FATTOHHON.COM
« Все новостиСтилист – сартарош (парикмахер) деганда, кўз олдингизга гўзаллик яратувчиси бўлган касб эгаси келиши шубҳасиз. Ана шундай энг керакли касб эгаларидан бири Бек Абду тахаллуси билан фаолият олиб борадиган мутахассис Бехзод Абдураимов.
- Касбингизни қандай таърифлайсиз?
- Биласизми, бу гўзалликни севадиган инсонлар касби! Бу касбни танлашимга сабаб, унга меҳрим тушган. Болалигимда мактабда, коллежда ўқиётган вақтларимда, хаёлан синфдошларимни, курсдошларимни ўзгартириш ҳақида ўйлаб, бу хаёлларимни амалга оширганман ҳам. Шу туртки бўлиб, бу касбга нисбатан қизиқишим бошланган! Шогирдликка тушганман, ўрганиб, ўз устимда ишлай бошлаганман. Ўзи асл соҳам заргарлик! 4-разряд заргарман! У ҳам гўзаллик яратадиган касб! Қолаверса, ўзим Тошкент Давлат Тўқимачилик ва енгил саноат институтини битирганман. Лекин, барибир стилист-сартарошликка бўлган қизиқишим барчасидан устун келган!
- Бу касбни танлаганингиздан ҳеч афсусланган вақтингиз бўлганми?
- Йўқ, ҳеч қачон афсусланмаганман! 2000 йилдан буён шу касбдаман!
- Шоу бизнес оламидан асосан кимлар билан ҳамкорликда ишлагансиз?
- Жуда кўпчилик! (кулади) Бизни шоу бизнес оламидагилар шундайки, келиб кетишади, ташқи кўринишларини ўзгартиришади, баъзида стилистни ҳам ўзгартиришади. Чунки, баъзида вақт тўғри келмай қолиши мумкин, мен хорижда бўлган вақтим, албатта бошқа стилистга мурожаат қилишлари табиий ҳол. Чунки, касбим юзасидан Хорижда кўп бўламан. Мижозлар одатда йўғингизда бошқа стилистга мурожаат қилгач, кейинги сафар яна сизга келишади. Бу одатий ҳол. Жуда кўп хонандалар, актрисалар мурожаат қилишади, номма – ном санаб чиқа олмайман тўғриси. Олдин Юлдуз опа ҳам келганлар. Кейин Манзура, Гулбаҳор опа Эрқулова, актриса Наргиза Салмонова, яна жуда кўп актрисалар билан ҳамкорликда ишлаганмиз, ишлаяпмиз.
- Ўз касбимда янгилик қила олдим, деб айта оласизми?
- Ҳа, айта оламан! Доим изланишдаман ва ҳамиша янгилик қилишга тайёрман!
- Кўп хорижий сафарларда бўласиз. Хорижий стилистларни бизнинг ўзбек стилистларидан фарқи нимада?
