ЎТГАН ОНЛАР СОҒИНЧИ
Талабларга ва электрон почтамизга келаётган кўплаб мактубларга асосан, “Ўтган онлар соғинчи” саҳифамиз яна давом этади. Бугунги қаҳрамонимиз Нилуфар опа (ҳақиқий исми) исмли аёл ўзининг ҳаётий воқеасини ёзиб юборган.
Нилуфар опа: - Эрим озиқ-овқат магазинида сотувчи бўлиб ишларди. 4 та болам бор, 3 қиз ва бир ўғил. Биласизми, мен аслида бойлигу ҳашамга ўч эмасдим. Ҳаммаси, бир тасодифдан бошланди. Биз яшайдиган кўпқаватли уйга янги бир оила кўчиб келди. Эру хотин ва уларнинг икки боласи бор эди. Кўпинча болаларини қўлида рўйхат ва пул билан эрталаб бизникига чиқариб, эримдан баъзи рўзғорга керакли нарсаларни олиб келиб беришини, эвазига эса, қўшимча пул бериб, илтимос қила бошлашди. Аввалига ҳайрон бўлдим, лекин эрим “ҳарна пул” деб, рози бўлди. Кўчиб келишганига тахминан 2 ой бўлиб, уйи таъмирдан чиққач, улар ҳаммани таклиф қилиб, кичик уй тўйи қилишди. Унинг уйига кириб, тўғриси оғзим очилиб қолди. Таъмирни ўзига гап бўлиши мумкин эмас. Мебелларини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Тўғриси, шу пайтгача ҳеч кимга ҳасад қилган эмасдим. Лекин, бундай яшашни кўриб, ким ҳам ҳавас ва ҳасад қилмайди, дейсиз. Хуллас, ўша кундан кейин қандайдир ўзгариб қолдим. Доим кўз олдимдан ўша хонадон кетмай қолди. Орқаваротдан суриштириб, хонадон бекаси Мунирани хорижга қатнашини билиб олдим. Эри уйда болаларга қарар, қандайдир идорада қоровуллик қилар экан. Мунира эса, хориждан мол олиб келиб, магазинларга, бозорларга тарқатар экан. Мен ҳам, шундай қилсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Бу ҳақида эримга айтгандим, табиийки, жаҳли чиқди! “Шунча йилдан бери, уйда ўтирган хотин, қандай эплайсан?” деб бақириб берди. Мен ҳам бўш келмадим. Эримга бир талай сабаб кўрсатдим: “Қизларимни бўйи етиб қолди, ҳали сепи тайёрмас, 3 хонали уй бўлса, шу ерга ҳали ўғил ҳам уйлантирмоқчимисиз? Қандай тўй қиласиз? Топганингиз нима бўлади? Рўзғордан ортмаяпти!” дедим. Эрим ўйланиб қолди, биринчи марта боши эгилди. Синиқ товушда, “ахир топганимни уйга ташияпману” деди. Мен аҳмоқ, унинг кўнглини кўтариш ўрнига баланддан келдим. “Агар ҳозир ҳаракат қилмасак, эртага бу қўли калталигингиз билан болаларимизнинг бахтига зомин бўласиз. Қаранг, бу йил ҳатто қишга устларига янги пальто олиб беролмадингиз” дедим. Эрим ноилож “билганингни қил” деди. Лекин, мен ишни нимадан бошлашни билмасдим. Ноилож ўша қўшниникига чиқиб, Мунирага маслаҳат солдим. Яхшики, Мунира гапимни эшитиб, йўл кўрсатди. Бироз пул керак, ҳоҳласангиз, бу кетишимда бирга олиб кетаман, деди. Қувониб кетдим. Укамдан озроқ қарз олдим, кейин Мунира билан Хитойга жўнадик. Эҳ-ҳе, бу иш мен ўйлагандек осон эмас экан! Лекин, Мунира оқкўнгил аёл экан, гапининг устидан чиқиб, менга кўп нарсани ўргатди. Бўшгина аёл эдим, унинг ҳаракати билан пишиққина бўлиб қолдим. Муниранинг икки жиҳатини ҳурмат қилардим, ўзига тўғри ва ҳалол эди. Хуллас, биринчи боришда, унинг ёрдами билан билет ва молнинг пулини ҳам чиқардим, озроқ фойда ҳам кўрдим. Роса хурсанд бўлдим. Камига у ердан болаларимга деб олган қишки кийимлар ҳам ёнга қолди. Шундан кейин, янада кўпроқ пул тикиб, қатнашни йўлга қўйдим.
