FATTOHHON.COM
« Все новости
Art Week Style.Uz-2013 санъат ҳафталиги доирасида ўтказилган, ҳар йили мазкур ҳафталик аввалида юртимизда ўтказиладиган энг ёрқин тадбир III Олтин Гепард Халқаро Кинофоруми ҳам, ўз ниҳоясига етди. 19 октябрдан 24 октябргача, кино ихлосмандларини, кино танловлар, янги фильмлар премьералари, матбуот анжуманлари ва дунёнинг етук кино усталарининг маҳорат дарслари билан ижодий муҳитда бирлаштирган III Олтин Гепард Кинофорумининг ёпилиш маросими, Пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтди.
Иккинчи “Олтин Гепард” Тошкент кинофорумининг ёпилиш маросими, “Истиқлол” санъат саройининг кираверишидаги остонасидан то ичкари фойегача ёзилган анъанавий қизил поёндоз, унда ўзбек ҳамда хорижий киноматография усталарини, кино арбоблари, актёрлар, кинотанқидчилар, фахрли меҳмонларни кутиб олиш одати билан бошланди.
Маросимнинг фахрли хорижий меҳмонлари сафидан қуйидаги жой олган эдилар: асли келиб чиқиши Япониялик бўлган, Ҳолливуд актёри Кэри Хироюки Тагава, Россия Халқ артисти Юрий Антонов,
Эронлик кинорежиссёр, сценарист ва продюсер, ҳамда кўплаб нуфузли халқаро мукофотлар эгаси, жумладан “Олтин пальма навдаси”, “Кумуш шер” мукофотлари соҳиби Аббос Киаростами,
Чехиялик драматург Эмилия (Мира) Хавьярова, Россиялик режиссёр Владимир Хотиненко,
Қисқа метражли фильмлар бўйича ҳайъат раиси Розанн Коренберг, Россиялик телебошловчи Оксана Пушкина, Россиялик актёр Дмитрий Дюжев, Россиялик режиссёр Егор Кончаловский,
Германиялик актриса Франциска Петри, Тўлиқ метражли фильмлар бўйича ҳайъат раиси Хитойлик режиссёр, сценарист, актёр ва продюсер Чжань Юань, Анимацион фильмлар бўйича ҳайъат аъзоси Владлен Барбэ,
Франциялик актёр Фредерик Дифенталь,
III Олтин Гепард Халқаро Кинофоруми директори Акбар Ҳакимов, ҳамда
“Олтин гепард” Халқаро Кинофоруми Ташкилотчилик кенгаши Раиси Гулнора Каримова.
Ёпилиш маросимини телебошловчи журналист Нилуфар Сотиболдиева ва актёр Адиз Ражабов олиб бордилар.
Экранда, кинофорум танловига саралаб олинган анимацион, қисқа метражли ва тўлиқ метражли фильмлар билан яна бир бор томошабинларга таништириб ўтилди.
Номинациялар оралиғида, экранда актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров ижрочисида, ўша номинацияни эгаси ҳолатини ҳазиломуз тарзда акс эттирувчи видеоролик намойиш қилиб борилди.
Кинофорум номинациялари бўйича ғолиб ҳамда совриндорларни аниқлашда, биринчи бўлиб, “Энг яхши анимацион фильм” номинацияси аниқланди. Бунинг учун саҳнага Анимацион фильмлар бўйича ҳайъат аъзоси Владлен Барбэ ва Франциялик актёр Фредерик Дифенталь таклиф қилиндилар.
“Ота” анимацион фильми (Болгария, Хорватия, Германия) ғолиб, деб топилди. Мукофотни Германиялик режиссёр Маркус Цукер саҳнада қабул қилиб олди ва эгасига етказишга ваъда берди.
