FATTOHHON.COM
« Все новостиБугун “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилигида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ташаббуси билан санъат оламида ёш истеъдодларни излаб топиш ва уларни юзага чиқариш, ижодий қўллаб-қувватлаш мақсадида кастинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур кастинг жараёнида, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бўлимлари томонидан сараланган ёш истеъдодлар иштирок этишди.
Навбатдаги кастингда эса, бошқа ҳудудий бўлимлар томонидан тавсия этиладиган иқтидор эгалари ижодий гуруҳ томонидан сараланади.
Ушбу кастингда номзодларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устоз санъаткор Азим Муллахонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдулла Шомағрупов, Женисбек Пиязов ҳамда бастакор ва режиссёрлардан иборат ижодий гуруҳ баҳолаб боришди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Маданият вазирлиги ҳамда, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ўз истеъдоди, овози ва ижодий интилувчанлиги билан келажакда санъаткор бўлишга қатъий аҳд қилган ҳамда бу борада мақсади аниқ бўлган ёшларни кашф этиш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бугунги кастинг жараёнлари ҳам мана шу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан бири ҳисобланади.