Кунлар, ойлар бир-бирини қувлаб ўта бошлади. Мен ойда 2-3 кунгина уйда бўлардим. Қолган вақтим йўлда ўтарди. Уйни таъмирдан чиқардик. Ёнимиздаги қўшнимиз, уйини сотганди, уни ҳам сотиб олдик. Қизларимизни сепини ҳам қилиб бўлдим. Қандай қилиб, орадан 4 йил ўтиб кетганини ҳам сезмабман... Охирги сафаримдан қайтган куним негадир кўнглим нотинч эди. Одатда, сафардалик вақтимда ўғлим ва кенжа қизим онамникида бўлишар, 2 та катта қизларим, эрим билан уйда қолишарди. Ўша куни, Мунира билан хайрлашиб, қўлимда юклар билан уйга келдим. Муддатидан бир кун олдин келгандим. Қизларимга ҳам алоҳида янги кийимлар олгандим, эримга ҳам бошдан оёқ янги кийимлар олиб келгандим. Калит билан эшикни очиб кирдим. Уйда ҳеч ким йўқ. Ҳайрон бўлдим, чунки соат тунги 02.00 эди. Балки, оилавий бўлиб, онамникига кетишгандир, деб ўйладим. Шу хаёлда, юкларни бир четга қўйиб, залга кирдим ва бирдан залдаги стенканинг эшигига илинганча турадиган, қўшнимизнинг сотиб олинган уйини калити, жойида йўқлигини кўриб қолдим. Ҳайрон бўлиб қолдим. Калит доим ўша ерда турар ва фақат уйга қараб қўйиш, баъзида тозалаш учун олардим. Ҳозир эса, тунги 02.00... Билмайман, нега? Лекин, юрагимга шубҳа тушди. Дарҳол, калитннинг иккинчи нусхасини қидира бошладим. Иккинчи нусхаси, ётоқдаги шкаф ичида эди, ҳар эҳтимолга қарши, бири йўқолиб қолса, деб калитни 2 нусха қилдириб қўйгандим. Иккинчи калитни олдиму, уйдан чиқиб, қўшни уйнинг эшигига калит солдим...
Эшикни очиб кирдиму, кўзим тушган биринчи нарса, йўлакдаги иккита оёқ кийими бўлди. Уларнинг бири эркак оёқ кийими, яъни мен ўзим Хитойдан эрим учун олиб келган эркаклар туфлиси, иккинчиси эса, ҳайҳот, додлаб юборай дедим, аёлларнинг оёқ кийими эди! Одатда, эримнинг қариндошлари келганда, шу уйда ётиб қолишарди. Лекин, бу эримнинг қариндоши эмасди! Бу уй 2 хонали, зал ва ётоқдан иборат эди. Ётоққа ўтдиму, додлаб юбордим. Эрим бошқа бир бегона аёл билан эди. Мени кутишмаган, бу аниқ, овозимдан уйғониб кетишди. Эрим мени кўриб, қотиб қолди.
Қандай қилиб, уйдан чиқиб кетганимни билмайман!
Кўчага чиқиб, уй яқинидаги бекат ёнига бориб қолдим. Бекат яқинида яна бир кўп қаватли уй жойлашган эди. Бекатда ҳеч ким йўқ, совуқ шамол эсиб турибди. Мен эса, гўёки совуқни сезмасдим ҳам, карахт ҳолатда эдим. Қаерга бормоқчиман, нега кўчага чиқдим? Идрок этолмасдим! Эримнинг хиёнатини кутмагандим, ўзимга келолмай, ғазабим тошиб келарди! “Мен, шаҳарма шаҳар аёл бошим билан уни одам қилай, болаларимга яхши едириб, кийдирай, одам қилай, деб ит азобини тортиб келсаму, минг қийинчиликда пул топсаму бу эса, бу ёқда менга хиёнат қилса? Ажрашаман!” жаҳл билан уйга қайтиш учун, энди ортга бурилгандим, шу пайт кутилмаганда, бекат ёнидаги уйнинг биринчи қаватидан бир қўшиқ янгради.
“Умрим ўтяпти йўлларда, йўлларда...”
Беихтиёр сесканиб кетдим. Қўшиқ сўзларига ўзим сезмаган ҳолда қулоқ тутдим. Ўзим кутмаган ҳолда, қўшиқни охирига тингладим. Бирдан ўйланиб қолдим ва беихтиёр пичирладим, “Умрим ўтяпти йўлларда, йўлларда...” Чиндан ҳам, 4 йил умрим йўлларда ўтиб кетибди. Мушоҳада қила бошладим. 4 йил ичида, бир ойда кетма-кет 4 кун уйда бўла олдимми? Қачон охирги марта қизларимни мактабга кузатдим? Қачон охирги марта болаларимга ўзим овқат пишириб бердим? Эримни-чи, қачон ўзим охирги марта ишга кузатгандим? Қачон охирги марта кийимини дазмоллаб бердим? Қачон уни ишдан ўзим кутиб олдим? Саволларнинг чеки чегараси ва табиийки, жавоби ҳам йўқ эди! Беихтиёр онамнинг гаплари ёдимга келди, “Эркак уйдан излаганини топа олмаса, кўчага кетади!” Бошимга гурзи тушгандек бўлди! Миям тез ишлай бошлади. Эримнинг излагани уйда қайдан бўлсин ахир, мен ҳеч қачон уйда бўлмасам? Албатта, кўчадаги бошқа аёлларга қараши табиий! Шу 4 йил ичида ажрашиб кетмаганига қойил қолиш керак! 4 йил ичида, бир ўзи 4 болага қарагани, уларни эркак боши билан ўзи мактабга кузатиб, ҳам ўзи магазинда ишлагани, яна уйга келиб, уларни ош-овқати, кийимигача қарагани...