“Энг яхши қисқа метражли фильм” номинацияси ғолибини аниқлаш учун саҳнага, Қисқа метражли фильмлар танлови ҳайъати раиси Розанн Коренберг таклиф қилинди. Шунингдек, мазкур номинация бўйича ғолибни эълон қилиш учун саҳнага Эронлик кинорежиссёр, сценарист ва продюсер Аббос Киаростами, Чехиялик драматург Эмилия Хавьяровалар ҳам таклиф қилинди.
Швейцариялик режиссёр Талхон Хамзавининг “Парванэ” фильми “Энг яхши қисқа метражли фильм” деб топилди.
Шунингдек Ўзбекистонлик режиссёр Анвар Сафаевнинг “Ит” фильми ва Германиялик режиссёр Эльмар Иманов томонидан суратга олинган “Тобутсознинг арғимчоғи” фильмлари ҳам махсус мукофотга лойиқ, деб топилди.
Навбат “Энг яхши эркак роли учун” ва “Энг яхши аёл роли учун” номинацияларига етиб келди.
“Энг яхши эркак роли учун” номинациясида мукофотни топшириш учун, саҳнага Германиялик актриса Франциска Петри ва Франциялик режиссёр Марион Стэленс Бинош таклиф қилиндилар. Бу номинацияда, ўзбек актёри Бахтиёр Қосимов “Армонли дунё” фильмидаги роли учун ғолиб, деб топилди!
Бахтиёр Қосимов актёр: - Мазкур Кинофорумнинг Ҳайъат аъзоларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. “Армонли дунё” фильми режиссёри Собир ака Назармуҳамедовга ҳам, бу фильмни суратга олганликлари ва мени бош ролга тасдиқлаганликлари учун ташаккур! Мазкур Кинофорумнинг ташкилотчиларига эса, Ўзбекистон учун жуда зарур ва муҳим бўлган мазкур Кинофорумни ташкил қилганликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман! Барчага раҳмат, шу жумладан, оила аъзоларимга ҳам! Бу мукофот менга янада масъулият юклайди. Яна бир бор ташаккур!
“Энг яхши аёл роли учун” номинациясида ғолибни тақдирлаш учун саҳнага Россиялик актёр, режиссёр Владимир Хотиненко ва Россиялик актёр Дмитрий Дюжов таклиф қилиндилар.
“Энг яхши аёл роли учун” номинацияси ғолибаси Хитойлик актриса Нуомин Хуари бўлди. У ўзи режиссёрлик қилиб, бош ролни ижро этган “Ибодат” роли учун мазкур мукофотга лойиқ топилди. Актриса унга мукофот топширилганда, чексиз ҳаяжон билан барчага миннатдорчилик билдирди.
Кейинги номинация “Энг яхши режиссёрлик иши” бўйича ғолибни эълон қилиш учун саҳнага III Олтин Гепард Халқаро Кинофоруми директори Акбар Ҳакимов, режиссёр Қамара Камалова ва Россиялик режиссёр Сергей Соловьёв таклиф қилиндилар.
Мазкур номинациянинг ўзида, бош мукофотдан ташқари, ҳакамлар ҳайъати ташаббуси билан махсус мукофотлар ҳам эълон қилинди.
Булар:
“Инсоний тарихни файласуфона талқин қилиш” номинацияси бўйича, махсус мукофотига Россиялик киноижодкорларнинг “Кококо” фильми режиссёри Авдотья Смирнова муносиб кўрилди.
“Энг яхши ижодий импровизация ва киноматографик ечим учун” махсус мукофоти эса, Германиялик оператор Маркус Цукерга “Қалбимиздаги ғубор” фильми учун топширилди. Фильм режиссёри Анне Доозе.
Бундан ташқари, “Энг яхши дебют учун” мукофоти Швейцариялик режиссёр Жешуа Дрейфусга “Ҳеч нарса” фильми учун топширилди.
“Энг яхши режиссёрлик иши” бўйича ғолиб деб эса, “Лайло билан танишув” фильми учун Эронлик режиссёр Адель Яраги топилди! Унга мукофотни саҳнада, Эронлик кинорежиссёр, сценарист ва продюсер, Аббос Киаростами топширди.
Навбат “Энг яхши фильм” номинациясига ҳам етиб келди. Бу номинация ғолибини эълон қилиш учун саҳнага Ҳолливуд актёр Майкл Мессон, Тўлиқ метражли фильмлар бўйича ҳайъат раиси Хитойлик режиссёр, сценарист, актёр ва продюсер Чжань Юан ва “Олтин гепард” Халқаро Кинофоруми Ташкилотчилик кенгаши Раиси Гулнора Каримова таклиф қилиндилар.
Туркиялик киноижодкорларнинг “Кузатув минораси” фильми, “Энг яхши фильм” деб эълон қилинди. Мукофотни фильм продюсерлари Толга Эсмер, Нида Карабол Акдениз, қабул қилиб олдилар ва барчага миннатдорчилик билдирдилар.
Улар ғолибликдан ҳам аввал, ўз фильмларини мазкур Кинофорум танловида номзод бўлгани ва бизнинг юртга келганликларининг ўзиёқ улар учун катта ғалаба бўлганлигини, бугунги ғолиблик эса, улар учун янада улкан қувонч бўлганлигини маълум қилдилар!
Шундан сўнг, “Олтин гепард” Халқаро Кинофоруми Ташкилотчилик кенгаши Раиси Гулнора Каримова сўзга чиқиб, “Олтин Гепард” Кинофоруми ҳақида ўз фикрларини баён қилиб, барча киноижодкорларга жаҳон киноматографиясида тан олинадиган даражадаги фильмлар суратга олишларига тилакдошлигини айтиб, барчага миннатдорчилик билдирди.
Кинофорум ўзбек киноси актёр ва актрисалари ижросидаги “Кинофорум гимни” билан якунланди.
Маросим мусиқали номерларга ҳам бой бўлди! Биринчи бўлиб, “Zo’r-zo’r star” лойиҳаси иштирокчилари Яна Бахтиева ва Мадина Рашидова томонидан “Миср шаҳзодаси” фильмидан қўшиқ куйланди.
Саҳнада Франциялик актёр Фредерик Дифенталь ўзининг техно мусиқа борасидаги диджейлик маҳоратини намойиш қилганлиги, томошабинлар учун кутилмаган ҳақиқий сюрприз бўлди! Маълум бўлишича, актёр ўтган сафар “Олтин Гепард” Кинофорумига қатнашганида, кейинчи гал келишида, сюрприз қилишга ваъда берган экан. Ўзбек миллий классик қўшиғини замонавий мусиқа ва замонавий рақслар билан уйғунлашуви томошабинларнинг кучли олқишларига сабаб бўлди!
“Мортал Комбат” фильмидан “Форум юниор спорт” иштирокчилари томонидан мусиқали номер намойиш қилинди. Мусиқали номер сўнггида, Ҳолливуд актёри Кэри Хироюки Тагаванинг чиқиб келиши ҳам олқишларга сабаб бўлди.
Шунингдек, актриса Райҳон Уласенова “Биллни ўлдириш” фильмидаги қўшиқни, рақс гуруҳи ёрдамида саҳна кўриши билан тақдим қилди.
Рақс гуруҳидагилар саҳнага мотоциклда чиқишди. Замонавий кўринишдаги бу мусиқий номер ҳам барчага манзур бўлди.
