FATTOHHON.COM

« Все новости

ХОНАНДА АЛИШЕР РЎЗМЕТОВ: КОНЦЕРТ ОЛДИДАН! 14.11.2013 14:02

Foto (7)

Бу хонанда ҳақида сўз кетганда, ҳозирги кунда тўй хизматларига энг кўп таклиф қилинадиган, энг талаб кўп бўлган хонандалардан деб, эътироф этишади. Унинг самимийлиги билан бирга, қўшиқларининг ҳар хил мавзуларда эканлиги, ўзига хос шўх қўшиқлари ҳам тингловчилар эътиборида. Хонанда Алишер Рўзметов 15-16 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг илк яккахон концерт дастурини ўтказмоқда!

 Foto (4)

- Сизнинг концерт дастурингиз, бошқа хонандаларнинг концерт дастурларидан қайсидир тарафлама фарқ қиладими, нима деб ўйлайсиз?

- Шу кунгача, ҳамма хонандаларнинг концертларини кўриб келяпман. Албатта, ўзимникини бошқача бўлишини ҳоҳлайман. Балки, қайсидир ўзимга ёққан концерт дастурларидан айрим жойларини олишим мумкиндир? Ўзи “Истиқлол” санъат саройида биринчи концерт беришим, шунақа кучли ҳаяжон босмоқда-ки! (самимий кулади) Вилоятларда концертлар бўлган, аммо яккахон эмас, гала- концертлар. Уларда чиқиб 3-4 та дан қўшиқлар куйлаганман. Бу концерт мени биринчи, халқ олдидаги энг катта имтиҳоним! Юзим ёруғ бўлсин! Концерт дастурим чиройли ўтсин, дейман! Ҳозир шунинг ҳаракатидаман!

 

- Концерт дастурингизни ким саҳналаштирмоқда?

- Концерт дастуримизга Аброр деган укамиз режиссёрлик қилмоқда. У режиссёрлик қилгандан ташқари, мени ўзимда ҳам ғоялар бор. Барчасини биргалашиб, амалга оширмоқдамиз! Мақсадимиз, иложи борича, халққа ёқадиган қилиб, бачканаликдан қочиб, тингловчиларнинг кўнглидан жой топиш!

 

- Айнан қандай янгиликлар қилиш ниятингиз бор?

- Янгиликлар жараёнларда туғилади! Шоу деймиз-ку, шоунинг ичида, мана мисол учун, “Янги авлод” ғолиби бўлган ўғлим, жонли ижрода чиқиши мумкин, ёки ўзим бирор чолғуни чалишим мумкин. Янгиликларнинг ҳаммасини айтиб қўйсам, қизиғи қолмайди, яхшиси мухлисларга чиройли совға бўлсин, дейман.

  Foto (1)

- Асосий эътиборни концертингизда нималарга қаратмоқдасиз?

- Биринчи навбатда, қўшиқларимга қаратмоқдаман! Мухлислар чеҳраси очиқ, мазза қилиб ўтиришсин, деб қўшиқларимнинг мавзусига эътибор қаратмоқдаман. Саҳнага чиққандан сўнг, ўзим ҳам, ўша залда ўтирган 4 мингта томошабинларни, иложи бўлса, ҳаммаси туриб ўйнаса, дейман. Мен кўп концертларга тушаман! Томошабинлар жуда ғамгин ўтиришади.

 

- Концертингизда фонограммадан фойдаланилади, лекин орасида бирор қўшиқни жонли ҳам ижро қиласизми?

- Концертда 100 фоиз фонограмма бўлса, 40 фоизи жонли ижрода бўлади. Бу мени биринчи концертим бўлгани учун!

 

-Кейинчалик тўлиқ жонли ижрода ҳам концерт беришингиз мумкинми?

- Катта саҳнада, техника, аппаратлар билан ишлаб кўрай. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, кейинги йил, ёки ундан кейинги йил, 100 фоиз жонли ижрода концерт бераман! Бу йил синаб кўрмоқдаман. Агар ҳаммасини жонли қилсам, концертга тайёрланиш учун 3 ой олдин тайёргарлик қилиш керак. Бунинг учун эса, концерт  залига жойлашиш керак. Агар сиз, у ерда репитиция қилмасдан, бошқа жойда репитиция қилинса, бу ёқдаги аппарат билан, у ёқдаги аппарат ҳеч қачон тўғри келмайди. Балки кимларгадир тушмас, бу аппарат кимларгадир тушар? Менда биринчи мартта бўлгани учун ҳам, олдиндан ҳали ҳеч нима дея олмайман. Шу сабаб, бу йилда 40  фоиз жонли ижрода куйламоқчиман.

  Foto (6)

- Концерт дастурингиздан нечта қўшиқ ўрин олади? Янги қўшиқлар ҳам бўладими?

- Янги қўшиқларим жуда ҳам кўп. Ҳар блок 7 та қўшиқдан иборат экан. Аммо, мени қўшиқларимнинг сони ундан ҳам кўп. Мен ҳозир “концерт дастури 2 соатли бўлса, уни яна вақтини чўзишнинг имкони борми” деб, таклиф беряпман. “Йўқ”, дейишмоқда, лекин менинг янги қўшиқларим сони жуда ҳам кўп, мен эса ҳаммасини халққа тақдим қилгим келмоқда. Улар орасида фалсафий йўналишдаги, аёлларимизга бағишланганлари ҳам бор, шунингдек, севги-муҳаббат ҳақидаги қўшиқларим ҳам кўп!

 

- Нима деб ўйлайсиз, санъаткорларга ҳар йили концерт бериш мажбурийми?  

- Мени ўйлашимча, яккахон концерт дастури, бу йил давомида санъаткор ўзининг қилган меҳнатларини халққа кўрсатиш, демак. Кимдирлар мажбурий эмас, дейишади. Концертнинг маъносини мен ўзим, энди билдим, десам ҳам бўлади. Йил давомида, ижод қилиб, шунча янги  қўшиқлар ёзасиз!  Мухлисларим бор, уларга тақдим этяпман, деб ишлайверасиз. Мен аввал тўй-ҳашамларда кўп хизматда бўлганимга, “концерт ўтказмасам ҳам бўлади, тўй-ҳашамлар бор-ку” дердим. Кейин билсам, тўй ўз йўлига экан. Концерт эса,  бутунлай бошқача экан! Концерт бу айнан халқ билан ишлаш, халқнинг ўзи сизга бахо беради! Мисол учун, тўй-ҳашамда бошида ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлади. Бир–бири билан гаплашиб ўтиришади. Концертда бўлса, концерт бошланиши билан, то тугагунга қадар, ҳамманинг диққати фақат сизда бўлади!  Саҳнада сиз ўзингизни, ўз истеъдодингизни тўлақонли кўрсата оласиз. Ўз ижод намуналарингизни тақдим қиласиз! Тингловчилар бор диққатлари билан тинглашади. Концерт қўйиш керак экан. Шунда, сизнинг кам-кўстингизни халқ айтади. Шунга қараб, сиз ҳам эл хизматида юрасиз. Ҳозирги кунда ёш хонанда йигитлар ҳам концерт қўйишмоқда. Чунки, улар халқ билан ишлаш кералигини аллақачон тушунишган. Шу фикрлардан келиб чиқиб, санъаткор имкониятига қараб, албатта, концерт қўйиши керак экан, деб ўйлайман. Концерт бериш шарт, деб эмас, ўз ижодини, меҳнатларини халққа кўрсатиш, уларнинг эътиборига ҳавола қилиш учун!

 

- Шунча вақт ичида ижоддасиз, йиллар сизни ўзгартира олдими?

- Албатта ўзгартирди! Бу бора ҳар томонлама гапиришим мумкин.  Дўст томонлама ҳам, санъатда ўз йўлимни топишим томонлама, инсонлар билан муносабат ва улар билан мулоқот қилиш тарафлама ҳам. Мулоқат  қилавериб ҳам, инсон ўзи ҳам руҳият тарафлама, инсонлар билан муносабатда бўлиб қоларкансиз. Айтиш мумкинки,  инсон ўзи билмаган ҳолатда, психолог-руҳшунос бўлиб қолар экан! Минг ўзгарганим билан, камтарлик менинг энг биринчи устуним! Доим шундай бўлиб қолади, деб ўйлайман. Чунки, камтарликда гап катта! Мен ўзгарган бўлишим мумкин. Лекин, мен ҳеч қачон бурнимни осмонга қилиб юра олмайман. “Юлдузлик” касаллиги ҳам, манманлик ҳам менга бегона. Нимагаки, менинг атроф-муҳитимда ҳам, ҳаммаси яхши инсонлар. Баъзилар атрофидагиларнинг таъсирида йўлини йўқотиб қўйиши мумкин. Лекин, менинг атроф-муҳитим бундан мустасно! Атрофидагилар ҳаммаси ҳақиқий чин инсоний фазилат эгалари.

 Foto (1)

- Санъат соҳасида сиз нимани кечира олмайсиз?

