FATTOHHON.COM
« Все новости
Акмал Мирзо билан «Radio Uz» нинг янги сонида, навбатдаги меҳмон Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова бўлди!
Гулсанам Мамазоитова дастурга умр йўлдоши Санжарбек ва қизи Моҳижаҳонбегим билан биргаликда келишди.
«Radio Uz» нинг яқин дўсти сифатида биз Fattohhon.com ҳам дастурда иштирок этдик.
Акмал Мирзо эфир давомида йўлланган саволлардан Гулсанам Мамазоитовани ҳайратлантирган савол бўлса, шу савол эгасига санъаткорнинг февраль ойида бўлиб ўтажак концертига 2 кишилик чипта ҳадя этилишини билдирди.
Эфир давомида Гулсанам Мамазоитова «Radio Uz» нинг муаллиф ва бошловчиси Акмал Мирзонинг барча саволларига мазмунли жавоб қайтарди. Саволлар жуда-жуда кўп эди! Қолаверса, мазкур эфир куни 23 январь Гулсанам Мамазоитованинг акаси санъаткор Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг таваллуд санаси бўлганлиги учун, у кишига ҳам туғилган куни билан табриклар кўп бўлди! Гулсанам Мамазоитова ва Отабек Муҳаммад Зоҳидга ҳаттоки, инглиз тилида ёзилган тилаклар ва табриклар ҳам бўлди.
Шунингдек, Radio Uz ижодий жамоаси номидан, Radio Uz раҳбари Азизбек Зокиров ҳам, салом йўллаб, Отабек Муҳаммад Зоҳидни туғилган кунлари муносабати билан чин юракдан муборакбод этди! Ўз навбатида Гулсанам Мамазоитова ҳам, уларга самимий миннатдорчилик билдирди. Хонанда Сайёраи Жаҳон ҳам Гулсанам Мамазоитовага алоҳида табрик ва самимий тилаклар йўллади.
Дастур самимий ҳазилларга ҳам бой бўлди! Гулсанам Мамазоитова ҳаттоки, концерт кунларига албатта, қор ёғиши ҳақида ҳам ҳазил ният билдириб ўтди.))))) Нью-Йоркдаги мухлислар санъаткорни ҳаттоки қорбўрон ўйнашга ҳам таклиф этишди!))))) Дастур давомида санъаткорнинг Нью-Йорк ва Россиядаги мухлислари жуда фаол бўлишди.
Гулсанам Мамазоитовага берилган саволларнинг кўп қисми, 9,10,11,12,13 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган Гулсанам Мамазоитованинг “Мен сизни топгунимча” концерт номли, тўлиқ жонли ижродаги концерт дастури ҳақида бўлди!
Жумладан, инсоннинг ишончи йилдан йилга мустаҳкамланиши ва бунинг сабаблари ҳақида санъаткор, йилдан йилга камчиликларни бартараф этиб, тўйларда, йиғинларда, халқ олдида кўпроқ жонли ижрода куйлашга ҳаракат қилаётганлиги, йилдан йилга жонли ижрода куйлашга ўзида кўпроқ ишонч сезаётганлиги ҳақида айтиб ўтди. Қолаверса, Жонли ижродаги концерт ва шоуларнинг фарқи, асосий эътибор қўшиққа қаратилишини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, тингловчилар, мухлислар, атрофдагилар қайси қўшиқларни тинглагилари келаётган бўлса айтишларини, концерт жонли ижрода бўлаётганлиги учун ҳам, албатта инобатга олинишини маълум қилди!
Ўз навбатида Акмал Мирзо ҳам, ўзига Гулсанам Мамазоитованинг ижодидаги баъзи бир қўшиқлар ёқишини айтиб ўтди.
Санъаткор, ёнида ҳам ўз соҳасининг профессионал инсонлари яқин дўстлари, ҳамкорлари, ўз ишининг усталари бўлса, санъаткор ёлғизланиб қолмаслиги, ёлғизланиш, нафақат санъаткор учун, балки умуман инсон учун жуда катта фожеа, эканлигини айтиб ўтди.