Егор Кончаловский Россиялик режиссёр: - Фонд Форумнинг ўтказаётган барча тадбирлари, жумладан, “Олтин Гепард” Халқаро Кинофоруми ҳам, мамлакатда санъат ва маданиятнинг ривожига хизмат қилади. Фонд Форум санъат, маданиятнинг тарғиботчиси, анъаналар давомчиси, ўтмиш билан бугунги кундаги замонавийликни уйғунлаштира олаётган ташкилот, деб ҳисоблайман. “Олтин Гепард” Халқаро Кинофоруми, “Art Week Style” санъат ҳафталиги, барчаси ўзига хос, ажойиб тарзда ташкиллаштирилади. Ташкилотчилик қобилияти, мазкур тадбирларга таклиф учун Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовага миннатдорчилик билдираман. Бир гал Ҳайъат аъзоси бўлганимда, танловга қўйилган фильмларни кўрганман, шуни айтиб ўтишим жоизки, ўзбек фильмлари, маънавий тарафлама кучли, миллий, профессионал нуқтаи назардан ўз мазмунига эга. “Олтин Гепард” Халқаро Кинофорумида эса, нафақат ўзбек фильмларини, балки бошқа мамлакатлар фильмлари, уларнинг маданияти билан танишиш мумкин бўлган, ижодий муҳит яратилган.
Марион Стэленс Бинош Франциялик режиссёр: - Ўзбекистон жуда ҳам ёрқин мамлакат, бу ерда тинчлик, фаровонлик бор, бу ерда ўзингни бехавотир сезишинг мумкин. Бу ерда мен маҳорат дарслари ўтказдим, ўзбек ижодкорларининг иқтидоридан қувондим. Маҳорат дарсига тайёргарлик кўрганим учун ҳам, вақт оз бўлиб, фақатгина танлов дастурига қўйилган 2 фильмни тамоша қила олдим. Бу фильмлар менга манзур бўлди, чунки улар ўзига хос фалсафий мазмунга эга эди. Бу ерда ижодкорлар билан кўплаб учрашувлар бўлди. “Олтин Гепард” Кинофоруми менда катта таассурот қолдирди. Қолаверса, мен бу ерда ўз фильмимни намойиш қилдим. Ўйлайманки, бундай тадбирлар мамлакатда кино соҳасининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Акбар Ҳакимов III Олтин Гепард Халқаро Кинофоруми директори: - Бу гал “Олтин Гепард” Халқаро Кинофорумининг ёпилиш маросими “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтмоқда. Шунинг ўзи, Кинофорум нуфузининг қанчалик ошганлигини билдиради. Демак, бизнинг “Олтин Гепард”имиз олдинга интилмоқда, янада баландроқ сакрамоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керак, Ҳакамлар ҳайъати фильмлар танловига оқилона ёндошишга ҳаракат қилди. Қолаверса, танловга тақдим қилинган фильмлар ҳам, ҳар тарафлама жуда кучли эди. Кинофорум давомида хорижий мутахассислар билан мулоқот қилар эканмиз, улар ўз ҳайратларини яширмадилар. Бу ерда ташкил этилган муҳит борасида илиқ фикрлар билдиришмоқда. Киноматография халқлар маданиятини бирлаштиради, фикр алмашишига имкон беради.
Муҳаммадисо Абдулхаиров актёр: - «Олтин Гепард» Халқаро Кинофоруми куни ижодкорлар бошқача кайфиятда бўлишади. Чунки, бу киноижодкорларнинг ҳақиқий байрами! Ниятим, шундай ажойиб байрамлар кўпаяверсин! Чунки, шундай байрамлар, танловлар бўлса, ижодкорларда интилиш бўлади. Ҳар бир санъаткор, ижодкор шундай байрамларда қатнашишни ҳоҳлайди. Ҳар бир ижодкорга бугун байрам муборак бўлсин!
Матёқуб Матчонов актёр: - “Олтин Гепард” Халқаро Кинофоруми, ўз номи билан олтин таассурот қолдирмоқда, деб ўйлайман. Чунки, ҳар йилгиси бир ўзгача руҳиятда ўтмоқда! Бугунги Кинофорум, нафақат киноижодкорлар, балки халқимиз учун ҳам катта байрам, тантана! Бундай байрамлар кўп бўлишини истардик! Шундай ижодий танловлар, қайсидир маънода бизнинг келажакдаги ишларимизга туртки бўлади, деб ўйлайман. Агар эътибор қилсангиз, Кинофорумдан Кинофорумгача, ўзбек киносининг савияси, мавқейи ҳам ошиб бормоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.