- Санъат соҳасида нимани кечира олмайман? (ўйланиб) Биласизми, ҳар бир қўшиқ ўз услубига эга, лекин, бир хиллар қўшиқни ўз йўлида айтадию, аммо бузиб айтади. Мен ўшани ҳеч кечира олмайман. У инсоннинг ўзига ҳам мен айтаман, “дўстим, ёки укам шу қўшиқни яхшилаб ёдладингми? Ёдлагин! Мен сени устозинг, дўстинг ёки уканг эмасман, мен сенга яхши кўнгил билан гапиряпман. Ота- боболаримиз айтган қўшиқни ўзидек, ёки ўз йўлидан чиқмасдан бузмасдан айтгин” деб эринмай тушунтираман! Чунки, қўшиқ бир квадрат бўлса ҳам, уни бузиш керак эмас! Кейин ёлғонни ҳам, жуда ёмон кўраман. Санъатда бир хилги санъаткорлар жуда ёлғончи бўладилар. Баъзилар, мен “фалон нарса қиляпман, фалон инсон билан ишламоқдаман, ёки менга бир ҳомий катта пул тикмоқда” дейди. Сиз уни гапини эшитиб, кейинги йилни кутасиз, “қани нима қилар экан” дейсиз. Лекин, шундай деб мақтанган ўша инсон, озгина вақтдан сўнг, баъзида йиғлаб юрганини, ёки ҳеч нарса ўзгармаганини кўрасиз! Жуда кўрмасангиз ҳам эшитасиз. Хўш, унда ўша ёлғон гапиришдан нима наф? Ўша дамдаги бир лаҳзалик обрў учунмиди? Хўш, кейин-чи? Инсон, эртага уялиб, хижолат бўлиб қолмаслиги учун, ҳеч қачон ёлғон гапирмаслиги керак, деб ўйлайман.

 

- Ўзингизни-чи, продюсерингиз борми?

- Йўқ, менда продюсер ҳам, ҳомий ҳам йўқ. Ўзимга ўзим маблағ топиб, ижодимга сарфлайман. Менга ҳеч қандай ҳомий керак эмас. Негаки, сизга 1 сўм тиккан инсон, 10 сўм қилиб олишни ҳоҳлайди! Албатта, ҳомийсиз ҳам қийин. Аммо, мен ўзим қийналиб бўлса ҳам, ҳаракат қилмоқдаман. Бу жуда катта масъулият! Концертим плакатини кўриб, рости, ўзим ҳам “нимани бошлаб қўйдим”, деб қўрқиб кетяпман. Шундай бўлса ҳам, ниятим яккахон концертимни, чиройли қилиб ўтказиб олиш!

 

- Хит бўлган қўшиқларингизни танламоқдамисизлар, халққа яқин бўлган, ёки янги қўшиқларними?

- Ҳар хил қўшиқлардан бор. Масалан, “Кўзлари шахло”, “Тун кеча” ва “Яна тунлар”. Агар кўп санаб ўтадиган бўлсак, кўп албатта...

 

- Ижодингизга ҳеч четдан ўзингиз танқидий назар билан қараганмисиз?

- Қараганман.

 Foto

- Айнан, қандай камчиликларни кўрасиз?

- Камчиликлардан бири, тўғриси семириб кетишдан қўрқаман.(самимий кулади) Ўзи семириб кетяпман. Ҳазил албатта. Лекин, четдан қарасам, ортиқча бачкана ҳаракатлар қилмай, дейман. Чунки, келажакда “Алишер Рўзметов бачкана инсон” дейишмасин дейман! Эртага фарзандларим катта бўлмоқда, уларга ҳам “отанг бачкана” деб айтишмасин, деб харакат қиламан! Шу сабаб ҳам, битта йўлда кетиш, битта йўлда бўлиш ниятидаман.

 

- Клипларингизни кузатамиз. Ўта замонавий қизларни танлайсиз. Бу режиссёрнинг танловими ёки ўзингизнинг?

- Бу клипмейкерни ғояси! Мисол учун, мен қўшиқни бераман, клипмейкер эса, менга ғоя беради. “Ака, сиз бундоқ турасиз, атрофингизда 90 талаб қизлар туради” дейди. Ваҳоланки, мен у қизларнинг биттасини ҳам танимайман! Кўча-куйда бир хиллар “Алишер клипда анови қиз билан гаплашибсан-а” деб қолишса, мен “Ундай эмас, уларни умуман танимайман” дейман!

 

- Унда нима учун бундай ғояга рози бўласиз? Агар ўзингизга ҳам шундай ҳолатлар ёқмаса, нега розилик билдирасиз?

- Рози бўлишимнинг сабаби, қўшиғим шу ғояга тўғри келмоқда. Кейин аёлларсиз, қизларсиз, ҳаёт йўқ. Демоқчи бўлганим атрофингизда эркак кишилар ўйнаса ҳам, (кўрсатиб беради) ғалати! Ёки клипда битта ўзим чиқмайман-ку.