Мухлислар санъаткорни қардош Республикаларда ҳам концертлар беришини кутишаётганликларини айтиб ўтишди.
Дастур давомида бу йилги концерт режиссурасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Гулсанам Мамазоитова бу йилги концерт дастури режиссёри Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби Рустам Шамсутдинов эканлигини ва 2 ойдан буён тайёргарлик жараёнлари кетаётганлиги айтиб ўтди.
Шунингдек, Гулсанам Мамазоитовага “турмуш ўртоғингиз Хоразмлик бўлганлиги учун ҳам, ҳозирда кўпроқ Хоразмча куйлаяпсизми?”, деган савол ҳам бўлди. Санъаткор, эса, Хоразм санъатига бўлган қизиқиш Консерваторияда устозлари кўплаб, Хоразмча қўшиқлар ўргатган вақтларида пайдо бўлганлигини айтиб ўтди. Қолаверса, турмуш қургач, Хоразмча қўшиқлар куйлаши турмуш ўртоғига ҳам манзур бўлиб, қўллаб-қувватлаганлиги, умуман, водийлик мухлислар Хоразмча қўшиқларни яхши кўришларини, Хоразмча қўшиқлари мухлислар томонидан оммабоп бўлиб, яхши қабул қилинаётганлигини, қолаверса, мухлислар концерт дастурида ҳам, доим яхши бир янги Хоразмча қўшиқ кутишларини ва буни ҳам ҳисобга олган ҳолда, янги Хоразмча қўшиқлар куйлаётганлигини билдирди.
Акмал Мирзо ҳам, Хоразмча қўшиқларнинг муваффақиятли чиқаётганлигининг яна бир сабаби, Хоразмча қўшиқларни қайта-қайта куйлаб, аввал турмуш ўртоғини ишонтира олаётгани учун ҳам, қўшиқлари яхши чиқаётганлигини қўшимча қилди.
Шунингдек, санъаткорга, йилдан йилга концерт кунларини 2-3 кундан қўшиб, кўпайтириб бориши мумкинлиги, масалан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг неча кунлаб концерт дастури тақдим этиши ҳақида ҳам, савол бўлди. Бунга жавобан, санъаткор Озодбек Назарбековни ҳурмат қилишини, у кишини ёши ҳам, тажрибаси ҳам катталигини, қўшиқларининг халқ ичида оммалашиши ҳам эътиборга сазоворлиги ҳақида айтиб ўтди. Ўз қўшиқлари ҳақида эса, авжи мураккаб қўшиқлар бўлганлиги учун ва катта куч талаб қилганлиги учун ҳам ўз кучидан келиб чиқиб, дастур кунларини танлашларини маълум қилди.
Акмал Мирзо томонидан берилган “Жонли ижродаги концертни ўтказишингиз қийинроқми ёки фонограммадаги концертни?” деб, берилган саволга санъаткор, албатта, жонли ижродаги концертда масъулияти ва мураккаблиги кучли бўлишини билдирди.
Мухлислардан бирининг “Хато қилмайман, деган инсон кимга ўхшайди? деган саволига Гулсанам Мамазоитова”, “Хато қилмайман, дейдиган инсон ёлғончига ўхшайди, деб ўйлайман.”, деб жавоб қайтарди.
Акмал Мирзо: - Бугунги кунда сиз санъат соҳасида эришган чўққи 98 фоиз аёл хонандалар эришишни орзу қилган чўққи, ҳисобланади. Бундан баланди бўлиши мумкин эмас, бундан баланди йўқ, деб ўйлайди. Бундан бир неча йиллар аввал, шу савол билан санъаткор Озодбек Назарбековга мурожаат қилинганда, улар “йўқ, бу бошланиши” дегандилар. “Яна нималар бўлиши мумкин?” деганимда, “Кейин биласиз” деб жавоб бергандилар. Сизни ҳам хаёлингизни шу савол банд қилса керак? Яна нималар, яна қандай чўққилар?
