FATTOHHON.COM
« Все новости "Тасвир" газетаси томонидан эълон қилинган фотосуратлар танловининг илк босқичи ғолиби аниқланди.
1- мавзу "Кумуш қиш" эди. Лекин, бу мавзуга мос суратлар келмаганлиги учун, танловга юборилган суратларнинг аксарияти, "Янги йил" мавзусида бўлганлиги сабабли, бу ой якунида "Янги йил" мавзуси бўйича ғолиб танланди!
Ғолибларни аниқлаш учун, машҳурлардан иборат, ҳайъат тузилди. Эслатиб ўтамиз, ҳар ойда ҳайъат аъзолари сифатида машҳурлар иштирок этадилар ва ҳар ой босқичида ҳайъат аъзолари ўзгариб боради. Бу галги ҳайъат аъзолари, хонанда Жасур Умиров, актриса Зарина Низомиддинова, актёр Умид Искандаров ва "Канаки" фотостудияси директори Светлана Канаки бўлдилар.
"Канаки" фотостудиясида, ҳайъат аъзолари танловнинг илк ғолибини аниқлашга киришдилар. "Тасвир" газетасининг бир неча сонида, газетанинг 4-саҳифасида чоп этилган суратлар орасидан, фотостудия директори Светлана Канаки, актриса Зарина Низомиддинова ва актёр Умид Искандаровлар, код № 12_1 фотосуратни танлаган бўлсалар, хонанда Жасур Умиров эса код № 12_2 фотосуратни танлади.
Актриса Зарина Низомиддинова: - Код № 12_1 фотосуратида 3 хил образ бор. Менга ёққан тарафи, бу суратда кадрга қарамаётган икки бола ҳам, ўзи билан ўзи шуғулланяпти. Бу расмга қараб, бемалол битта воқеани айтиб бериш мумкин. Тўғри, суратдаги айиқча кийимидаги бола, бу лидер, унга ҳаммани кўзи тушади. Лекин, атрофига қарасангиз, суратдагиларнинг ҳаммасини ўзига яраша образи бор. Менга бу сурат, шу тарафлама маъқул бўлди.
"Канаки" фотостудияси директори Светлана Канаки: - Бу сурат композия бўйича ҳам, жуда қизиқарли чиққан. Бу суратда чиройли ҳолат танланган. Болалар суратга тушаётганликларини билсалар ҳам, бунга эътибор бермагандек. Худди профессионаллардек, биринчи марта суратга тушмаётганликлари билиниб турибди. Суратдаги ҳар бир болани ўз ҳолати, ўз айтар сўзи бор бордек. Ўзи болаларни суратга тушириш, бироз қийинроқ. Бу сурат ҳаммага ёқди, назаримда.
Актёр Умид Искандаров: - Суратдаги айиқча кийимидаги бола худди актёрга ўхшайди. Ишдан чарчаб дам олаётгандек..., "қачон мени номерим келади" деб, кутаётгандек... Мени айнан, шу суратдаги айиқча кийимидаги бола эътиборимни тортди. У биринчи бўлиб, кўзга ташланяпти. Унинг, жилмайиши ҳам ўзига хос.
Хонанда Жасур Умиров: - Энди, характерни, албатта актёрлар яхши билишади. Мен эса, код № 12_2 фотосуратни танлаганимни сабаби, бу суратни кўриб ёшлигимни эсладим.
Актёр Умид Искандаров: - Жасур Умиров танлаган суратда ширин бир қизчани арча безатаётгани кўрсатилган. Ҳаммамиз янги йилда оилавий бўлиб, арча безатамиз. Ўша куни, ёш бола ўзини яхши кўрган ўйинчоқларини қўлига олиб, арчанинг қаерга осишини танлаб турган вақти, тасвирланган. Бу сурат менга ҳам жуда ёқди, мен ҳам ўзимни ёшлигимни эсладим.
Актриса Зарина Низомиддинова: - Бундай танловлар томошабинларни қизиқтиради, деган фикрдаман. Уларда ғолибликка интилиш бўлади. Сурат олаётганда ҳам, ҳар хил олиб ташлайвермай, ўйлаб, газетага берамиз, деб турли фантазиялар қилиб, қизиқарли суратлар олишади.
Ниҳоят, фикрлашувлардан сўнг, ғолиб сифатида, бир овоздан № 12_1 фотосурат (Жасур Қудратов) ғолиб деб топилди.
Машҳурларга ва "Канаки" фотостудиясига "Тасвир" газетаси календарлари тақдим этилди.
Жараённи "Канаки" фотостудияси директори ўринбосари Музаффар Жўраев тасвирга туширди.
Танловнинг январь ойи босқичи ғолиби № 12_1 фотосурат (Жасур Қудратов) эгасини эса, "Канаки" фотостудиясида, "Эсдалик учун сурат" фотосессияси тайёрлатиш имконияти кутмоқда.
Кейинги сонда, фототанлов январь ойи босқичи ғолибининг қандай фотосессия тайёрлатганининг гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, фототанлов давом этмоқда!
Навбатдаги мавзулар:
Февраль - "Мардлар қўриқлайди Ватанни!"
Март - "Онажоним - меҳрибоним"
Апрель - "Баҳор"
Май - "Хайр, мактабим!"
Июнь - "Фарзандим - дилбандим"
Июль - "Ёз ўтмоқда соз!"
Август - "Тўйлар"
Сентябрь - "Салом, мактаб!"
Октябрь - "Олтин куз"
Ноябрь - "Менинг оилам"
Декабрь - "Янги йил"
Саида Вахобова тайёрлади