FATTOHHON.COM
« Все новостиХонанда Жасур Умиров “Discovery” мусиқий магазинида ўзининг бир йўла иккита диски тақдимотини ўтказди! Бу тақдимотда ОАВ вакиллари, хонанданинг дўстлари ва мухлислари қатнашишди.
Тақдимот аввалида Жасур Умиров барча йиғилганларга мазкур альбомлар ҳақида маълумот бериб ўтди ва уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.
Шундан сўнг, мухлисларининг талабларига кўра, қўшиқларидан жонли ижро ҳам қилиб берди.
Хонанда тақдимотини ўтказаётган биринчи альбом, унинг 2016 йилда бўлиб ўтган “Онамга келин керак” концертининг DVD диски бўлиб, иккнчи альбом эса, “Вай-вай” деб номланган CD қўшиқлар тўплами!
“Вай-вай” мусиқий диски 22 та янги қўшиқлардан иборат бўлиб, ундан бонус тариқасида Хит қўшиқлар ҳам ўрин олган.
Бу альбомларни “Discovery” дўконларидан харид қилиш мумкин.
Тақдимотдан сўнг, мазкур альбомлар ва ижодий янгиликлари борасида Жасур Умиров билан қисқача суҳбатлашдик.
- Янги мусиқий альбомингизни яратишга қанча вақт кетди?
- Бу мусиқий альбомни яратиш учун 3 йил вақтимиз кетди! Ҳаттоки, янги қўшиқларни тақдим этиб боришга ҳам вақтимиз етмади. Бу альбомдаги қўшиқларнинг ҳар бирига 2-3 ойдан вақт талаб қилинди. Бу тингловчилар эътиборига ҳавола этаётган бешинчи мусиқий альбомим! Бу мусиқий альбомимдаги қўшиқларни тинглаб, тингловчилар ижодимизни йилдан йилга ўсишини сезишлари мумкин.
- Бу янги альбомдаги қўшиқларингиз ичида қайси бири ўзингиз учун юракка яқин бўлди?
- Мени ўзимга энг кўнглимга яқин бўлгани “Тушларимга кир” қўшиғи бўлди, бошқа қўшиқларимдан ажралиб туради, деб ўйлайман. Яна бир ўзимга ёққан қўшиқ Ўзбек, Ватан ҳақидаги қўшиғим бўлди, Муҳаммад Юсуф шеъри.
- Янги мусиқий альбом тайёр бўлганда, биринчи бўлиб янги қўшиқларни кимга эшиттирдингиз?
- Албатта, одатимга кўра, яқинларим, дўстларим билан бирга тинглайман. Янги мусиқий альбомим тайёр бўлганда ҳам, концертимиз диски монтажи битганда ҳам, улар билан бирга кузатиб, кўриб чиқдик!
-Янги концерт дастурингиз қачон бўлади?
- Янги концерт дастури ҳақида ўйлаш аллақачон бошлаб юборилган, режалаштиряпмиз. Кейинги концерт дастуримиз жуда ҳам бир бошқача бўлади! Ҳар бир қўшиққа ўзгача ёндошув қилиш ниятидамиз! Ҳозирги кунда рақобат ҳам кучли, шунинг учун ҳам, кучли ижод, меҳнат қилиш керак, деб ўйлайман.
- Янги қўшиқларингизда қандайдир дард кучайгандек. Бу шахсий ҳаётга боғлиқми ёки ижодий ўсишгами?
- Шахсий ҳаётда бўлиб ўтган, деса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳар битта қўшиғимга ўзгача ёндошишга, эътибор қаратишга ҳаракат қиляпман.
- Биринчи мусиқа танлайсизми, ёки шеър?
- Менда одатда иккаласи ҳам баравар келади! Яъни, қўшиқнинг йўналишини ҳам, шеърини ҳам бирга танлайман. Кўп қўшиқларимиз шундай яратилган. Қўшиқларимнинг деярли ҳаммасининг ғояси ўзимдан келиб чиқади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова