FATTOHHON.COM

« Все новости

АСАЛ ШОДИЕВА: АГАР РОСТДАН ТЎЙИМ БЎЛСА... 11.09.2014 17:50

foto (7)

Актриса Асал Шодиева кино оламида ўзига хос ўрнига эга. У “Уйланиш” фильмидаги роли билан кўпчиликнинг эътиборини тортган эди. Кейинчалик эса, яна кўпгина фильмларда бош ролларни ижро қилди. Фаолиятининг бошида клипларда суратга тушмайман, деган бўлса ҳам, лекин Сардор Раҳимхоннинг клипларида суратга тушди ва бу роллари ҳам томошабинлар назаридан четда қолмади. Кейинчалик эса, кутилмаганда бошқа фильмларда суратга тушмаслигини маълум қилди. Лекин, у бош ролларни ижро қилган фильмлар яқиндагина катта экранларга чиқди. Актрисани ўз фикрларини ўзгартиришга нима мажбур қилди? Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони актриса Асал Шодиева.

 foto (15)

- Шоубизнес оламида ўтган йиллар сизни қанчалик ўзгартирди?

- Ҳар бир йил ўтган сари инсон ҳам ўзгариб боради. Мен айтмоқчиманки, кино оламида 16 ёшдан бери ижод қиляпман, ҳамкасблар орасида улғайдим. Албатта, йиллар ўтган сари, ҳаммамиз улғайиб борамиз. Нималарнидир йўқотамиз, нимагадир эга бўламиз.

 

- Камроқ фильмларда суратга тушишингизнинг сабаби, сонга эмас, сифатга катта эътибор қаратишингизданми?

- Тўғриси, сифатсиз фильмларда суратга тушиш мен учун уят, деб ўйлайман. Чунки, таълим берган устозларим менга астойдил билим беришган, ишонч билдиришган ва ҳалигача менга ишонишади. Бир марта бўлса ҳам, уларнинг ҳафсаласини пир қилиш, бу уларни бутунлай йўқотиш, демакдир. Шунинг учун ҳам, мен бу борада доим ўйлаб иш қилишга ҳаракат қиламан. Уларнинг ишончини йўқотишни истамайман.

 

- Кино оламига 16 ёшда кириб келганингиздан буён анча йиллар ўтди. Шу вақт мобайнида қарашларингиз ўзгардими? Дейлик, у вақтдаги қарашларингиз билан ҳозир вақтдаги қарашларингиз орасидаги фарқ?

- Албатта, бошида ҳаммаси пушти рангли кўзойнак ортидан кўринади, кейин эса, ўша кўзойнак йўқолади. Ҳозир эса, (самимий кулиб) мен ўша кўзойнакни топишга ҳаракат қиляпман. Чунки, усиз мумкин эмас, назаримда.

 foto (18)

- Қачон илк марта ўзингизни таниқлилингизни ҳис қилгансиз?

- Ўз суратимни афиша ва фильм баннерларида кўрганимда! Тўғрисини айтсам, ҳеч қачон афиша ва баннерларда суратим бўлади, деб ўйламагандим. Шунинг учун ҳам, бир тарафдан сал ғалати, қўрқинчли бўлса, бошқа тарафлама ёқимли бўлган, албатта.

 

- Кутилмаганда сиз ҳақингизда “бошқа фильмларда суратга тушмас экан” деган гаплар тарқалди. Бу гапларни ўзингиз айтганингиз ҳам маълум бўлди... Кейинчалик фикрингиз ўзгаришига нима сабаб бўлди?

- Шундай деган эдим, тўғри. Менимча, ҳар бир инсон ҳаётида шундай бир давр бўлади, яъни яна ишингизни давом эттиришга қандайдир сабр-тоқатингиз етмай қолади. Шунинг учун ҳам, мен бироз каттароқ муддат танаффус олсам, дегандим. Лекин, ҳамкасбларим, дўстларим бунга йўл қўйишмади! Улар мени қўллаб-қувватлашди, “бундай қилиш мумкин эмас”, дейишди. Мен улардан жуда ҳам миннатдорман, чунки вақт ўтиб, улар ҳақ эканликларини тушундим.

 

- Олдин сиз клипларда суратга тушишга розилик бермасдингиз. Хонанда Сардор Раҳимхон ўз клипида суратга тушиш учун сизни қандай кўндира олди?

