FATTOHHON.COM
« Все новости25 июль куни “Алишер Навоий” киносаройида “Сўнгги нафасимгача” фильми премьераси бўлиб ўтди. Фильм премьерасида кўплаб шоубизнес вакилларини ҳам учратиш мумкин эди.
Премьерани актёр Учқун Тиллаев олиб борди.
У фильм режиссёри Соҳиб Аббосхонни саҳнага таклиф қилди ва режиссёр барча томошабинларга миннатдорчилик билдирди.
Анъанага кўра, премьера олдидан “Сўнгги нафасимгача” фильмининг Отабек Муҳаммадзоҳид
ва Гуласал томонидан ижро қилинган таъсирли саундтрек видеоси намойиш қилинди.
Сўнг, фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Фильмда бош ролларни Беҳзод Муҳаммадкаримов,
актриса Асал Шодиева,
актёр ва хонанда Дилниёз Ғаффоров ("Элдидо" гуруҳи)лар ижро қилишган.
Шунингдек, Ҳошим Арслонов, Фатхулла Масъудов, Мирза Азизов, Абдураим Абдуваҳобов, Зуҳра Солиева, Достон Ҳакимов ("Элдидо" гуруҳи) ҳам ҳар хил характерли ролларни талқин этишган.
Фильм режиссёри Соҳиб Аббосхон фильмни ўз отасига ва барча ўзбек оталарига бағишлашини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильмнинг илк кадрларидан актёрлар ўз ролларини берилиб ижро қилганликлари сезилиб турибди. Мелодрама жанрида суратга олинган бу фильмда, психологик ҳолатларга чуқур урғу беришга ҳаракат қилинган. Фильмда бугунги кунда актуал бўлган мавзу ёритилган. Шунингдек, меҳр-оқибат, отанинг фарзандга меҳри, бемор инсоннинг тушкунликка тушиши, чинакам соф севги, ҳамда бировнинг ғамидан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланиш ҳолатлари кўрсатиб берилган.
Фильмнинг ютуғи, унинг мавзуси, тўғри танланган актёрлар ансамбли. Беҳзод Муҳаммадкаримов ўз ролини маҳорат билан ижро қилган.
Асал Шодиеванинг образи ҳам ўзига хос.
Дилниёз Ғаффоровнинг қаҳрамони ўз севгилиси учун қилган иш ҳам ҳозирда унча-мунча йигитнинг қўлидан келмаса керак... Шунингдек, Фатхулла Масъудов ўз қаҳрамони ҳолатини гап-сўзсиз қарашлар билан чиқариб берганлиги ҳам таъсирли бўлган. Абдураим Абдуваҳобов ва Зуҳра Солиевалар эса, бировнинг кулфатидан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган кимсалар ролини жуда ишончли ижро қилишган.
Фильм таъсирли саҳналарга бой, таьсирли мусиқа ва ҳолатлар томошабинларни йиғлатмасдан қўймайди! Фильм тугагунга қадар, бирорта томошабин зални тарк этмагани премьераларда кам учрайдиган ҳолат. Фильм, якуний дақиқалаларигача “нима бўларкин?” деган саволга жавоб излатиб, томошабинни жойидан жилдиргани қўймади.
Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек баъзи бир камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Ҳошим Арслонов қаҳрамонида беморга ҳайриҳоҳликдан ҳам ташқари кўпроқ совуққонлик сезилади. Бу бир жиҳатдан тўғри бўлиши мумкиндир, чунки шифокор ҳар бир беморга ҳамдардлик қила олмайди. Аммо, операция вақти, ундан сўнг ҳам унинг резина қўлқопида ва бошқа анжомларида бир томчи ҳам қоннинг йўқлиги, баъзи томошабинларда ишончсизлик уйғотди, назаримизда. Буни уларнинг гап-сўзларидан сезиш мумкин бўлди. Ундан ташқари, Мирза Азизовнинг набирасининг касал бўлиб чиқиши ва бу ҳақида қизининг хабар қилиши унча ишончли эмасдек таассурот уйғотади.
Аммо, фильмнинг мазмуни, дардли саҳналари, диалоглар томошабинларни ўзига тортади. Чиндан ҳам, бугунги кундаги актуал мавзуни жиддий ёритиб беришга ҳаракат қилинган бу фильм, томошабинларга маънавий озуқа бера оладиган, инсонларда келажакка ишонч уйғотадиган фильм бўлган, дейиш мумкин.
“Сўнгги нафасимгача” фильми аввалги кино премьералардаги шукуҳ ва файзни қайтаргандек бўлди!
“Сўнгги нафасимгача” фильми 26 июлдан кинотеатрларда намойиш қилинмоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Холмуродов ва
Гулига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз
![]()





