FATTOHHON.COM
« Все новости
15-16 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида хонанда Сардор Мамадалиев ўзининг янги яккахон концерт дастурини ўтказди. Дастурни Ўткир Сиддиқов олиб борди. Концерт режиссёри Фарҳод Бадалов Концерт ташкилотчиси “Мўъжиза медиа” компанияси, продюсер Даврон Соипов. Сардор Мамадалиев концертни “Сени бугун кўрмасам бўлмас” қўшиғи билан бошлади. Мухлислар олқишни бошлаб юборишди. Навбатдаги қўшиқ “Қоши қаролар” ҳам, тингловчиларга манзур бўлди. Қўшиқдан сўнг, хонанда томошабинлар билан саломлашгач, эски репертуаридан ҳам қўшиқлар ижро қилишини сўрашганини айтиб, “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” қўшиғи билан концертни давом эттирди. “Шойи рўмол ярашади бошингизга”, “Кечирмайман сени”, “Рақамлар бир куни жам бўлди” қўшиқлари ҳам томошабинлар олқишига сабаб бўлди. Сўнг хонанда, “бу укамизнинг исмлари Шоҳжаҳон, эшитиб кўриб, санъатига баҳо берасизлар” дея, бир кичик ёшли истеъдодли болачани оммага таништириб, унга қўшиқ куйлаш имкониятини берди. Шундан сўнг, концертнинг 2 блокида хонанда “Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар” қўшиғини куйлагач, талабларга биноан яна “Қоши қаролар” қўшиғини куйлади! Сўнг, хонанда олди қаторда бир жойда ўтирганлардан “шу жойда ота-онам ўтиришларини ҳоҳлагандим, узр, хафа бўлмайсизлар” дея, унинг ота-онаси билан жой алмашишларини илтимос қилди. Шундан кейин “Дунё” қўшиғини куйлади. Навбатдаги қўшиқ “Хоразм лазгиси” ҳақида бўлди! Шўх қўшиқдан сўнг, хонанда “нафақат ўзбек санъатидан, балки жаҳон санъатидан ҳам устозларни эслаб ўтамиз” дея, устоз санъаткорлар қўшиқларидан бир куплетдан куйлади. Жумладан, Владимир Висоцкий, Ботир Зокиров, Охунжон Мадалиевларнинг қўшиқларидан куйлаб, мухлислар ҳадя қилган гулларни “бу гуллар меники эмас, устозларимники” дея, гулларни саҳна тўрига, мониторда тасвири кўрсатилган устозлари пойига қўйди. Бундан сўнг, акаси Авазбек Мамадалиев билан Охунжон Мадалиевнинг “Сени излаб Насибам” қўшиғини куйлашди. Шу вақтда томошабинлар қаторида ўтирган санъаткор Отабек Муҳаммад Зоҳидга кўзи тушган Сардор Мамадалиев, Отабек Муҳаммад Зоҳидни даврада ўтирганлигини эълон қилиб, унга мурожаат қилиб, “Охунжон Мадалиевни устоз, деб билишингизни биламиз. Шунинг учун биргаликда айтсак” деб, қўшиқни биргаликда куйлашни таклиф этди. Сўнг, Отабек Муҳаммад Зоҳид, Сардор Мамадалиев ва акаси Авазбек Мамадалиев қўшиқни биргаликда куйлашди! Қўшиқ якунида хонанда “Охунжон Мадалиевга оилавий мухлисмиз, охиратлари обод бўлсин!” дея, айтиб ўтди. “Онанг қарияпти”, қўшиғини ижро қилгач, хонанда онасига катта гулдаста ҳадя этди. Сўнг, “Ватан” қўшиғини ижро қилди ва мухлисларидан гулдасталарни қабул қилиб олди. Бундан сўнг, актриса Ҳалима Ибрагимова ўзининг янги “Бўғирсоқ” гуруҳи билан, хонанданинг “Қоши қаролар” қўшиғини ўз талқинида куйлаб чиқди! Ҳалима Ибрагимованинг бу янги “қўшиғини” ва айниқса, “Фақат озғин қизларни эмас, дўмбоқ қизларнинг ҳам қоши қаро!” сўзларини томошабинлар роса олқишлашди! 3 блокни Сардор Мамадалиев тожик тилидаги қўшиқ билан бошлади. Сўнг, “Ўйнанг бугун азизлар!”, “Бугун сендек дўстим йўқ”, “Нима бўлса бўлар?”, “Вафоли бир ёр керак менга”, “Бир йигитлар” қўшиқларини куйлади. Тўртинчи блок олдидан навбат тақлидчилар гуруҳига берилди ва улар Ғиёс Бойтоев, Ўткир Сиддиқов, Озодбек Назарбеков, Эркин Комилов, Мирзабек Холмедовларнинг овозини ўхшатишга ҳаракат қилишди. Шундан сўнг, 4 блокни Сардор Мамадалиев “Гўзалларим гўзал алдайсиз” қўшиғи билан бошлади. “Ажралишдик” таронаси эса, чексиз олқишларга сабаб бўлди! Сўнг, марҳум устоз санъаткор Охунжон Мамадалиевнинг “Кўнглимда бир ёр” қўшиғини ўз талқинида куйлади ва шу қўшиқ билан концерт дастурини якунлади. Концертда “Тошкент зеболари”, “Паризод” ва “Наврўз” рақс гуруҳлари иштирок этишди. Концерт давомида хонанда ўзи ҳам томошабинлар билан самимий мулоқотда бўлди ва концерт давомида бир неча қўшиқларни жонли ижрода куйлади. Бошқа концертлардан фарқли равишда, “Ватан” ҳақидаги қўшиқни хонанда концерт ўртасида куйлади. Концерт кўтаринки руҳда ва файзли ўтди. Феруза Фаттохова