Гулсанам Мамазоитова: - Санъаткор чўққига чиққач, узоқ вақт мана шу чўққини ушлаб туришининг ўзи ҳам катта бахт! Тўғри, ундан ёғига ҳам, орзу қиласиз, бундан яна ҳам кўпроғин кутишни, инсониятнинг ҳаммаси ҳам шунга интилади. Лекин, ўйлайманки, чўққига эриша олганимнинг ўзи мен учун катта бахт! Ўйлайманки, шунинг ўзи билан кифояланиб қўя қоламан. Бундан кўпини орзу қилсам, ҳоҳлаб юборсам, балки ношукурлик бўлар? Меъёрни ушлаб туришнинг ўзига ҳам шукур! Ижодкор яхши ижод қилиб, халқига холис хизмат қилиши керак.
Акмал Мирзо:- Бугунги кунга, даражага етиб келиш қийин бўлдими, ёки уни ушлаб туриш?
Гулсанам Мамазоитова: - Бир-биридан мураккаб! Уларни бирини биридан устун қўя олмайман, иккаласида ҳам мураккаблик бор!
Бундан ташқари, дастур давомида санъаткорнинг акаси Отабек Муҳаммад Зоҳид, ҳамда у кишининг синглисидан қўшиқ қизғанмаслик одати ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг “Сизни ҳеч йўқотмай онажон, Сизни” қўшиғини ҳам, концертда куйлашни режалаштирилаётганлиги ҳақида маълум қилинди. Қолаверса, акаси билан дуэт ҳам куйлаш ниятидалиги, аммо ҳали яхши ғоя йўқлиги ҳақида ҳам билдириб ўтди.
Акмал Мирзо Гулсанам Мамазоитованинг инстаграм тармоғида, эринмай мухлислар саволларига жавоб ёзиши ҳақида айтиб ўтди. Гулсанам Мамазоитова эса, бунга атай вақт ажратишини, ҳамм нарсани билиб туриши кераклигини маълум қилди.
Акмал Мирзо:- Агар бизни хонандалар, масалан, бир қўшиқ куйлаб оммалашса, кейин бу қўшиқни бирор қардош давлат ёки хориж қўшиқчиси ижросида эшитиб қолишса, дарров бизни хонандани “ўғри”га чиқаришади. Лекин, тингловчини хаёлига бир гап келмайдики, “балки у бизнинг хонандадан олгандир?”. Мен ўзим гувоҳига айланганман, сиз ва Отабек Муҳаммад Зоҳид ижро қилган бир қўшиқни туркман хонандаси куйлаб юборган.
Гулсанам Мамазоитова: - “Ишқ занжири” қўшиғи, Дилмурод Маткаримов ёзиб берган қўшиқ. Туркманлар ижро этишибди. Айнан қайси хонанда мен ўзим ҳам билмайман.
Акмал Мирзо:- Бу сизга қандай таъсир қилди? Кимдир, “вой, етказганига шукур” деб, хурсанд бўлиб кетади. Кимдир эса, муаллифлик ҳуқуқи, дейди.
Гулсанам Мамазоитова: -Тўппа-тўғри! Муаллифлик ҳуқуқи бу! Муаллифлик ҳуқуқи биринчи ўринда туради. Аммо, бу нарса аввал ҳам бўлганлиги учун, мен унчалик қайғурмадим. Чунки, акам ёзиб берган 2000 йил куйлаган “Бешак билинг бу дунё” қўшиғимни Денис Беляев деган аранжеровкачи 2005-2006 йиллар Қозоғистонга кўчиб кетгач, у ерлик санъаткорларга сотиб юборган. Ўша ерлик бир гуруҳ куйлаган, хуллас, у инсон билан ўша-ўша кўришмадик, аммо ҳамма нарсанинг жавоби бор.
Дастур давомида “агар санъаткор бўлмаганингизда ким бўлардингиз?” саволига санъаткор дизайнер бўлган бўлардим, деб жавоб берди.
