FATTOHHON.COM
« Все новости"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳамда, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида, 19 апрелдан 22 апрелгача Ўзбекистонда "Туркман киноси кунлари" ўтказилиши бошланди.
19 апрель куни "Алишер Навоий" номли киносаройида, "Туркман киноси кунлари"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Уни актриса Райҳон Уласенова ва актёр Умид Искандаровлар олиб боришди. Маросимда, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбари Исҳоқов Аъзам Ғиёсович билан биргаликда, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Пирмуҳамедов, Ўғузхон номидаги "Туркманфильм" студияси раис ўринбосари Шадурдиев Язмурат, Туркманистон Халқ артисти, кинорежиссёр Какабаев Халмамед ва бошқа ҳурматли меҳмонлар иштирок этдилар.
Маросим ниҳоясида, чексиз ҳурмат ва миннатдорлик рамзи сифатида, меҳмонлар томонидан "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Исҳоқов Аъзам Ғиёсовичга, туркман миллий кийими кийдирилди.
Маросимдан сўнг, режиссёр О.Вельмуродовнинг "Нақш" ("Безаклар") ҳужжатли фильми, ҳамда режиссёр К.Аннановнинг "Сомон йўли" деб номланган бадиий фильмлари намойиш этилди.
"Сомон йўли" бадиий фильмида Гилдурзи зилзиласи вақтида ўғли Отамардонни йўқотган ва 40 йил давомида уни излашдан толмаган она ҳақида ҳикоя қилинади. Ниҳоят, ўз ўғлини топишдан умидини узган онаизор, умрининг сўнгги кунларида, ўғли билан исми-шарифи бир хил бўлган бир йигитни "ўғлим" деб, ўзини ҳам, ўша йигитни ва бошқаларни ишонтирмоқчи бўлади. Чунки, 40 йилдан бери у «она» сўзини эшитишга муштоқ эди... Фильм таъсирли лавҳаларга бой, мазмунан жуда ҳам кучли эканлиги билан йиғилганларга манзур бўлди.
22 апрелга қадар, "Туркман киноси кунлари"да томошабинлар, Ўғузхон номидаги "Туркманфильм" студиясида суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмларни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Давлат мукофоти билан тақдирланган, "Беллашув" (1963) фильмида ака-укаларнинг ўзаро меҳр-оқибати, Халқаро фестивалларда эътироф этилган "Ўғил" (2006) фильмида авлодлар давомийлиги, "Сомон йўли" (2006) фильмида, тақдир синовларидан олиб ўтган инсоний фазилатлар ҳақида сўз юритилади. Инсоннинг келажаги ўз қўлида эканлиги ҳақида баҳс юритувчи "Тушда ва ўнгда" (2011), яхшилик ва ёмонлик беиз кетмаслиги ҳақидаги "Тақдир йўлларида" (2006) фильмлари, шулар жумласидандир. Шунингдек, "Туркман гиламлари", "Менинг қушим - лочин", "Нақш" каби ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилади.
Феруза Фаттохова
Саида Ваҳобова