 Foto (5)

- Лекин, яна бир фикр ҳам бор. Арзон клиплар, бу қизлар билан олинган клиплар бўлади,  дейишади. Бунга муносабатингиз?

- Лекин, ўша арзон клиплар, қиммат клипларга нисбатан хит бўлиб кетмоқда. Бу тарафи ҳам бор. Оддий тез кўзга ташланмоқда. Бир хиллар катта маблағ сарф қилиб, ўша клипини 2 ой ҳам “айлантира” олмаяпти. Кейинги клипини чиқаришга тўғри келяпти. Кейин яна шунча маблағ сарф қилиш керак. Ундан кўра, яхши арзонроқ клип қилиб, қолган маблағга бошқа яхши қўшиқлар яратинг! Қиммат клип олиб ҳам, ёдда қолмаётганлар кўп-да! Қиммат клип олаётганларнинг ҳаммаси ҳам ёдда қолаётгани йўқ. Мисол учун, бир оддий симёғочни чиройли қилиб кўрсатиб, ёнида хонанда пайдо бўлса, кўрган инсон, “ким бу арзон клип қилган?” дейди. Шу билан ҳам ёдда қолиш мумкин. Лекин, мени фикримча жуда қиммат клип ҳам шарт эмас.

 

- Гап клип мазмунида! Мисол учун, ҳозирги кунда замонавий қизларни клипга олишдан мақсад, клип томошабинбоп бўлади, деган фикр. Сиз ҳам шундай деб, фикрламоқдамисиз?

- (Сал ўйланиб) Бўлиши ҳам мумкин. Масалан, ҳозир телеэфирларда айланаётган клипимда ҳам, олдинги клипларимда ҳам клипмейкер ғоя берди. “Атрофингизда озгина қизлар бўлади, сиз роль ўйнаб беринг” дейишди, мен ролимни ўйнаб бердим, бўлди! Жуда ҳам замонавийлашиб кетмаган, назаримда. Аммо, мен ўзим унчалик кўп ғоя бермайман. Мен асосан, кўпинча қўшиқни бераман, уларнинг ғоясини эшитаман, лекин 100 фоиз ҳам уларни ғоясига қўшилмайман, ёқмайдиган жойларини ўзгартиришим мумкин, бир хилларида ўзим ҳам баъзи ғояларни бераман.

 

- Клипмейкер ғояси сизга 100 фоиз ҳам, ёқмай қолган ҳолатлар бўлганми?

- Яқинда шундай ҳолат бўлди! Бир қўшиғимни, бир клипмейкерга берсам, у менга бир ғоя берди. Мен у ерда ҳақиқий жинни ролини ўйнашим керак экан! Мени касалхонадан, махсус кўйлакда, қўлларим боғланган ҳолда олиб чиқиб кетишар экан. (ҳайратланиб, ҳам бироз асабийлашиб) Мен трекларимни ўша махсус кўйлакда, қўлларим боғланган ҳолатда куйлар эканман! Тасаввур қилинг, мен кап-катта инсон, санъаткор, шундай боғланган ҳолатда қўшиқ куйлаяпман. (кулиб юборади) Кейин мен клипмейкерга “яхшиси, менга оддийгина қилиб, клип суратга олиб бера қолгин, бачкана бўлмасин!” дедим. Лекин, яқинда қайсидир ёш хонанданинг ўша ғоя асосида олинган клипини кўриб қолдим! Аммо у хонандагага клип мос тушибди. Энди, билмадим, мен ҳамиша келажакни ўйлайман. Бачканаликдан қочаман!

 Foto (2)

- Сизнинг ижодингизда негадир трекли клиплар кўпроқ?

- Тўғри. Лекин, сюжетли клипларим ҳам бор! Масалан, “Ёнаман-Ёнаман” қўшиғимга ишланган клип, унда актриса Гулчеҳра Саъдуллаева роль ижро қилганлар. Яна, “Кечалар” қўшиғимга ишланган клип ҳам сюжетли!

 

- Ўзингизни тингловчиларингизнинг аудиториясини, неччи ёшдан, неччи ёшгача, деб биласиз?

- 7 ёшдан 70 ёшгача!

 

- Қўшиқларингизни қайси жиҳатлари билан тингловчиларга маъқул, деб ўйлайсиз?

- Ҳар хил. Қўшиқларнинг ўзига қараб, ўз тингловчилари бор. Мисол учун, ёши катталарга оғир босиқ қўшиқларим, ёшларга шўх, севги-муҳаббат ҳақидаги қўшиқларим ёқади. Ҳамма ўзига яқин бўлган қўшиқларимни, ўзига яқинлиги билан ёқтириб тинглайди, деб ўйлайман.