Шунингдек, мухлислардан бири “акангиз Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг “Майли телба денглар” қўшиғининг нақоратини бутун зал бирга куйлаганди” ўша пайтда, ўзингизни сингил сифатида қандай ҳис қилдингиз? Фархрланиш туйғуси кучли бўлганми? Ўшанда жуда чиройли рақсга тушган эдингиз” деб савол йўллади. Гулсанам Мамазоитова: -Мухлислар жуда ҳам синчков, ўшанда олди қаторларда асосан санъаткорлар ўтирганди ва яна ҳамма нотада куйлаяпти. Ҳамма ўша куни шу қўшиқни ёддан куйлашди! Чиндан ҳам, фахрланиб кетдим! Ўзим доим акам билан фахрланаман!
Дастур давомида, “Сенсизлигимда” қўшиғи хонанданинг ҳаётига алоқаси бор-йўқлиги, ҳақида ҳам сўралди. Бунга жавобан, санъаткор, у қўшиқни ўз тақдирига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ҳам айтиб ўтди. Бундан ташқари, саволлардан келиб чиқиб, дутор, санъат билим юртида ўқиганлиги учун фортопианони бироз чала олишини айтди.
Бундан ташқари, санъаткорнинг шахсий ҳаётига қизиққан мухлислардан бири “фарзандларингиз нечта бўлишини истайсиз?” деб, ҳам савол йўллашди. Бунга жавобан, санъаткор 4 та фарзанди бўлишини орзу қилишини айтиб ўтди. Ўз навбатида дастур муаллифи Акмал Мирзо ҳам, “ҳовлингиз тўлгунча фарзандли бўлинг!” деб, тилак билдирди. Шунингдек, мухлислар томонидан “Ёшлик” ҳақида ва бошқа бир неча мавзуларда ҳам қўшиқлар куйлаш ҳақида таклифлар бўлди.
Дастур давомида, санъаткорнинг устозлари ва шогирдлари, ҳақида ҳам саволлар бўлди.
Шунингдек, тингловчилардан бири “агар акангиз ва онангиз “санъатни тарк эт” дейишса, қандай йўл тутардингиз?” деган савол ҳам бўлди ва бунга жавобан Гулсанам Мамазоитова бундай ҳолат бўлганлигини, бундай гап акаси томонидан бўлганлигиини, кейин ҳамма нарсани тўғри тушунтириб, онасининг маслаҳатига кўра, санъатда қолганлигини, бундай ҳодисалар ижодкорларда бўлишини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, санъаткор оналар ҳақида кўп қўшиқ куйлаганлиги ва айнан ўз онаси учун, айнан ўз онасига бағишланган, юракларни ларзага келтирадиган қўшиқ куйлаш нияти ҳам бор-йўқлиги ҳақида ҳам саволлар бўлди. Бунга жавобан, Гулсанам Мамазоитова, бу йил янги концерт дастурида шундай қўшиқ куйлаш нияти борлигини, бундай қўшиқ тайёрлиги, сўзлари ва мусиқаси акаси Отабек Муҳаммад Зоҳид томонидан ёзилганлигини, бу қўшиқ шак-шубҳасиз онажони учун эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, Гулсанам Мамазоитова тингловчиларнинг талаблари билан эфирда 2 та қўшиқни жонли ижрода куйлаб берди!
“Агар жаннат ерда бўлса, устидадир, Ўзбекистон” ва “Оқ кўйлагим” қўшиғи радиотингловчиларга жуда манзур бўлди! Чунки, бу ижролардан сўнг, радиотингловчиларнинг фикрлари ва миннатдорчиликлари, ҳамда самимий тилаклари ёғилди!
Дастур давомида, самимий ҳазиллар ҳам бўлди. Акмал Мирзо ҳам Гулсанам Мамазоитовага самимий тилаклар билдирди. Дастур юқори кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтди! Дастур ниҳоясида Гулсанам Мамазоитова барча дўстлари, яқинларига салом йўллади. Юрт бахтига, соғ бўлинглар, тинч бўлинглар, деган самимий сўзларни айтиб, хайрлашди. Шунингдек, Акмал Мирзо ҳам, барчага самимий ташаккур билдириб, дастурга якун ясади.
Биз ҳам Radio Uz муаллифи Акмал Мирзога миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова