FATTOHHON.COM

« Все новости

МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРИ ФУҚАРОЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ! 06.01.2017 01:42

2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши халқимиз тарихий анъаналарини муносиб давом эттирилаётганининг, юртимиз ҳаётида янги тараққиёт босқичи бошланаётганининг амалий исботидир.  Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад,  халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашдан иборат. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган нутқида ҳам, халқ билан мулоқот ўрнатиш тизимини такомиллаштириш, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, уларни рози қилиш, муаммоларига ечим топиш, халқ давлат идоралари учун эмас, аксинча, давлат идоралари халқ учун ишлаши кераклиги ҳақида гапирар экан, айрим раҳбарларнинг халқ дардини тинглашдан қочишига ҳам тўхталиб ўтиб, бундай раҳбарлар билан хайрлашиш кераклигини очиқ-ойдин айтиб ўтди.

“Бундан кейин вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланади ва тегишли хулосалар чиқарилади. Айни шу масалада уларнинг фаолияти ижобий бўлса, халқ улардан рози бўлса, раҳмат деймиз, акси бўлса – биз бундай раҳбарлар билан хайрлашамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

 1483629126_kabul2

Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов бугун бир неча нафар фуқарони қабул қилди. Бўлиб ўтган очиқ мулоқот давлат ҳокимияти идораларининг халқ билан яқинлиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги ва  фуқароларнинг ҳукуматимизга  бўлган ишончи ортиб бораётганини ўзида ифода этди.

1483629368_kabul4

Учрашувларнинг аввалида Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг анъанавий ижрочилик бўлими бошлиғи Раҳматилла Нуруллаев ва лицей ўқитувчиси Зулфия Ҳисамутдинова, ўзлари фаолият юритаётган лицейнинг бир гуруҳ тарбияланувчилари яқинда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган ёш ижрочиларнинг "Қайнар булоқ-2016” деб номланган  халқаро конкурсида муваффақиятли иштирок этиб, махсус совринни қўлга киритганлиги ҳақида маълумот беришди.

Мазкур лицей ўқувчилари ҳамда, Тошкент маданият коллежи талабалари  Овроосиё мамлакатлари ёш ижрочиларининг халқаро конкурси доирасида, Татаристон халқлар дўстлиги уйида концерт дастурини ҳам намойиш этишиб, жаҳон ва ўзбек композиторларининг асарлари ҳамда, ўзбек халқ куйларининг ижролари билан маҳаллий санъатсеварларнинг олқишини қозонган. Айниқса, Сардорбек Отаниёзовнинг ижроси барча йиғилганларни бирдек таъсирлантирган. Тадбирлар якунида Татаристон Республикаси ўзбек миллий-маданий автономи уюшмаси раиси А.Абдусатторов нуфузли конкурсда Ўзбекистонлик ёш ижрочиларнинг иштирокини бекаму-кўст таъминлагани учун, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири номига “Ташаккурнома” йўллаган. Нуруллаев ва Ҳисамутдинова мазкур мукофотни ўз эгасига топширишди. Шунингдек, конкурс ғолиби сифатида шу йилнинг ёзида Американинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган ёш ижрочиларнинг халқаро конкурсида Ўзбекистонлик ёш мусиқачиларнинг иштирок этишида амалий ёрдам сўрашди. Уларнинг илтимосига жавобан, Баҳодир Аҳмедов океан ортида бўлиб ўтадиган мазкур тадбирда вакилларимизнинг ҳам иштирок этишини вазирликнинг 2017 йил тақвим режасига киритиш ва масаланинг ижобий ҳал бўлишини таъминлаш учун тегишли бошқармаларга топшириқ берди.

Фуқаро Илья Леин соҳадаги ижодий фаолиятни такомиллаштириш, профессионал санъатни тўғри йўналтириш, театрлар фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини изҳор этди. Унинг ҳам таклиф ва тавсиялари инобатга олиниб, тизимдаги шу соҳа мутахассисларига кўрсатмалар берилди.

Фуқаро Миршод Мардонов маълум бир ташкилот қошида болалар театри ташкил этиш таклифини илгари сурди. Вазир томонидан унга жавоб сифатида "Болалар театр студияси” ташкил этиш бўйича концепсия ишлаб чиқиш, “Томоша” болалар театр студияси ҳужжатларидан андоза сифатида фойдаланиш, мазкур студия раҳбари Нодира Қурбонова билан маслаҳатлашиш тавсия этилиб, бу масалага яна қайтилиши таъкидланди.  

Фуқаро Машҳурбек Сатторов хонандаларнинг муаллифлик ҳуқуқларини талаб қилиб, уларнинг кўнгилочар (кафе, ресторан, тўйхона) масканлардан тушадиган маблағлардан гонорар тўлаш тизимини ташкил қилиш таклифи билан чиқди. Б.Аҳмедов таклифга жавобан Сатторовнинг “Ўзбектеатр” ИИЧБ қошидаги “Арк мадад” махсус жамғарма мутахассисларидан маслаҳат олиши, ҳужжатлар билан танишишини тавсия этган ҳолда, унга тизимдаги шу соҳа мутахассисини бириктирди.  

1483629589_img_8755

Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқотлар давомида,  Вазир фуқаролар томонидан берилган яна кўплаб саволларга жавоб қайтарди. Савол ва таклифлар бўйича тизим ташкилотлари раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берди. Бунга жавобан кўпдан буён ечимини топмай келаётган муаммо ва таклифлар ҳал этилишига ишонч билдирган фуқаролар ҳам, ўз миннатдорлигини билдиришди.

Вазирлик Матбуот хизмати