- (самимий кулиб) Сардор ака мени кўндирганлари йўқ. Менга сценарийни тушунтириб беришганида, ҳозирги клипларнинг сифат даражаси баландлигини, ҳаттоки баъзи бир фильмлардан ҳам кўра яхшироқлигини тушундим. Агар мен умуман фильмларда суратга тушмай қолсам, аҳволим ёмонлашиб, ҳаттоки бетоб бўлиб қолишим ҳам мумкин. Чунки, мен ўзимни ичимдаги нарсани роллар орқалигина чиқаришим, намоён қилишим мумкин. Клипларда эса, ўша бир яхши фильмда суратга олиш, намоён қилиш мумкин бўлган нарсалар мужассам эди. Шунинг учун ҳам, рози бўла бошладим. Сардор Раҳимхоннинг “Яна санда, яна манда” қўшиғига суратга олинган клипда илк бор суратга тушдим. Кейин эса, “Танҳогинам”да ҳам роль ижро қилдим. Кейин, бошқа клипларда ҳам суратга туша бошладим. Менимча, ёмон чиқмаяпти. Ҳоҳ клип бўлсин, ҳоҳ фильмдаги роль, ҳар қандай ҳолатда ҳам, мен ўша ролни тушунишга, ҳис қилишга ва бор кучимни беришга ҳаракат қиламан.

 foto (11)

- Баъзи актрисалар ирим қилиб, одатда бемор қиз ролини ижро қилишмайди. “Сўнги нафасимгача” фильмидаги қаҳрамонингиз бемор қиз... Сиз эса, қўрқмай бу ролни ижро қилишга рози бўлибсиз.

- Йўқ, мен бу нарсадан қўрқмайман! Ҳаттоки, энг қўрқинчли роль бўлса ҳам, агар мен уни тушунсам, ҳис қила олсам, ижро қилишга рози бўламан. Ҳаттоки, уни кўплаб бошқа актрисалар рад этишган бўлишса ҳам, мен ижро этишга рози бўламан! Демак, бу менинг ролим ва менга насиб қилган экан!

 

- Ижодингиз давомидаги энг қийин роль?

- Менинг энг қийналган ролим, бу менинг энг муваффақиятсиз ролим! Чунки, ўша ролни ҳис қилмай туриб, ижро қилишдан қийини бўлмаса керак! Лекин, агар у роль қийин кўринса ҳам, сен уни ҳис қилсанг, тушунсанг, сен учун у қийин эмас, бир нафасда ижро қила оласан! Чунки, у дилдан чиққан роль бўлади!

 

- Қайси ролларингиз шундай ҳис этилмаган, муваффақиятсиз роллар?

- Муваффақиятсиз роллар ҳақида гапирмоқчи эмасман, чунки бу ролларга нафақат ўз меҳнатим, балки режиссёрларнинг ҳам меҳнати кетган. Қолаверса, бировларни ранжитишни, дилини оғритишни истамайман! Бу уларга нисбатан ҳурматсизлик ҳам. Бундай ролларни ўзим учун, ўзим биламан, бўлди.

 foto (14)

- Режиссёрлар сиз ҳақингизда, бироз инжиқроқ, ўз принципларидан воз кечмайдиган актриса, дейишади. Масалан, фильмларда роль ижро қилганингизда актёрларнинг қўлидан ушлашга, баъзида яқинлашиш саҳналари ва ҳаттоки келин либосини кийишга ҳам рад жавобини берар экансиз! Бу роль ижро қилишингизга ҳалақит бермайдими?

- Агар мени шундай ишларни қилишга мажбурлашса, ўшандагина халақит беради!

 

- Лекин, актриса ҳар қандай ҳолатни ижро эта олиши керак, дейишадию?

- Балки, мен шунгача бориб етмагандирман? Балки мен жуда ҳам бир принципларга амал қиладиган актрисадирман? Мен негадир ўзимни ҳаракатлардан чегаралайман, бундай қила олмайман! Жуда ҳам эмоционал актриса эмасман! Билмадим, балки мен яхши актриса эмасдирман? Ўша режиссёрлар айтгандек, бировнинг қўлини ушлай олмасам, унинг ўрнига буни кўз қарашлар, ўзимнинг руҳий ҳолатим билан чиқариб бермоқчи бўлсам, балки мен яхши актриса эмасдирман? Лекин, мен учун энг яхшиси, менимча, ўша ролингнинг ҳолатини, юрагидаги борини кўзларинг орқали, маълум бир сўзлар орқали ифодалаб бера олишдир! Кўп гапириш ҳам керак эмас! Ортиқча ҳатти-ҳаракат қилиб, ҳеч нарса бера олмасангиз, ўша ҳаракатни қилганингиз қолади, холос.

 

- Бировнинг қўлини ушлаш, майли, лекин унда нега бир фильмда келин либосини кийишдан бош тортгансиз? Ёки иримга ишонасизми? Боя ирим қилмай, роль ижро қиламан, дегандингиз.