Шу пайт, кимдир елкамга ёпинчиқ ташлади, қарасам, эрим. Ортимдан чиқибди. Бошини эгиб турибди. Жаҳл билан қизларимни сўрадим. Ойингникига юборганман, деди. Хайрият, деб енгил тортдим. Секингина эримдан садо чиқди: “Уйга юр! Мен бугуноқ нарсаларимни олиб чиқиб уйдан чиқиб кетаман. Ажрашамиз. Ортиқ мен билан яшай олмасанг керак!” Эрим шундай деб секин ортига бурилиб, кета бошлади.
Жаҳл билан “Тўхтанг!” деб тўхтатдим. “Қизларимизни тақдирини ўйлаяпсизми? Онаси шаҳарма шаҳар юриб келганига, отаси ажрашиб кетди, дейишади. Шуни ўйлаяпсизми? Сизни хиёнатингиз жабрини қизларимиз тортадими?” дедим. Эрим ўйланиб қолди.
Аёл кишининг иродаси кучли бўлади, деганлари рост экан. Эримни кечиришга ўзимда куч топа олдим. Бор йиғилган сармоямга эримнинг ўзига магазин очиб бериб, ўзим ҳам эрим билан бирга ишлай бошладим. Болаларимнинг қувончини кўрсангиз эди, “Ойижон, энди йўлга кетмайсизми?” деб, атрофимда парвона бўлишарди. Эрим ҳам ўз хатосини тушуниб, магазинда жон-жаҳди билан ишларди. Ҳаётим изга тушди.
Ҳозир худога шукур, бахтлиман.
Лекин, баъзида Юлдуз Усмонованинг “Умрим ўтяпти йўлларда, йўлларда...” қўшиғини эшитсам, ўша кеча ёдимга тушади. Ўша қўшиқни тинглаб, ўйлаб қолганим, ўз хатойимни тушунганим ва жаҳл устида эримдан ажрашиб кетмаганимга, аёл кишининг жойи оилада эканлигини кеч бўлса ҳам англаганимга ва кеч бўлса ҳам сабрли бўлолганимга шукур қиламан.
Феруза Фаттохова
"Ўтган онлар соғинчи" саҳифамизнинг бу галги қаҳрамони, интернет орқали, ўзининг ҳаётида содир бўлган севги қиссасини ёзиб юборган. Унинг муҳаббат қиссаси хонанда Зиёда ва раҳматли Radius 21 нинг дуэти билан боғлиқ экан.
Наргиза (исми ўзгартирилган): - Бундан бир неча йиллар илгари ўша қўшиқ жуда ҳам машҳур бўлганди. Шу қўшиқни жуда яхши кўрардим. Ўша пайтларда мен Мурод билан бир кўчада, бошқа-бошқа маҳаллаларда турардик. Кўчага кириш жойимиз бир жойдан бошланиб, у бизни орқа тарафимиздаги кўчада турарди. Бир-биримизни ҳар куни кўрардик. Меҳр кўзда эканми, орамизда муҳаббат пайдо бўлди. У сал шўх, шартта гапирадиган одати борлиги учун, ўзи келиб гапирганидан танишиб кетгандик. Ҳар куни учрашардик. У жуда ҳам яхши йигит, фақат сал масъулиятсизроқ эди. Кўпинча учрашувга кеч қоларди... Лекин, бир зумда ҳазил қилиб, кечирим сўрар ва ярашиб олардик. Орадан вақт ўтди, катта бўлдик. У супермаркетга сотувчи бўлиб ишга жойлашди, мен эса институтга ўқишга кирдим. Унга ўқишга кириш ҳақида гапирсам "кейин ўқирман" деган жавобни эшитдим, ваҳоланки оиласида унинг ишлаши шарт эмас, унинг ўзида ўқишга қизиқиш йўқ эди. Ҳаттоки, у ўқишга кирса, оиласидаги контракт пулини тўлашга ҳам тайёр эдилар, лекин Мурод қандайдир бошқача эди. У хаёлида осмонларда учиб юрар, "катта ишларни амалга ошираман" дерди. Унинг мақсадларини тушуна олмасам ҳам, уни севардим. У ҳам доим мени севишини айтар ва доим турмуш қуриб, бахтли бўлишимиз ҳақида гапирарди.
Бу орада менга совчилар кела бошлади. Унга бу ҳақида айтсам, "сен ҳам ҳамма қизларни гапини гапиряпсанми?" деди. Мени жаҳлим чиқди, "мен ҳамма қизлардан эмасман, агар вақтида ҳаракат қилмасанг бўлмайди, мени бу йил аниқ узатишади" дедим. Ўша йили, институтни битириш йилим эди. Мен Муродни деб, 4 йилдан буён совчиларни қайтараётгандим.
Ота-онам, охири келаётган совчилардан бирини танлаб, розилик бериб юборишибди. Нима қилишимни билмай қолдим, уйда ҳеч ким мени эшитишни ҳам истамасди! Онамга айтсам, "Ўткинчи туйғу! Муродми, у жуда ҳам масъулиятсиз, кўча йигити, у билан одам хор бўлади! Эсингдан чиқар! Энди бировга унаштирилгансан!" дедилар. Жуда ҳам эзилдим. Бу орада Муродга ҳаттоки, "бирга қочиб кетайлик" дейишгача бордим. У ҳам рози бўлди. Қочиб кетишни режалаштирдик. Шу кунларда онамга қарашиш учун, уйимизга Ойдин холам келиб, бир ҳафтача яшаб туриб қолдилар. Холамга дардимни айтгандим, жаҳллари чиқди. Албатта, қочиб кетмоқчилигимни айтмадим, ота-онам мени тушунмаётганлигини айтдим. Холам ўйланиб туриб: "Қизим, ота-она боласига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди. Ўша йигит сени яхши кўрса, нега 4 йилдан буён совчи жўнатмади? Нега бир оғиз даданг билан учрашмади? Ахир яқин жойда тураркан. Демак, у масъулиятсиз ва ўзида ҳоҳиш йўқ, унақа бетайин йигитни унут!" дедилар.
Мен эса, албатта бундай қилишни ҳоҳламасдим, аниқ қочиб кетишни режалаштириб қўйгандим. Афсуски, холам, мени ҳар бир қадамимга кўз-қулоқ бўлиб, тўйга 4 кун қолганидан бошлаб, мени кўчага ёлғиз чиқармай қўйишди! Кечаси чиқиб кетишнинг ҳам иложи йўқ бўлиб, бир нечта аёл қариндошларимиз ҳам ҳовлида, тўйнинг кам-кўсти билан овора эдилар. Белгиланган вақтда чиқа олмадим...
Тўйим бўлди, роса йиғладим. Очиғи, эримнинг юзига ҳам қарагим келмасди....
Орадан вақт ўтди, тўй саёҳатига бориб келдик. Қайнона-қайнотам квартира олиб, алоҳида чиқариб юборишди. Бу орада ота-онам ҳам ҳовлимизни сотиб, пулига қўшиб, 2 та квартира олишди ва 2 та акамни алоҳида қилишиб, ўзлари ва кичик укам билан бошқа жойдан кичикроқ ҳовли олишди. Шу билан тўйдан кейин маҳаллага ҳам бора олмадим ва Муродни ҳам бошқа кўрмадим . . .
Ҳаётим бир текис давом этарди, бир қараганда ҳаммаси жойида, эрим, уйим бор. Эрим ҳаттоки, яқинимиздаги кийим-кечак магазинида ишлашимга рухсат берди. Ишим ҳам қийин эмасди. Ҳеч нарсадан камим йўқ. Бу орада ҳомиладор бўлиб, ўғилли ҳам бўлдик. Лекин, юрагимни севги дарди емирарди. Ўзимча, Муродга турмушга чиқсам бошқача бўларди, деб эзилардим... Эримни хушламас, доим унинг ўрнида Мурод бўлиб қолса эди, дердим...
Ўша қўшиқни қайта-қайта тинглардим. Айниқса, қўшиқдаги "Тақдир экан севгилим, пешонамга битмадинг" сатрларини такрорлаб йиғлардим...
Орадан бир неча йил ўтди. Иккинчи боламга ҳомиладорлигимда, жуда инжиқ бўлиб қолдим. Эрим нима десам, олиб келиб берар, кўнглимга қарарди. Бир куни, эрим билан айланиб юриб, супермаркетга кирдик. Аввалига бепарво, егим келган егуликларни танлаб, сотувчига қарасам, Мурод. Ҳали ҳам ўша-ўша, гўё ҳеч нарса ўзгармагандек. Ҳайрон бўлдим, оддийгина кийиниб олган, мени кўриб совуққина сўрашиб ҳам қўйди! Индамай харид қилган нарсаларимни олиб, эрим билан чиқиб кетдик. Ўша учрашувдан кейин бир неча кун ўзимга келолмай юрдим. Кейин охири юрак ютиб, ўша маҳаллада яшайдиган дугоналаримдан бирига телефон қилиб, гапни айлантириб Мурод ҳақида сўрадим. Нима гап эшитдим денг?
Дугонамнинг айтишича, Мурод ҳечам ўзгармабди. Ўша-ўша масъулиятсиз, ҳали ҳам "кейин катта бизнес қиламан", деган гаплар билан ҳар хил супермаркетлардаги ишига қаноатланиб юрган экан. Шунча йиллар давомида ҳаётда ҳеч нарсага эришмабди! Ҳали ҳам, ўша хаёллари билан осмонда учиб юрганмиш. Анчагина супермаркетлардан ҳам ҳайдалган экан, чунки маъсулиятсизлиги билан ишлолмабди. Отаси ўқишга олиб кирмоқчи бўлибди, лекин вақтида репетиторларга боришни ҳоҳламай, тайёрланмай, ҳатто имтиҳонга ҳам бормабди. Баҳонаси, севганим эрга тегиб кетди, энди менга яшашнинг қизиғи йўқ, деган гап топиб олганмиш. Ҳамма нарсадан норози ва гўёки, бутун олам унга қаршидек. Ўша аввалгидек яшаб юрганмиш. Отаси сафарга кетганида, онаси бетоб бўлиб қолганида, кечаси шифокор чақиришга ҳам ярамагани учун, онасининг аҳволи оғирлашиб, бир қўли фалаж бўлиб қолибди. Муроднинг бўлса, парвойи палак, отаси келиб койиганда, "ўзимнинг ҳам тобим йўқ эди" деб баҳона қилганмиш.
Бу гапларни эшитиб, ўйланиб қолдим. Эрим билан ўтаётган ҳаётим, эримнинг жонкуярликлари, менга ва боламга меҳрибонликлари кўз олдимга келди. Боламнинг бир марта иссиғи чиққанида, эрим, ишдан чарчаб келганига ва ёғаётган ёмғирга ҳам қарамай, иккимизни машинада дарров касалхонага олиб борганию, кечаси билан, боламнинг тепасида ўтириб чиққанлари, мен бетоб бўлганимда 2 кечалаб ухламай менга қараганлари, ҳомиладорликдаги инжиқликларимни индамай кўтаришларию, кечаси бўлса ҳам, егим келган нарсаларни олиб келиб беришлари, кўз олдимга келди...
Яхши ҳамки, ўша тўйдан олдин қочиб кетишдан мени Худо асраган экан! Яхшиям ўшанда холам, менинг ёнимдан бир қадам жилмаган экан! Холам тўғри айтган эканлар, "Ота-она ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмас экан!" Бошқаларда билмадиму, лекин қиз бола ота-онанинг гапига кириши керак экан, деган фикрга келдим.
Мана ҳозирда икки фарзанднинг онаси, бир оиланинг бахтли бекасиман. Эндиликда бу қўшиқни тингласам, фақатгина хотиралар ёдга келади, холос...
Феруза Фаттохова
"Ўтган онлар соғинчи" саҳифасининг бугунги қаҳрамонини бир неча кун олдин тасодифан учратиб қолдим, машҳур хонанда! (исмини сир тутишимни илтимос қилди). У айтиб берган ҳаётий воқеа, хонанда Роксананинг "Шунчаки севгандим" қўшиғи билан боғлиқ.
РОКСАНА_ШУНЧАКИ СЕВГАНДИМ . . .
Тушлик вақти, кафеда овқатланиб ўтирганимда, У ёлғиз ўзи шошилиб кириб келди ва мени кўриб қолди. Сўрашиб, ёнимга ўтирди-да, овқат буюртма қилди. Шу пайт менинг қўл телефоним жиринглаб қолди ва ундан Роксананинг "Шунчаки севгандим" қўшиғи янгради. Дугоналаримдан бири бу қўшиқни ёқтиргани учун, унининг номерига шу қўшиқни қўйгандим ва қўнғироқ қилса, шу қўшиқ янграрди.
Саҳифамиз қаҳрамони бу қўшиқни эшитиб, худди йўқотган бир нарсасини топгандек хурсанд бўлиб кетди ва "бу қўшиқ ҳали ҳам борми?" деб, ўзининг телефонига ўтказиб олди. Шу қўшиқ унга бир нималарни эслатиб юбордими? Қўшиқни тинглаб туриб, беихтиёр ўз ҳаётидаги, шу қўшиқ билан боғлиқ содир бўлган воқеани сўзлаб берди.
