FATTOHHON.COM
« Все новостиРайҳоннинг “Истиқлол” санъат саройида 19 февралдан 23 февралгача бўлиб ўтаётган концерт дастурининг ҳар бир куни ўзига хос ва қизиқарли бўлиб, ҳар бир кун такрорланмас таассуротларни туҳфа этмоқда!
Концертнинг илк дақиқалариданоқ, концертдаги ҳар бир қўшиқ, рақслар, саҳна кўринишларигача қанчалик катта меҳнат сарфлаганлиги, ҳамда Райҳон томошабинлар, мухлислари учун бутун борлиғи билан астойдил ҳаракат қилганлиги сезилиб турибди!
У ҳар бир қўшиғини ўзгача меҳр билан куйламоқда!
Ҳар битта рақс, ўзгача шижоат билан!
Концертнинг илк лаҳзалариданоқ, қоронғу тун ортидан ёруғ тонг отишига ишора мисол, порлаб саҳнага чиқиб келган Райҳон олқишлар остида илк қўшиқни куйлади! “Парвоз этай”! Экранда унинг ортида намоён бўлган “икки нурли қанот” билан у чиндан ҳам парвоз қилмоқчидек таассурот уйғотарди!
Қўшиқдан сўнг, Райҳон қўлини кўксига қўйиб: - Ассалому алайкум, менинг азизларим, келганингиз учун миннатдорчилик билдираман! Бугун менинг ўн бешинчи концертим ва сизлар билан кўп йиллардан бери биргалигимдан жуда ҳам бахтлиман! Сизлар дунёдаги энг зўр, энг меҳрибон ва оқкўнгил менинг севимли қадрдонларимсизлар! Бугун менга сизнинг қўллаб-қувватлашингиз жуда ҳам муҳим! Хуш келибсиз!-деб таъзим қилганча концертни давом эттирди!
Концерт давомида 6 хил либосда намоён бўлган Райҳоннинг ҳар битта либоси, концертнинг ўша блогига мос бўлиб, ҳар битта блок гўёки бир мини фильм, саҳна асари каби ўзига хос бўлди!
Илк блокда томошабинлар Испания нафасини ҳис қилишган бўлса ажаб эмас. Сокин қўшиқлардан жўшқин рақсларгача, айниқса, “коррида” эслатган рақс жуда ажойиб бўлди! “Мен кимман? Ким айтар?” шиддатли қўшиғи рақсга чорлаган бўлса, янги “Кўзлари қорам қаердасан?” номли сокин тарона юракларни йиғлатди!
Иккинчи блокда, “тақдир чархпалаги” ни акс эттириб, севимли қўшиқлари билан вақтни ортга қайтарган Райҳон ёрқин сариқ рангли нозик замонавий либосда бир зум томошабинларга сокинлик ва хушлаҳзаларни тақдим этгандек бўлди!
“Буюрмади бахт”, “Журавли”, “Бахтли бўламан” қўшиқларини томошабинлар ҳам бирга куйлашди!
Учинчи блок миллий йўналишда бўлиб, тиллақоши ўзига ярашган Райҳон миллий йўналишдаги қўшиқлардан тортиб рақсларгача ижро қилди.
Айниқса, Равшан Намозов билан бирга куйланган “Ёр-ёр” кўнгилларни титратди!
“Дема-дема” қўшиғини куйлаганида дуэтдоши Зиёда чиқиб унга жўр бўлдию,
сўнг “Том бошида тоғора”ни куйлаб кетди!
“Дилимо” қўшиғидан сўнг,
кутилмаганда Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонованинг “Ҳай-ҳай” қўшиғи мусиқаси янграганида ҳамма дуэт кутган эди,
аммо Райҳон бу қўшиққа нафис ҳаракатлар билан ажойиб миллий рақсни ижро қилди! Райҳон видеоинтервьюда маълум қилишича, бу рақс Зарина Аҳмедова томонидан саҳналаштирилган.
Сўнг, Райҳон 6 Давлат Халқ артисти Фаррух Зокиров билан бирга “Бака-банг”ни куйлади!
Кейинги тўртинчи блокда Райҳон “Минг бир кеча” оламига саёҳатни амалга оширгандек бўлди! Бекатлар эса: Миср, Ҳиндистон, Таиланд... “Мени изла”, “Хаёлимдасан”, “Сени”...
Бешинчи блок томошабинларни янада ҳайратга солди! Цирк ҳаёти акс этган бу блокда “Фокус-мокус” билан “решетка” ичида пайдо бўлган Райҳон “Айланиб” қўшиғини қўлида кабутар билан куйлади! Янги сокин тарона “Юрак” чиндан ҳам юракларга етиб боргани шубҳасиз... Соябон тутганча “Ёмғир”, сўнг шўх тарона “Вой, ажабо” қўшиқлари янгради!
Концертнинг сўнги блоги ўта замонавий бўлиб, янада кўтаринки руҳият бағишлади!
“Олиб кет” қўшиғи ва унга саҳналаштирилган жўшқин рақсдан сўнг, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов билан дуэтлар попуррилари янгради! Жаҳонгир Позилжоновнинг Райҳон ҳақидаги самимий сўзлари ҳам ажойиб бўлди!
“Ҳамма жам” қўшиғи жаранги остида Райҳон томошабинлар билан келгуси янги концерт дастурларигача хайрлашар экан, яна бир бор мухлисларига миннатдорчилик билдирди!
Унинг кўплаб янгиликларни ўзида жамлаган бу ажойиб Шоу концерти, концертга келиб, якунига қадар уни олқишлаган барча томошабинларда катта таассурот қолдирганлиги шубҳасиз!
КОНЦЕРТДАН СЎНГ, РАЙҲОН БИЛАН ЭКСКЛЮЗИВ СУҲБАТ ВИДЕОДА!
YOUTUBE.COM даги РАСМИЙ FATTOHHON.COM КАНАЛИДА!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Достон Махмадиевга
миннатдорчилик билдирамиз