FATTOHHON.COM

« Все новости

АЁЛЛАР ЎРТАСИДА FIDE ХАЛҚАРО ШАХМАТ ФЕДЕРАЦИЯСИ ГРАН-ПРИСИ ОЛДИДАН!  14.09.2013 13:50

foto(2)_258.jpg

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида, шу йилнинг 18-30 сентябрь кунлари аёллар ўртасида FIDE Халқаро шахмат федерацияси гран-приси бўлиб ўтади. Унда жахоннинг 12 нафар энг кучли гроссмейстерлари иштирок этади. Ташкилотчилар: FIDE, Фонд Форум ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси.

FIDE гран-приси Ўзбекистонда илк бора 2012 йилнинг 21 ноябридан 4 декабрига қадар ўтказилган эди ва у эркаклар ўртасида 2012-2014 йиллардаги FIDE гран-присининг иккинчи босқичи бўлган. Гран-прининг ёпилиш маросимида FIDE президенти Кирсан Илюмжанов FIDEнинг Фонд Форум ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан 2013 йилги ҳамкорлик режасини эълон қилган эди.

МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

Бу ҳамкорлик доирасидаги энг муҳим воқеа, аёллар ўртасида FIDE гран-приси учинчи босқичининг Тошкентда ўтказилиши бўлди.

Аёллар ўртасида 2013-2014 йилларда ўтказиладиган FIDE гран-при Халқаро шахмат турнирлари аёллар ўртасида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритиш учун ўтказиладиган ўйинлар доирасига киради ва у олти босқичдан иборат:

1-босқич – Женева (Швейцария) 2013 йил 2-16 май;
2-босқич – Дилижон (Арманистон) 2013 йил 15-29 июнь;
3-босқич – Тошкент (Ўзбекистон) 2013 йил 17-30 сентябр;
4-босқич – Ханти-Мансийск (Россия) 2014 йил 2-16 май;
5-босқич – Тбилиси (Грузия) 2014 йил 18 июнь - 2 июль;
6-босқич – Эрденет (Мўғилистон) 2014 йил 24 август - 7 сентябрь

2014 йил охирига келиб, гран-при мусобақаларининг барча босқичлари натижаларига кўра ғолиб бўлган шахматчи 2015 йилда аёллар ўртасида жаҳон чемпиони унвони учун амалдаги жаҳон чемпиони билан ўнта партиядан иборат ўйин ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар гран-при мусобақаларида амалдаги жаҳон чемпиони ғолибликни қўлга киритса, у ҳолда бу ҳуқуқ гран-при мусобақаларининг барча бочқичлари натижаларига кўра иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчига берилади.

FIDE Гран-присининг Тошкентда ўтказиладиган учинчи босқичи иштирокчилари:

  1. IM Бела Хотенашвили, 2514 - Грузия
  2. GM Хампи Конеру, 2607 - Ҳиндистон
  3. WGM Цзю Венцзюн, 2535 - Хитой
  4. GM Екатерина Ланго, 2532 - Украина
  5. GM Антоанета Стефанова, 2496 - Болгария
  6. GM Виктория Чмилите, 2505 - Литва
  7. GM Харика Дроновалли, 2475 - Ҳиндистон
  8. GM Александра Костенюк, 2495 - Россия
  9. WGM Ольга Гиря, 2439 - Россия
  10. GM Элина Даниэлян, 2470 - Арманистон
  11. GM Чжао Сюз, 2579 - Хитой
  12. WGM Нафиса Мўминова, 2293 - Ўзбекистон

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи халқаро гроссместр Нафиса Мўминова беллашувларга Тошкент босқичидан қатнашишни бошлайди.

5_14.jpg

Турнирнинг мукофот жамғармаси 60 минг еврони ташкил этади, 1-ўрин учун 10 минг евро берилади. Нечанчи ўринни эгаллаганига қараб, иштирокчилар очколарни ҳам қўлга киритишади (масалан, 1-ўрин соҳиби 120 очко ва 40 бонус очко). Гран-при мусобақаларида ҳар бир иштирокчи 4 та босқичда иштирок этиши мумкин ва бу босқичлар натижаларига кўра иштирокчилар томонидан йиғилган очколар ҳисоблаб чиқилади. Тўрт босқич натижаларига кўра энг кўп очколарни қўлга киритган шахматчи аёллар ўртасида жаҳон чемпионлиги унвони учун амалдаги жаҳон чемпиони билан ўнта партиядан иборат ўйин ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Гран-при доирасида Ўзбекистоннинг энг кучли ёш шахматчилари ва юқорида номлари зикр этилган халқаро даражадаги гроссместерлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади. FIDE Гран-приси Тошкентда жонли эфирда намойиш этилади.

foto_1685.jpg

Дунёга машҳур шахмат юлдузлари – амалдаги жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) ва шахмат бўйича дунёнинг 17-чемпиони Рустам Қосимжонов (Ўзбекистон) ўртасида 2011 йилнинг март ойида Тошкентда ўтказилган ўртоқлик учрашувининг юқори даражада ташкил этилгани Ўзбекистонда илк бор FIDE Гран-присининг ўтказилишига имкон берди. Айнан ўшанда Халқаро шахмат федерацияси призиденти Кирсан Илюмжинов чемпионлар матчини кузатиш учун юртимизга ташриф буюрган ва Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова билан биргаликда 2012 йилда FIDE Гран-при Ўзбекистон пойтахтида ўтказилишини эълон қилишганди.

Фонд Форум кўплаб спорт турлари, жумладан, шахматни ривожлантириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Фонд Форум томонидан Тошкент ва Самарқандда очилган Болалар ижодиёти марказларида шахмат тўгараклари ташкил этилиб, уларда болаларга бепул шахмат ўргатилмоқда. Марказлар ўртасида чемпионатлар уюштириб келинмоқда. Болалар Мустақиллик кунига бағишланган турнирлар, болалар ўртасида Тошкентда ўтказилган биринчилик, ёшлар ўртасидаги шаҳар чемпионатлари ҳамда ҳар кварталда спорт устаси нормаларини бажариш учун ўтказиладиган турнирларда қатнашиб келишмоқда.

Фонд Форум Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ҳамкорликда Халқаро шахмат турнири, Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган турнир, “Олтин куз” Болалар шахмат фестивали, Янги йил турнири каби бир қатор турнирларни ташкил этиб келмоқда. 2012 йилнинг май-июнь ойларида Фонд Форум ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатини ўтказишга ташкилотчилик қилишди. 2012 йилнинг 21 ноябридан 5 декабрига қадар Тошкентда эркаклар ўртасида FIDE Халқаро шахмат федерацияси Гран-при мусобақаларининг иккинчи босқичи ўтказилди.