Бу қўшиқни сўзлари унга ўзини ҳаётидаги чин севгисига жуда ҳам мос тушишини айтиб ўтди. Ўша вақтлар бу қўшиқни қайта-қайта эшитиб юрганлиги билан, у ўша воқеани яна эслади....
У (хонанда): - Қиз менинг мухлисам эди. Қайсидир байрамда, бир кундузги пайт гала-концертдан кейин, оғайнилар билан чиқиб, машинага ўтираётсам, 4 та қиз йўл четида туришибди. У қизлар мени кутишяпти деб ўйладим, тўғриси ўйлабман. Улардан бирини менга кўзи тушди-да, секин мен тарафга қараб юриб кела бошлади. Энди уларга оғайниларим ҳам эътибор беришиб, секин бир-бири билан ҳазиллаша бошладилар. Бир оғайним жуда ҳам қитмир эди, у шартта машинадан битта плакатимни олди-да, яқинлашиб келиб қолган қизга узатиб, "дасхат қўйиб берсинми" деди. Қолган 3 та қиз сал эса орқароқда эди.
Қиз роса хурсанд бўлгандек кўринди. Кутилмаганда у менга қаради-да: «Сиздан концертда дасхат ололмагандим, номерингизни ҳам ёзиб беринг» деди.
Нима қилишимни билмай, секин дасхат ёзиб, сўнг сўрагандек телефон номеримни ҳам бердим. Чунки, у қиз соддалиги тарафданми ёки билмадим нега, менга ростдан ҳам ёқиб қолган эди. Плакатни мени қўлимдан олиб, қизнинг ўзи гап бошлаб қолди: - Ўртоғимни кутиб турибмиз. Бугун мени туғилган куним, концертдан кейин кафеда ўтирмоқчи эдик, у концертга келмади. Баҳонада сизни кўриб номерингизни ҳам олдим. Бу менга катта совға бўлди. Ҳеч қайси хонанда, дасхатига қўшиб, номерини бермаганди. Катта раҳмат. Ўзи, сизни мухлисингизман. Концертда айтган 2 та қўшиғингиз ҳам зўр чиқибди, менга ёқди деди.
Бу гапларни эшитиб, роса хурсанд бўлиб кетдим. Билмадим, бир кўришдаёқ у менга ёқиб қолганди. Бу орада қолган дугоналари ҳам келишиб, мен билан суратга тушиб ўзларини қоғозларигами, дасхат қўйдириб олишди.
Шу тарзда, танишдик. Ундан телефон номерини олдим, у ҳам ҳазиллашиб ёзиб берди.
Вақт ўта бошлади, телефонда гаплашиб юриб, унга боғланиб қолдим. Лекин, негадир, унга дил изҳори қилишга журъат етишмасди менда....
Мен ўзимча унга романтика қилмоқчи бўлдим. Маҳалласига бориб, эшигининг тагига гул билан шоколад қўйиб келдим. Лекин, ичига кимданлигини ёзмадим, атайлаб, қани кимдан экан деб, қизиқсин, дедим. Кетма-кет бир ҳафта, ҳар куни шу ишни қилдим.
Гўёки, шундай қилсам, у бу мени ишим эканини билиб, мени севиб қоладигандек))) Менинг бу ишимга ота-онасининг муносабати қандай бўлиши-ю, маҳалла-куй бунга нима деб қарашлари ҳақида, ўйламабман ҳам.
Бу орада, мендаги ўзгаришларни оғайниларим ҳам сезиб юришган экан. Улардан бири "ҳа севиб қолдингми" деди. Тўғриси, мен унга бўлган севгимни ҳаммага айтгим келарди! Лекин, фақат унинг ўзига айта олмасдим холос. Хуллас, оғайнимга тўғрисини, уни севишимни, унга уйланмоқчилигимни айтдим.
Ширин хаёлларга берилиб, романтик ҳаракатларни амалга ошириб юрганимда, тўққизинчи куни телефоним жиринглади ва у мен билан учрашиб олмоқчилигини айтди. Ўзимча романтикаларим унга ёққан, деб минг бир хаёлларга берилдим. Унга атаб гул ва совғалар сотиб олдим.
Хиёбонда учрашдик. Уни хурсанд қиёфада кўраман деб ўйлагандим.
Қарасам, кўзлари тўла ёш, жаҳл билан келди-да: Сизми ҳар куни остонамга бир нималар қўйиб кетадиган? - деди.
Унинг гап оҳангидан кўпроқ, "бунга нима ҳаққинг бор?" - дегандек эшитилди.
Бир зум ўтмай, у ўша хаёлимга келган сўзни ҳам айтди: - Нима ҳаққингиз бор бундай қилишга?
Зўрға гапирдим: - Мен... мен сени севаман...
Қиз бир зум менга тикилиб қолди-да, кейин жаҳл билан: - Нечта қизга айтгансиз бу гапни? - деди.
