FATTOHHON.COM
« Все новостиШахзода май ойида концерт беришни ўзига хос анъанага айлантирди, десак янглишмаймиз. Май ойи яқинлашиши билан, кўпчиликнинг ёдига Шахзоданинг 1 майдан концерт бериши кела бошлайди. Бу гал концерт кунларига яқин қолиши билан концертга умуман билетлар қолмади! Бунинг сабаби, албатта томошабинларнинг Шахзодага бўлган қизиқиши ва меҳридир!
1 майдан 7 майга қадар, Шахзоданинг концерт кунлари “Истиқлол” санъат саройи залида бирорта бўш ўриндиқ қолмади ва концерт тугагач эса,
томошабинлар Шахзодага шунчалик интилишдики, натижада Шахзодани ишончли, хусусий тан соқчилари гуруҳи ўраб туришига тўғри келди. Буни нотўғри тушунмаслик керак, ахир хонанда биринчи навбатда аёл киши, қолаверса, у томонга интилган томошабинлар жуда-жуда кўп эди!
Бунга ҳамма гувоҳ бўлди! Ҳаттоки, концерт тугаб ташқарига чиққанида ҳам, ҳар концерт кунида уни ташқарида кутиб турган кўплаб томошабинлар, мухлислар бор эди!
Аммо, Шахзода уларнинг ҳар бирига эътиборсизлик қилмади, тартиб билан суратга тушиб дасхатлар берди, совғаларини қабул қилди...
Концерт ташкилотчиси “Тарона” компанияси, “Тарона” студияси директори Даврон Муқимов.
Концерт режиссёри Сарвар Исаев. ФИКРЛАРГА ЎТИШ!
Концертнинг биринчи куниёқ, томошабинлар бу ўзгача шоу концерт бўлаётганини ҳис этишди.
Ўзига хос декорация, кутилмаганда чироқлар ўчдию, саҳнада оппоқ кийимлардаги раққос ва раққосалар гуруҳи пайдо бўлди! Улар бош кийими юзига туширилган ҳолда эдилар ва аввалига томошабинлар, “Шахзода ҳам уларнинг орасида” деган фикрда эдилар. Лекин, ундай эмасди. Гуруҳ бош кийимини тушириб, чироқлар ёғдусида, мусиқага жуда тезкорлик ва шиддат билан замонавий рақсга тушишар экан, “15” сўзи бир неча бор янграб ўтди, ҳамда мусиқа Шахзоданинг “Бор экан” қўшиғи мусиқаси билан алмашди.
Саҳна тўридаги айлана (декорация қисми) кўтарилиб, “Бор экан” қўшиғини куйлаб, оқ либосдаги Шахзода кўринди! Томошабинларнинг олқишлари тинмасди!
Шахзода эса, раққос ва раққосаларнинг ҳаракатларига мос ҳаракатларни амалга ошириб, куйлашда давом этди.
Чироқлар, экранлардаги тасвирлар ҳам унинг ва рақс ҳаракатлари билан уйғунлашган эди. Қўшиқ тугагач ҳам, бир неча дақиқа олқиш тинмади. Сўнг, Шахзода “Ассалому алайкум” деб, салом бериб, “меҳмонларим, дўстларим, ҳамкасбларим, мухлисларим, саҳнага чиқишдан олдин қаттиқ ҳаяжонландим, лекин ҳозир сизларни кўриб, ҳаяжоним озгина бўлса ҳам тарқалди” деб, сўз бошлади. “Умид қиламанки, концерт давомида мени, ижодий гуруҳимизни қўллаб-қувватлаб турасизлар, сизларнинг кайфиятингиз, сизлардаги позитив менга куч беради! Ҳаммангизга оқшом хайрли бўлсин! Сизларни меҳру муҳаббатингиз учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман! Чунки, мана шу залда ўтирган инсонларни мени ижодимни яхши кўришларини биламан, бунинг учун ҳам, чин қалбдан миннатдорман! Ҳаммангизга катта раҳмат! Бугун мен ҳам концерт давомида сизга ўз ижод намуналаримни меҳру муҳаббат билан тақдим этишга астойдил ҳаракат қиламан!”
Олқишлар, қарсаклар садоси тингач, Шахзода саҳнага таниқли созанда Виталий Попеловни таклиф этди ва у гитара чалар экан, Шахзода ўзининг барчага севимли “Тўрт қадам” қўшиғини, жонли ижрода куйлади.
