FATTOHHON.COM
« Все новости10 апрелдан 22 апрелга қадар, “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Меҳринг сабаб” концерт дастури бўлиб ўтди!
Асосан, қўшиқларнинг мазмун кучига аҳамият берилган бу концертнинг ҳар бир куни ўзгача ўтганлигига концертга келган томошабинларнинг ўзлари гувоҳ бўлишди!
Санъаткор томонидан концертнинг ҳар бир кунига ўзгаришлар қўшиб борилди! МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!
Концертнинг ҳар бир кунида бошловчиликни ҳам ўзи амалга оширган Санъаткор томошабинларни “Азизларим! Қадрдонларим! Хуш келибсизлар! Инсон вақт ўтган сари инсонларнинг, азизларининг қадрига етар экан! Энг катта бойлигим сиз Қоракўзлар! Сизларни жуда яхши кўраман! Санъаткорнинг энг катта ютуғи, бу унинг мухлислари! Мен ўзимни энг бахтли санъаткорман, десам хато бўлмайди! Мени мана шу саҳнада туришларим, сиз азизларнинг қайноқ меҳрингиз туфайли! Мана шу қайноқ меҳрингиздан айирмасин! Бугун барча қўшиқларим Сизлар учун!”, деб концертни бошлади.
Ҳаттоки, қўшиқлар ижроси давомида залга кечикиброқ келган томошабинларга ҳам, самимий ҳазил билан “Сиз кеч қолганингиз йўқ, мен вақтлироқ бошладим, ўзи энди бошланди, хуш келибсизлар, жойлашиб олинглар” деб, томошабинлар билан жонли мулоқотни ҳам унутмади.
Концертни “Айт, юрак” таронаси билан бошлаган Озодбек Назарбеков репертуар давомида, “Нега?”, “Битта йўлда”, “Севмадинг сен...”, “Садарайҳон”, “Севдим”, “Алло, Она”, “Қаро кўзга” каби кўпгина янги қўшиқларни томошабинлар эътиборига премьера сифатида ҳавола этди!
Ҳозирда иш олиб бораётган янги “Лутфий” мусиқий альбомидан ўрин олган 2 та ажойиб тарона “Сенинг” ва “Жиги-жиги”ни ҳам куйлади. “Сенинг” қўшиғи ҳам, ўзига хос премьера бўлди ва залда унга рақсга тушмаган томошабин қолмади ҳисоб!
Устоз санъаткорлар репертуаридан, марҳум устоз санъаткор Камолиддин Раҳимовнинг “Қошингиз қаросиму” қўшиғини, ҳамда ўз устози Муҳриддин Холиқов репертуаридан “Наргиз” қўшиғини куйлади!
Озодбек Назарбеков “Қошингиз қаросиму қўшиғи” ҳақида алоҳида тўхталиб: - “Устоз Санъаткор Камолиддин Раҳимов қўшиғини ҳаётликларида, ўзларидан розилик олиб, ижро қилиш бахтига эришдим”, деб айтиб ҳам ўтди. Шунингдек, Муҳриддин Холиқов ҳақида ҳам, самимий фикрларини билдириб, “яхшиямки, шу инсонга шогирд бўлган эканман” деб, устозини ҳам ҳурмат билан ёд этди!
Сўнг, “бу қўшиқларни ижро қилишимизга сабаб, Устозларга бўлган ҳурматимиз туфайли! Агар камчиликлари бўлса, узр!” деб, айтиб ҳам ўтди.
Концертнинг 16 апрель кунигача, концертнинг якуний қўшиғи сифатида “Эй, ёронлар-ей” таронаси янграган бўлса, шу кундан “Болам дема Ватаним мани” қўшиғи концертдаги якуний қўшиқ бўлди!
Концерт давомида томошабинлар талабларига кўра, “Сиз мен учун яралгансиз”, “Бевафо”, “Кетаман дер...”, “Ҳай, майли...” “Атиргулим”, “Эй, дилбар ки...”, “Чиройлигим”, “Самарқандча”, “Айланай”,
ҳамда ёмғир кучли ёққан 17 апрель куни “Ёмғир ёғар” қўшиғини ва яна бир неча қўшиқларни куйлади!
“Сиз мен учун яралгансиз” қўшиғи вақтида “севимли инсонингизни кўз олдингизга келтириб, “Жоним”” деб, бир бақирсангиз, кўнгилдаги барча ғуборларингиз чиқиб кетади, деб самимий ҳазиллашган бўлса, “Садарайҳон” қўшиғидан сўнг эса, “тушунарсиз” яъни, аёллар каби пардоз қиладиган йигитларни танқид остига олди! “Бу хориждан кириб келаётган одатми, аммо ҳамиша йигит киши ўз ўрнида, аёл киши ўз ўрнида бўлиши керак”лигини таъкидлади!
“Жиги-жиги” қўшиғидан олдин эса, ниҳоят қўшиқ сирини очди! Яъни, “Бу қўшиқни куйлаганида, Халқ артистига шундай қўшиқ ярашадими?” деган фикрлар бўлганлигини, аммо ўзи бу қўшиқни куйлаганда матнни ҳаттоки, бирор сўзини ҳам ўзгартирмаганлигини ва бу қўшиқ матни ҳам Лутфийга тегишли эканлигини айтиб, “жиги-жиги” дегани, аслида ёш болаларни ва инсон севган ёрини эркалаб “кел” деб чақириш маъносида айтилишини билдирди. “Ҳозирда эса, Бухорода эчкиларни шундай чақиришар экан, аммо, шоир бу шеърни ундай маънода ёзмаган бўлса керак?” деб, самимий ҳазиллашди. Лутфий ижоди ҳақида алоҳида ҳурмат билан тўхталиб, Лутфийни Навоийнинг устози эканлигини, Алишер Навоийнинг болалик вақтидаёқ битган
“Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш”
мисраларини эшитиб, «Агар мумкин бўлса эрди, ўзимнинг форси-ю туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эрдим» деб лутф қилганлигини ҳамда, Мавлоно Лутфийни сўз билан жуда эҳтиёткорона муносабатда бўладиган, яъни нафис шоир бўлганлигини ҳам билдирди. Қолаверса, танқид ҳақида сўз кетганда, бировни танқид қилишдан аввал, инсон мен ўзи танқид қилишга лойиқманми, деб ўйлаб кўриши кераклигини ҳам, айтиб ўтди.
“Алло, Она” қўшиғига ҳаётида бўлган реал воқеа сабаб бўлганлигини сўзлаб бериб,
“Сурхондарёга борсам, бир Онахон, унга “Россияга борганингизда концертда “ҳозир қўл телефонингизни олиб, онангизга телефон қилинглар” деб, томошабинларга айтган экансиз, ўшанда мени ўғлим ҳам, менга қўнғироқ қилганди.
Ўшанда бир мартагина ўғлим билан гаплашдим. Илтимос, яна Россияга борсангиз, айтинг, болам уйга қайтсин, кўзим очиқлигида шу ерда, ёнимда бўлсин!” дедилар. Содда ва беғубор ўзбек Онаси, Россиянинг қанчалик катталигини билмай, у ерда ҳам, ҳамма бир-бирини таниса керак, деб ўйладилар. Наҳотки, инсон ўз онасига нисбатан шунчалик бемеҳрлик қилиши мумкин?” деб, шу воқеа сабаб, бу қўшиқ яратилганлигини изоҳлаб берди.
“Қаро кўзга” қўшиғидан олдин, қўшиқ билан боғлиқ, ёш бир оиланинг ажралиши саҳна кўриниши орқали кўрсатиб берилди. Саҳна кўринишида ўртада, гўёки ота-онасининг ярашишини ҳоҳлаганча қолиб кетган қизалоққа санъаткорнинг ўзи қўғирчоқ тақдим этиб, сўнг қўшиқ куйлади.
Таъсирли қўшиқ барча тингловчиларни бефарқ қолдирмади! Бу қўшиққа концертда меҳмон бўлган санъаткорларнинг ҳам эътибори юқори бўлди! МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!
Санъаткор қўшиқдан сўнг ҳам, Зокир Очилдиев билан суҳбатлашганда, “Бир оила, оила бўлиши учун бир-икки йил ҳеч нарса эмас, бир неча йил, ҳаттоки 10 йил керак бўлади!” деб, айтиб берди.
Бу йил санъаткор Муроджон исмли шогирдини томошабинларга таништирди!
Қўшиқларга “Офарин” рақс ансамбли томонидан ўзига хос рақслар намойиш этилди.
Ҳар бир қўшиқ олдидан, қўшиқдан сўнг, санъаткор ўз фикрларини билдириб ўтди, самимий ҳазиллар билан томошабинларнинг кайфиятини янада кўтарди.
Томошабинлар қўшиқларни ҳам, фикрларни ҳам олқишлар билан қабул қилишди!
Саида Вахобова
Фотолар учун фотограф Мирсаид Зоҳидовга миннатдорчилик билдирамиз
Концертни ҳар кунидан видеолар инстаграм тармоғидаги Saida_Vahobova_Fattohhon.com профилида