 

- Санъат сиз учун нима?

- Санъат мен учун катта бир даргоҳ, деб ҳисоблайман. Санъат бир мактаб бўлиб, шу ерда ўз ўрнимни топдим! Уни ҳаётимнинг бир бўлаги, десам ҳам бўлади!

  Foto

- Демак, бирор бошқа касбга хобби сифатида бўлса, ҳам қизиқиб кўрмагансиз?

- Йўқ, мендан бошқа касб эгаси чиқмайди! Мисол учун, сиз бошқа касб эгалари билан бир даврада ўтирсангиз, улар барибир сизни санъаткор сифатида кўради. Бирор нарса сотмоқчи бўлсангиз ҳам, “анови санъаткор сотаётган экан, унинг ўзидан ола қолайлик” дейишади. Шу сабабли ҳам, ўзимни касбимни мустаҳкам қилиб, шу санъат йўлида санъаткор бўлиб юрганим яхши. Менга бошқа касб, мутлоқо тўғри келмайди!

 

- Бугунги ўзбек санъати ҳақида, қандай фикрдасиз?

- Ўзбек санъатида зўр ижодкорлар бор. Лекин, рақобат ҳам жуда кучли. Ҳамма бир–биридан ўзишга ҳаракат қилади. Яхши тарафи эса, ҳамма ижод қилмоқда! Агар ижодкор озгина вақт ижод қилмаса қолиб кетади! Ҳозирда студиялар ҳам кўпайиб, уларда яхши яхши ижодкорлар ишламоқда. Бир ғоя берсанг, кўнгилдагидек чалиб беришмоқда. Ўзбек  санъати ривожланиб бормоқда. Бу барча ижодкорлар учун янада берилиб ижод қилишга имкон бермоқда.

 Foto (3)

- Санъат соҳасидаги инсонлар доимо банд бўлади, дейишади. Сиз оилангиз учун вақт ажрата оласизми?

- Вақт ажратаман! Оила ҳамиша муқаддас. Лекин, кечки пайт кўпроқ халқимизнинг яхши кунларида, хизматларда бўламан.

 

- Фарзандларингизни кўпроқ нималардан асрайсиз?

- Менимча, ҳамма ота–она каби, ёмон кўзлардан асрашга ҳаракат қиламан. Иложи бўлса, ёлғон гапиришмасин. Юртимизга хизмат қиладиган йигитлар бўлсин! Мен шунинг тарафдориман. Асрайдиганим, туҳмат, ёмон кўз ва сўзлардан асрашга ҳаракат қиламан.

 

- Фарзанд тарбиясида ота сифатида, ҳозирги кунда нимани муҳим, деб ҳисоблайсиз?

- Фарзанд тарбиясида кўпроқ ўқиш, билим олиш! Ўқимишли, билимли бўлса, ўшандагина бола яхши тарбияли, фикрлаши, дунёқараши ҳам кенг бўлади. Ундан ташқари, ота–онани ўзи ҳам асосий сабабчи, улар болани яхши тарбиялашлари керак. Юртига, Ватанига яхши хизмат қиладиган хулқ ва тарбия беришлари муҳим, деб ҳисоблайман!

 

- Кўплар фарзанди ўғил бола бўлса, бирор номақул иш қилса, қўл кўтариб, жазолаб тарбияламоқчи бўлишади. Сиз қандай йўл тутасиз?

- Мен гапираман ҳам, агар жуда номаъқул иш қилсагина жазолашим мумкин. Лекин, жуда қаттиқ жазолаб бўлмайди, менимча. Тушунтириш ҳам муҳим! Уларни ўз хатоларини яхши тушуниши учун, сиз уларга тўғри етказа билишингиз жуда ҳам муҳим! Бир хиллар ана шу тушунтиришни, етказа била олмайдилар. Яқинда бир воқеа бўлди. Бир инсон менга ўз фарзандини ёмонлаяпти. Унинг фарзанди эса мен билан яхши гаплашмоқда! Боланинг характери унчалик ёмонга ҳам ўхшамайди. Шунда мен ўша инсонга “бу сени фарзандинг-ку, нега ўз фарзандингни менга ёмонлаяпсан?” дедим! Кўриниб турибдики, у инсон ўз фарзандига тўғри тушунтира олмаган, нима демоқчилигини, етказиб бера олмаган! Тарбияни ҳам етказиб беришни билиш керак! Фарзанднинг тилини топиш керак. Фарзанд билан тил топиша билиш керак. Мисоллар келтириш керак. Кейин ҳар қандай ота-она, фарзандининг атроф- муҳитига ҳам эътибор бериши керак. Бир хиллар ўзи тарбияли, зиёли оиладан бўлади, аммо атрофидаги дўстлари бўлмаган тарбиясиз болалар бўлиб қолиши мумкин. Кейин аҳамият берсангиз, бола ҳам ўша дўстлари тарафга ториб қолган бўлади! Шу сабабли ҳам, ота-она ҳамиша фарзандининг дўстлари ким, уларни ота –оналари кимлигини яхши билиши шарт! Шу сабабли ҳам, боланинг тарбияси биринчи навбатда, ота ва онага ҳам боғлиқ! Мен ана шу жиҳатларига доим эътиборлиман.

