FATTOHHON.COM

« Все новости

“КАРВОН” ҚЎШИҒИГА ЭЪТИРОЗ ЙЎҚ, АММО... 04.12.2020 19:00

photo_2020-12-06_05-04-01

Ҳозирги кунда хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар)ни Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон”, “Гулбадан”, “Атиргулим” қўшиқларини муаллифнинг рухсатисиз ижро қилганлиги учун, Интеллектуал мулк агентлигига чақиртирилганлиги, ҳамда қонуний жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида, кўплаб гап-сўзлар келиб чиқмоқда.
Интеллектуал мулк агентлиги бу борада ўз баёнотини ҳам эълон қилди.
Бу борадаги тингловчилар томонидан келиб чиқаётган айрим тушунарсиз фикрларга ойдинлик:
1. Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон” қўшиғини хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар) томонидан бошқа услубда куйланганига, Шерали Жўраев эмас, шеър муаллифи Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган.
Жўраевлардан эса, бу қўшиқни хонанда Сан Жай томонидан бошқа услубда куйланган вариантига суратга олинган клипда, Шерали Жўраевнинг суратини рухсатсиз деворга чизиб кўрсатилганлиги учун эътироз бўлган, холос! Чунки, бирор инсонни ўз розилигисиз, унинг тасвиридан (фотосурат, видеоёзув ва бошқалар)дан фойдаланиш мумкин эмас.
Жўраевлар оиласининг бу қўшиқни, хонанда Сан Жай томонидан бошқа услубда куйланишига, ҳеч қандай эътирози ва қаршилиги йўқ! Чунки, бу ерда муаллифнинг мусиқасига тегилмаган ва ўша қўшиқнинг ўзини хонанда Сан Жай айтаётгандек “кавер” қилинмаган.
Ҳозирги кунда кўпчилик хонандалар “кавер” асли нима эканлигини мукаммал даражада тушунишмайди. “Кавер”, деб, мавжуд қўшиқни ўз йўналишига тегилмаган, ўз йўналишидан чиқиб кетмаган ҳолатда, бошқа жанрда куйланишига айтилади.
“Карвон” қўшиғи эса, хонанда Сан Жай томонидан куйланганида, ўша шеърга умуман бошқа мусиқа қилинган! Бу эса, “кавер” эмас, “мэшап” дейилади. Шунинг учун ҳам, “Карвон” қўшиғини хонанда Сан Жай томонидан куйланишига, Жўраевлар оиласи томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган!

2. Санъаткорнинг фарзанди Шоҳ Жаҳон Жўраев, хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар)  билан юзма-юз кўришган ҳолда, Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Гулбадан”, “Атиргулим” қўшиқларини шеъри ва мусиқаси ҳам, Шерали Жўраевга тегишли эканлиги ҳақида, 2000 йил нашрдан чиққан “Санъатим” номли китобини унга кўрсатиб огоҳлантирилганида, хонанда Сан Жай “буни бир аёл шоира ёзган, у аёл вафот этган. Буни менга хабарини беришди. Шерали Жўраев эса, уларни ўзлаштириб олган.” деб туҳмат қилиб, қўшиқлар муаллифининг розилигисиз, ундан ҳеч қандай рухсат олмай, (ёки шартнома тузмай) қўшиқлар аслини ўзбошимчалик билан “бузиб” ўзгартирган ҳолда, ижро қилиб келган.
Шунинг учун, бу ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти, Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг ишончли вакили сифатида, хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар)га нисбатан “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганлиги учун белгиланган тартибда чора кўрилиши юзасидан,  ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлди.  
Чунки, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси бўйича, “Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартириш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.”