Шундан сўнг, Шахзода томошабинларга жуда кўп совғалар тайёрлаганлигини айтди ва саҳнага “Эътироф” мукофоти совриндори Улуғбек Раҳматуллаевни таклиф этди!
Қўшиққа мос равишда 2 та раққоса қиз билан саҳнага чиқиб келган Улуғбек Раҳматуллаев билан бирга Шахзода янги “Рашк” қўшиғини куйлашди. Бу саҳна номерига мос равишда Шахзодани раққос йигитлар қўллаб-қувватлаб туришди. Бу қўшиқ ҳам бошқа янги қўшиқлар қатори шу куни премьера бўлди!
Улуғбек Раҳматуллаев ҳам, қўшиқдан сўнг, Шахзодани самимий табриклади!
Сўнг, зал қоронғилашди ва саҳна тўридаги экранда “Фотима ва Зуҳра” фильмидан кадрлар намойиш этилиб, фильм саундтреки “Ҳаёт айт” таронаси янгради. Саҳнанинг чап тарафидаги декорация қисмидан юқори кўтарилиб, куйлаб чиқиб келган оқ кийимдаги қизни аввалига томошабинлар Шахзода, деб ўйлашди. Аммо, у Шахзода эмас, фильм қаҳрамонларидан бири актриса Гулчеҳра Эшонқулова эди.
Шахзоданинг ўзи эса, қўшиқнинг давомини куйлаб, саҳна тўрида намоён бўлди.
Кутилмаганда қўшиқнинг давомини куйлаб, саҳнанинг ўнг тарафидаги декорация қисмидан фильмнинг яна бир қаҳрамони Улуғбек Қодиров чиқиб келди! Бу кутилмаган концерт фишкаси, янада томошабинларнинг олқишларига сабаб бўлди!
Қўшиқ тугагач, Шахзода фильм қаҳрамонларига алоҳида миннатдорчилик билдирди ва улар ҳам Шахзодани самимий табриклашди!
Блоклар оралиғида саҳна тўридаги экранда намоён бўлган видеокадрларга ўқилган монолог, барча учун ўзига хос таъсирли бўлди! Бу монологлар “болаликни эслаш” билан бошланиб, “бугунги кун”гача етиб келди ва гўёки хонанданинг умр йўли ҳақида унинг ўзи видеокадрлар ортидан ҳикоя қилиб бергандек бўлди! Йиллар кўзгусида, хонанда ўз болалиги, орзулари, уларнинг қанчалик амалга ошганлиги, ҳиссиётлар, таассуротлар, синовлар, ҳаётидаги бахтли кунлар, ҳамда ёрқин лаҳзалар ҳақида ҳикоя қилар экан, “Бахтлиманми?” деган саволга жавоб излади!
Иккинчи блокда яшил либосда намоён бўлган Шахзода “Ойижон, Адажон” дея янги шўх қўшиғини куйлаб, раққос ва раққосалар билан бирга баб-баробар рақсга тушди.
Раққос ва раққосалар ҳам унининг либосига уйғунлашган ҳолда, яшил кийимларда эдилар. Қўшиқда илк бора севиб қолган ёш қизнинг беғубор туйғулари акс этган эди.
Навбатдаги қўшиқ “Қайнона” бўлди ва саҳнага “қайнона” образида, “Сотти келин” билан бирга актриса Ҳалима Иброҳимова чиқиб келди ва шунга мос ҳазил саҳна кўриниши ҳам амалга оширилди.
Қўшиқдан сўнг, Шахзода “ҳар йилги концертим фишкаси Ҳалима” деб, актрисага миннатдорчилик билдирди.
Сокин мусиқа янгради ва Шахзоданинг Шохруххон билан биргаликдаги сокин дуэт қўшиғи “Унутолмадим” бошланди!
Барчага манзур, муҳаббат изтироблари ҳақидаги бу дуэтга мос равишда сокин саҳна кўриниши амалга оширилди.
“Айриламиз” қўшиғининг мусиқаси бошланиши билан қарсаклар янгради, бу қўшиққа ҳам рақс гуруҳи ва Шахзоданинг ўзи ҳам, ҳолатга мос рақсга тушишди.
“Нозик қушча” таронасига эса, маҳоратли раққослардан бири Владислав ва унинг қизчаси Влада рақсга тушишди.
Влада қўшиқ тугагач, Шахзодани меҳр билан маҳкам қучоқлаб олди!
Блоклар оралиғидаги “ҳаёт синовлари ва бахт” ҳақидаги ўзига хос монологдан сўнг, тўридаги экранда Шахзоданинг қора кийимдаги тасвири намоён бўлди. Унинг эса, қизил либосда чиқиб келиб, янги “Раҳмат ҳаёт” қўшиғини куйлади. Бу янги қўшиқ ҳам томошабинлар томонидан жуда яхши кутиб олинди! Қўшиқ давомида экрандаги унинг тасвири табассум қилди, ҳамда экранда Шахзоданинг тасвири ўзгармаган ҳолда, фонлар ўзгариб, гўёки Шахзоданинг ҳаёти мана шу фонлар билан фалсафий маънода ифодалаб берилгандек бўлди! Шахзода эса, қўшиғи орқали, барча синовлар, барча лаҳзалар, бахт учун ҳаётга миннатдорчилик билдирди! Қўшиқ тугагач, барчага “раҳмат” айтиб, “ҳаётда қийинчиликлар ҳам бўлишини, лекин булар синов эканлигини, доим бундан сўнг албатта, ёруғлик, ёруғ кунлар келишини” айтиб ўтди. “Ёш қизлар оила қуришади, фарзандлар дунёга келади, ота-онамиз соғ-саломат, ёнимизда, буларнинг барчаси бахт! Мен ҳам сизларга чин дилдан, ёруғ ва бахтли ҳаёт тилайман! Раҳмат!” деб, барчага миннатдорчилик билдирди.
Навбатдаги “Шунчаки” қўшиғида қизил кийимдаги рақс гуруҳи йигитлари билан бирга навбатдаги саҳна кўриниши намойиш этилди.
Сўнг, энг севимли қўшиқлардан “Лайли ва Мажнун” қўшиғига амалга оширилган саҳна кўриниши барчани чинакамига ҳайратга солди. Конверт кўринишидаги махсус диванда ярим тик ҳолда ётган Шахзодани рақс гуруҳининг 2 қизи, ўша диван билан саҳнага олиб чиқишди, сўнг, Шахзода ўрнидан туриб, қизлар билан бирга рақс ҳаракатларини амалга ошириб, қўшиқ куйлади. Бу диван гўёки қўшиқда тасвирланган соҳилни акс эттирди, назаримизда! Қизлар эса, диванга уланган ленталарни силкитиб, денгиз тўлқинларини акс эттиришди. Бу саҳна кўриниши чироқлар ёғдусида ўзгача чиқди ва янада чексиз олқишларга сабаб бўлди!
“Mon cheri” қўшиғи вақтида эса, Шахзода саҳнанинг чап тарафидаги баланд декорация қисмидан чиқиб куйлади! Саҳна тўридаги экранда эса, қўшиқ клипи намойиш қилинди.
Қўшиқдан сўнг, ҳаётий монолог орқали шукрона айтилди, бахтли лаҳзалар акс этган видеокадрлар намойиш қилинди. “Тўрт қадам инсон учун, нима деган гап, ҳаётда бир мақсад, умид бўлмаса? Бахт нимага керак, агар инсон кўнглида орзу бўлмаса?” дея, тўрт қадам, инсон умрининг тўрт фаслига қиёсланди!
Албатта, концерт барчага севимли бўлиб қолган “Чикко” ва “Чиккита”сиз ўтмади!
Шахзоданинг “Чикко” қўшиғи ижроси вақтида Ўзбекистон Давлат циркидан масхарабозлар гуруҳи таклиф этилган эди, қолаверса, фан-клуб аъзолари ҳам махсус костюмларда чиқишди, барча масхарабоз либосидагилар томошабинларга шарлар совға қилишди.
Саҳнада эса, жажжи болажонлар ҳам қўшиққа мос ҳаракатларни амалга оширишди.
Ҳаттоки, саҳнада жажжи поезд ҳам бор эди. Болажонлар ўша поездда саҳнани тарк этишди ва Шахзода улар билан хайрлашиб, қўл силкиб қолди.
Қўшиқдан сўнг, Шахзода “барча аёлларга оналик бахти насиб этсин!” деб, самимий тилак билдирди.
