FATTOHHON.COM
« Все новости10,11 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида хонанда Баҳром Назаровнинг яккахон “Шукрона” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.
Концерт «Мўъжиза медиа» компанияси томонидан ташкиллаштирилди ва унда хонанда Баҳром Назаровнинг продюсери Даврон Соиповнинг меҳнатлари катта бўлди. Концертда ташкилотчилик ишлари чиндан ҳам жуда яхши олиб борилди!
Концерт режиссёри Фарҳод Бадалов.
Концерт кунлари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти, хонанданинг устози Озодбек Назарбеков, шогирдига керакли маслаҳатлар бериб, шунингдек саҳнада, шогирди ҳақида ўз фикрларини самимий тарзда билдирди: “Баҳромжоннинг бугунги илк қадамлари куни, залда бирорта ҳам ўриндиқ бўш бўлмасдан, уни қўллаб-қувватлаш учун келганингиздан жуда ҳам бошим осмонга етди! Сизларни кўриб жуда ҳам қувондим! Тўғрисини айтсам, ўзимнинг концертларимда шунчалик ҳаяжонланмайман! Чунки, шогирдларимиз, укаларимиз, бизнинг фарзандларимиздек! Ҳар қандай инсон ҳам ўзидан ҳам кўра, яқинларининг, фарзандларининг ютуғидан кўпроқ қувонади! Шунинг учун, шу концерт бошлангунча, “умуман, мухлислар қандай кутиб олишаркин? Концерт қандай ўтаркин?” деб, роса хавотир олдим, ҳаяжонландим! Ҳозир эса, сизларни ўтиришингизни кўриб, яна бир бор бахтли эканлигимни ҳис қилдим! Баҳромжон шогирдларимиз орасида умуман ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, энг кўп қийинчилик кўргани, ҳаттоки санъатни тарк этишга тайёр бўлиб турган пайтлари ҳам бўлган. “Бўлди, энди бошқа иш қиламан, рухсат беринг” деганда, “Сабр қил, меҳнат қил, албатта унинг самарасини кўрасан!” деб ҳаттоки, ўзим ҳам бир умид билан уни охирги марта ҳаракат қилиб кўришга ундаганимиздан сўнг, бугун ўзингиз кўриб турибсиз, шундай даражаларга етиб келди! Бу энг катта бахт, шахсан мен учун жуда катта бахт! Ўйлайманки, мана шу бугун унинг омадларининг бошланиши бўлсин, бундан кейин ҳам, баланд, давомли парвозлар тилаб қоламан!”
Шунингдек, санъаткор томошабинлар учун севимли бўлган қўшиқларидан “Лола” ҳамда, Атоий ғазали билан “Дилбар” қўшиқларини куйлади.
Баҳром Назаров ҳам, концерт давомида устози ҳақида ўз самимий фикрларини билдирди: “Дунёда фақат иккита зотнинг меҳри беминнат дейдилар, булар ота-она ва устоз! Устоз бор меҳри ва кучини шогирд учун аямайди! Мени ҳам устозим, шу саҳнада, қаршингизда туришимга сабабчи бўлганлар! Мен учун панд-насиҳатларини аямаганлар! Қўлларидан нимаки ёрдам келган бўлса, ҳамма ёрдамни берганлар! Шу ерга келиб, шу устозимга йўлиқтирганига, тақдирдан миннатдорман! Устозимнинг олдиларида бошим ерга теккунча таъзим қиламан!”
Концерт 3 блокдан иборат бўлди ва унда 24 та қўшиқ янгради. Концерт репертуарида қўшиқлар мазмунига яхши эътибор қаратилган.
Бутун экранлардан ва кичик саҳналардан иборат катта декорация, парда очилиши билан эътиборни тортди.
2 кунлик концертда ҳар икки кун қисман, айрим жиҳатлар билан фарқланди. Масалан, биринчи кун репертуаридаги дардли тарона “Онам рўмоли” қўшиғидан сўнг, қўйилган шўх қўшиқ, хонанданинг устози талабига кўра, маҳзунроқ “Хаёлим” қўшиғига алмаштирилди. Бундан ташқари, концертнинг 2 кунида концертдаги Ҳиндистонлик меҳмонларга ҳурмат юзасидан хонанда томонидан ҳиндча қўшиқ ҳам янграб ўтди.
Концерт “Айрилдим” қўшиғи билан бошланди. Томошабинлар бу қўшиқ мусиқаси янграши билан, Баҳром Назаровни кучли олқишлар билан кутиб олишди! Парда очилгач, саҳна декорацияси ва тўридан жой олган кўплаб созандалардан иборат оркестр кўринди.
Қўшиқдан сўнг, хонанда томошабинлар билан саломлашгач, “Азиз мухлислар, сизларни кўриб турганлигимдан хурсандман! Кўп гапира олмайман, сабаби қаттиқ ҳаяжондаман! Бир инсон учун кўп нарса муҳим эмас, мен учун муҳими бугун сизлар бу ерга мени деб келиб, қўшиқларимни тинглаяпсизлар! Саҳна ортида эса, мен учун дўстларим жон куйдириб меҳнат қилишяпти! Шунинг ўзи мен учун катта бахт! Бунинг учун Яратганга чексиз шукроналар айтаман! Бугуниг концерт дастурим бир умрга ёдингизда қоладиган ажойиб кеча бўлади, деб ният қиламиз! Концертда камчиликлар бўлса, олдиндан узр сўраймиз, раҳмат!” деб, ўзининг кўнглидаги гапларни томошабинларга етказди!