Жавоб бериб улгурмасимдан: - Фақат сенга айтдим деманг, хўпми? Барибир ишонмайман!
- Нега ахир? Бу сўз юрагимдан отилиб чиққандек бўлди.
- Ишонганимда нима? - деди у менга қараб, - ахир мен барибир сизни севмайман!
- Ахир ўзинг, мухлисингизман деб...
Қиз менга ҳайрон тикилди: - Мухлисман дегани, сизни севаман дегани эмас! Мен сизни шунчаки севгандим, шунчаки мухлис сифатида холос!
Нима дейишимни билмай қотиб қолдим.
- Нима қилиб қўйганингизни биласизми? - гапида давом этди у. Ахир мени ва оиламни бутун маҳаллага шарманда қилдингиз-ку! Ота-онам маҳаллада бош кўтара олмай қолишди, 3 та қизини биттасини ҳам эплай олишмаяпти, қизларининг ўйнашлари, уйлигигача келиб, ҳар хил нарсалар ташлаб кетишяпти деб, бутун маҳалла гапиряпти! Ким кўрса, йигити бор, нарса ташлаб кетади, деб устимдан куладиган бўлди! Камига остонамдан совчи қадами узилди! Оилада каттаси бўлсам, мендан кейин 2 та синглим бор! Йигити бор экан деб, фотиҳа қилмоқчи бўлганлар ҳам ўтган куни айниб кетишди! Бу ёқда бўлса, оғайниларингиз телефон қилиб, тинчлик беришмайди. Танишаман деб, ҳали униси телефон қилади, ҳали буниси телефон қилади! Сизларда ўзи уят-андиша борми? Маҳалла, ота-она деган нарсаларни биласизларми? Ё ҳамма хонандалар мухлисларига шунақа муносабатда, ғалати ҳаракатлар қилишадими?
- Бас қил! Беихтиёр бақириб юбордим. Оғайниларим ҳақидаги гапидан кейин жаҳлим чиққанди. Чунки, ростдан ҳам оғайниларимни шунақа одатлари борлигини билардим. Лекин, мен уйланаман деган қизга, шунақа қилиқ қилишганига жаҳлим чиққанди.
Беихтиёр ўйлаганларимни гапириб юбордим: - Яхшиси, менга турмушга чиқ!
Уни дарҳол рози бўлди, деб ўйлагандирсиз? (афсус билан) Қаёқда?
Бу "таклиф"ни эшитиб, .юзимга илгари кўрмагандек тикилиб турди-да: - Дунёда ота-она деган нарсалар ҳам борлигини биласизми? Ёки сизларда бошқачами? Ҳа, сизларга севги, уйланиш ҳам реклама, тўғрими? Шунчаки, атрофдагиларга кўрсатиш учун кимдир керак бўлган сизга, ўшанга мен тўғри келиб қолибман-да!
- Ниятим жиддий! - унга қанча тушунтиришга уринмай, бари бефойда бўлди!
У очиқ-ойдин мени севмаслигини, уни тинч қўйишимни, мени деб ота-онаси уни роса уришганликларини, хонандаларни унинг оиласидагилар "енгилтак" дейишларини ва бошқа бир қатор гапларни айтиб, мен билан бир умрга хайрлашди.
Кетиш олдидан яна жаҳл билан: - Икки дунёда ҳам, шоубизнесдаги одамга тегмайман! Сизлар бошқаларни туйғусини ўйинчоқ қиласизлар, сизлар билан шунчаки муомала қилиш керак! Мен ҳам сизни шунчаки қўшиқларингизни ёқтиргандим. Шунчаки севгандим, бу шунчаки ўткинчи туйғу эди... Сиздаги гаплар ҳам менга қарата айтилаётган шунчаки сўзлар, эртага бошқаларга ҳам айтиб кетаверасиз.... деб кетди.
У кетди... ўзи билан мени севгимни ҳам олиб кетди...
Қўлимда гуллар билан хиёбонда қанча турдим билмайман, бир пайт қизларнинг қий-чувидан ўзимга келдим. Хиёбонда бир нечта қизлар мени таниб қолиб, қий-чув қилиб, дасхат сўрашди. Ёзиб бердим. Кейин эса, қўлимдаги гул ва нарсаларни ҳам уларга бериб юбордим. Жаҳл устида нима қилишимни билмай, бориб, оғайниларим билан уришдим. Улар ростдан ҳам унга қўнғироқ қилиб, ҳазиллашмоқчи, менга уни синаб беришмоқчи бўлишибди. Роса жаҳлим чиқди.
Эртаси куниё маҳалласига бордим. Кечирим сўраб, ярашмоқчи, ота-онаси билан танишиб, совчи жўнатиш учун келишиб олмоқчи бўлдим. Чунки, ростдан ҳам мени ниятим жиддий эди!