 

- Ўзингизга илк машхурлик келтирган қўшиғингизни эслай оласизми?

- Мен ҳали ўзимни жуда бир машҳур деб ўйламайман. Лекин, халққа ёққан қўшиқларим, “Тун кеча”, “Қурбон ўлан” , “Кечалари ”, “Кўзлари шаҳло бўлди”, мана ҳозирги вақтда, “Яна тунлар” қўшиқларим.

 

- Қўшиқларингизда биринчи навбатда ўзингиз асосан нималарга эътибор берасиз?

- Сўзларига ҳам, аммо бир хилларида сўзлар оддий бўлади. Аранжеровкага ҳам, у ҳам унчалик мураккаб эмас. Аммо, энг муҳими, халққа яхши ижод намунаси етказиш! Сўзларига ва ижро йўналишига эътибор қаратаман!

 

- Қайси созни ўзингиз чала оласиз?

- Ғижжак, танбур, дутор, тор, доира, синтизатор, пианино, ҳаммасини чалишни биламан.

 

- Қайси бир созни чалганингизни концертингизда кўришимиз мумкин?

- Ғижжак ёки рубобни!

 

- Қўшиқларингиз орасида ўзингизни ҳолатингиздан келиб чиқиб куйлаган қўшиқларингиз ҳам борми?

- Бор. У қўшиғим бир фильмга саундтрек ҳам бўлган. “Бевафо ёр” қўшиғим.

 

- Ҳаётингизда севгидан бевафолик кўрганмисиз?

- Йўқ. Мактаб даврида бўлган. Шоир билан ўтирганда айтгандим, бир бевафо тўғрисида ёзиб бергин десам, шу қўшиқни ёзиб берган!

 

- Демак, ўзи ўша бевафолик бўлган? Керак пайтида, ўз ҳолатларингизни қўшиқларингизда акс эттираркансиз-да?

- Бўлади (самимий кулади). Яқинда бир қўшиқ яратдим. (хиргойи қилиб) “Ҳоли ўзига ярашган, лаби ўзига ярашган, Бир кулиб жим жилмайиб, ҳоли ўзига ярашган, юзида ҳоли ярашган” деб, янги қўшиқ яратгандим. У қўшиқ бир ҳолатга мос тушиб қолди. Бир қиз мухлисам бор экан. У қизнинг юзида холи бор экан. Мен эса, ўша “хол” ҳақидаги қўшиғим битганда уйга олиб келдим-да, “мана бу қўшиқни эшитиб кўр”, деб рафиқамга қўйиб бердим. Бир хилларида, мана шундай янги қўшиқларимни, рафиқамга қўйиб бериб, унинг фикрини сўрайман. Ўша куни ҳам шундай қилдим. Хуллас, рафиқам у қўшиқни эшитиб, “яхши қўшиқ экан” деди. Шундан кейин тасодифан, нимадир бўлиб, телефонимдан у қизнинг ёзган вацапи чиқиб қолди. У қиз: “мен сизни мухлисингизман, мен сизни яхши кўраман”деб ёзган экан. Бунинг устига суратини ҳам вацапдан жўнатган. У суратга қарасам, ўша қизнинг юзида холи бор экан! (самимий кулади) У қизнинг суратини кўриб, рафиқам “ана, сиз ўша янги қўшиғингизни, мана шу қиз учун айтгансиз” деб туриб олди! Мен “йўқ, бу қизга айтмаганман” дедим. Лекин, қани ишонтира олсам? Рафиқам, “иложи бўлса, шу қўшиғингизни айтманг” деди! Мен эса, “йўқ, айтишим керак, бу ғоя ўзимга келган, ҳеч қандай қизнинг алоқаси йўқ” десам, рафиқам ҳеч ишонмайди. Ҳозир ҳам шунинг можароси бўлмоқда! Рашк, демак кучли экан! Мен рафиқамга “сен болаларимнинг онасисан, мен сени яхши кўраман, хонанданинг мухлислари бўлади, бу табиий ҳол, чидашингга тўғри келади, ахир қозиғим шу ерда, уйда” деб тушунтирдим! Мана шундай ҳолат тўғри келиб қолди.