- Хорижий сафарларида асосан иш юзасидан бўламан! Семинарлар, тажриба алмашиш юзасидан кўпгина давлатларда бўлганман. У ердан ҳам ўз соҳангиз бўйича қандайдир бир янгилик олиб келасиз. Цюрихда, Колористлар Семинарида бўлганимда, Италиялик колорист Жовани касбимиз ҳақида бежизга “Биз гўзаллик элчиларимиз”, деб чиройли таъриф бермаган. Халқаро фестиваллар, семинарлар бўлганда, бутун дунёдан ўз касбининг усталари, стилистлар келганда биз ўзаро фикр алмашамиз! Бир-биримиз билан янгиликларимизни бўлишамиз! Ҳозир бир нарсадан хурсанд бўламанки, бизнинг ўзбек стилистлари анча олдинда! Ўша семинарларда стилистлар йиғилганда, ўзаро баҳс олиб борганингизда бунга амин бўласиз! Чунки, бизнинг ўзбек стилистлар ўз устида ишлашни билади! Масалан, Италияликларни олсак, улар ҳам ўз устида ишлайди, аммо битта йўналишни танлаб, фақат ўша йўналиш бўйича ишлайди. Бизникилар эса, ҳар хил йўналишларда баравар изланишдалар! Яъни, Универсал! Масалан, Италияда дейлик, бир стилистга борсангиз, фақат соч кесади холос! Соч рангини ўзгартириш учун бутунлай бошқа стилистга мурожааат қилишингиз керак! Яъни, бир стилист фақат битта йўналишнигина танлаб олиб, фақат ўша билан шуғулланаверади! Бизда эса, ундай эмас, бир стилистга борсангиз, сизни бир неча ҳоҳишингизни амалга ошириши мумкин, яъни сочингизни битта стилистнинг ўзи кесиб, рангини ўзгартириб бўятиб, сочингизни бирор фасонда турмаклаб, имиж ҳам танлаб бериши мумкин! Бемалол бирор байрам оқшомига ҳам тайёрлайди. Мана шу универсаллик тарафлама, ютуқ бизда! Шу тарафлама ўзимизнинг ўзбек стилистлари билан фахрланаман!
- Хорижлик мижозлар билан бу ердаги мижозларни ҳеч солиштириб кўрганмисиз?
- Европанинг кўплаб давлатларида, масалан, Швецарияда, унинг кўплаб шаҳарларида бўлдим, яъни, Цюрих, Женева, Берн, Люцерн; Франциянинг бир нечта шаҳарларида яъни, Бордо, Тулуза, Париж; Уларнинг ҳаммасида семинарларда иштирок этганман! Прагада ҳам Колористик стилистлар йиғилишида иштирок этдим. 2016 йил Миланга борганман. Туркияга борганимда Анталияда “Color Touch”нинг тақдимотида иштирок этдим. Қозоғистонда, Бокуда бўлиб ўтган “Fashion Week” да иштирок этдик. Хориж сафарларига асосан, ўз ишим юзасидан бораман. Ўзаро фикр алмашиб, у ердан касбимиз учун нимадир олиб келамиз, улар ҳам Ўзбекистонда нималар урф эканлигига, стилистлардан мижозлар нималар сўрашларига қизиқишади. Ўзбекистонни биладиганлар, дарров Самарқанд, Бухоро, дейишади. Ўзимизнинг қадимий либослар, соч турмаклари ҳақида гаплашамиз. Умуман олганда 50 та давлатда бўлганман! Энди у ерлик мижозлар билан ўзимизнинг мижозларга келсак, кўп бора солиштирганман, ҳаттоки, бу борада баҳслашганман ҳам! Биз Милан EXPO да иштирок этган эдик, Германиялик катта колорист ҳамма ўз сўзи билан чиққан эди. Биз ўзбеклар содда, камтар халқмиз, уларга “сизларга мана бу нарсаларни олиб келдик, сизлардан мана бу нарсаларни оляпмиз” деб гапирдим. Кейин ўша немис колорист чиқиб, “бутун дунё “тёмный” яъни, тўқ қора сочни сариқ бўлмасдан, “светлый” соч қилиш бўйича, мени формуламдан фойдалана олади!”, деди. Мен бу фикрга қарши чиқдим ва “бизни ўзбек аёл-қизларимизнинг сочининг рангини ўзгартиришда, сизнинг формулангизни қўллаб бўлмайди!” деб, баҳслашдим! Мен тўғри гапираётган эдим ва бу ҳақиқат эди! Чунки, уларнинг соч структураси билан бизники бир-биридан кескин фарқ қилади! Шунда фақат Италияликлар мени фикримга қўшилишди! Чунки, уларнинг соч структураси ҳам бизникига яқинроқ! Уларнинг қуёши, иқлими, бизникига яқин. Мана шундай жараёнлар қизиқарли кечади.
