FATTOHHON.COM
« Все новости
26 ноябрь куни “Premier hall cinema” кинотеатрида Режиссер Зебо Наврўзованинг «Шоқол» фильми ёпиқ премьераси бўлиб ўтди.
Саҳнада Зебо Наврўзовани ўғли Шохруххон бошчилигида «Бўрилар» фильми қаҳрамонлари самимий табриклашди.
Режиссёр ва фильм ижодкорлари, фильм ҳақидаги ўз фикрларини билдириб ўтишгач, фильм намойиши бошланди.
Бош ролда Муҳаммадали Наврўзов, Ролларда: Азиз Латипов, Раьно Зокирова, Санжай ва бошқалар...
Фильмда долзарб мавзулардан бири кўтарилган бўлиб, дастлабки эпизодларда, ҳозирги айрим тўқликка шўхлик қиладиган ёшларнинг юзига кўзгу тутилган, дейиш мумкин.
Бўш вақтини бекорчилик, кўнгилхушликка сарфлаб, жиноят қилишгача етиб борган ёшлар, уларнинг характери, бунда ота-онанинг айби очиқ тасвирланган.
Енгилтак қизлар, очиқ кадрлар ҳамда, ота-она пулини совуриб, нотўғри йўлларга қадам қўйган ҳолда жиноятгача етиб бораётган айрим масъулиятсиз ёшлар қиефаси орқали, бу каби ҳолатлар, жамият ҳаетига қанчалик хавф солиши мумкинлиги, очиқ кўрсатиб берилган.
Бош қаҳрамоннинг фильмдаги дастлабки ишларини кўриб, йигит кишининг тарбияси бир издан чиқмасин, агар издан чиқса, яна йўлга солиш қийин бўлар экан, деган фикр хаёлга келади.
Шунингдек, бир-бирини ёмон йўлга бошлаган айрим ёшлар, кези келганда ўзи жиноятга тортган бўлса ҳам, ўз дўстига ҳаттоки ёрдам кўрсатмаслиги, таъсирли кадрлар орқали бериб ўтилган. Айниқса, кайфда бир қизнинг умрига зомин бўлган йигитни ўз қилмиши учун жазо муқаррар эканлигини билган ҳолатда, ёрдам сўраб дўстларига ялиниб-ёлворишлари, унга нисбатан ачиниш эмас, ҳаққоний нафрат ҳиссини ўйғотади. Бош каҳрамон йигит эса, дўстининг ҳолатига бепарво қараш орқали, ҳар бир инсон ўз қилган ишига ўзи жавоб бериши кераклигини англатади.
Аммо, кутилмаганда фильм сюжети бутунлай ўзгариб, боягина бебош ва бепарво бош қаҳрамон кутилмаганда бутунлай ўзгаради. Фильм финалини кўриб эса, инсон ўз хатоларини тан олиши ҳам мардлик, деган хулосага келиш мумкин.
Бош қаҳрамон бу оламда инсон бўлиб яшашни танлайдими ёки, шоқол бўлибми?
Бу саволга албатта, фильмни кўриб жавоб топасиз...
«Шоқол» фильми режиссер Зебо Наврўзова ижодида кескин бурилиш ясаган, дейиш мумкин! Фильм евроуслубда, экшн жанрида суратга олинган. Аммо, қаҳрамонлар фақат муштлашадиган жангарилар эмас, уларнинг ҳам ўз дарди, ўз ҳаёт ҳақиқати бор! Инсон бойлик учун ҳаттоки, ўз яқинларига ҳам сотқинлик қилиши, бебош йигитни тақдирнинг бешавқат синовида тобланиши таъсирли акс этган!
«Шоқол» фильми дастлабки эпизодлариданоқ томошабинларни экранга михлаб қўя олди!
То фильм якунига қадар, «фильм якуни қандай бўлар экан?» деган савол бир зум ҳам тинч қўймади... Бу албатта, режиссёрнинг ютуғи!
Актёр Муҳаммадали Наврўзовнинг актёрлик маҳорати ошганлигини, айниқса, унинг дардли монологлари вақтида аниқ сезиш мумкин. Дастлаб ҳаттоки ўз онасига ҳам ҳурматсизлик қилиб, нафратланса арзийдиган қаҳрамон йигит, фильм якунига келиб томошабинларда ўзига нисбатан ачиниш, дард ва ҳаттоки инсон сифатида ҳурмат уйғота олди! Бу эса, актёрнинг муваффақияти, албатта!
Фильмда Саньаткор Санжай (Санжар ДЖавбердиев)ни ҳам салбий қаҳрамон сифатида кўриш мумкин, роль жуда ишонарли ижро килинган.
Фильм ёшларни ўз вақтларини енгил-елпи кайф-сафога бекор сарф қилмай, билим олиш, жамиятга керакли инсон бўлиш, бировни бекорга дилини оғритмаслик, ҳамда ҳушёрликка ундайди! Баьзида, ҳар қандай вазият кутилмаган тарафга ўзгариши мумкинлиги, ҳаттоки энг яқин инсонинг ҳам сенга хоинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Ҳаётнинг кутилмаган синовларини енгиш учун эса, инсон билимли ва кучли бўлиши зарурлиги, ҳар қандай жиноят албатта жазосиз қолмаслиги таькидланади!
Фильмни битта гап билан «Ҳар қандай инсонни ҳақиқатдан ҳам ҳаёт тарбиялайди, вазият ўзгартиради!» деб, таьрифлаш мумкин!
Фильмнинг ютуқлари олдида, камчиликлари ҳам сезилмай кетгандек...
Иш бор жойда, камчилик ҳам бўлишини ҳисобга олсак, масалан, фильмдаги она ва буви образлари бироз тугалланмай қолгандек, чунки фильм якунига қадар улардан ҳам қандайдир бир ҳаракат кутилди, лекин... балки бу фильмнинг давоми бордир, ёки уларнинг образлари вақт масаласи туфайли бироз қисқартирилгандир... Шунингдек, фильм давомида қотилликлар ҳам бироз кўпайиб кетгандек...
Аммо, «Шоқол» фильмини кўришни тавсия қиламиз. Шунда балки, эртанги кунни ўйламай, енгил ҳаётга берилган айрим масъулиятсиз ёшларга, қаҳрамон йигит бошига тушган синовлар ибрат бўлса, ҳеч гап эмас...
Фильм ижодкорларига омад!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова