FATTOHHON.COM

« Все новости

“НАЗМ ВА НАВО” КЕЧАСИДАН! 10.02.2017 06:10

 IMG_4827~1

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа қатор  ташкилотлар ҳамкорлигида Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда, мақом ансамбли иштирокида 2017 йил 9 февраль куниАлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Назм ва наво” кечаси бўлиб ўтди. Мир Алишер Навоий ҳазратларининг инсоният тамаддунига қўшган муносиб ҳиссаси жаҳон халқлари томонидан эътироф этилади ва юксак қадрланади.

Ҳазрат Навоийнинг боқий асарлари замонлар оша яшаб авлодлар тафаккурини бойитиб келмоқда. Бундай улуғ меросдан халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп баҳраманд бўлсалар, миллий маънавиятимиз юксакликка кўтарилади, инсоний фазилатларни янада камол топади.

Анъанага кўра, Шарқнинг буюк мутаффаккири, шоир ва арбоб Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди ҳар йили мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланади.

Юртимизнинг барча гўшаларида маданий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар, учрашувлар ташкил этилади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида шоирларнинг султони Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган “Назм ва наво" кечаси ҳам ана шундай мусиқали-маърифий тадбирлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, санъат ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Халқ артисти Ёқуб Ахмедов "Алишер Навоий монологи" (Юртдошларимизга даъвати) билан бошлаб берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али  ва бошқа ижодкорлар юртимизда ёш авлод камолотига, маънавиятни, адабиётни ривожлантириш, китобхонликни тарғиб этишга қаратилаётган юксак эътибор, Истиқлол йилларида Алишер Навоий ижодий меросининг ўрганилиши ва кенг тарғиб этилиши, буюк шоир асарларининг мукаммал нашри амалга оширилгани ҳақида сўзладилар.

“Назм ва наво” кечасида Навоий бобомиз битган ўлмас асарларнинг жаҳон адабиётидаги юксак мақоми, ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Алишер Навоий ғазалларидан намуналар, достонларидан парчалар, улуғ шоир ғазалларига боғланган мухаммаслар ўқилди, Навоий шеърияти билан айтиладиган мумтоз ашулалар ижро этилди.

Жумладан, Ю.Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон халқ артисти Матлюба Дадабоева, Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз,  эстрада хонандаси Ҳилола Ҳамидова ва бошқа санъаткорлар Навоий ғазалларини куйга солиб ижро қилишди.

Концерт дастури файзли ўтди.