- Нима деб ўйлайсиз, стилистлик билан сартарошлик (парикмахер) ҳар доим ёнма-ён бўлиши керакми?
- Ёнма-ён бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки, стилист (парикмахер) яратган гўзаллиги умумий планда гўзал кўриниши учун, сиз уни ҳам тушунишингиз керак! Мижозлар ҳам ҳар хил бўлади. Баъзан келиб маслаҳат сўрашади. Маслаҳат бериш учун эса, сиз буни тушунишингиз керак! Шунинг учун ҳам, бу иккиси ёнма-ён бўлиши керак.
- Ҳеч нарсага кўнмаган, бир неча марталаб сочини қилдириб, буздирган мижоз ҳам бўлганми? Очиқ айта оласизми?
- (кулади) Бўлган! Бир марта тавсия билан бир мижоз келган! Жуда асабийлашган, ҳеч нарса ёқмаётганлиги шундоқ кўриниб турган эди! Хушмуомалада бўлганман, лекин 3 марта сочини буздириб қайта-қайта қилдирган! Охиригача кўниб, айтганларини ўзи айтганидек қилиб, сабр билан амалга оширганман! Лекин, охири ўзи айтгани ҳам ўзига ёқмаса-да! Билмадим, балки нима ҳоҳлаётганини ўзи билмагандир? Шунда ҳам, яхши муомала билан “ёқмаган бўлса, майли, ювамиз” деб, ёрдамчимга бошини ювдирганман ва сочини яна ўша келган вақтидагидек қилиб қуритиб қўйгач, “узр, мен сиз билан ишлай олмас эканман” деб, узр сўраб, ҳақ олмай ишни тўхтатганман. Албатта, мижоз хурсанд бўлмаган, лекин ўз хатосини тушунган ва ўша келган ҳолатдаги табиий гўзаллиги билан кетган. Лекин, кимлигини айта олмайман, бу сир! Аммо, ҳар доим қилган ишим ёқиб, раҳмат, айтиб кетишади.Юқоридаги ҳолат тажрибамда фақат бир марта, лекин ўзиям эсда қоларли бўлган. (кулади)
- Пластик операцияга муносабатингиз? Неччи ёшдан пластик операцияни амалга ошириш мумкин, деб ўйлайсиз?
- Ҳозирда бизда буни кўп қилишяпти. Жуда ҳам урф бўлиб кетди. Пластик операция қилиши керак бўлган инсонлар бор, керакмас бўлган инсонлар бор. Керакмас бўлган инсонлар пластик операция қилдирса, хафа бўлишмасину, мен буни касаллик, деб ўйлайман. Чунки, ҳар сафар пластик операция қилдирганда, яна қаеримнидир пластик операция қилдиришим керак, деган фикр келаверади. Пластик операцияни менимча, ҳамма ҳам қилдириши шарт эмас, деб ўйлайман. Пластик операция аслида нотўғри ҳолатни тўғрилаш учун! Лекин, ҳозирда кўплаб нормал инсонлар ҳам пластик операция қилдиришмоқда. Косметологга бориб, “нитка” қўйдириш, “гель” урдириш ҳам “пластик процедура”га киради. Бу каби ишларни қизлар 20 ёшдан бошлаб қилишмоқда! Бу жуда нотўғри иш, чунки ўйлаб қаралса, агар ҳозирдан шу ёшдан бу ишни амалга оширса, 10 йилдан кейин нима бўлади? Агар юзда мимик ажинлар пайдо бўлса, 35 ёшдан кейин бу ишларни амалга оширса бўлади. Чунки, уни “ушлаб” ҳам туриш керак, яъни йилда бир марта қилдириб туриш, ҳар 2-3 йилда коррекция қилдириш керак. Юз териси эластик бўлса, у “гель” кетгандан кейин нима бўлади? Қолаверса, уни асорати ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, аёлларимизга имкон қадар табиий воситалардан фойдаланишни тавсия қилган бўлардим.
Саида Вахобова