1 блокда “Айрилдим”, “Ёндим-ей”, “Айланай”, “Ширин-ширин”, “Остона ҳатлаб”, “Кун сайин”, “Жайрона”, “Бир-икки ёлғон” қўшиқлари;
2 блокда “Ошиқ бўлмишам”, “Алам энди”, “Онам рўмоли”, “Хаёлим”, “Сочи билан”, “Яхшироқ”, “Қарамадинг”, “Дилу жонимдасан” қўшиқлари;
3 блокда “Ҳасрат”, “Ўзбекистон”, “Кечикиш”, “Хурсаной”, “Гулнор”, “Пари-пари”, “Любли тебя”, “Саҳна” қўшиқлари ижро этилди.
Қўшиқларга “Тумор” рақс ансамбли раққосалари, ҳамда “Суворийлар” ансамбли раққос йигитлари рақсга тушишди.
Концертни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Масъудов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилдора Рустамова олиб боришди.
Концерт давомида хонанда “Яқин орада ижодимизда куйлаб ўтилган қўшиқлар, сиз азизларга озми-кўпми ёққанидан жуда ҳам мамнунман! Бугунги концертимизга ҳам бир неча янги қўшиқлар тайёрлаганмиз! Меҳнат қилдик, ҳаракат қилдик, лекин у қўшиқларнинг тақдири нима бўлишини билмайман. Аммо, сизларга ёқади, деган умиддаман!” деб айтиб ўтди. Шунингдек, баъзи қўшиқларига алоҳида таъриф бериб, ғояси ҳаётдан олинганлигини ҳам маълум қилди. Масалан, “Остона ҳатлаб” қўшиғини, ёшлик вақтида хонанда бўлишдан аввал бир ошхонада буюртмаларни етказиш учун ишга кирган вақтида, бир қизни ёқтириб қолиб, унинг кўчасидан, уйи олдидан кунига 15 марталаб ўтганлигини, у қиз бўлса ҳаттоки бир марта ҳам дарвозасидан мўралаб қараб ҳам қўймаганлигини, қиш кунларидан бирида, қизнинг эътиборини тортиш учун ишхонадан бировнинг машинасини олиб, миниб ўша кўчадан, қизнинг уйи олдидан ўтаётганда, дарвозасига қарайман, деб сирпаниб, машинани ариққа тушириб юборганлигини, ўша қизнинг уйидагиларнинг ҳаммаси ёрдамга чиққанлигини, лекин у қиз ўшанда ҳам, ҳаттоки эшикдан мўралаб ҳам қўймаганлигини, қўшиқдан олдин шу воқеа ёдига тушиб кетганлигини айтиб берди.
Хонанданинг “Ҳамма барибир онасини соғинади, мен ҳам онамни соғиндим” дея, куйлаган “Онам рўмоли” қўшиғи залдаги барча томошабинларни йиғлатди...
Автобиографик бу қўшиқни хонанда онасига бағишлаб ижро этди.
Шунингдек, қўшиқдан олдин болалик вақти ва онаси акс этган видеолавҳаларни, охирги бирга тушилган суратни “мен учун жуда ҳам қадрли ва қимматли бўлган тасвир” деб, катта экран орқали томошабинларга намойиш ҳам қилди.
Концертда “Ўзбекистон” ҳақидаги қўшиқ, бошқа концертлардаги каби бошланишда ёки, концерт якунида эмас, концерт давомида ижро қилинди.
“Ҳасрат” қўшиғини куйлаш вақти 3 блокнинг бошланиши бўлиб, уни куйлаш вақтида хонанда залнинг ўртасидан, томошабинлар орасидан саҳнага чиқиб келди.
Хонанда шунингдек, устози Озодбек Назарбеков ижодидан 10 йилча аввал куйлаган “Алам энди” қўшиғи, унга жуда ҳам ёқишини айтиб, ўша қўшиқни ўз талқинида куйлаб берди ҳамда, “устозимдек ижро қила олмадим, қўлдан келганча куйладим” деб узр ҳам сўраб ўтди.
Хонанда концерт давомида ҳазиломуз латифа ҳам айтиб, “концертда мени мухлислар шундай кутиб олишади, деб ўйламагандим, хаёлимга ҳам келмаганди, эртага мен ҳам бошқа одам бўлиб уйғонсам керак...” деб, айтиб ўтди.
Блоклар оралиғидаги танаффусда, раққос йигитлар томонидан Грузинча рақс ижро қилинди!
Хонанда концертида устоз санъаткор Муҳриддин Ҳолиқовни ҳам ёд этиб, санъаткор репертуаридан унинг хотирасига бағишлаб, “Кечикиш” қўшиғини куйлади.
Концертда томошабинлардан хонанданинг кичик ёшли мухлисларидан бири унинг “Пари-пари” қўшиғини куйлаб берди. Томошабинлар “Пари-пари”дан бўлсин, деб хонандадан шу қўшиқни талаб қилиб олиб, роса рақсга тушишди!
Хонанда эзгуликка ундовчи “Саҳнада” қўшиғи билан концертни якунлади. Унда цирк артистлари ҳам иштирок этишди! Қўшиқнинг айниқса, “Саҳнадан кетарда кўзёш тўксинлар... Дунё саҳна бўлса, актёрмиз бизлар...” сўзлари таъсирли бўлди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Озод Жамолга миннатдорчилик билдирамиз