FATTOHHON.COM

« Все новости

БАДИИЙ КЕНГАШНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ! КЛИПЛАР РАД ЭТИЛГАНЛИГИНИНГ САБАБИ... 24.06.2018 09:14

1

Жорий йилнинг 21 июнь куни “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. "Ўзбекконцерт" ДМ Матбуот хизмати маълумотига кўра, Кенгашда 7 нафар хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди.

Хонанда Азиз Раметов ижро этган “Derin Denis” деб (Турк тилида) номланган қўшиғи хусусида Кенгаш аъзолари ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, ушбу қўшиқнинг мусиқаси атрофлича муҳокама этилиб, Азиз Раметов айнан уни турк тилида ижро этганлиги, қўшиқнинг муаллифидан розилик олиш шартлиги уқтирилди. Унга ишланган видеоклипдаги тасвирларда миллий менталитетимизга мос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлар, беўхшов ва бехаё қилиқлар, маънавиятимизга зид ҳолатларнинг тасвири, оммавий маданият тарғиботининг кучлилиги, ёшларнинг онгини заҳарловчи ғоялар илгари сурилгани боис, бир овоздан ушбу клип рад этилди. Хонанда Азиз Раметовга ушбу қўшиқ учун муаллифдан рухсат ва қайтадан клип олиш тавсия этилди.

Хонанда Ҳусан Тожимирзаев ижро этган “Лайли” қўшиғига ишланган видеоклип бошланишида, диалогида сўзларнинг ножоиз ишлатилгани айтиб ўтилди ва кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, Кенгашга қайта тақдим этилиши таъкидланди.

Хонанда Худоёр Алимов томонидан “Ишқ” деб номланган видеоклипнинг шеър матни, ижроси ва мусиқаси жиҳатидан талабга жавоб бериши, клипда бадиий яхлитлик ўз ифодасини топганлиги боис эфирга узатишга тавсия берилди.

Хонанда Сабина Маматқулова ижро этган “Орзу” қўшиқ матни шеърият талабларига мутлақо жавоб бермаслиги, “жоду” сўзига “орзу” сўзининг қофиядош қилиб такрор ва такрор қайтариқ тарзида куйлангани, клип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги туфайли, бу видеоклип ҳам Кенгаш аъзолари томонидан рад этилди.

Хонанда Аброр Азизов куйлаган “Дўст” қўшиғига ишланган видеоклипдаги тасвирлар ниҳоятда ғализ ва беўхшов, қўшиқ матнига тасвир воситаларининг зидлиги, қолаверса, клипдаги диалоглар бачкана сўзлар иборатлиги боис, рад этилди.

Хонанда Навруз Собиров ижро этган “Ботти-ботти” кўшиғи матни жиҳатидан жуда ғариб ва саёзлиги, қўшиқда ғарбга тақлид кучли эканлиги, миллийликдан узоқ, қадриятларимизга мутлақо зид тасвирлар мавжудлиги эътироф этилиб, ушбу видеоклип ҳам рад этилди.

Шу ўринда, Кенгаш аъзолари томонидан Муассаса масъулларига клипмейкерлар фаолиятини танқидий ўрганиб, тегишли идоралар билан қайта кўриб чиқиш, клипмейкерлар томонидан хонандаларга қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплардаги қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий даражасига алоҳида эътибор қаратишини, шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган ҳатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда, маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи ҳолатларнинг олдини олишга эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.