 

- Рафиқангизга бағишлаб айтган қўшиғингиз борми?

- Ҳа. “Нозли гўзал қизгина, нозланиб юрма, кўзимга бир боқиб”.....

 

- Бу уйланишингиздан олдин куйланганми?

- Мен айтганман. Аммо, рафиқам “барибир менга айтмагансиз” деб ўйлайди. (кулади)

 

- Куйлаган қўшиқларингиз ичида ўзингизга ёқмагани ҳам бўлганми?

- Ҳа, бор. Бир “озарбайжонча” қўшиғим бор, шуни ҳадеб сўрайверишади. Уни бўлмаса эски устозлар, жумладан, Комилжон ака ҳам куйлаган эканлар. Негадир, шу қўшиғимни ёқтирмайман. Аммо, олдин куйлаб қўйган эканман. Шуни айтмайман дейман, лекин ҳамма сўрайди! Ҳатто, концертда ҳам “шуни айтинг” дейишмоқда! Мен “йўғ-е, тўғри келмайди у” дедим.

 

- Клипларингизда ўзингиз роль ижро этасиз?

- Ролни бошқасига бергим келмайди! (кулади) Ҳазиллашдим! Мана яқинда “Гулмира” деган клип суратга олдирдим. У қўшиқ бошида “Гулсина” эди. Бадиий кенгашда ўзгарди. Мана шу клипда, ким бош роль ижро этганини кўрасиз!

 

- Фильмларда ҳам роль ижро этиш ниятингиз борми?

- Фильмлардан “Малика” фильмида роль ижро этганман. Шу битта роль ўйнаганман. Менимча, фильмларда актёрларнинг ўзи роль ижро қилсин. Актёр, актёр, хонанда эса хонанда бўлгани яхши, назаримда. Йўқ, фильмда роль ўйнамайман. Лекин, агар сценарий яхши бўлса, ундаги роль менга тўғри келса, бачканалик бўлмаса, унда роль ижро қилишим мумкин.

 

- Фарзандларингиз сизни касбингизни давом эттирса...

- Бир ўғлим Ҳожиакбар “Янги авлод” фестивали ғолиби бўлди. Шундан умидим катта, хонанда бўлади. Концертимда ҳам қатнашади, фақат жонли ижрода қўшиқ куйлайди.

 

- Сизнинг энг биринчи танқидчингиз ким? Хато ва камчиликларингизни юзингизга айтса ҳам, хафа бўлмайдиган инсонингиз?

- Онамлар Назира опа.

 

- Улар қайси қўшиғингизни қаттиқ танқид қилганлар?

- Бир хилларида мени йўналишим озарбайжонларникига ҳам яқин келиб қолади. Шунда онам “болам кўпроқ ўзбекча қилавергин” деб айтадилар! “Бунақа нарсалардан қоча қолгин” дейдилар. Мени танқид қилаверадилар. Мен “онажон, шундай қўшиқларни сўрашмоқда” дейман. Ўзбекча бўлгани, билан сал озарбайжончага тортиб кетиб қоладиган қўшиқларда шундай насиҳат қиладилар. Мана энди миллий қўшиқлар қилганимдан кейин, “бўларкан болам, яхши! Мана шундай ўзбекча айтавергин!” дедилар. Мени энди репуртуарим ҳар хил. Ўзбекча, Хоразмча қўшиқларим ҳам бор. Мени кўплар, ҳаттоки Хоразмлик ҳам дейишади.

 

- Нима учун?

- Билмадим. Балки, бир-икки қўшиқларимнинг мусиқалари тортар?

 

- Дуэт куйлаганмисиз?

- Йўқ. Ҳали ҳеч ким билан дуэт куйламаганман! Стинг деган, жаҳон юлдузи бор-ку. Ўша хонанда ҳозир 62 ёшга тўлган. Шу Стинг билан дуэт куйлаш, ҳамма хонандаларнинг орзуси экан! Лекин, Стингнинг ўзи ҳеч қачон, ҳеч кимга таклиф бермаган. Аксинча хонандаларнинг ўзи Стингга таклиф берар экан! (самимий) Мен ҳам шуни ҳоҳлайман.

 

- Демак. Сиз таклиф бўлсин, сиз таклиф қилманг?

- Ҳа, мен таклиф қилмай, менга таклиф бўлсин! Ўшанда ҳам мен унинг санъатини кўриб, яхши санъаткор бўлса, албатта бирга дуэт айтаман.

 

- Ўзингизни қайси қўшиғингизни куйлаганингизда кўзингизга ёш келади?

- “Она” қўшиғим. Онамларга атаб айтганман!

 

- Онангизни сизга берган энг қаттиқ танбеҳлари ва ўша ҳаётингизга қайсидир маънода қандай таъсир қилган?

- Шу санъат йўлига киришимга айнан онамлар сабаб бўлганлар! Мен болалигимда жуда ҳам шўх бўлганман. Мени ўзим милицияда ишлашим керак эди. Чунки, менинг дадам ҳуқуқ-тартибот соҳасида эдилар. Бизларни авлоднинг кўпи шу соҳада эди. Дадамлар “йўқ санъат йўлида кетмасин” деганларида, онамлар “йўқ санъат йўлидан кета қолсин” деб санъат йўлига солганлар. Онамлар санъатга қизиқишим баландлигини сезганлар. Доим мени қўллаб-қувватлаганлар.

 

- Тушкунлик кайфиятидан қандай қутиласиз?

- Агар танқид бўлса, мен ўзимга кела олмайман. Куни билан сиқиламан. Танқидни сал кўтара олмайман. Лекин, танқид жуда ҳам катта дарс! Бир хилларида танқид ҳам, анти реклама. Лекин, ўша танқидни эшитган вақтимда сиқиламан. Уйга кираман, яхши мусиқа эшитаман. Китоб ўқийман. Амур Темур, Чингизхон ҳақидаги китобларни, асосан тарихий китобларни ўқийман. Шу йўл билан чиқиб кетаман. Ёки, яхши мақом, классик қўшиқларни эшитаман. Ёки, бирор созда мақом куйларни чалиб ўтираман.

 

- Ҳар бир инсон ичида “мен”и бўлади. Сизда-чи?

- Менда ундай “мен” йўқ, ҳоҳлайман, лекин менда бўлмайди. Менда кибр ҳам йўқ. Кейин самимийлик кўп. Негадир бировни хафа қилиб қўйгим келмайди. Бировнинг дилини оғритмай, дейман. Энг ёмон сиқиладиган одатим, танқиддан ҳам кўра, бировнинг дилини бехосдан оғритиб қўйсам, ўзим ҳам ёмон сиқиламан.

 

-  Ўзи кимнидир ноўрин дилини оғритиб қўйганмисиз?

- Йўқ, дилини оғритмаганман-у, лекин хафа қилиб қўйганман. Камчилигини, бехосдан юзига гапириб қўйганман. Чунки, инсоннинг камчилигини юзига айтадиган одатим бор. Жуда шартта гапирмайман-ку, лекин ўраб айтаман. Кўнглига тегмайдиган қилиб айтаман, лекин барибир у мендан хафа бўлиб қолади. Кейин уни хафа бўлгани, менинг ўзимга ёмон тегади. Бекор гапирдимми, деб ўйлаб қоламан.

 

- Сизни фикрингизча, хонандани яхши қўшиқдан ташқари, яна нима машҳур қилиши мумкин?

- Спорт, оила, китоб ўқиш, одамлар билан яхши мулоқоти.

 

- Ҳозирги кунда хонандалар ўртасида рақобат кучли деб айтиб ўтдингиз. Ўзингиз шу рақобат кучли бир даврда, ёриб чиқиш учун нималар қиляпман, деб ўйлайсиз?

- Менга халқ бахо беради! Халқнинг ўзи билади, халқнинг ўзи тушунади. Халқнинг ўзи бу бола яхши экан, деб оммага чиқаради!

 

- Сизга энг ёқмайдиган савол?

- Менга энг ёқмайдиган савол, “Нима гаплар?”. Кўпчилик, “Ассалому алайкум, Нима гаплар?” дейди. Мана шу саволни жуда ёмон кўраман.

 

- Одатда, қўшиқ танлаганингизда ким билан маслаҳатлашасиз?

- Кўпроқ ўзим, кейин онамлар. Кейин бир хилларида рафиқам билан.

 

- Рафиқангиз қайси қўшиғингизни яхши кўрадилар?

- “Бевафо ёр”, “Она” ва “Ойда тунда” деган янги қўшиғим бор, ўшани. Менимча, ҳамма қўшиғимни яхши кўради, фақат бир-иккитасини сал кўпроқ ёқтиради.

 

- Ўзингизга тушган, ёки кузатган концертларингиздан, қайси хонанданинг яккахон концерт дастури, сизга маъқул келди?

- Ботир Қодировнинг концерт дастури жуда чиройли ўтди. Шунингдек, Озодбек Назарбековнинг ҳам концерт дастурлари, декорациялари жуда ҳам ёқди!

Саида Вахобова