- Йўқ. “Уйланиш” фильмидан кейин қайтиб, бошқа экранда келин либосини киймадим! Шу фильмдан кейин бошқа экранда келин либосини киймайман, деганман! Ўша сўзимда турибман!

 foto (6)

- Унда балки, ўзингизнинг ҳақиқий тўйингиздан кейин яна экранда киярсиз?

- Билмадим. Ҳозир бу саволга жавоб бера олмайман! Тўйим бўлсин, кейин жавоб бера олсам керак! (кулади) Ҳозирча эса, ўз принципларимга амал қиламан!

 

-  Бўлажак турмуш ўртоғингизни қандай тасаввур қиласиз?

- Мен учун инсонда энг муҳим нарса, бу қўрқмаслик, қатъият! Эркак кишида эса, бу нарса бўлиши керак! Ташқи кўриниши, касбидан қатъий назар, у қўрқмас, қатъиятли бўлиши керак.

 

- Муҳаббатни-чи, қандай тасаввур қиласиз?

- Муҳаббат ҳамма ерда, ҳамиша бор. Ҳамма нарсада муҳаббат бор. Мен уни фақат эркак ва аёл ўртасидагина бўлади, деб ажратмайман. Ҳаётингизда маълум бир ўзингиз яхши кўрган, меҳр қўйган, яқин олган инсонларингиз бўлади. Улар эркакми ёки аёл, аҳамияти йўқ, улар сизга керакли, юрагингизга яқин инсонлар. Мени ҳам акамдек, укамдек, опа-сингилдек яхши кўрган инсонларим кўп. Лекин, ҳар доим ҳам, шундай ўзингга самимий яқин бўлган ўз инсонларингизни топа олмайсиз.

 foto (8)

- Чин инсоний муҳаббат-чи? Ҳаётда бир марта бўлади, дейишадиган чин севги-муҳаббатни назарда тутяпман.

- Буни ҳаётингизнинг охиридагина биласиз! Ҳақиқий муҳаббатингиз қай бири бўлганини ўшанда англайсиз! Ҳозирча буни билиш қийин.

 

- Шохруххон билан унинг янги клипида суратга тушдингиз. Бўлган шов-шувлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Кўплар буни пиар ҳам дейишди. Балки, ҳақиқатдир, яқин орада яна бир юлдузли жуфтликни кўрармиз?

- (самимий кулади) Мен ҳеч қачон пиар билан шуғулланмаганман, бундай нарсаларга аралашмаганман ҳам. Менимча, Шохруххонга ҳам пиар керак эмас.

 

- Ҳақиқатми, йўқми?

- (жиддий) Бу саволга ҳозир нима деб жавоб қайтаришни билмайман, тўғриси. Бирор нарсани олдидан гапиришни ёқтирмайман, умуман шахсий ҳаётни ҳам.

 foto (9)

- Қайси режиссёр билан ишлаш қийин?

- Ишлаш қийин бўлган режиссёрлар бўлмайди, ишлаш қийин бўлган актрисалар бўлади. (кулади).

 

- Ўзи чиндан ҳам кинодан кеча олармидингиз?

- Йўқ! Қандай қилиб, юрагингизнинг ярмидан  ёки ҳаётингизнинг ярмидан кеча оласиз?

 

- Бугунги кун киноси ҳақида фикрларингиз?

- Мен ҳамиша ўз фильмларимизни ҳурмат қиламан. Чунки, биз қандайдир жангари фильмлар суратга олмаймиз! Бизнинг менталитетда бу нарса йўқ! Бизда тинчлик-хотиржамлик, оила, анъаналар! Бизда унақа жангарилик йўқ, шунинг учун ҳам, ундай фильмлар суратга олмаймиз ҳам, чунки ундай фильмлар бизда ҳеч кимга қизиқ эмас! Биз миллий ғоялар асосида фильмлар суратга оламиз. Бизнинг ўз миллий маданиятимиз бор. Мен ўз фильмларимизни чиройли сувенирга ўхшатаман. Чунки, чиройли сувенир кўзни қувонтиради, уни эъзозлаб олиб қўямиз ва кўрганда яхши тасаввурлар беради.

 foto (16)

- Роль учун соғлиғингиздан ҳам кечиш даражасига борганмисиз?

- Бусиз умуман бўлмайди! Ҳар бир ролда ва ҳар бир артистда шундай! Ҳар бир касбда шундай! Ҳоҳ у такси ҳайдовчиси бўлсин, ҳоҳ пахтакор! Масалан, сиз журналистларда ҳам.

 

- Хонанда сифатида қўшиқлар ҳам куйлай бошладингиз. Янги видеоклип ҳам суратга олдирдингиз.

- Ҳа, “Ёлғизим” қўшиғимга Муҳаммадали Искандаровга клип суратга олдирдим. Мухлисларга манзур бўлади, деган умиддаман. Мен қўшиғимни жуда бир шов-шув қилмоқчи эмасман, кимнинг тинглагиси келса, тинглайди.

 

- Агар тингловчилар қўшиғингизни эшитиб, сизни тўй-ҳашамларга таклиф қила бошлашса?

- (самимий кулиб) Бу ҳақида ҳали ўйлаб кўрганим йўқ!

 foto (10)

- Агар тўйларга таклиф бўлса, чиқасизми?

- Инсонларни хафа қилишни истамайман. Имкони борича уларни хафа қилиш керак эмас, деб ўйлайман! Агар уйдагиларим рухсат беришса, тўйга таклиф қилган инсон ҳам, чин дилдан мухлис бўлса ва ўша тўйида иштирок этишимни ҳоҳласа, тўғри тушунаман, менимча, бораман, албатта!

 

- Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик институтига ўқишга кирган эдингиз. Шу соҳани ҳам актрисалик билан баробар ривожлантириш ниятингиз борми?

- Яқинда бу институтни тугатиб, диплом ҳимоя қилдим. Лекин, менимча, айнан ҳозир 2 та нарсани баробар олиб кета олмайман. Бу жуда ҳам қийин. Дарров ўқишни тугатиб, дарров ўша соҳада ишлаб кетишим шартмас. Лекин, кейинчалик, у соҳада ҳам фаолият олиб боришим мумкин.

 

- Узун сочларингиздан нима учун воз кечдингиз?

- Кинони, ролни деб! Лекин, у фильм суратга олинмади, аммо ўша соч билан бошқа бир фильмда суратга тушдим! Аммо, у фильм ҳали экранларга чиқмади.  

 foto (5)

- Кейинчалик сиз ҳам баъзи актрисалар каби режиссёрликка қўл уришингиз мумкинми?

- Йўқ, ҳозирча бундай ниятим йўқ. Ўйлаб ҳам кўрмаганман.

 

- Агар режиссёр бўлганингизда ўзингизга қандай роль бермаган бўлардингиз?

- Бу саволга жавоб бера олмайман, жавоб берсам ҳам, бу ҳозир самимий жавоб бўлмайди, ёлғон гапирган бўламан. Чунки, аввал бу вазиятни бошдан кечириш керак, деб ўйлайман.

 

- Ҳозирда қандай ролни бутунлай рад қилган бўлардингиз?

- Менимча, ҳар қандай ролни рад этиш керак эмас, деб ўйлайман. Чунки, барибир ўша ролдан нимадир чиқариш мумкин. Аммо, ўйлаб кўриш керак.

 foto (17)

- Ўзингизни фикрингизча, энг ярқ этган ролингиз? 

- Ўзимга “Ҳай-ҳай қизалоқ” фильмидаги ролим ёқади. Бошқа ролларимдан бутунлай фарқ қилади.

 

- Ўзингизни қандай актрисалар сафидаман, деб ўйлайсиз? Омадли ёки ўз омадини кутаётган?

- Ҳеч қачон доим бирдек чўққида туриб бўлмайди, деб ўйлайман. Ижодда ҳам баланд, пастликлар бўлади. Ҳар доим ҳам баландда тура олмайсан. Мен ўзимни ижодда кемага ўхшатаман, тўлқинлар орасида сузаётган кема сингари, гоҳ баланд, гоҳ пастда сузаман. Менда ҳам муваффақиятсиз роллар бўлиб туради, лекин шундай роллар бўлмаса ҳам, ўзинг учун сабоқ ҳам ололмайсан. Мен хатоларимдан ўрганиб хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан.

 

- Мухлислар фикри сиз учун қанчалик аҳамиятга эга?

- Биринчи ўринда! Агар келиб, фикрларини билдиришса, уларни ҳар доим эшитаман, албатта. Улар бизни яқин олишади, бемалол келиб, ҳар фикрлар билдиришади. Биз ҳам улардан хафа бўлмаймиз.

 IMG_8648

- Охирги ўқиган китобингиз?

- Севимли актрисам Одри Хепберннинг биографияси “Ғамгин кўзли фаришта” китоби.

 

- Тўйингиз бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди! Бу қанчалик рост? Ёки сир тутяпсизми?

- (кулади) Йўқ! Мени ҳар йили тўйим бўлади! Ҳамма кутаётганлиги учун ҳам, шундай хабарлар тарқатишса керак. Лекин, агар ростдан тўйим бўлса, албатта буни ҳамма билади!

Саида Вахобова

 

"Тасвир" газетасида чоп этилган

foto (13)