий суҳбатлар ўтказиб боришса, уларнинг маълум бир рўйхатларини тузиб, ижодини мувофиқлаштирилиши.

 

Шундан сўнг, сўз навбати Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаевга берилди ва у ҳозирги кундаги бастакорларга бўлган талаб ҳақида фикр юритиб, ҳар бир мусиқа ёзган инсон бастакор бўла олмаслигини билдириб, бастакорлик учун Консерваторияда ўқиш кераклигини, мусиқа яратган инсон эса, масалан, чет эл фильмларида мусиқа муаллифи, (создатель музыки) деб берилишини, бизда эса, баъзи нодавлат телеканалларда, кимни ҳоҳласа "бастакор" деб, эълон қилиб, чиқараётганликларини, Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўқиётган бастакорларни йиғиб, уларни эстрадага жалб этиш кераклиги ҳақидаги фикр ва таклифларини билдириб ўтди.

 

Сўзга чиққан соҳа мутахассислари ҳозирги кунда хусусий радиоэфирларда янграётган савиясиз қўшиқлар, уларнининг маъносиз матнлари ҳақида сўз юритиб, ўша қўшиқларнинг матнидан намуналар келтириб ўтдилар. Шунингдек, йиғилишда масъулиятсиз продюсерлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

 

Халқ шоири Маҳмуд Тоир сўзга чиқиб, ҳозирги кунда кўпайиб бораётган "мардикор" шоир ва бастакорлар ҳақида, хонандалар шоирларнинг шеърларини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юбораётганлиги, баъзи хусусий газеталарда, артистларнинг фақат уйлари  ҳақида гапирилиб, суратлари билан берилиши, телевиденияда ҳам артистларнинг қандай таом тайёрлашлари кўрсатилиши ҳақида, ўз фикрларини билдириб ўтди.

 

Йиғилишда шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан хонанда Зулайҳо Бойхонованинг узоқ вақт давомида машҳур бўлган қўшиғи "Ҳай-ҳай" ҳақида сўз юритилиб, қўшиқни анча муҳокамаларга сабаб бўлганлиги, ҳозирги кунда эфирда берилмаётганлиги, бунинг сабаби, қўшиқ матнида, шоира Саида Зуннунова ёнига, хонанданинг номи қўшиб айтилиши, шунингдек қўшиқда 17 та сўз хатоси борлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

 

ozbeknavomajlis18_resize.jpg

 

Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов: - Мени фикрим бўйича, бу ердаги ёш санъаткорлар ҳар бир гапдан ўзига тегишли хулосани олишди, деб ўйлайман. Агар олмаган бўлишса, бир-бирлари билан фикрлашиб, бир-бирларининг хато ва камчиликларини, айтиб, тушунтиришса керак, деб ўйлайман. Қўшиқларда сўзга эътибор ҳақида шунча айтилди, энди қўшиқ учун шеър танлаганда сўзига эҳтиёт бўлиб, текширтириб, мусиқашунослар билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўрадилар, деган фикрдаман.

 

ozbeknavomajlis111_resize.jpg

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Эстрада қўшиқчиларини, шоирлар ва бастакорларнинг олдига, бош уриб келганга ўхшатса ҳам бўлади. Менимча, ҳамиша шоирлар, бастакорлар, йўл кўрсатиб, қўллаб-қувватлаб туришса, бизга ҳеч қачон эриш туюлмайди. Шуни айтиб ўтмоқчиман, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси қошида ижодий марказ ташкил қилганмиз. Бу ҳам эстрадани ривожлантириш, йўналтириш мақсадида ташкил қилинган. Бугун шу жойда, бастакорлар учун ҳам, шоирлар учун ҳам эшигимиз очиқ. Мақсадимиз, бугунги ёш ижрочиларни танқидга учрамайдиган яхши асарлар билан таъминлаш. Бастакор, шоирлар ҳам бу борада ёрдам беришса, нур устига аъло нур бўларди.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Драматургия (театр ва кино) кенгаши раиси, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев: - Юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлардан руҳланган ҳолда, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни 15-25 ёш оралиғидаги бошлаётган ёш санъаткорлар куйлаши керак. Ваҳоланки, ҳозир савиясиз деб кўрсатилган клипдаги ёш хонандаларнинг ҳаммаси шу ёшдагилар ва уларнинг фикри ҳар қаёқда, бошқа нарсаларда. Ғарб "оммавий маданият" туфайли, таназзулга юз тутмоқда. Шу сабаб, менимча, ёш йигит-қизларимизнинг қўшиқлари, уларнинг репертуарларига эътиборлироқ бўлишимиз керак. Охирги пайтда баъзи клипларни кўриб, ҳайрон бўляпман. Клипларимизда, африкалик қиёфалар пайдо бўлишяпти, клипларда орқада фон вазифасини ўтаган ҳолда чиқишлари, қандай тушунчаларни олиб келиши мумкин? Бундай нарсаларга, менимча эътиборли бўлиш керак, клипларда ўзимизнинг манзаралардан, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз, бўлаётган ижобий ўзгаришлар, озмунча фонлик вазифасини ўташи мумкин-ку, ахир! Мени назаримда, ана шундай эътиборсизликдан қуйи тушиб, тубанлашиб кетиб қолиш мумкин. Ўрта ёшлилар, шоирлар билан ишлашнинг ҳадисини олишган, билишади. Масалан, хонанда Мавлуда Асалхўжаева, бир клипи танқид қилинганда, ўз хатосини тушуниб, тўғри хулоса чиқарди. Сўнг, мана "Шеърият ва қўшиқ" кечасида "Ўғлим, онанг қарияпти" қўшиғини ижро этди. Айнан, ижро, мусиқа ва шеър уйғунлиги бўлди. Ёшларда-чи, баъзиларнинг қўшиқларини, шеърларини қарасангиз, "Қўлсизман, ақлсизман" деган сатрлар кетиб қоляпти, шу бугунги кунда яшаётган инсон, шунчалик тушкунликка бориши мумкинми? Бўлаётган ўзгаришлар, яратилаётган имкониятларни кўрган инсон бундан фақат фахр туюши мумкин. Мени назаримда, ўйлаб кўриладиган мана шундай жуда ҳам жиддий масалалар бор ва булардан хулоса чиқариб олишимиз керак.

 

ozbeknavomajlis16_resize.jpg

 

Йиғилиш ниҳоясида, хонандалар қўшиққа сўз танлаганда катта эътибор қаратишлари кераклиги, санъаткор халқ кўз ўнгидаги инсон бўлгани учун ҳам, унинг ижросидаги қўшиқларнинг, ёшларга таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақида, фикрлар билдирилди.

Саида Вахобова тайёрлади

ozbeknavomajlis13_resize.jpg