Маҳалласига келиб, уйини роса чақирдим, ҳеч ким очмади. Охири ёнидаги қўшниси чиқиб, улар уйини қулфлаб, бу маҳалладан бутунлай кўчиб кетишганлигини, уйини сотувга қўйишиб, калитини қўшнисига ташлаб кетишганлигини айтди. Чунки, чиндан ҳам, мени қилмишларим сабаб, маҳаллада роса гап-сўз кўпайибди. Мен ўзимнинг қилган ишларим билан уларнинг оиласига роса ташвиш келтирибман. Камига қўшниси ҳам, "Охирги пайтларда нуқул эшикларини тагига нарсалар ташлаб кетишарди, қизларининг бирортасини бўйида бўлиб қолдими дейман, шошилинч кўчиб кетишди" деса бўладими?
Хуллас, қўшниси қаёққа кўчиб кетишганини ҳам айтмади...
Мана ҳозир ҳам уни қидириб топгим келади. Лекин, оила қурган бўлса, унга муаммо туғдирмай дейман. Ахир у мени шунчаки севган холос.... Шунчаки, беғуборгина... хонандалигимга мухлис сифатида севган холос!
Хонанданинг гапларидан ўйланиб қолдим. Балки, вақтида, муносабатларининг бошидаёқ ўша қиз билан очиқ гаплашиб олиши керакмиди?
Ўзи инсон ҳақиқий севгиси қай вақт келишини, ўша келган севги ростдан ҳам ҳақиқийми ёки шунчаки ўткинчи туйғуми билмас экан....
Феруза Фаттохова
* * *
Ҳар бир қўшиқнинг ўз даври бўлади. Ўша қўшиқ янграганда хаёлингизга ўша қўшиқ билан боғлиқ онлар, хотиралар келади...
Янги лойиҳа: "Ўтган онлар соғинчи" да сиз севган, соғинган қўшиқларни тақдим этиб борамиз. Агар бу қўшиқлар билан боғлиқ хотираларингиз бўлса, ёки сизда ҳам, бирор онларни ёдга соладиган тароналар бўлса, fattohova@rambler.ru e-mail адресига юборинг.
Биринчи тақдим этиладиган тарона сифатида, доктор Жасур Ризаевнинг "Муҳаббат соғинчи" қўшиғини танладим. Бу қўшиқни тинглаганимда ўзим билан тенгдош дугонамнинг муҳаббати билан боғлиқ хотиралар ёдимга келади...
Улар бир маҳаллада туришарди, лекин бир-бирини унчалик билишмасди. Уларнинг яқиндан танишишига "Амир Темур" музейи сабабчи бўлган. У ерга дугонамни ўқиши билан боғлиқ сабаб, боргандик. У йигит ҳам ўша ерда экан. Биз у ерда билмасдан суратга тушиш мумкин бўлмаган жойда суратга тушганмиз. Натижада, албатта гап эшитганмиз. Шунда у йигит назоратчи билан тортишиб, бизнинг ёнимизни олганди. Аслида, ҳақиқатдан ҳам биз нотўғри иш қилгандик. Шу тарзда, биз у билан танишиб қолдик. Аслида, йигит дугонамни таниб, кузатиб юргани учун ҳам унинг ёнини олган экан! Гаплашиб, иккови битта маҳалладан эканлиги маълум бўлгач, кулиб юборишди. Шу тариқа дугонамнинг бахтли онлари бошланди . . . . Тинимсиз қўнғироқлар. . . . смслар. . . . ўша даврда урф бўлган катта-катта қўл телефонларида . . . .)))))))
Ўша даврда жуда машҳур бўлган бу қўшиқ, у йигитнинг энг севимли қўшиғи бўлиб, у ҳар доим шу қўшиқни тинглаши ҳақида, дугонам айтган эди. Йигит қўшиқдаги сўзлар ҳақида дугонамга "биз ҳеч қачон бундай аразлашмаймиз" деган экан. Дугонам ҳам бу қўшиқни кўп тингларди. Чиндан ҳам улар бирор марта қўшиқдаги каби аразлаб уришишмаган. Лекин . . .
У йигит ҳозир орамизда йўқ, тасодифий бахтсиз ҳодиса сабаб, баланд қаватдан йиқилиб вафот этган...
Ҳозирда дугонамнинг оиласи, уч фарзанди бор. Лекин .... ҳали ҳамон қўл телефонида шу қўшиқ сақланар экан. . . .
Кеча дугонам билан кўришганимизда, қўл телефонидаги янги суратларни кўрсатаётганида, тасодифан мусиқа бўлимига кириб кетиб, шу қўшиқни қўйиб юборди. Тинглаб, ўша онлар ёдга тушди . . .
"Муҳаббат соғинчи"
Феруза Фаттохова