FATTOHHON.COM
« Все новостиЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ
Иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш, Фанлар академиясининг нуфузини юксалтириш ва фаолиятини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни бошқариш ва тартибга солишнинг ягона тизимини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ўрнини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Фанлар академиясининг асосий вазифа ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
табиий, техник ва ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;
илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг, давлат илмий-техник дастурларининг устувор йўналишларини шакллантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
жаҳон ва республика илм-фан ютуқларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, улардан Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланиш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш;
мамлакатимиз илм-фани, илмий салоҳияти, фан ва техника ютуқларини оммалаштириш ва тарғиб қилиш;
хорижий мамлакатларнинг фанлар академиялари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва жамғармалари билан халқаро ҳамкорлик қилиш, халқаро илмий форум ва конференциялар ташкил этишда ва ўтказишда иштирок этиш;
Фанлар академияси муассасаларининг илмий салоҳияти ва моддий-техник базасидан фойдаланган ҳолда, юқори малакали кадрлар тайёрлашда иштирок этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Тарих институтини Фанлар академияси тасарруфига ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибида:
Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Математика институти негизида В.И.Романовский номидаги Математика институтини;
Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетининг тегишли лабораториялари ва ноёб объектлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Радиация хавфсизлиги маркази негизида Ядро физикаси институтини;
Тошкент давлат техника университети Муҳандислик-физика факультетининг тегишли лабораториялари негизида У.А.Арифов номидаги Ион-пламза ва лазер технологиялари институтини;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ва Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Тармоқ машинасозлиги муаммолари илмий-тадқиқот маркази негизида М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтини;
Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази негизида Полимерлар кимёси ва физикаси институтини;
Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази негизида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтини;
Самарқанд шаҳридаги Археология институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг Тошкент бўлими негизида Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтини;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтини;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти музейи негизида Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгашини Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгашига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ Фанлар академияси тасарруфига ўтказилсин, у Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгашининг ишчи органи этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Фанлар академияси Навоий бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Фанлар академияси Навоий бўлимини сақлаш, шунингдек, унинг амалий ва инновацион тадқиқотларини амалга оширишга йўналтирилган харажатлари “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг ҳисобидан, шу жумладан, тегишли илмий-технологик ишланмаларни жорий этиш натижасида олинган соф фойданинг 10 фоизи миқдори эвазига қопланиши белгилаб қўйилсин.
5. Белгилансинки, қайта ташкил этилган Фанлар академияси илмий муассасалари юридик шахс мақомига эга давлат муассасасидир, улар аввал ўзлари тасарруфида бўлган вазирлик ва идоралар негизидаги илмий муассасаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланадилар.
6. Илм-фаннинг устувор йўналишлари ривожланишини таъминлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш мақсадида Фанлар академияси бошқарув аппарати тузилмасида физика-математика ва техник фанлар, кимё-биология фанлари, ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича бўлимлар ташкил этилсин.
Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими раиси, Хоразм Маъмун академияси раиси ва Фанлар академияси Навоий бўлими раиси ўз мақомига кўра Фанлар академиясининг вице-президентига тенглаштирилсин.
7. Амалиётга шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари Фанлар академиясининг ассоциациялаштирилган аъзоси бўлишлари мумкин.
8. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ташкилий ҳамда бошқарув аппарати тузилмалари 1 ва 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
9. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
10. Қуйидагилар Давлат комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
илмий-техник фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
давлат илмий-техника ва инновацион сиёсатининг устувор йўналишларини ва ушбу соҳаларда давлат сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни белгилаш;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг грант асосидаги давлат илмий-техника дастурларини тасдиқлаш;
бажарилаётган лойиҳалар ва уларни жорий этиш тадбирларининг амалга оширилиши юзасидан давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш ва шахсий жавобгарлиги масалаларини кўриб чиқиш.
11. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг бош директорига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг асосий вазифа ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифалари ва замонавий илм-фан ютуқларини инобатга олган ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш тадбирларини бажариш;
давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, амалга ошириш ва улар ижросининг, ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб бориш;
муҳим тармоқлараро илмий-техник дастурлар ижросини таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бажарилиши бўйича илмий-техник хизматлар кўрсатишда давлат топшириқларини шакллантириш;
ҳар йилги Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказилишини ташкил этиш ҳамда унинг доирасида имзоланган шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш;
фан ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар бажарилишини ташкил этиш;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш фаолиятини режалаштириш ва мувофиқлаштириш.
13. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Давлат комиссиясининг ишчи органи ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
14. Фан ва технологиялар агентлиги республиканинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалари томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техника дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси этиб белгилансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Фанлар академияси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда, уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бинолар, иншоотлар ва бошқа моддий-техник базани сақлаш ва улардан фойдаланиш харажатларини базавий молиялаштириш механизмини жорий этишни назарда тутувчи илмий-тадқиқот муассасаларини молиялаштириш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.
16. Мамлакатда илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланишини таъминлашга йўналтирилган тадқиқотларни ташкил этиш учун шарт-шароит яратиш, рақобатбардош илмий-ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида Давлат комиссияси қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
17. Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб:
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига патент божлари, йиғимлар ва бошқа солиқ тоифасига кирмайдиган тўловлардан келиб тушган валюта маблағларининг 90 фоизи;
халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;
ҳомийлар – юридик ва жисмоний шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар белгилансин.
18. Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини бошқариш вазифаси Давлат комиссиясига юклансин.
19. Қуйидагилар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида мамлакатда илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланишини таъминлашга, рақобатбардош илмий-ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган илғор илмий тадқиқотлар ва изланиш ишларини олиб бориш учун танлов асосидаги, мутлақо янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) харажатларини қоплаш;
давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораториялари учун қўшимча замонавий илмий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш учун маблағ ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишлари учун талаб этиладиган харажатларни қоплаш;
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда, шу жумладан, илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналарда ишлашни ўрганишлари учун ташкил этиладиган қисқа муддатли илмий стажировкаларни молиялаштириш.
20. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Фан ва технологиялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий лабораторияларни жиҳозлаш ва олимларнинг хорижий стажировкаларини ташкил этиш учун чет эл кредитлари ва грантларини жалб этиш бўйича халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар билан тизимли иш олиб борсинлар.
21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Фанлар академиясининг илмий тадқиқотлар якунлари бўйича салмоқли натижаларга эришган олимларни тақдирлаш учун Фанлар академиясининг илмий ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Фанлар академиясининг илмий ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоизи миқдоридаги чегирма ҳисобидан шакллантирилади.
22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мазкур қарор ижросини таъминлашга қаратилган, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:
тегишли олий таълим муассасалари билан чуқур интеграцияни таъминлаган ҳолда Фанлар академияси тасарруфига ўтказилаётган ҳамда унинг таркибида қайта ташкил этилаётган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини йўлга қўйиш;
Фан ва технологиялар давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси, Фанлар академиясининг Навоий бўлими, Фанлар академиясининг илмий ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш.
23. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин;
идоравий норматив ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 17 февраль
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар
академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил
этиш, бошқариш ва молиялаштиришни
янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришнинг барқарор тизими яратилди. Мамлакатда салоҳиятли илмий мактаблар яратилди, илмий лаборатория ва кафедралар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, вазирлик ва идоралар ҳамда республика миқёсидаги илмий-техник ва эксперт кенгашлари шаклидаги кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият юритмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Бир қатор янги илмий-инновацион тузилмалар – Геномика ва биоинформатика маркази, Халқаро қуёш энергияси институти, Кембридж университети иштирокида Юқори технологиялар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимида Фанлар академияси ҳақли равишда фундаментал тадқиқотлар етакчиси сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирги кунда Фанлар академияси тизимида салмоқли интеллектуал салоҳият мужассамланган. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан академик фаннинг мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, Фанлар академиясининг илмий-инновацион фаолиятини такомиллаштириш ва мавқеини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Ушбу эътиборнинг ёрқин кўриниши сифатида мамлакатимиз Президентининг давлат раҳбари сифатидаги биринчи учрашуви айнан илм ҳамжамияти – республика академиклари ва етакчи олимлари билан бўлганлигини таъкидлаш жоиз. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб академикларга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқлардан озод этилган ойлик гонорар белгиланди. Бундан ташқари, улар учун санаторий муассасаларида ҳар йили бепул соғломлаштириш курсидан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилди. Академиклар илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этилиб, уларга юқори малакали кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этишлари учун зарур имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятнинг ҳозирги кундаги аҳволи, кадрлар билан таъминланганлиги, илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техника, тажриба ва лаборатория базаларининг ривожланиш даражаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жадал суръатларидан ортда қолмоқда. Қатор тадқиқот йўналишлари бўйича миллий илм-фанимиз, айниқса академик фаннинг рақобатбардошлигини юқори ҳалқаро даражаларга мос келтириш зарурати ҳам юзага келди.
Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш тизимида бир қатор муаммолар мавжуд. Натижада, илмий фаолият нуфузи бирмунча пасайиб, иқтидорли ёшларнинг бошқа соҳаларга кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда, илмий кадрларнинг ўртача ёши ортиб бориши тенденцияси сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан, давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, амалга ошириш ва мониторингини юритиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи ягона тизимнинг мавқеи ва салоҳиятини тиклаш, олимларга кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширишлари учун барча зарур шароитларни яратиш бугунги куннинг ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифаларидан бирига айланди.
Таъкидлаш лозимки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этишга таълим ва фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, республика вилоятларида бўлиб ўтаётган халқ билан бевосита мулоқот пайтида Президентимиз томонидан барча ҳудудларда илм-фан салоҳиятини тиклаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланишини таъминлашда мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Ушбу вазифаларни амалга оширишда илмий изланишларни ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг реал муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан олимларнинг илмий-технологик ишланмаларини амалиётга жорий қилиш самарадорлигини ошириш механизмларини яратиш масалалари ўта муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан кенг кўламли миқёсдаги аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Жумладан, қарорга кўра замонавий талаблар асосида Фанлар академиясининг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фанлар академияси таркибида бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари ташкил қилиниб, қатор муассасалар академия тасарруфига қайтарилган. Ўз навбатида бу тадбирлар Фанлар академияси томонидан кенг кўламли фундаментал тадиқотлар олиб борилишини таъминлаш, турли фан тармоқлари бўйича мавжуд илмий салоҳиятни мужассамлаш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб муаммоларига сафарбар қилиш имкониятини яратади.
Қарорда Фанлар академияси бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, унинг таркибида физика-математика ва техника фанлари, кимё-биология фанлари ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимлари ҳамда Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш кўзда тутилди. Бу мазкур фан соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, Навоий вилояти ҳудудини комплекс ривожлантиришда, мавжуд саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашда академик фан имкониятларидан кенг фойдаланиш имкониятини беради.
Шунингдек, қарорга мувофиқ Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академияси раислари мавқеи академия вице-президенти даражасига тенглаштирилиши ҳам айнан ҳудудларда илм-фан салоҳиятини тиклаш ва нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг яққол тасдиғидир.
Самарали илмий фаолиятни рағбатлантиришга ҳам қарорда катта эътибор қаратилган. Шу мақсадда, илмий-тадқиқот муассасаларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалари ҳисобига шаклланадиган, илмий тадқиқотлар якунлари бўйича салмоқли натижаларга эришган Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифалари юкланмоқда.
Шунингдек, мазкур комиссиянинг ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик зиммасига иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажаришда илмий-техник хизматлар кўрсатишга йўналтирилган давлат топшириқларини шакллантириш каби вазифалар юкланади.
Мазкур тадбирлар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш тизимини янги босқичга кўтаришга, мавжуд интеллектуал салоҳиятни жипслаштиришга, изланишлардаги майда, самарасиз мавзуларга ва такрорланишларга барҳам беришга хизмат қилади.
Қарор билан ўз ечимини топаётган яна бир муҳим масала Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш билан боғлиқ бўлиб, жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши назарда тутилган:
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораторияларни ташкил этиш;
олимларимиз томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) харажатларини қоплаш;
замонавий лабораторияларнинг илмий асбоб ва ускуналарини зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш;
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг жаҳоннинг етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаш;
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш.
Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар давлатимиз томонидан иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда илм-фаннинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади.
Ушбу қарор академик фан нуфузини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очади.
Prezident.uz дан олинди