Шундан сўнг, саҳнага “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов ўзининг дўстлари билан чиқиб келишди, ҳамда Шахзода улар билан ҳазиломуз дуэт куйлашди. Дуэтдаги Жаҳонгир Позилжоновнинг “дил розларига” Шахзода “чучварани хом санабсан” деб, “жавоб” қайтарди! Албатта, Жаҳонгир Позилжонов қўшиқ куйлаш баробарида “балкондаги мухлисларни” ҳам “ёддан чиқармади”!
Сўнг, “Самолёт” қўшиғи вақти аэрапортни, Тошкентга учаётган самолёт, ҳамда самолётдаги йўловчилар ҳолатини акс эттирган саҳна кўриниши намойиш этилиб, қўшиқда самолётга “уч тезроқ” деб, мурожаат қилиб, юртини соғинаётган йўловчи ҳолати акс эттирилди. Қўшиқ вақти ифтихор ва ғурур билан саҳнага Ўзбекистон байроқлари олиб чиқилди! Саҳна кўриниши, “Ўз юртингизга хуш келибсиз!” сўзлари билан якунланди!
Сўнг, рақс гуруҳи чиқишидан сўнг, қора костюм-шимда “Қўллар тепага” деб, куйлаб Шахзода намоён бўлди! Бу қўшиққа ҳам ўзига хос саҳна кўриниши ва рақс тайёрланган эди.
Кутилмаганда қўшиқ хоразмчага уланди, Хоразм услубида рақс тушиб, “Сабо” рақс гуруҳи саҳнага чиқди ва Шахзода ҳам рақс гуруҳи билан бирга Хоразмча рақс ҳаракатларини ҳам амалга оширди.
Кейин эса, замонавий рақс гуруҳи томонидан саҳнага автомобиль макети олиб чиқилди ва хонанда Жасур Ғойипов саҳнага чиқиб келди, ҳамда Шахзода у билан бирга “Супер леди (Бари гал)” дуэтини куйлади! Бу қўшиққа ҳам, мос саҳна кўриниши намойиш этилди.
Қўшиқдан сўнг, Жасур Ғойипов Шахзодага “нафақат 15, балки 30, 40, 50 йиллик юбилей концерт”лари ўтказишини самимий тилаклар билан билдириб ўтди. (ДУЭТДОШЛАР ФИКРЛАРИГА ЎТИШ!)
“Мой золотой” шўх таронасига шўх рақслар намойиш этилди. Бу қўшиқ “Ҳабиби” таронасига уланди.
Сўнг, томошабинлар олқишлари остида, “Мен бахтлиман!” дея, Шахзода “Бахтлиман” қўшиғини куйлади!
Концертда кўплаб хонандалар, ижодкорлар меҳмон бўлишди. МАЪЛУМОТЛАРГА ЎТИШ!
Концертнинг 7 куни давомида ҳам томошабинлар концерт тугаши билан саҳнага интилиб, Шахзодага гуллар, совғалар тақдим қилишди.
Шунингдек, Шахзоданинг ҳамкасблари ҳам уни самимий қутлашди.
Концертнинг 7 куни якунига етиши билан биринчи бўлиб, саҳна ортида уни дугонаси хонанда Нилуфар Усмонова табриклади!
Шахзода эса, қувончдан кўз ёшларини тия олмади...
7 кун давомида уни фан-клуби ҳам астойдил қўллаб-қувватлашди!
Қолаверса, концерт кунлари якунига етгач, фан-клуб аъзолари Шахзодага унинг сурати туширилган махсус совға ҳам тақдим қилишди!
Концертнинг 7 куни бўлишига қарамай, уни ташқарида кутиб турган мухлислари ҳам кам эмасди!
Концертнинг ҳар бир куни кўтаринки руҳда ўтди!
Томошабинлар, кўпгина севимли қўшиқлари Шахзода билан бирга куйлашди.
Ҳар бир қўшиқ учун алоҳида саҳна кўринишлари, қолаверса, фишкаларга бой бўлди!
Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, концертда Шахзода блоклар ранги борасида, байроғимиз рангларидан фойдаланди! Яъни, оқ, яшил, кўк ранглар ҳамда, байроқдаги қизил ҳошия ранги. Қолаверса, концертнинг ўзида ҳам, Ватанга бўлган меҳрни ифода этишда, Ўзбекистонимиз байроқлари фахр билан саҳнага олиб чиқилди!
Шахзода ижодининг 15 йиллик юбилей концерти орқали, ўз ҳаёти, ижоди ва бахтини, санъат унинг ҳаётининг ажралмас қисми ва энг катта бахти эканлигини намойиш этди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз





